«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилКуни кеча пойтахтимиз ҳаво ифлослиги бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллагани ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалди.
Мутахассислардан тортиб ижтимоий тармоқ фойдаланувчисигача бу ҳақда фикр билдириб, бу ҳолатнинг сабаблари, оқибати ҳақида сўз айтмоқда. Умуман, яқин йилларда иккинчи бор содир бўлаётган «чанг ҳодиса»си бутун жамоатчиликда катта ташвиш уйғотди, дейиш мумкин.
Уч миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган, кунига миллионлаб одам келиб-кетадиган бош кентимиз ҳавоси ифлослиги бундай кўрсаткичга чиқиши чиндан ҳам жуда ташвишланарли ҳодисадир. Бу рейтинг билан дунёнинг йирик саноатлашган мамлакатлари – Ҳиндистон ва Хитойни ҳам ортда қолдирдик. Хўш, бунга сабаб нима? Аҳвол шу даражага бориб етган экан, экология ва унинг хавфсизлигига масъул бўлганлар бу борада бирон чора кўряптими? Саволларга жавоб излашга ҳаракат қилдик. Зора, овозимиз ухлаб ётган масъулларга, экологияни ҳимоя қилишга бел боғлаб сайловда ютиб чиққан депутатларга бориб етсаю, яшаш хавфли бўлиб бораётган шаҳримизга мусаффолик қайтса.
Ҳаводан бошланадиган катта хавф
Инсон организми учун энг қулай муҳит – бу ҳаво ҳароратининг +20 – +22 даража, намлигининг 40-60 фоизга тенг бўлиши, шунингдек атмосфера ҳавосининг ионлар билан бой бўлишидир. Урбанизация жараёни атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига сабаб бўлади. Автомашиналардан чиқадиган ифлос газлар, саноат корхоналари чиқиндилари ҳаводаги зарарли чанг миқдорларини ошириб юбориши аниқ. Жамоатчилик пойтахт ҳавосининг бу даражада ифлосланишига албатта меъёридан ортиқ даражада қурилиш ишларининг олиб борилиши, дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташланаётгани, сунъий кўлларнинг йўқотилаётгани каби омиллар сабаб бўлаётганини санаб ўтмоқда. Ҳақиқатда шундайми?
Тошкентда чанг тўзони кутилмоқда дея хабар берди «Ўзгидромет». Ташкилот узоқ вақт давомида ёғингарчилик бўлмагани ва ҳаво ҳарорати инверсияси натижасида 17 октябр куни 18:00 дан 23:00 гача Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси майда чанг заррачалари билан ифлосланиши кучайиши мумкин, дея бу ҳолатни узоқ вақт ёмғир ёғмаслиги билан изоҳлади.
АҚШнинг Ҳаво сифати индекс платформаси рейтинги Тошкент шаҳрини 17 октябрь соат 15:27 ҳолатига кўра, дунёдаги ҳавоси энг ифлос (166 бирлик) шаҳар дея хабар берди. Соат 20:00 ҳолатига кўра эса пойтахтдаги ҳавонинг сифат даражаси 166 бирликдан 262 бирликка ортди. Мутахассисларнинг маълум қилишларича, ҳаво сифатининг ифлосланиш индексида 201 дан 300 гача бўлган бирлик жуда носоғлом ва кўпчиликнинг саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Агар кўрсаткичлар 300 дан ортса, бу умуман энг юқори хавфли даража бўлади. Шу ўринда бу аномал чанг бироз чекингандан сўнг эрталаб Инновация вазирлигининг «инновацион» баёноти ҳаммасидан ошиб тушди. Унда айтилишича, бу ҳолат инсон саломатлиги учун буткул хавфсиз эмиш. Мутахассис олимлар ҳаво таркибидаги зарарли моддалар миқдорининг ортиши ҳаддан ортиқ эканлигини таъкидлаб турган бир пайтда вазирликнинг бундай чиқиши жуда ажабланарли тўғриси.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса ҳар доимгидек чангнинг бизники эмас, Қозоғистонники эканлигини таъкидлашдан нарига ўтмаганини кўришимиз мумкин.
Аммо иқлимшунос олимларнинг фикри юқоридаги ажабтовур баҳоналардан кескин фарқ қилмоқда.
– Табиатда нам ҳаво оқимлари келишидан олдин пастдан юқорига ҳаракатланувчи куч вужудга келади. Ҳозир шаҳарда чанг пастдан юқорига кўтариляпти. Қолаверса, шаҳар кўчаларида ўта зич транспортлар ҳаракати ҳам очиқ сирт юзаларидаги чанг заррачаларининг ҳавога кўтарилишини тезлаштирган, – дейди иқлимшунос олим Эркинжон Абдулаҳатов. – Энг муҳим нуқта эса пойтахтда 4 ойдан бери деярли ёмғир ёғмаётганида. Охирги марта пойтахтда ерни етарлича ҳўл қиладиган даражадаги ёмғир июнь ойининг 20 саналарида кузатилган. Ҳозир ҳаво жуда ҳам қуруқлашган.
Шаҳарда ҳаддан ташқари кўп қурилиш ва қурилиш объектларида экология ҳамда санитария қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида пойтахтда чанг ва бошқа турдаги заррачалар кўпайиб кетишига олиб келган бўлиши мумкин.
Бу қурилишлар яшил масканларни еб битираётгани ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Бу ҳақда айтиладиган гапнинг ўзи қолмади. Тошкентдаги чанг локал хусусиятга эга. Ёмғирдан умидимиз бор ва уни кутяпмиз. Кеча кундузи об-ҳаво прогнозларида кутилган ёмғир ёғмай ўтиб кетди. Энди ғарбий нам ҳаво оқимларининг кейинги босқичларидан яқин кунларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Фақатгина ёмғир орқали вазият барқарорлашиши мумкин.
Дарҳақиқат, аҳвол жуда жиддий. Аниқ далилларга асосланиб айта оламизки, Тошкентда шаҳарсозликнинг пала-партиш жорий этилиши, қурилишларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, қурилиш объектларида экологик санитар қоидаларга деярли амал қилинмаётгани, зич транспорт ҳаракати ва яшилликнинг қисқариши натижасида шаҳар ичида чанг заррачаларининг ортиб кетгани исботланди.
Бунинг акс таъсири туфайли, мана икки ҳафтадирки пойтахтда тез-тез шаҳар ҳавоси ўта майда чанг заррачалари ҳисобига ҳавонинг ифлосланиши «қизил» даражага айланиб кетаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Муаммога ечим бор, фақат...
Ўзбекистонда рўй бераётган ҳолатда шаҳар экотизими чанг ва тупроқларни ўз ичига «ютиб» юбориши, шаҳар аҳолиси учун табиий фильтр ролини бажариши керак. Табиий фильтр ва чангларни юмшатувчи омиллар ичига дарахтлар, яшил боғлар ва албатта, сув ҳавзалари киради.
Лекин биз охирги пайтларда табиатга ҳам, дарахтларга ҳам, сунъий кўлларга ҳам худди душман каби муомалада бўлдик. Мамлакат бўйлаб, хусусан, шаҳарларимизда дарахтларни кескин равишда кесиб юбордик ва кесишда давом этяпмиз. Яшил боғлар, мавжуд кўллар ўрнини баланд бинолар эгалламоқда.
Кўпчилик дарахт экишни биринчи ўринда қилиниши керак бўлган иш деб билади. Аммо шу билан иш битса қани эди. Афсуски, чап қўл дарахтни кесаётган ёки уни кестиришга имзо чекаётган бир пайтда, ўнг қўл билан дарахт экиш орқали кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Дарахт экиш билан муаммони ҳал қилишга бел боғлаган эканмиз, аввало мавжудларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишимиз керак.
Қолаверса ҳавони тозалаб беради деган илинжда бирор вазирлик ёки мансабдорлардан нажот кутиш бефойда эканлигини англаб етишимиз керак. Чунки ўзимиз ўзгармасак, оламни асло ўзгартира олмаймиз. Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, сизу мен дарахтлар, боғлар ва яшил майдонларнинг аҳамиятини тушунишни бошламасак ва улар учун жавобгарликни ҳис қилмасак, бу муаммони ҳал қилиш мушкул бўлади.
Бошқача айтадиган бўлсак, ҳар бир дарахтнинг ўз эгаси, болта кўтарган жаллодлардан асровчи ҳимоячиси бўлиши керак.
Тошкент ва унинг аҳолиси бир неча йил олдин Амир Темур майдонида юз йиллик дарахтларнинг қандай кесилганини унутмаган ва унутмайди. Бир ёки бир нечта одамнинг буйруғи ва истак-хоҳиши билан бир неча авлодлар учун тоза ҳаво ва соғлиқни таъминлаган экотизим бузилганда биз жим турмаслигимиз лозим, жамоатчилик назоратининг кучи ҳам ана шунда. Керак бўлса дарахт кесилмоқчи бўлган жойда ўша дарахтга ўзингизни боғлаб бўлса ҳам уни асраб қолишга ҳаракат қилиш керак. Ҳар биримизда ана шундай табиатсеварлик, фидокорлик шаклланмас, уйғонмас экан, ҳали бери бундай чангларга ва дарахтлар кесилишига дуч келаверамиз. Экологик муаммолар эса секин-секин нафақат пойтахтни, балки бутун мамлакатни ўз домига тортаверади. Аслида бировларни айбдор қилиш жудаям осон. Мансабдор, қўмита, яна кимлардир... Аммо ўзимиз-чи? Ўзимиз нима қила оламиз бунинг олдини олиш учун?
Шу кунларда умуммиллий аҳамиятга эга бўлган эзгу лойиҳа – «Яшил макон» доирасида дарахтлар экиш яна қизғин паллага кирмоқда. Ҳар бир юртдошимиз, ватандошимиздан ўз ҳовлисига, йўлларига – борингки қаерда бир қарич бўш жой бўлса ўша ерга ниҳол қадашини, лойиҳада фаол иштирок этишларини илтимос қилган бўлар эдик. Бу сизнинг она табиатга, инсониятга, халқимизга, юртимизга қилган энг катта савобингиз ва яхшилигингиз бўлади!
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил