«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилИнсон яратилибдики, гўзалликка интилади. Кўп ҳолларда эса ана шу гўзалликни, ҳаловатни табиатдан излайди. Яшилликка меҳр, ундан куч-қувват олиш мақсадида табиат қўйнига чиқади. Ундан илҳом олади, тани яйрайди, қалби завққа тўлади.
Аммо сўнгги йилларда экологик вазиятнинг кескин ёмонлашаётгани бизни атроф муҳитга ўта ҳушёр, жуда эҳтиёткор муносабатда бўлишга, яшил масканларни, ҳудудларни кўпайтиришга ундамоқда.
Мамлакатимизда шу мақсадда бошланган улкан жараён «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси давом этмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида лойиҳа доирасида кузги мавсумда дарахт кўчатлари ўтқазиш бўйича 20 октябрдан 1 декабргача «Долзарб 40 кунлик» эълон қилинган. Жорий йил якунигача 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчат экиш вазифаси белгиланган.
Дарҳақиқат, бугун экологик муаммолар сайёрамиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсонни ташвишлантирмай қўймайди. Шу боис, жаҳон ҳамжамияти томонидан глобал экологик хавф-хатарларга қарши курашиш ва барқарор ривожланишга эришиш йўлида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
«Бирни кесма, ўнни эк»
Доно халқимизда «Бирни кессанг, ўнни эк» деган мақол бор. Аммо биз буни бироз ўзгартирдик. Чунки йиллар давомида ўнни кесиб, бирни ҳам экмадик, ўстирмадик. Бугун вазият шу даражага етиб келиб қолдики, кесилган дарахтлар, атрофга ташланаётган чиқиндилар, атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар меъёридан ошиб, табиий мувозанатни издан чиқаришга киришди. Бундан табиатнинг ўзи инсониятни огоҳлантирмоқда ва бу «огоҳлик қўнғироғи» жуда аянчли тус олиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам бугунги экологик вазият бирниям кесмасдан, миллионлаб дарахтлар экишни тақозо қилмоқда.
Ана шундай эзгу амаллар эса аллақачон республикамизнинг барча ҳудудларида бошлаб юборилган. Жумладан, деярли барча ҳудудларда ташкил қилинаётган «яшил боғ»лар ҳам юрт кўркамлигига кўрк қўшса, ҳам ҳудуд ҳавоси тозалигини, ҳам яшиллигини таъминлайди.
Наманган вилояти Наманган туманида ҳам «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кўтаринки кайфиятда бошланиб, 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳудудида «Яшил боғ» барпо этилди ва 500 тупга яқин манзарали кўчатлар экилди.
Тадбирда «Маърифат карвони» тарғиботчилар гуруҳи ҳам иштирок этишди. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, таниқли санъаткорлар Азим Муллахонов, Гулбаҳор Эрқулова, сиёсатшунос Жамила Шермуҳаммедовалар тумандаги Маданият маркази ҳудудида яратилган «яшил боғ»га дарахт кўчатлари экишди.
Шунингдек, вилоят экология бошқармаси, «Наманганйўлкўкалам» ишчи ходимлари, туман ҳокимлиги ва ижтимоий соҳа ва маҳалла фаоллари туманни обод қилишга ҳисса қўшишди.
Депутат ташаббуси: 5 та хонадонга 10 тупдан кўчат
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ҳам «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «долзарб 40 кунлик» тадбири жадал суръатларда олиб борилмоқда. Биламизки, ушбу вилоят ҳудудининг катта қисми чўл ва адирликлардан ташкил топган. Шунинг учун ҳам бу ҳудудлар учун дарахтлар сонининг кўпайтирилиши ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Қувончлиси, Ўзбекистон Экологик партияси Ғузор туман кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Тўлқин Алманов ташаббуси билан хайрли ишга қўл урилди. Маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида «Истиқлол» маҳалласидаги 5 та эҳтиёжманд оила хонадонига 10 тупдан мевали дарахтлар экиб берилди.
Эндиликда партия фаоллари «долзарб 40 кунлик» тадбири доирасида бу каби хайрли ишларни бошқа маҳаллаларда бошлаш ниятида. Яқин йиллар ичида Қаршининг бепоён чўллари ҳам яшилликка бурканса ажаб эмас.
Андижонда 5 млн. 700 минг туп ниҳол
«Яшил макон: долзарб 40 кунлик» лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида 5 млн. 700 минг туп манзарали ва мевали кўчатлар экилиши режалаштирилган бўлиб, бу борадаги саъй-ҳаракатлар Қўрғонтепа туманида ҳам қизғин тус олди.
– Қўрғонтепада куз мавсумининг ўзида 471 минг туп кўчатлар ўтқазилиши кўзда тутилган, – дейди халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Гулбаҳор Қосимова. – Ҳозирда 200 минг дона кўчатлар экишга шай ҳолатда. Ҳар куни тумандаги 74 та маҳалла фуқаролар йиғинида лойиҳа доирасидаги ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Бу жараёнда масъул корхона ва ташкилотлар билан бир қаторда кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Қоровулбозор кўчат етказиб беришга тайёр
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига Бухоро вилояти аҳолиси ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Биламизки, боғ яратиш учун аввало яхши, сифатли кўчат лозим. Агар ниҳол бақувват бўлса, ўзини тутиб кетиш эҳтимоли кўпроқ бўлади.
Шуни яхши англаган Қоровулбозор давлат ўрмон хўжалиги ҳам кўчат етказиб бериш орқали лойиҳага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Маълумот ўрнида, Қоровулбозор давлат ўрмон хўжалиги 1993 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирги кунда 4 470 гектар ер майдонини ўз ичига олади. Айнан шу ерда бақувват, хилма-хил кўчатлар тайёрланмоқда. Дарвоқе, бу мавсумда Бухоро вилоятида жами 6 млн.га яқин дарахт ва бута кўчатлари экиш кўзда тутилган.
Олтиариқда янги «яшил боғ»
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ўз ишининг устаси бўлган миришкор боғбонлар юрти. Бу гўшадаги яшил боғ-роғлар азал-азалдан кўзни қамаштириб, дилни қувнатган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси айнан шундай боғсевар инсонлар учун айни муддао бўлди, десак тўғри бўлади. Дарахтлар экиш, парваришлаш ва атрофни кўкаламзорлаштиришда Олтиариқ тумани аҳолиси фаол иштирок этмоқда. Миришкор боғбонлар, ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар ҳам бу ишга жалб қилинган.
Туманнинг Повулғон қишлоғи Тошобод МФЙда жойлашган, 1953 йилда фаолияти тўхтатилган эски қабристон ўрнида кўкаламзор маскан барпо этиш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳа асосида «Яшил боғ» ташкил этишга киришилди.
Қишлоқ оқсоқоллари, аҳоли вакиллари жам бўлган тадбирда туман ҳокими, нуронийлар, туман экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бўлими инспекторлари иштирок этди.
Янги барпо этилаётган «яшил боғ» худудига кирувчи Хўжа Абдуллоҳ Ансорийнинг рамзий қабри ва мақбараси қайта таъмирланди.
Шу куннинг ўзида 17 минг тупга яқин кўп йиллик манзарали дарахтлар ушбу боққа ўтқазилди. «Долзарб 40 кунлик» давомида жами 73 900 туп кўчат экилиши мақсад қилинган.
«Дарахт ҳавас билан экилиши керак»
Кўпинча хорижга чиқиб келганлар билан суҳбатлашсангиз, улар хориждаги табиатга, жониворлару дарахтларга бўлган муносабатни чандон мақташади. Аслида табиатга бўлган меҳр ҳар бир инсон фитратида мужассам. Ҳар бир инсон руҳи ва жисми билан табиатга боғланган. Агар акси бўлганда эди, зилол сув шарқирашидан, қушлар сайрашидан завқланмаган, алвон лолазору ям-яшил дарахтзорларга интилмаган бўлар эдик.
Президентимизнинг «Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим», – деган пурмаъно гапи «Яшил макон» лойиҳасида ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этиши, ҳеч бўлмаса битта кўчат экиш билан бу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшиши учун улкан даъват аслида.
Зеро, ўзини табиатнинг бир бўлаги деб билган ҳар бир инсон дарахтларнинг ўзи учун қанчалик фойдали эканини ҳис қилмоғи, меҳрини бериб ерга ниҳол қадамоғи, уни оёққа тургунча парвариш қилмоғи керак. Ахир дарахтни экиб, унинг ёнида расмга тушишнинг ўзи етарли эмас. Ниҳолга парвариш, қаров, сув, озуқа, касалликлардан ҳимоя ҳам керак албатта.
– Жойларда «Яшил макон» тадбирлари уюшқоқлик билан, илмий ва амалий тажриба асосида ташкил этилишини таъминлаш мақсадида эколог, дендролог, тупроқшунос, энтомолог, фитопатолог, ўрмончилик соҳаси олимлари ва мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди, – дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов. – Қолаверса, барча ҳудудларда илмийамалий семинарлар ташкил этилмоқда. Бу жараёнга ҳокимларнинг масъул ўринбосарлари, соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарлари, фермерлар, деҳқон ва боғбонлар ҳам жалб этилмоқда.
«Умид қилиб суқилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ», деган пурмаъно гап бор халқимизда. Модомики, табиатни яхши томонга ўзгартиришни хоҳлар эканмиз, шундай ёндашиш керакки, дарахт экиш бу бир марталик акция бўлмаслиги лозим. Ушбу жараёнлар пишиқ-пухта режа асосида, мутахассислар иштирокида амалга оширилиши шарт.
Қолаверса, дарахтзорларни ташкил этиш ҳақидаги маълумотлар ишончли бўлиши ҳамда уларда икки рақам: баҳорда қанча кўчат ўтқазилгани ва сентябрда уларнинг қанчаси яшаб кетгани айтилиши керак. Шу билан бирга, келгуси баҳорда қанчаси яшаб қолгани ҳақидаги маълумотларни олиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар ўсимликларнинг бир қисми нобуд бўлса, ўрнига бошқасини экиш ва бўш жойлар қолишига йўл қўймаслик керак.
Охирги йилларда, ҳаттоки яқин кунларда атмосферамиздаги ифлосланишлар барчани ташвишга солди. Кимдир у деди, кимдир бу деди, бунга сабабларни ҳар ким ўзича талқин қилди. Аммо бунга мутахассисларнинг жавоби битта – бизнинг табиатга бефарқлигимиз, ўсимликлар қатламини йўқ қилишимиз, дарахтларни кесиб ташлаганимиз. Одамлар табиатга нисбатан муносабатларини ўзгартиришлари, уй-жой, дўкон ва бошқалар қуришдек ўткинчи ҳою-ҳаваслари йўлида дарахтларни кесишни бас қилишлари учун яна нималар содир бўлиши керак?!
Бугун юртимизни яшил, жаннатмонанд бир ўлкага айлантиришни ният қилган эканмиз, буни бир кунлик иш деб билмаслигимиз, виждонимиз олдида ҳисобот беришимиз ва ҳар биримиз бу ишга инсонийлик, миллатга хизмат деб билган ҳолда қарашимиз шарт ва зарур.
Мутахассислар нима дейди?
Раъно БОЗОРОВА, Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси:
– Кўчат танлашда ҳар бир вилоятнинг иқлими ва тупроқ таркиби инобатга олинади. Ниҳолнинг униб кетишига жиддий эътибор қаратилади. Баъзи турлар қурғоқчиликка чидамли, шунинг учун улар суғориш имконияти чекланган ёки лалми ерларга экилади. Суғориш имконияти мавжуд бўлмаган ҳудудга ҳеч қачон сувга талабчан ўсимлик экилмайди.
Илмий-тадқиқот институтида олимларимиз томонидан кўчат экиш технологиялари ишлаб чиқилган. Ҳар бир дарахт турига қараб у ўса оладиган вилоят тавсия этилади.
Мисол учун, Қашқадарё вилоятига – қайрағоч турлари, гледичия, сафора, жийда, айлант, оқ акация, маклюра, элдор қарағайи, ботқоқ сарвиси, биота, виргин арчаси ва буталардан шилви, форзиция, тотим, дрок, наъматак каби турларни экиш мумкин.
Куз ойларида игнабаргли дарахтларнинг барча турлари, тол, қайин, ёнғоқ, каталпа, каштан ҳамда совуққа чидамли бўлган дарахтларни бемалол экиш мумкин. Умуман олганда, дарахт тиним даврига киргандан сўнг уни куз ойида ҳам экиш мумкин бўлади. Бу билан баҳорга қадар уларнинг илдизлари заминга мустаҳкам ўрнашади.
Шунингдек, бизда ҳозир ёғингарчилик мавсуми бошланди. Кўчатларга сув етказиб берилмай қолган тақдирда ҳам табиий ёғингарчилик ҳисобига улар ўзини тиклаб олиш имкони туғилади. Аммо ушбу ниҳолларнинг кейинчалик униб-ўсиб кетиши учун барча керакли чора-тадбирлар қўлланмаси ҳар бир вилоят учун алоҳида ишлаб чиқилган.
Иқболжон РАҲИМЖОНОВ, Фарғона давлат университети Табиатшунослик факультети декани ўринбосари:
– Фарғона заминига аслида таёқ суқсангиз ҳам кўкариб кетадиган унумдор. Вилоят ҳудудларига, айниқса, биота, виргин арчаси, туя, тиканли қарағай, Қрим қарағайи, тянь-шань қорақарағайи, метасеквоя, сарви, заранг, жўка, маклюра, терак, чинор, шумтол, оқ қайин, павловния, эман, катальпа, қоғоз дарахти, буталардан зирк, бузина, калина, магнолия, шилви, форзиция, пириоканта, шамшод, сирень, сумакс, скумпия ва бошқа дарахтларни экиш мумкин. Вилоятнинг айрим жойларига лола дарахтлари ҳам экилмоқда.
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил