Минг йиллардан бери савлат тўкиб турган пурвиқор тоғлар метин-мустаҳкам ва қудратли бўлиб кўринади. Асрлар давомида рўй берган табиий офатлар бир қарашда уларга ҳеч қандай заҳа етказа олмайди.
Тоғ ҳатто инсон қўли билан етказиладиган талафотларга ҳам бардош беради. Баъзан тоғларнинг емирилиши ва чўкиши ҳам кузатилади. Бунинг сабаби узоқ ўрганилиб, бир қанча омиллар аниқланган. Шуларнинг ичида биттаси жиддий ўйлаб кўришга ундайди: «Тоғлар лоқайдликдан емирилади»...
Шу кунларда юртимизнинг турли ҳудудлари, хусусан, пойтахт кўчаларида ёмғир сувининг тўпланиб қолаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солаётир. Буни билдирилаётган фикр-мулоҳазаларда ҳам яққол кўриш мумкин. Куни кеча шаҳар расмийлари буни инсон омилининг атроф муҳитга нотўғри муносабати, ариқларга чиқинди ташлаётгани туфайли юзага келганини таъкидлади. Аҳоли эса, мазкур муносабатни ойни этак билан ёпишга ўхшаган бир ҳолат сифатида қабул қилди.
Баъзилар юзага келаётган ноқулай вазият юзасидан ким айбдору ким гуноҳкорлигини ўзларича тафтиш қилиб, ҳукм чиқариш йўлидан боришни истайди. Яна кимлардир мавжуд ҳолатни кўриб кўрмаганга олиш ёки шунчаки эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Аммо қуёш чиқиши билан соялар фош бўлгани каби ҳар гал ёққан ёмғир масъуллардан аниқ жавоб ва амалий ечим заруратини тақозо қилади. Бир неча йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган муаммога эса, афсуски, ҳалигача бирор жиддий чора кўрилгани йўқ.
Аслида, масалага қандай ёндашиш ва қай тарзда ечим топиш зарур?
Халқда «Ер қаттиқ бўлса, ҳўкиз ҳўкизни шохлайди», деган гап бор. Бурун замонларда ҳўкиз билан ер ҳайдаладиган маҳалда битта қўшга қўшилган жуфт ҳўкиз ер қаттиқ бўлиб, омочни тортиш оғирлашиб қолганида бир-бирини яхши ишламаётганликда айблаб, маломат қилишар экан. Можаронинг асл сабаби эса, ернинг қаттиқлигидан бўларкан.
Ёмғир сувидан пул ишлаб...
Бугунги кунда сув энг кўп фойдаланиладиган, шу билан бирга, энг камёб табиий ресурслардан бирига айланиб боряпти. Айниқса, тоза ичимлик сув муаммоси йилдан-йилга оғирлашиб бормоқда. Аҳоли сонининг кескин ортиши, саноат ва ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгаяётгани, глобал ифлосланиш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнлар сув ресурсларини жуда оқилона ва тежамкорлик билан ишлатиш заруратини тақозо этмоқда. Жаҳон тажрибасини кузатсак, ўнлаб давлатларда ишлатилган сувни бироз қайта ишлаш, тозалаш орқали иккиламчи (техник) сувга айлантирган ҳолда яна фойдаланишга бериш амалиёти жорий қилинган. Бу аҳолининг техник сувга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бир қаторда тоза ичимлик сувни тежаш учун ҳам мақбул ечим бўлмоқда.
Бизда шаҳарларда тўпланиб қолаётган ёмғир сувини қай тарзда бартараф қилиш муаммоси кўтарилаётган бир пайтда айрим давлатларда бу ресурс муаммо эмас, аксинча, даромад манбаи сифатида қаралаётгани кузатилади.
Жумладан, «Sinxua» агентлиги хабар беришича, Хитойда ёмғир суви ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича шартнома имзоланган. Шартнома Хитойнинг марказий Хунань вилояти пойтахтининг юқори технологияли саноатни ривожлантириш зонаси Чаншада тузилган. Маълумотларга кўра, йилига 4000 кубометр ёмғир суви «Hunan Yuchuang Environmental Engineering Co., Ltd, Hunan High-tech Property Co., Ltd» компанияси томонидан тўпланиб, бошқа компанияда сақланади, сўнгра 1 кубометр учун 3,85 юан (деярли 0,59 АҚШ доллари)дан сотилади, бу эса табиий тоза сувнинг маҳаллий нархидан 20 фоизга пастдир.
«Ёмғир суви ерларни суғориш учун ишлатилади, умуман олганда, бу юқори сифатли ичимлик сувидан техник эҳтиёжлар учун фойдаланишда ишлатилади», дейилади хабарда.
Бир қатор ривожланган мамлакатларда ёмғир суви даромад манбаи, ҳеч бўлмаганда суғориш ёки тозалашга ишлатиладиган техник сув вазифасини бажариб келмоқда. Бизда эса, ёмғир сувидан шаҳарларда ҳосил бўлаётган оқоваларни бартараф этиш тизими яратилмагани муҳокамаларга сабаб бўляпти. Мутахассислар оқова сувларни оқизиш тармоғи тизимларининг афзаллиги ва камчиликларини алоҳида тасниф этишган. Унга кўра, кучли ёмғир ёққанда оқова сувлар сарфи ошади, канализация тармоқларининг ўзини тозалаш қуввати юқори бўлади. Шунга кўра, ёмғир сувидан фойдаланиш кўп қаватли бинолар қурилган жойларда иқтисодий жиҳатдан қулай ҳисобланади.
Аммо ёмғир суви учун алоҳида канализация тармоқлари ва тозалаш шаҳобчаларини қуриш учун сарфланадиган бошланғич қиймат жуда юқори, чунки тозалаш иншоотларидан катта миқдорда оқова сувлар оқизилади. Циклик даврда канализация тармоқларига оқиб келадиган ёмғир сувларининг миқдори хўжалик-маиший ва саноат оқова сувларидан бир неча баробар миқдорда кўп бўлади. Бу ҳолда канализация тармоқлари катта кесим юзасига эга бўлиши керак, ёғингарчилик бўлмаган кунлари бу тармоқлардан кам миқдорда сув оқизишга тўғри келади. Натижада канализация қувурларида ўзини ўзи тозалаш оқим тезлигини амалга ошириш мумкин эмас, бу эса қувурлар тубига чўкиндилар чўкишига ва чиришга олиб келади. Ёмғир сувлари қувурларга бир текисда оқиб келмайди, қувурлар ва тозалаш иншоотлари бўлса, оқова сувларнинг максимал қийматига ҳисобланади.
Шу билан бирга, кўп ҳолларда ёмғир окова сувлари сув ҳавзаларига ташлаб юборилиши мумкин. Бунда умумий тармоқлар қиймати катта, майдондан оқиб келадиган ёмғир оқова сувларининг сув ҳавзаларига оқизилиши тизимни ифлослантиради. Бу тизимдан ёғингарчилик кўп бўладиган жойларда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Тушови қимматроқ, лекин...
Ёмғир сувининг катта миқдори бугунги кунда бир вақтнинг ўзида табиий равишда ер ости сувига қўшилиб кетиши учун тизимлаштирилмаганига гувоҳ бўляпмиз. Бундай ҳолатда сувни махсус мосламалар билан тортиб олиш зарурати туғилади. Шаҳар ҳудудларида автоматик ишлайдиган бундай тизим ҳам жорий этилмагани муаммо кўламини янада кенгайтирмоқда. Энди бизда яна бир муқобил йўл – сувни махсус машиналарда тортиб олишдан фойдаланиш мумкин. Бу амалда мавжуд ҳолда баъзи ҳудудларда қўлланиляпти. Аммо унинг самарадорлиги ва кўлами етарлича эмас. Шундай бўлгач, шаҳар ҳудудларида ёмғир сувини бартараф этишнинг мувофиқ ечими ҳали изланиши зарур.
Юқорида келтирилган хорижий мамлакатлар тажрибалари катта маблағ эвазига ташкил қилинадиган тизимлардир. Ёмғир ҳалқобларининг тўпланиши битта мавсум ёки бир неча йиллик давр билан чекланмаслигини инобатга олсак, бу масала ечимига маблағ ажратиш зарурий ҳолат экани янада ойдинлашади. Муаммодан нафақат инсон омилининг ўзи, балки автотранспорт воситалари, тураржойлар, бинолар, умумий фойдаланиш объектлари, шунингдек, тупроқ ва сув ресурслари, ўсимликлар олами ҳам бирдай зарар кўраётгани ҳар қандай шаклда тезда амалий чора кўришни тақозо этмоқда.
Масъулиятни бўйиндан соқит қилиб, «шаҳар аҳолисининг экологик маданияти ошишини кутиб ўтириш» бир қанча тизимларда кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Вазиятга шунчаки ўзимизни оқлаш ёки айбни кимгадир ҳавола қилиш нуқтаи назаридан эмас, қайси йўл билан бўлса ҳам муаммони бартараф этиш йўлида амалий ҳаракат қилишга ўтиш фурсати аллақачон етиб келган.
Қаловини топса, қор ҳам ёнади. Излаган ҳамиша имкон топа олади. Эндиликда жавоб ва ечим топишга интилиш ва топиш, сўнгра уни амалга оширишга киришиш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифа бўлиб турибди. Акс ҳолда, шиддат билан ёғиши ирода қилинган ёмғир ҳеч қачон лоқайдлик тугашини кутиб турмайди.
Ёмғир сувидан фойдаланиб...
• Канадада ёмғир суви суғориш ёки ювиш учун ишлатилади.
• Баъзи америкаликлар фильтрланган ёмғир сувини ичишади.
• Хитойлик олимлар ёмғир томчиларидан электр энергияси олишнинг янги усулини ишлаб чиққан.
• Ёмғир сувида чўмилиш соғлиқ учун фойдали ҳисобланади.