Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Оғриқли нуқта Глобал оламдан эмас, оиладан бошланг жамиятни ўзгартиришни

Аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳақида кўп айтилади. Чунки бу мавзу ҳамон долзарб, ҳамон аҳамиятли. Дарҳақиқат том маънода қарайдиган бўлсак, миллатни аёл – она тарбия қилади.

Оғриқли нуқта  Глобал оламдан эмас,  оиладан бошланг  жамиятни  ўзгартиришни

Аёллари илмли, маданиятли давлатларнинг ривожи ҳам шунга яраша бўлади. Биз аёллар тарбиялаган, вояга етказган фарзандлар келажак жамиятни ташкил этади. Агар яхши фарзандни вояга етказсак, жамият ҳам яхши, ва аксинча тарбиясиз, тартибсиз фарзанд улғайтирсак, жамият ҳам шунга яраша бўлади.

Тарбияга муҳтож она

Аммо ўша тарбиячимизнинг ўзи тарбияга муҳтож бўлса-чи? Унда додимизни ким эшитади? Томдан тараша тушгандек бундай деганимга ҳайрон бўлманг. Ўтган куни ўзим гувоҳ бўлган икки ҳолат мени бу ҳақида ёзишга ундади.

Биринчи ҳолат. Аёллар гўзаллик салони ёнидан ўтиб кетаётсам, бир аёл салондан қўлида чиқинди тўла пакет билан чиқиб уни кўча томонга улоқтирди. Ҳа, шундоққина серқатнов йўлга. Ҳайрат билан қараб турганимни кўриб, лабини кибр билан бурганча ичкарига кириб кетди.

Иккинчи ҳолат. Шу ердан икки-уч қадам юрганимни биламан, оёғим тагига шалоп этиб бир пакет, ишлатилган болалар таглиги тўла елим халта тепа қаватдан учиб тушиб сочилиб кетди. Тепага дарров қараганим учун қайси қаватдан ким ташлаганини аниқ кўрдим, 9-қават.

 Ахлатни улоқтирган аёлнинг ёнида боласининг ҳам боши кўриниб турганди. Онаси тиржайганча деразани ёпди. «Ё, алҳазар...» дея ёқа ушладим. Сўнг ён-атрофга назар солдим. Ҳамма ёқда чиқинди, ахлат, пўчоқ, қадоқ қоғозлари.

Минг ёзмайлик, минг гапирмайлик, тозалик ва озодалик инсоннинг фитратида, қалбида бўлмаса қийин эканда...

Ахир шу аёллар ҳам жамият вакиллари. Улар тарбия қилаётган фарзандлар ҳам эртага жамиятимизнинг аъзосига айланишади. Онанинг қилаётган маданиятсизларча қилмишига қараб у нимани ўрганади, она бечора ўзи тарбияга муҳтож бўлса, бола тарбияни кимдан ўрганади?

Фарзанд тарбияси ҳақида гап кетса кўпчилигимиз янами дея бурилиб кетишга шошиламиз. Боламизга кимдир танбеҳ берса ёқтирмаймиз, ўша одамни ичимиздан ёмон кўрамиз. Аммо ўзимизни ислоҳ қилишни ўйлаб кўрмаймиз.

Юқоридаги икки ҳолатга гувоҳ бўлгач, «Нега биз ўз ҳаётимизга, фарзандларимиз ҳаётига бепарвомиз?» деган савол ҳаёлимдан кетмади. Худдики ҳаммамиз шундай яшашга одатланиб қолганга ўхшаймиз, бепарво, лоқайд, маъносиз.

Керак бўлмаган нарсаларга вақтимизни, кучимизни кетказамиз. Керак, ўта муҳим нарсалардан юз ўгирамиз!

Инсон ҳеч қачон бахтсиз бўлмайди. Бахтни ҳис этолмайдиган қалб бўлади, холос! Бахтни ҳис этишни ўргансак, бас. Тарбиясиз бола бўлмайди. Тарбия беролмайдиган ота-она бўлади. Биз болаларимиз тарбиясини яхшилаш учун нима қилдик? Назаримда кўпчилигимиз фақат фарзандларимиз хусусида нолишдан, уларни уришиш ва калтаклашдан нарига ўтмай қолганмиз. Аслида эса қуш уясида кўрганини қилади. Фарзандларимиз биз айтганимизни эмас, кўпроқ қилганимизни қайтаришади.

Тарбияни қандай берамиз? Албатта, ўрнак бўлувчи қалбимиз ва ҳусни-хулқимиз билан! Уларсиз фарзандларимизни асло бахтли қилолмаймиз. Жумладан, ифлосланган ҳаво, чўл-тақирга айланган ватан билан ҳам улар ўзини бахтли ҳис қилмаслиги аниқ.

Парта остидаги чиқиндилар

Кимки кўзгуга боқса албатта, ўзини кўради. Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама дея, бежиз айтишмайди. Ўтган куни қизим эътиборсизлик қилиб мактабда уйимизнинг калитини йўқотиб қўйибди. Аксига олиб ўша куни қўшимча калитни ҳам олмаган эканман. Мактабга бориб хонама-хона, партама-парта юриб калит қидиришимга тўғри келди. Афсуски, калит йўқолганидан ҳам кўра, парталарнинг остида йилларки тозаланмаган чиқиндилар, чипс, қотирилган нон қадоқлари, пакетлар, елим идишлар хуллас ҳар нарсаларнинг тўпланиб ётгани кўнглимни хижил қилди. Ёшгина фаррош аёлга бу ерларни ким тозалайди десам, ўқувчиларнинг ўзи тозалаши керак деди. Фаррош ҳақ албатта. Аммо парта таглари ойлар давомида тозаланмагани кўриниб турибди.

– Бу менинг вазифамга кирмайди, менга фақат супуриш ва полни ювишга пул тўлашади, – деди у. Мен унинг нима демоқчилигини яхши тушуниб турардим. Афсуски, юзимга тутилган кўзгудаги аксим бир миллат тарбиячиларининг вакили сифатида менга ёқмаётган эди албатта.

Шу ўринда бир ибратли далилни келтириб ўтсам. Кунчиқар мамлакат Япон мактабларида болалар, одатда, ўзи ўқиётган синфхонани ўзлари тозалашади.

Мактаб хусусий ёки давлатники бўлишидан қатъи назар, уларда фаррош­лар ёки тозаликка жавобгар шахслар ишламайди. Мактабларда «Осоужи Жикан» – «Тозалик вақти» бор, у тахминан 20 дақиқа давом этади.

Бошланғич синфларда болалар ўзлари билан биргаликда олиб келган овқатни ейишади ва биргаликда тозалашни бошлашади. Бу одат мактабни ўқувчилар тозаламайдиган давлатлар учун ғалати туюлиши мумкин, бироқ японларда бу одатий ҳол саналади. Ҳатто ўқув қуролларининг ичида «парта артиш учун латта» деган элемент ҳам бор.

Ўқувчилар, одатда, гуруҳ ва қаторларга бўлиниб, тозалашга жалб қилинади, ҳеч кимга бир хил вазифа тушиб қолмайди. Юқорига ўтган синфларга эса мактабнинг маълум қисмларидаги тозалаш ишлари юкланади. Буларга ювиниш хоналари, ҳожатхоналар, ҳайвонлар яшайдиган жонли бурчак ва стадион кабилар киради.

Ҳар йили 3 марта ўқувчилар мактаб атрофи ва маҳаллани тозалаш бўйича ҳашар уюштиради. Бунда ўқувчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, атрофдаги чиқиндиларни теришади. Бу тозалаш вақтига ота-оналар ва ўқитувчилар ҳам қўшилиши мумкин.

Умуман олганда, бу мамлакатда болаларни кичик ёшидан тозаликка жавобгарликка ўргатиш – одат. Ҳатто ўзига тўқ оилалар ҳам боласи мактабни тозалашига қарши бўлмайди.

Бизда-чи? Бу саволга жавоб беришни ўзингизга қолдирсам...

Тузалишнинг йўли бор: экологик маданият!

Аммо бу борада ҳамма ўзгаришни ўзидан бошлаши кераклигини тушуниши керак. Ўзинг ўзгармасанг олам ўзгармас дейишади-ку.

Ўқувчиларни тозалаш ишларига жалб қилиш уларнинг меҳнатга, тозаликка меҳр қўйишлари учун фойдали албатта. Лекин болаларда атроф муҳитни асраш ҳиссини шакллантиришда аёлларнинг, оналарнинг, устозларнинг ўрни жудаям катта.

Дарвоқе, японларнинг яна бир жудаям ибратли жиҳати борки, албатта ўрнак олишга арзийди. Японияда фаррошларни «саломатлик муҳандислари» дейишади. Улар 5000 дан 8000 долларгача маош олишар экан. Уларни ишга олишдан олдин ёзма ва оғзаки имтиҳондан ўтказишар экан. Биз-чи, фаррошларимизга қандай муносабатда бўламиз, уларнинг меҳнатини қанчалик ҳурмат қиламиз?

Атроф муҳитни асраш, тоза сақлаш, келажак авлодга озод ва обод ватан қолдириш истагимиз бор экан, аввало ўзимизни, экологик маданиятимизни ривожлантирайлик азиз аёллар, ватандошлар. «Японлар... ўҳ-ҳў, уларга етгунча...» деманг. Улар ҳам бизга ўхшаган инсон. Ўзгаришлар, ўзгартиришлар, тозалик, поклик ҳар биримизга хос фазилат. Зеро, динимизда ҳам «Поклик иймондандир», дейилади. Фарзандларимизга, жамиятимизга ҳам тоза фикрлар, ҳам тозалик борасидаги амалларимиз билан ўрнак бўлайлик. Яхшиликларнинг энг каттаси, савоби улкани эса она табиатга қилинган яхшиликдир. Шундай экан, атрофимизни, қалбимизни, юртимизни тоза сақлашдан эринмайлик!

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар