«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАйни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Долзарб қирқ кунлик» – кўчат экиш тадбирлари кенг миқёсда давом этмоқда.
Яшил ҳудудларни янада кенгайтириш, шу баробарида экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, тупроқ тизимини чўлланишдан муносиб ҳимоя қилиш, атмосфера ҳавосини яхшилаш, ўсимлик, ҳайвонот ва инсон омили учун зарур бўлган тоза кислород захирасини кўпайтириш каби бир қатор истиқболли мақсадларга қаратилган мазкур лойиҳа, мана, икки йилдан бери уюшқоқлик билан ўтказилиб келиняпти. Бунда нафақат кўчат ўтқазувчи оддий аҳоли, балки биолог ва ботаник олимлар, агрономлар, селекционерлар, ирригаторлар, ўрмон хўжалиги мутахассисларидан иборат кўплаб соҳа ходимлари жонбозлик кўрсатишмоқда. Ҳамманинг бир ёқадан бош чиқариб ёндашиши ҳар бир ниҳолнинг нест-нобуд бўлмасдан яшаб кетиши учун зарурий омил сифатида қаралмоқда. Мазкур жараён кўчатнинг экилиши билан тугамайдиган, унинг кейинги фаолиятини ҳам инобатга олан олда иш кўрувчи мунтазам ва комплекс фаолият тусини олиши муҳимлигига катта эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда ҳар бир ниҳолнинг тупроқ, ҳаво ва сув шароитига мувофиқлиги, ёруғлик ва қуёш нурига муносабати, сув истеъмолининг миқдори каби энг кичик хусусиятлар ҳам инобатга олиниши зарур бўляпти. Мутахассислар ҳудудларнинг иқлим шароитига мос кўчатларни тавсия қилмоқда. Улар орасида узоқ йиллардан бери шу тупроқларда экилиб-ўстирилиб келаётган дарахт навлари аксариятни ташкил қиляпти. Бу турдаги дарахтлар агротехникаси аҳолига яхши таниш. Шунингдек, уларнинг кўчатини етиштириш масаласи ҳам маҳаллий шароитда амалга оширилмоқда. Маҳаллий кўчатлар униб-ўсиши, ривожланиши учун керак бўлган барча жараёнлар зироатчи, боғбон ва миришкорларнинг кўп йиллик ҳаётий тажрибалари асосида парвариш қилиняпти.
Ҳозирда ўзимизда етиштирилаётган маҳаллий кўчатлар билан бирга, турли давлатлардан келтирилган дарахт ва кўчатлардан ҳам фойдаланиляпти. Уларни юртимизга олиб келиш, сақлаш, экиш ва парваришлаш агротехникаси маҳаллий аҳоли учун бир қадар нотаниш бўлиши табиий. Шунингдек, бошқа муҳит, ўзга шароит ва иқлимдан олиб келтирилган кўчат бегона бир ҳудудга мослашиб олгунича унга албатта ўзига хос ва алоҳида ёндашув тақозо этилади. Бу турдаги дарахт кўчатларига нисбатан кўпроқ эътибор ва парвариш талаб қилинади. Шунингдек, хориждан келтирилган ҳамда ҳудудларга тарқатилган кўчатлар агротехникасини яхши биладиган мутахассислар кўмагига ҳам бу ўринда эҳтиёж сезилади.
Юртимиз биохилма-хиллигини таъминлашда хориждан келтирилган мевали ва манзарали дарахтлар ўзига хос ўринга эга. Серҳосил ва фойдали сара навларни четдан олиб келиб ўстириш, маҳаллийлаштириш нафақат бугунги кунимизда, балки узоқ тарихий даврларда ҳам мавжуд бўлиб келган. Ҳозирда ана шу эзгу анъаналар яна изчил давом эттирилаётгани ижобий ҳодисадир.
Маҳаллий кўчатлар ўтқазилгандан кейин тупроқда илдиз отиб кетиши кутилади. Хориждан келтирилган кўчатларда эса, илдиз отиб, тупроққа мустаҳкам ўрнашишидан ташқари бегона муҳит ва иқлим-шароитига мослашиши ҳам зурурлиги назарда тутилиши керак.
Демак, бундай кўчатларга маҳаллий кўчатларга қараганда камида бир неча баробар кўпроқ парвариш, эътибор ва қаров зарур бўлади. Бу – масаланинг бир жиҳати. Агар вақтида етарли шароит ва парвариш қилиб берилмаса, олис жойлардан катта-катта маблағлар эвазига келтирилган кўчатлар маҳаллий иқлим-шароитларга мослаша олмай нобуд бўлиши, шу тарзда унга сарфларган харажат ва ҳаракат ҳам зое кетиши ҳеч гап эмас.
Канада багрянниги, япон сафораси, сурия атиргули, виргин арчаси, биота, гледичия, айлант, маклюра, лигуструм, форзиция, катальпа каби ўнлаб бута ва дарахтларнинг маҳаллий шароитларга тўла мослашиб кетиши яна бир эътиборли масаладир. «Мослашиб кетиш» дейилганда фақат уларнинг илдиз отиб, ўсиб, ривожланишинигина назарда тутишимиз етарли эмас. Ҳали улар агротехникаси билан боғлиқ барча жиҳатларни назарда тутиш эҳтиёжи мавжуд. Хориждан келтирилган «меҳмон» дарахтларнинг айнан қандай касалликларга чалиниши, уларга қайси йўл билан чоралар кўрилиши, юзага келган касаллик экотизимдаги бошқа организмларга қай тарзда таъсир ўтказиши албатта инобатга олиниши лозим. Улар билан бирга кириб келган биоорганизмлар – митти зараркунандаларга қарши кураш борасида ҳам муайян билим ва тажрибага эҳтиёж туғилади. Шунингдек, мазкур дарахтларнинг маҳаллий иқлимнинг тупроқ, об-ҳаво ва сув шароитларига таъсири, ёнидаги бошқа яшил организмлар билан муносабати ҳам алоҳида назарда тутилиши муҳим. Аммо энг муҳими, уларнинг йиллар давомида юртимиз экотизимига етказадиган ҳиссасидир.
Бу мулоҳазалар истиқболдаги фаолиятимизда бир бор назар ташлаб қўйишимиз учун билдирилаётган фикрлар холос. Шахсий мулоҳазалар хориждан дарахт ва бута кўчатлари келтирилишига монелик қилмайди. Аммо кўпчилиги асосан лабораторияларда етиштирилган ва очиқ майдонларда ривожланиб кетиши бир қадар мураккаб бўлган кўчатларнинг юртимизга кириб келиши, экилиши ва парвариш қилинишида алоҳида ёндашув заруратини яна бир бор таъкидлаш мақсадимиздир.
Шунингдек, дарахтлар, айниқса, мевали дарахтларнинг муҳандислик йўли билан гени ўзгартирилмагани ҳам тадқиқ этилиши зарур. Жаҳоннинг бир қанча давлатларида гени ўзгартирилган организмларнинг зарарли таъсири, аввало, инсон саломатлигига, қолаверса, атроф муҳит муҳофазасига ҳам сезиларли хавф туғдирмоқда. Манзарали дарахт ва буталарнинг инсон омили ва муҳитга таъсирини олдиндан инобатга олиш юртимиз экологиясида келажакда юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий хатарларнинг олдини олишда асқатади.
Хорижий навлар юртимизда кенг ёйилиши маҳаллий навларнинг камайишига йўл қўймасликни тақозо этади. Илмий лабораторияларда бир гуруҳ мутахассис олимлар иштирокида тайёрланган кўчатлар баъзи хусусиятларда маҳаллий навлардан бирмунча афзалроқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин сунъий йўллар билан яратилган навлар табиий иқлим шароитида етиштирилган навлар каби ҳар томонлама барқарор бўлмаслиги мумкин. Сунъий навлар зарарли таъсирининг яширин даври узоқ давом этиши, ҳатто бу ҳолат ҳалигача аниқланмаган бўлиши ҳам мумкин. Хориждан келтирилаётган навларнинг биздаги ўртача умри ҳам қатъий аниқлаштирилган эмас. Бу эса, йиллар давомида синов ва тажрибадан ўтиб, ўзини оқлаб келаётган маҳаллий навларни асраб-авайлаш заруратини юзага келтиради.
Сир эмаски, бугун айрим мевали ва манзарали маҳаллий дарахтлар камёблашиб боряпти. Улар навларини сақлаб қолиш бўйича қилинаётган фаолият самарадорлигини янада ошириш бугунги куннинг энг муҳим талабларидан бири бўлиб турибди. Агар салгина эътиборсизлик билан улар ўрнини четдан келтирилган кўчатларга тўла бўшатиб берсак, ноёб маҳаллий навлар йўқолиб кетишига йўл қўйган бўламиз. Асрлар синовидан ўтиб келаётган, маҳаллий шароитларга мос, иқлим ва тупроққа ўнғай, энг муҳими, ҳосилдор ва самарали табиий навлар йўқолиб кетса, яна қайта тиклаш имконсиз бўлиши мумкин.
Бир пайтлар қишлоқ хўжалигида муҳим ҳисобланган барча экинларнинг уруғи ўзимизда етиштирилар эди. Бугунги кунга келиб бу борада қандай муаммоларга дуч келинаётгани ҳаммага кундек равшан. Ўтмишда дуч келинган ҳолатлардан тўғри хулоса чиқариб, сабоқ олган ҳолда келажакдаги ишларни шунга мувофиқ ишлаб чиқиш заруратдир. Бугунги кунимизда кенг оммалашаётган «меҳмон» дарахтлар билан келгусида шу каби ҳолатлар юзага келмаслиги учун бу масалани бугун ҳар томонлама ўйлаб кўриш керак.
Юқорида сўз юритганимиз бута ва кўчатларнинг биронтаси бегона эмас. Улар фақат бизнинг ҳудудларимизга айрим афзаллигини назарда тутиб, бошқа жойлардан келтирилган дарахтлар. Уларнинг шу заминда биз билан бирга яшаб қолиши, юртимиз экзотикаси ва дастурхонига ижобий улуш бўлиб қўшилиши уларга бўлган эътибор ва ёндашувимизга боғлиқ.
Ҳотам АБДУРАҲИМОВ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил