Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Заҳарланиш мавсуми яна бошланди...ми?

Кунлар совий бошлашидан юрагимиз безиллаб қолган. Бу ёғи газ, электр энергияси каби кети узилмас муаммолар ортидан ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ шум хабарлар ҳам бирин-кетин қулоққа чалина бошлайди.

Заҳарланиш мавсуми  яна бошланди...ми?

Соҳага масъул бўлган амалдорларга, ҳокимларга эса фарқи йўқ, халқнинг электр ва газ масалаларини ҳал қилишдан кўра, минг биринчи масалани пиар қилиш билан овора. Газеталарда, умуман, кўплаб оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган материалларни ўқишга, муносабат билдиришга уларнинг вақти йўқ. Қиш келаётгани, ўтин танқис, кўмир қиммат ва етишмаслиги, совуқда бир амаллаб жон сақлаётган одамлар ҳаёти табиий бир ҳолатдек гўё улар учун.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча минерал ресурсларнинг деярли учдан бир қисмига эга ва газ қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи йигирма давлатидан бири. Лекин шунга қарамай ҳаво совиди дегунча аҳолини газ билан таъминлаш масалалари кун тартибига чиқади. Маҳаллий газ узатиш тизимининг эскиргани, ички бозорда газ нархи пастлиги, демография, геологик разведка ишлари учун миллий кадрлар етишмаслиги каби сабаблар катта газ йўқотишларига ва самарасиз фойдаланишга (газнинг 60 фоизи охирги истеъмолчига етиб бормай атмосферада тарқалиб, йўқолиб кетади) олиб келяпти. Натижада эса газ таъминоти етиб бормаган мамлакат аҳолиси қишда уйларни кўмир, ўтин, таппи ёки турли хил қўлбола электр жиҳозлари билан иситишга мажбур.

«Кўринмас душман» қурбонлари

Ис гази қурбонлари кўпчиликнинг эсидан, яқинларининг кўз олдидан ўчгани йўқ. Қарши шаҳар «Маҳаллот» МФЙ Аҳмад Яссавий кўчасидаги уйда вақтинчалик оғзаки келишувга асосан яшаб келган 17 ёшли қиз ҳаммомига ўрнатилган газ печини ёқиб, ювиниш жараёнида газ печидан сизиб чиққан из газининг кўпайиб кетиши оқибатида заҳарланиб, вафот этди. Фарғонада имом-хатиб ва оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳамда Андижонда уч нафар ёлланма ишчи ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди. Жиззахда 63 ёшли аёл ва унинг икки невараси ис газидан заҳарланиб вафот этди…

Мана, яна кунлар совий бошлаши билан совуқ хабарлар кўпая бошлади. 20 ноябрь куни ҳам Наманганда уч киши, қайнона-келин ҳамда олти ёшли қизалоқ уйни иситиш учун ўрнатилган темирдан ясалган печкага ёқилган табиий газдан чиққан ис газидан заҳарланиб, воқеа жойида вафот этган.

Хабарларни ўқиймизу, унутамиз, болалар нобуд бўлганини эшитсак, бир сесканиб қўярмиз, эҳтимол. Аммо бу ҳолатга бутунлай бефарқлигимиз йилдан-йилга ўлимлар сони кўпаяётганидан маълум. Бегуноҳ гўдаклар исинишга ҳаракат қилиб, уйқудан уйғонмаяпти, бир уйдан бутун оиланинг тобути бирданига чиқиб кетяпти, соппа-соғ одам бир туки тўкилмай жон беряпти.

Ҳид ва рангга эга бўлмаган бу «сездирмасдан ўлдирувчи» неча-неча кишиларнинг ёстиғини қуритишда давом этаяпти. Статистикаларга кўра, 2019 йилда ис газидан вафот этганлар сони 50 нафар, 2020 йилда 91 нафар, 2021-йилда эса 125 нафарни ташкил қилган.

Ис гази қандай пайдо бўлади?

Ёқилғи тўлиқ ёниши учун етарли шароит бўлмаса, айниқса кислород етишмаганда, ис гази йиғилади. Шунингдек, шамоллатиш йўлакларининг тўсиб қўйилиши, дудбуроннинг қурумга тўлиб қолиши, ҳаво тортиш кучи йўқолиши ис газининг тўпланишига сабаб бўлади. Ҳар қандай ёқилғининг чала ёниши оқибатида, яъни ёқилғи тўлиқ ёниши учун атмосферада етарли кислород бўлмаган ҳолатда ис гази пайдо бўлади. У кўзга кўринмайди, ҳидсиз, таъмсиз. Ушбу модда инсон организмига нафас йўллари орқали таъсир қилади, гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 марта кучли бирикма – карбоксигемоглобинни ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш қобилияти сусаяди ва бу гипокция (кислород етишмаслиги), оғир ҳолатларда эса анокцияга олиб келади. Шу тариқа инсон ҳаётига нуқта қўйилиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Заҳарланиш ортидан келган ҳалокатларнинг 99,9 фоизи эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлгани айтилади. Бўлиши мумкин, бундай далиллардан ҳам кўз юммаган ҳолда, шуни ҳам таъкидлаш лозимки, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Масаланинг бир учи эҳтиётсизликка, бепарволикка бориб тақалса, иккинчи учи давлат ва жамоат ташкилотларининг лоқайд­лигига бориб тақалади. Негаки, ис газидан ҳимояланиш бўйича тарғибот ўта жўн, таъсири йўқ ва номига олиб бориляпти. Ҳисоботга қарасанг, ҳаммаси аъло. Бироқ одамлар қурбон бўлиши тўхтамаяпти-ку! Қанча инсонлар жигарбандидан, яна қанчаси боқувчисидан маҳрум бўлмоқда.

Шундай экан, ҳар биримиз энг аввало ўзимиз учун қайғуриб, энг оддий қоидаларга риоя қилишимиз зарур. Газ плитасидан бинони иситиш ва унинг устида кийимларни қуритиш, шунингдек плитани ёқилган ҳолатда назоратсиз қолишига йўл қўймаслик керак. Бундан ташқари, газ сизиб чиқаётганини очиқ олов, масалан гугурт чақиб текшириб кўриш мумкин эмас.

Хонадонларга ис газини аниқловчи қурилма ўрнатиш тавсия қилинади. Ис гази кўзга кўринмас ва ҳидсиз бўлгани учун уни одамнинг ўзи пайқаши мушкул. Шунинг учун ривожланган давлатларда уйларга ис гази детектори ўрнатилади.

Мисол учун, Канаданинг Алберта провинциясида 2006 йилдан буён янги қурилган уйларда ис гази детектори бўлиши шарт. Детектор уйнинг ҳар бир қаватида (кўп қаватли бўлса) ётоқхоналардан 1 метрдан узоқ бўлмаган жойда шифтга ўрнатилиши керак. Мабодо уйда ис гази (ёки тутун) тарқалса, детекторлар жуда баланд овозда чийиллаб, ухлаб ётганларни уйғотади ва ўлимдан сақлайди. Бундай қурилмани сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари оила аъзолари, айниқса ёш болаларнинг ҳаётидан қимматга тушмаслиги аниқ.

Шахруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

🕔16:45, 04.06.2026 ✔31

Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

Батафсил
Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

🕔16:01, 21.05.2026 ✔219

Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

Батафсил
Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

🕔15:56, 21.05.2026 ✔217

Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

    Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

    Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

    ✔ 31    🕔 16:45, 04.06.2026
  • Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

    ✔ 219    🕔 16:01, 21.05.2026
  • Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

    Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

    Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

    ✔ 217    🕔 15:56, 21.05.2026
  • «Матонат  мадҳияси»

    «Матонат мадҳияси»

    Юртимиз узра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ­шукуҳи кўнгилларга чўғ солган­ ҳолда оламга илиқлик ­уруғларини сочиб кезиб юрибди.­ ­Шунга монанд агар сизнинг ҳам қалбин­гизга юқоридаги каби қайноқ чўғ тушган бўлса ҳамда муҳим санани муносиб кутиб олиш ва ўтмишдаги­ ­жасоратларни юракдан ҳис ­қилиш учун бир маскан ­излаётган ­бўлсангиз, мана сизга ҳақиқий зиёратгоҳ – ­ муҳташам Ғалаба боғи!

    ✔ 344    🕔 09:15, 08.05.2026
  • Амалиёт илмга асосланса  самара  беради

    Амалиёт илмга асосланса самара беради

    Замон шиддат билан илгариламоқда. Кечагина ахборотни газета саҳифалари ёки эфир орқали қабул қилган жамият бугун уни бир вақтнинг ўзида видео, аудио, инфографика ва турли рақамли платформалар орқали истеъмол қилмоқда. Ахборот майдони кенгайди, имкониятлар ортди. Аммо бу кенгайиш ўз-ўзидан янги бир масъулиятни, тезлик ортидан қувиш жараёнида ишончлиликни йўқотмасликни ҳам талаб қилади.

    ✔ 515    🕔 08:53, 23.04.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар