Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЎН БЕШ МИНГ СЎМЛИК ТАҲДИД

ёхуд эски дардга янги даво керак

Яқинда фарзандларимга ўйинчоқ ахтариб, бозор айландим.

ЎН БЕШ МИНГ СЎМЛИК ТАҲДИД

Албатта, улар орасида фойдалилари кўп: айримлари болаларни касб-ҳунар ва меҳнатга ўргатса, баъзилари зийраклик ва эпчилликни оширади. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ғоявий-тарбиявий жиҳатдан бот-бот танқид қилинган қўғирчоқларнинг бугун ҳам бозори чаққон.

Шир яланғоч  «сув париси»

Бугун мамлакатимизда сал очиқ кўйлак кийган эстрада вакиллари танқидбўронда қолиб кетади. Бозорларимизда «Wmx» маркаси остида сотилаётган ярим-яланғоч «Барби» эса ёш қизалоқларга шармандаликдан яхшигина «дарс» бериши тайин (интернетда ушбу товар белгисини излаганимизда, интим ўйинчоқларни бепул етказиб бериш ҳақидаги эълонларга ҳам кўзимиз тушди). Ёки «Msrmad» маркаси остида «Фарзандингиз учун энг зўр совға» («The best gift for your children») деган иддао билан ярми аёл, ярми балиқ, бироқ шир яланғоч «сув париси» таклиф этилмоқда. Қўғирчоқ  қутисида эса «Менга бир назар сол» («Look me») деган «илтимос» ҳам бор. Айтганини қилиб, назар солдик ва ўйлаб қолдик: аслида ким кимни ўйнайди, бу «сув париси» мурғак онгларни ўзи билан қаёққа эргаштириб кетади?.. Сўнг эса машҳур «Ы операцияси» фильмидаги бозор саҳнасида «сув париси»га берилган баҳо ёдга тушади: «Шармандалик!..»

«The dark knight» («Зулмат жангчиси») триллери қаҳрамонлари, айниқса,  Бэтмен аллақачон ўйинчоқ шаклида ҳам дўконларимизни тўлдирган. Аслида у мамлакатимизда нишонланиши расман тақиқланган «Хэллоуин байрами» қаҳрамони (шу фильм асос бўлган асарнинг номи ҳам «Бэтмен. Узоқ Хэллоуин»)дир. Бу қаҳрамоннинг ғоявий таҳлилига жуда чуқур кирмоқчи эмасмиз, фақат бир гапни эслатиб ўтмоқчимиз: ғарб психологлари орасида Бэтмен болалар онгида жинсий тасаввурларни қўзғаши, хусусан, бесоқолбозликка ундаши ҳақидаги баҳслар ҳануз тингани йўқ...

Ҳаммасидан ҳам хитойлик ишбилармонлар «Gulf war» (1990-1991 йиллардаги «Форс кўрфазидаги уруш») сериясида ҳарбий ўйинчоқлар тўплами (қўмондону аскарлар, танклар, байроқлар) ишлаб чиқариб, бизга жўнатаётгани қизиқ. Атай нархини сўрадик: атиги 15 минг сўм. Тўплам жилдида эса уруш харитаси ҳам бор: Бағдод, Мосул, Эрбил (бу ҳудудларда бугун ҳам қирғинлар тўхтагани йўқ)... Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслиги, мамлакатимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлашувига ва ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслик сиёсатини дунёда қатъий позицияда ҳимоя қилаётган бир пайтда арзимас кўрингандек бу ўйинчоқ фарзандларимизни ташқи майдондаги қирғинларга рағбатлантирмаяптими?!.

Қўғирчоқ  «йиғи»сини эшитганмисиз?

Болалар ҳамиша тақлид билан улғаяди: ўзига қаҳрамон, образ излайди ва буни ўйинчоқлардан топади. Бугун глобаллашув шиддати ўйинчоқларни ҳам ўз домига тортмоқда: ўйинчоқ шунчаки, овунчоққа эмас, ғоявий қуролга айланмоқда.

Ўйинчоқларнинг ғоявий таъсирини қўятурайлик, яқинда Шимолий Аризона университети олимлари сўзлайдиган, юрадиган, мусиқа ижро этадиган ва турли овозлар чиқарадиган электрон ўйинчоқлар болалар учун энг хавфли, деб баёнот берди. Ваҳоланки, шу каби ўйинчоқларга бутун дунёда, жумладан, юртимизда ҳам таълим воситаси сифатида қаралади...

— Етти ёшгача бўлган болаларнинг таълим-тарбиясида бундай ўйинчоқлар катта аҳамиятга эга, — дейди Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш республика ўқув методика маркази бўлим бошлиғи Муяссар НУРИДДИНОВА. — Масалан, болалар саводини чиқаришга мўлжалланган ўйинчоқ ноутбукни олсак. Бола у орқали янги сўзлар ўрганади, буюмлар ҳақида маълумот олади. Бироқ улар ток билан ишлайди, бошқарилади, нурланиш ҳодисаси мавжуд — демак, бола ҳаёти, хавфсизлиги ва руҳиятига салбий таъсир этиши кафолатланмаган.

— Болалар овоз орқали ҳам дунёни тез англайди, — дейди амалиётчи психолог Барно ИЛҲОМОВА. — Сиз айтган ўйинчоқларда эса барча товуш сунъий. Яъни, улар бола билимини ошириш билан бирга, тасаввурига салбий таъсир ҳам кўрсатади. Шундай ўйинчоқларни ўйнаб улғаяётган болаларни кўп кузатганман: анча асабий, қўрқув ҳисси кучли. Масалан, чақалоқнинг йиғиси асабимизни бузмайди, бироқ ҳеч қўғирчоқ «йиғи»сини эшитганмисиз? Шунақа беёқим — бошга оғриқ беради.

Сўз бораётган бу тадқиқотда ноутбук, сўзлайдиган ферма ва болалар мобиль телефонлари фарзандлар нутқи шаклланишига салбий таъсир қилиши аниқланган. Китоблар эса ота-оналарнинг фарзандлари билан гаплашишига кўпроқ имкон туғдириши айтилган.

Ўйладим: илгарироқ қизимга ҳарфларни ёзиб ўргатаётгандим, кейинроқ бозордан «сўзлайдиган алифбо» олиб бердим. Қизим ҳали олти ёшга кирмай, барча ҳарфни тез ўзлаштирди, ҳатто ўқияпти. Аммо шу қурилмани олиб берганимдан кейин қизим билан деярли бирга дарс қилмабман, жуда кам гаплашибмиз. Демак, бола саводи ва руҳиятини фақат бундай қурилмалар ихтиёрига топшириш катта хато бўлар экан.

Адрасга ўранган «Барби»

Бу мавзуда гап кетса, миллий ўйинчоқлар зарур, деб такрорлашдан чарчамаймиз. Хўш, ўзи миллий ўйинчоқ қандай бўлиши керак? Ахир мовий кўзли, сариқ сочли «Барби»га атлас-адрас кийдирилгани билан миллий ўйинчоқ бўлиб қолмайди-ку...

— Миллий ўйинчоқлар миллий урф-одат ва анъаналаримизни тарғиб этиши, миллий ғурурни уйғотиши ва руҳлантириши керак, — дейди М.Нуриддинова. — Улар ҳам замонавий бўлиши, кичкинтойларни зериктирмаслиги лозим. Бунда қўғирчоқларнинг майда қисмларигача (ранги, матоси, буюмлари мувофиқлиги) аҳамият бериш, ҳатто ўзбекча сўзлаб,  ҳаракатланишини таъминлаш лозим. Қани эди, миллий-замонавий қўғирчоқ қўли кўксида «Ассалому алайкум», «Хуш келибсиз», «Марҳамат» деб турса!..

— Қўғирчоқ — кичкина одам, демак, унинг танаси-ю ҳаракатлари болага мос бўлиши керак, — дейди Б.Илҳомова. — Сиз айтган атлас-адрас кийган «Барби»лар танаси ниҳоятда нозик ўлчамда ясалган. Бу вулгаризмдан бошқа нарса эмас. Ахир вояга етган, замонавий қизлар танасини шу ўлчамга етказиш учун ўзини қанча қийнайди. Энди ўйланг: бу билан қизалоқларимизни нимага ўргатиш мумкин?! Фақат бўрттирилган танани кўз-кўз қилишга! Миллий ўйинчоқлар — фарзандларимизга кимларнинг авлоди эканини, ўзлигини эслатиб туриши, шу билан ғурурлантириши керак эмасми аслида?! Бир гал Бухорода ҳунарманд устахонасида бўлиб, ҳайратга тушганман. Қўғирчоқларнинг «йигит»ларида мардлик, қатъият, шижоат шундай теран акс этганки, юрагинг «жиз» этади. «Қиз» қўғирчоқлар шаклида-ўзини тутишида шарқона ибо-ҳаё мужассам. Бугун миллий қўғирчоқларни асосан, ҳунармандларимиз тайёрламоқда, бироқ улар бозорлардаги истеъмолчилар эҳтиёжини тўла таъминлаяпти, дейиш қийин.

Дарҳақиқат, бозор-дўконларимизни айланар экансиз, миллий қўғирчоқ-ўйинчоқлар камлигига гувоҳ бўламиз. Савол туғилади — уларнинг расталарга кам келишига сабаб нима? Сони камми ё нархи қимматми? Ёки бундай қўғирчоқларга харидорларда талаб пастми?

— Менимча, бунга шу соҳадаги ишлаб чиқарувчиларнинг сони ортмаётгани ёки ишлаб чиқаришдаги муаммолар кўплиги сабаб, — дейди ­М.Нуриддинова. — Балки бу миллий ўйинчоқларни яратишга талаб-эҳтиёж пастлиги туфайлидир.

— Тўғри, миллий ўйинчоқлар нархи баланд, чунки асл маҳсулот (боз устига қўл меҳнати) ҳамиша қиммат бўлади, — дейди Б.Илҳомова. — Бугун мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилди. Яқин орада миллий ўйинчоқ-қўғирчоқлар ишлаб чиқаришга сармоя ётқизадиган ишбилармонлар кўпайса ажаб эмас. Чунки ота-оналарда бунга талаб юқори, бироқ маҳсулот сони, сифати, нархи масаласида танлов кам.

...Албатта, фарзандларимизнинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етиши бугун улар қўлига қандай ўйинчоқлар тутқазилишига боғлиқ экани ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас. Бироқ бу борада нега бепарволиклар ҳамон давом этяпти? Мақоламиз бошида айтилган, 15 минг сўмлик таҳдидни қаранг! Нима учун улар бозорларимиз, сўнг фарзандларимиз онг-қалбига киришга уринишига бунчалик лоқайдмиз? Миллий армиямиз халқаро рейтингда юқорилаётган бир пайтда Қуролли кучларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи ўйинчоқлар тайёрлаб, ички бозорни тўлдириш қийинми?!. Бизнингча, озгина эътибор ва ҳафсала кифоя — катта бир ғоявий таҳдиднинг олди олинади.

Хўш, сиз бу ҳақда нима дейсиз. Балки сиз бошқача фикрдадирсиз. Мулоҳазаларингизни, албатта, ёзиб юборинг.

Умид ҒАФУРОВ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔83

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔63

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔78

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар