Янги йил байрамини барча бирдек хурсандчилик билан кутади. Яхши ниятлар билан дастурхон безайди, тансиқ таомлар пишаради. Болажонларнинг хурсандчилигини айтмайсизми, турли ширинликлару совғалардан яйрашади.
Аммо байрам яқинлашиши билан ҳатто йил бўйи баҳоси деярли ўзгармаган маҳсулотнинг ҳам нархи кўтарилиб қолиши нохуш бир одатга айланган. Янги йил дастурхони учун ишлатиладиган асосий маҳсулотларнику нархи яхшигина ўсганига бир ҳафтадан ошди.
Бу байрам болажонлардан ҳам кўра олибсотару чайқовчилар учун катта хурсандчилик улашади, десак тўғрироқ бўлади. Уларнинг ҳаммаси «кунимиз келди» дея баланд нархларда маҳсулотларини пуллаш ҳаракатига тушиб қолишган. Ҳа, айнан янги йил арафаси олибсотарларнинг «кетмони учади».
Барака топишсин, бозор маъмурияти ҳам бу ҳолатга жим қараб турмасдан аҳоли учун арзонлаштирилган байрам ярмаркалари фаолиятини йўлга қўйишади. Табиийки байрамолди бозорларда нарх-навонинг кескин кўтарилиб кетганлиги сабабли аҳолининг арзонлаштирилган байрам ярмаркаларда сотиладиган маҳсулотларга бўлган талаби ортади. Бироқ чиндан ҳам байрам ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотлар арзонлаштирилганми? Байрам арафаси ташкиллаштирилган ярмаркалар фаолиятидан аҳоли мамнунми? Ушбу ярмаркаларда сотилаётган маҳсулотларнинг сифати қай даражада? Шу каби саволларга жавоб олиш учун пойтахтимизнинг Юнусобод деҳқон бозорида ташкил этилган янги йил ярмаркаларидаги нарх-наволар билан қизиқдик.
Ярмарка бўйлаб юрар эканмиз айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг оддий бозордаги нархлар билан бир хиллигини ва ҳатто баъзи бир маҳсулотларнинг бозор расталаридаги маҳсулот нархларидан ҳам баландлигига гувоҳ бўлдик. Масалан: бозор расталарида ҳажман кичик бўлган мандариннинг нархи 28-30 минг, апельсин 35-40 минг, банан 18-20 минг сўмдан сотилаётган бўлса, байрам учун арзонлаштирилган ярмаркада эса худди шу мандаринларнинг нархи 48-50 минг, апельсин 45-55 минг, банан эса 22-25 минг сўмдан сотилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг бозор расталаридаги ва ярмаркадаги нархларининг номутаносиблиги ҳақида бозор маъмурияти ходимларидан изоҳ сўраганимизда: «мен билмайман», «бу ердаги ярмаркага мен қарамайман» дея «отангга бор, онангга бор» қилишди. Хуллас, бозор маъмурияти ходимларининг ҳеч бири бу саволга жўяли жавоб беришмади.
Ярмаркалардаги маҳсулотларнинг сифати қандай?
– Бу ердаги савдогарлар байрам арафаси виждонини ҳам ўзлари сотаётган маҳсулотларига қўшиб пуллаб юбораётгандек. Оддий картошка оламан десангиз, кўнгилдагидек эмас. Арзонликка арзон, лекин одамлар олар экан деб чириган, айниган, истеъмолга яроқсиз бўлган картошкаларни ҳам аралаштириб сотишяпти. Биз ҳам пулни кўчадан супуриб олмаганмиз. Иш ҳақимиз камлигидан арзонлаштирилган ярмаркадан бозор қиляпмиз. Аммо аҳвол ёмон. Чириган картошкани қўлимга тутқизганда башарасига қайтариб отгим келади. Лекин сотувчининг: «Биз ҳам мажбуран сотаяпмиз. Бозор маъмурияти сотиб берасизлар деб айтишган», деган гапидан сўнг буларда нима айб дея фикримдан қайтаман. Ярмаркалар номигагина ташкил қилинганлиги кўриниб турибди, – дейди ўзини Сурайё деб таништирган харидор.
– Кеча арзонлаштирилган ярмаркадан сабзи, пиёз харид қилиб кетгандим. Уйга бориб қарасам ҳаммаси музлаган. Қайнонамдан роса гап эшитдим.
Қараб олмагансан, алдаб музлаган, чириган сабзи-пиёзларни сенга сотишган деб койиди. Растага қўйилган маҳсулотлар унақа эмас эди. Сотувчи бола «бу ердагиларни ҳозир териб бўлдим. Сизга бу ёқдан яхшисини солиб бераман» деб қопдан солиб берганди. Қандай нарса солиб бердинг деб қарамабман, индамай олиб кетаверибман. Арзон маҳсулот сотяпмиз деб харидорларни алдаши керакми? Бирон нарса харид қиламиз деб борсак кўриниб турган маҳсулотдан тортиб беришмайди. «Витринадан сотмаймиз» деб истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни ҳам аралаштириб солиб юборишади. Ўша музлаган сабзи билан пиёзни қайтариб олиб келдим, – дейди Нигора исмли харидор.
Афсуски бундай ҳолатлар биргина Юнусобод бозорида эмас. Чорсу, Фарҳод, Қўйлиқ, Сергели каби деҳқон бозорларида ҳам аҳвол деярли шундай. Булар ҳақида илгари ҳам газетамизда мақолалар чоп этган эдик.
Шу ўринда бозор мутасаддиларига савол. Байрам арафасида бундай кўзбўямачилик учун ташкил қилинган арзон ярмаркалардан мақсад нима? Нега бу жараённи ҳеч ким назоратга олмайди? Ўзи саноқлигина байрамларда ярмаркалар ташкил қилинади. Ҳеч бўлмаганда байрам вақтлари сифатлироқ маҳсулотларни арзон нархларда сотиб халқнинг розилигини, дуосини олишса яхши эмасми?
Хўп, баъзилари қиммат, бошқалари эса арзон нархда сотишаётган экан, сифатсиз маҳсулотларни халққа сотиб нима қилади? Нега шу даражада кўзбўямачилик авж олиб кетган? Балки савдогарларга истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни сотишга бозор маъмурияти рухсат бергандир. Бўлмаса нега харидорларга растага чиқариб қўйилган маҳсулотлар қолиб, «под прилавка» яроқсиз маҳсулот тортиб беришади?
Нафси ҳакалак отган бозорчилар
– Ярмаркалардаги маҳсулотларни харид қилгим келмайди. У ерда сотилаётган кўп маҳсулотларнинг сифати яхши эмас. Бозорга тушсам нархларни эшитиб ҳушим бошимдан учади. Ўтган ҳафта бозорга тушганимда нарх-наволар анча барқарор эди. Янги йил яқинлашиши билан деярли ҳамма маҳсулотнинг нархи ошиб кетибди. Нега бундай бўлди деб сўрасангиз жойида ошгани учун бизлар ҳам нархларни оширдик, дейишади. Савдогарлар байрамдан фойдаланиб сотаётган маҳсулотларининг устига уч тўрт баробаргача кўнгиллари тусаган нархларни қўйиб олишган. Нархлар қиммат экан деб байрамга ҳеч нима олмасдан ўтирмаймиз-ку. Ноилож харид қиламиз, – дейди Музаффар ота исмли харидор.
– Бозор расталарида сотилаётган маҳсулотлар нархлари билан байрам ярмаркаларидаги нархлар бир хил. Ҳатто баъзи бир маҳсулотларни бозор расталаридан ярмаркада сотилаётган маҳсулот нархидан арзонроққа ҳам топиш мумкин. Арзонлаштирилган ярмаркалар ҳудуд раҳбарлари кўзи учун номигагина ташкил қилинган гўёки. Бу ерда савдо қилаётган савдогарлар ҳам ўзлари сотаётган маҳсулотларига кўнгли тусаганча нарх қўйиб олган. Буларнинг устидан арз қилсангиз ҳам фойдаси йўқ. Бир гал арз қилгандим. Кўз олдимда ҳалиги савдогарнинг жойини ёптириб ташлашганди. Аммо бозорлик қилиб ортга қайтаётсам бояги савдогар кетгани йўқ. Ўз жойида аввалгидек савдо қиляпти, – дейди Шарофат исмли аёл.
Арзонлаштирилган ярмаркалардаги бу каби ҳолатлар қачонгача давом этар экан? Қачон назоратга олиниб, тартибга солинар экан? Ҳали бундай бозорлар, бундай байрамолди «арзонлаштирилган» ярмаркалар юртимизнинг барча ҳудудларида фаолият бошлаган. Ўйлаймизки ушбу соҳага масъул мутасаддилар уйғониб, юзага келган вазиятни тартибга солишга ҳаракат қилишади.
Мансурбек ЖАББОРОВ,
«Оила ва табиат» мухбири
Аҳоли уйларига қуёш панеллари ва иссиқлик насослари ўрнатиш учун субсидия ажратилади
🕔16:31, 30.10.2025
✔9
Янги низомга кўра, аҳоли уйларига қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи, иссиқлик насосларининг 40 фоизи давлат томонидан қопланади. Энергия аудитининг ўзи эса тўлиқ бепул бўлади.
Батафсил
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔41
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔55
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил