Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Фойданг тегмаса, зараринг ҳам тегмасин!

Кўчаларнинг тоза эканлиги сиз учун қанчалик аҳамиятга эга? Сиз ўз оилангизнинг тоза ва озода жойда яшашлари учун ҳақли деб ҳисоблайсизми? Бу саволларни ўзингизга бериб, озгина бўлса ҳам фикрлашга уриниб кўрганмисиз?

Фойданг тегмаса,  зараринг  ҳам тегмасин!

Биз қанчалик чиқиндиларга чўкиб бораётган дунё, пластик сабаб нобуд бўлаётган денгиз ҳайвонлари, ёмонлашиб бораётган экологик вазият ҳақида гапирмайлик, ўзимизни, қарашларимизни, хатти-ҳаракатларимизни ўзгартирмас эканмиз бари фойдасиз бўлиб қолаверади. Чунки айнан юқорида берилган саволларга ариқларимиздаги чиқиндилар уюми, кўчаларга, кўп қаватли уйлар ҳовлисига улоқтирилган ахлат тўла пакетлар «мана, мен» деб жавоб бериб турибди.

Ўзингизни нимага лойиқ деб биласиз?

Хўш, сиз қанчалик ўзингизни яхши жойда яшашга ҳақли инсон деб ҳисоблайсиз? Сиз қанчалик ўзингизни озода ва покиза жойда яшашга ҳақлиман деб билсангиз, бошқалар ҳам ўзларини шундай муҳитда ва озода бўлган жойда яшашга лойиқ деб ҳисоблашади. Бунинг учун эса сизу биздан фақат муносиб ҳаракат талаб этилади. Сиз ва биз бугун келажакнинг бунёдкорлари эканмиз, бугун содир этаётган ҳаракатларимиз эртанги кунимизни, ҳолимизни белгилаб беради. Унинг қандай бўлиши эса бугунги қарорларимизга боғлиқ бўлиб турган шароитда эса ҳеч бир нотўғри қадамга ўрин йўқ, деб қатъий айта оламиз.

Сиздан қандай «из» қолмоқда?

Табиатнинг сўлим масканларидан бўлган тоғ ёнбағирлари доим бизни ўзига жалб этиб туради. Оила ва дўстлар билан дам олиш учун жуда кўпчилик айнан шундай манзарали жойларни танлайди. Табиат билан ҳамнафас бўлиш, унинг гўзалликларидан баҳра олиб туриш инсон саломатлиги ва иш қобилиятининг ошиши учун кони фойда албатта. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Дам олувчилар томонидан бундай масканларнинг ниҳоятда ифлослантириб кетилиши кўнгилни хира қилади. Натижада, йилдан-йилга бундай сўлим, муҳими озода масканлар сони камайиб бормоқда.

Табиат қўйнидаги мароқли ҳордиқдан сўнг инсонлар чиқиндиларни сой, кўл ва дарахтлар остига ташлаб кетишади. Бу уларнинг табиатга «раҳмат»и бўлса керак. Бизнингча, фарзандлари келажагини ва ўз саломатлигини ўйлаган одам бундай ишни қилмаслиги лозим. Экологик маданият ва тарбия эса оддийгина дам олишдан сўнг ўз ортингизда нохуш «из» қолдирмасликдан бошланади, шундай эмасми?

Айниқса, шу кунларда йилдан-йилга кам­ёб бўлиб бораётган қордан завқланиш учун келган саёҳатчилар билан тоғли ҳудудлар гавжум. Афсуски, у ерларни тозалайдиган махсус хизматлар ҳали йўлга қўйилмаган. Шунинг учун ҳам сизу биз табиатни ифлослантирмасдан, ўз ортимизни тозалаб кетишимиз – бу ўзимизга ва атроф муҳитга қилган энг катта яхшилигимиз бўлади, ишонинг.

Муаммолар кўп, ечим эса...

Экологик муаммолар ҳақида гап кетганда глобал масалалар айтилади доим. Аммо ана шу глобал муаммолар оддийгина табиатда қолдираётган кундалик «из»ларимиз, биргина инсоннинг кичкина ҳиссаси ортидан йиғилиб ҳосил бўлмаяптими? Буларнинг барчасига ўзимиз, инсонлар сабабчи эмасмизми?

Бизда шундай бир нотўғри қараш шаклланганки, бу бизни лоқайд, ниҳояда хавфли махлуқотга айлантириб қўйган:

«Бунинг менга алоқаси йўқ, кимдир қилиши керак», «Бу уларнинг иши», «Битта мен ташламаганим билан чиқинди озайиб қолмайди», «Менга нима...» Мана шундай қарашларимиз – бизнинг энг катта душманларимиз.

Билмаймизки, шу кетишда давом этсак, экологик танг аҳволдан умуман қутула олмайдиган ҳолатга келиб қолишимиз мумкин.

Экологик муаммоларни бартараф қилиш биргина давлатнинг ёки қайсидир бир масъ­ул ташкилотнинг иши эмас. Бу ҳаммамизнинг ҳаётимизга бевосита дахлдор масала. Демак, аввало ўзимиз ўзгаришимиз керак. Асло давлатдан нимадир кутиб ўтирадиган вазиятда эмасмиз. Ўз уйимиз, маҳалламиз, туман, вилоятимиздан бошлашимиз керак ўзгаришни, ўзгартиришни.

Одамларнинг ўзи ҳаракат қилмас экан, ҳеч қандай қонуну қарорлар, афсуски ёрдам бера олмайди. Кўп қаватли уйларнинг ойналаридан чиқинди тўла халталар пастга улоқтирилар экан, фарзандларимиз дуч келган ерга қўлидаги чиқиндини ташлаб кетаверар экан, биз уларга ўрнак бўла олмас эканмиз, аҳволимиз ўзгариши қийин масала. Келинг, азиз юртдошлар, экологик маданият ҳақида гапиришдан олдин ҳар биримиз оиламиз учун ўрнак бўлайлик. Ўзимизни аввало ислоҳ қилайлик.

Бўстонлиқ тажрибаси оммалашса...

Ўтган йилнинг куз ойларида Туризм ва маданий мерос вазирлиги, «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси ва Бўстонлиқ тумани «Тоза ҳудуд» ДУК ҳамкорлигида Бўстонлиқдан чиқишда сайёҳлардан чиқиндиларни қабул қилиш учун экопункт ташкил этилгани ҳақида маълумот берган эди.

Вазирликнинг хабар беришича, ушбу экопункт Бўстонлиқ туманининг Қоронкўл посёлкасида, Қоронкўл масжиди қаршисида жойлашган.

Қолаверса, экопунктда чиқиндиларни қандай топшириш ва бу ташаббус учун қандай совғалар олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берувчи баннер ҳам ўрнатилган.

Бу қандай қилинади?

– Бўстонлиқ туманида дам олгандан сўнг, ён-атрофдаги чиқиндиларни йиғиб олиш;

– Бўстонлиқ туманидан чиқишда йиғилган чиқиндини топшириш ва рамзий совға олиш.

Нималар учун совға олиш мумкин:

– чиқинди топширганлик учун;

– ўзингизнинг ва бошқаларнинг чиқиндиси учун:

– сараланган чиқинди учун.

Шу тариқа, топширилган чиқиндига қараб иштирокчилар «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан совғалардан ташқари профессионал инструкторлар билан Угам дарёсида рафтинг учун 15 фоизлик чегирма ҳамда «Чорвоқ» ТРЗ дирекциясининг ҳамкорларидан бўлган бошқа совғаларга эга бўлади.

«Экопунктлар чиқиндиларнинг камайи­шига муносиб ҳисса қўшади. Бўстонлиқ туманига бир дам олиш кунида 45 мингдан ортиқ одам ташриф буюради. Ҳар бир киши ҳеч бўлмаса бир дона шиша ёки егулик ўрамини топширса, бу чиқиндига қарши курашдаги ғалабадир. Фурсатдан фойдаланиб, қизиққан ҳамкорларни ушбу акцияда иштирок этишга таклиф қиламиз», – дейди «Чорвоқ» ТРЗ дирекциясининг стратегик ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Алина Абдураззоқова.

Бизнинг фикримизча, бу борадаги Бўс­тонлиқ тажрибасини юртимизнинг ички ва ташқи саёҳатчилар гавжум бўладиган барча масканларида, туризм зоналарида қўллаш атроф муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланиши масаласида катта ечим бўла олади. Фақатгина ушбу ташаббусни охиригача амалга оширишга кучимиз етса бўлди.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Аҳоли уйларига қуёш  панеллари ва иссиқлик  насослари ўрнатиш учун субсидия  ажратилади

Аҳоли уйларига қуёш панеллари ва иссиқлик насослари ўрнатиш учун субсидия ажратилади

🕔16:31, 30.10.2025 ✔9

Янги низомга кўра, аҳоли уйларига қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи, иссиқлик насосларининг 40 фоизи давлат томонидан қопланади. Энергия аудитининг ўзи эса тўлиқ бепул бўлади.

Батафсил
Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔41

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔55

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар