Одамларга ҳайрон қоламан, «заправка»ларда метан йўқ, бензин қиммат, соатлаб навбат дейишадию, жамоат транспортида муаммосиз етиб борса бўладиган манзилга ҳам шахсий машиналарида отланишади.
Автомобиль нархи қиммат, инсофсиз монополистлар деб ёқа йиртишади, аммо ўзига машина олгач, аёлига, аёлига олгач, ўғлига сотиб олиш ҳаракатига тушади. Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса ҳам, ўғлим «права» олса ҳайдайди деб, кредитга «Cobalt» олиб қўйган одамларни шахсан танийман...
Бугун вазифаси А нуқтадан Б нуқтага тезроқ етказиши керак бўлган транспорт воситаси жамиятимиздаги нотўғри қарашлар сабаб ҳашамат, обрў, нуфуз белгисига айланган. Вақтни тежаш учун қилинган ушбу ихтиро бугун одамларнинг вақтини олиб, соғлиғига ҳам жиддий зарар етказмоқда.
Одамлар учун ноқулай шаҳар
Янги солиқ ёки жарималар таклиф этилса, пулини тўламаганимиз биргина тоза ҳаво қолди, деб киноя қиламиз. «Ҳавони ҳам пулли қилиб қўйишсин!» деймиз.
Аслида эса биз Ўзбекистонда яшар эканмиз, ҳаво учун аллақачон тўлов қилиб келяпмиз. Чўнтакдан нақд пул тўламасак ҳам, ўз саломатлигимиз, касалликка чалиниш, эрта вафот этиш ва бошқа билвосита йўллар орқали яхшигина товон тўлаяпмиз. Айниқса бечора пойтахтликлар, отнинг калласидай ижара ҳаққини тўлаб юргани етмагандай, бугун улар табиатга яхшигина ҳисоб беришга мажбур. Негаки, Тошкент шаҳар ҳавоси кескин ифлосланиб бормоқда.
Яқинда World Air Quality жаҳон рейтинги сайтида дунёдаги ҳавоси энг ёмон 100 та шаҳар номи маълум қилинди, афсуски, улар орасида Тошкент ҳам бор. Мазкур рейтинг дунёнинг 100 та шаҳрида 0,001 дан 2,5 микрометр ўлчамигача бўлган кичик зарраларни кўрсатувчи ПМ2,5 маълумотларига кўра тузилган. Масалан, рейтингда келтирилишича, ҳозир Бишкекда РМ2,5 концентрасияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган ҳаво сифатининг йиллик меъёридан 49,1 баробар юқори ҳисобланади.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, ҳавонинг ифлосланиши атроф муҳит учун энг жиддий таҳдид ҳисобланади, чунки ифлос ҳаво таъсирида нафас йўлларининг тирнаш хусусияти йўтал ва нафас олиш қийинлашуви, астма кучайиши, ўпка саратони, буйрак касаллиги, сурункали бронхит ва бу касалликлардан азоб чекаётган одамларда бевақт ўлим каби ҳолатларга сабаб бўлади. Бундай ҳаво ёши катталар, болалар, ҳомиладор аёллар ва иммунитет танқислиги бўлган аҳоли саломатлиги учун энг катта хавфга эга.
Албатта, бу гаплар бироз ваҳимали туюлиши мумкин, лекин шошилманг. Чунки ҳар йили дунё бўйича 7 миллиондан ошиқроқ одам ифлос ҳаводан нафас олиши оқибатида ҳаётдан кўз юмар экан. Бу тахмиман ҳар 8 та ўлимнинг 1 таси айнан ҳавонинг ифлосланиши оқибатида содир бўлади деганидир. ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаномга кўра, ҳавонинг ифлосланиши инсоннинг бутун тана аъзоларидан тортиб, она қорнидаги чақалоқ ривожланишигача салбий таъсир ўтказяпти. Бунга мисол қилиб 2021 йилда Ҳиндистонда тўрт қўли ва тўрт оёғи бор чақалоқнинг туғилишини айтиш мумкин. У ерда саноат чиқиндилари билан ҳаво, тупроқ ва сувнинг юқори даражада ифлосланиши фонида мутацияга учраган болалар ва ҳайвонларнинг туғилиши кўп кузатиляпти. Бундан ташқари дунё бўйича ҳаво заҳарланиши қурбонларининг 9 фоизи ёш болалар ҳисобланади: 5 ёшдан кичик вафот этган болалар сони 543 мингтани ташкил этади. 52 мингдан ошиқроқ қурбонлар эса 5-15 ёш оралиғида.
Тадқиқотлар шуни кўрсатганки, биринчи ўринда тоза ҳавони завод ва фабрикалар энг кўп заҳарлаган бўлса, иккинчи ўринда автомобиллар туради. Ўзбекистонда атмосферага жами зарарли ташламаларнинг 58 фоизи (1,4 млн тонна) автотранспорт воситалари улушига тўғри келади.
Бунда Тошкент шаҳри етакчи – 93 фоиз (397 минг тонна).
Бунинг дастидан ҳаво шу қадар ифлоски, ундаги заҳар ҳатто жигаррангда кўзга кўриниб туради, уни нафас йўлларингда ва таъм қабул қилгичларингда сезасан. Пала-партиш қурувчи компаниялардан чиқувчи тутун, қурилишлардаги чанг-тўзон машиналардан чиққан карбонат ангидрид, азот оксиди ва метан билан қўшилиб ўпкангни емиради.
Барча йўллар «пробка»га олиб боради
Шахсий автомобиллар ва йўловчилар сони тобора ортиб бораётгани боис йўллардаги тирбандлик Тошкент шаҳрининг энг оғриқли муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Сўнгги йилларда пойтахт аҳолиси нафақат ишга бориш ва қайтиш вақтида, балки куннинг бошқа пайтларида ҳам тирбандлик, жамоат транспортининг сифатсиз хизмати, беҳуда вақт сарфи каби бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Йўлларда машиналар қанча кўп бўлса, бу шунчалик тирбандликни келтириб чиқаради.
Давлат статистика қўмитасининг 2022 йил сентябр ойида берган маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида жисмоний шахсларга тегишли жами автомобиллар сони 525 мингтадан кўп, шаҳарда доимий рўйхатдан ўтган автомобиллар сони эса 711 мингтани ташкил этади. Бунга қўшимча равишда эса ҳар куни 260 мингта автомобиль вилоятлардан шаҳарга келиб-кетади. Бу дегани, ҳозир пойтахтда 700-900 мингтадан ортиқ автотранспорт ҳаракатланяпти.
Кўриниб турганидек, пойтахтда автомобиллар билан боғлиқ вазият яхши эмас. Узоқ йиллар давомида кўчаларда автомобиллар сонининг ортиши, тирбандликлар муаммосини бартараф этиш чораси сифатида ҳукумат ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари кўпроқ йўллар қуриш ва уларнинг ўтказиш имкониятини ошириш ҳақида бош қотирмоқда. Аммо йўл ўтказувчанлигини ошириш учун кенгроқ йўллар қуриш самарали ечим эмаслиги ҳаммамизга маълум. Хўш, бундай вазиятда ўзи қандай чора кўриш керак? Нима қилсак, ҳаво тозароқ, тирбандликлар ва машиналар камроқ бўлади. Муаммонинг ечими нимада?
Нажот нимадан?
Жамоат транспорти! Бу соҳа тубдан ислоҳ қилиниб, уларнинг қулайлигини ошириш ва уларда ҳаракатланиш машинада манзилга етиб боришдан тезроқ ва афзалроқ бўлмас экан, кўчадаги тирбандликлар, ҳавонинг ифлосланиши йилдан-йилга ортаверади.
Жаҳон тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, шахсий автомобиллар ҳаракатини камайтириш учун жамоат транспортларини рағбатлантириш усулини кўрамиз. Масалан, Скандинавия мамлакатларида шаҳар аҳолисини шахсий транспортдан воз кечиб, жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишга ундаш, шунга рағбатлантириш кучайган. Масалан, Ослода худди шу мақсад йўлида автотураргоҳлар нархи 20-50 фоизга оширилди ва йўл ёқаларидаги тўхтаб туриш жойлари ўрнида велойўлаклар қурилди. Мактаблар атрофида транспорт қатнови тақиқланган «юрак ҳудудлари» пайдо бўлди.
Петербургда эса ҳозирда босқичма-босқич пулли автотураргоҳ ҳудудлари кенгайтирилмоқда. Журналистлар яқинда тажриба ўтказишди: бир қисмида пулли, бир қисмида бепул автотураргоҳ бўлган кўча участкаларидаги автомобиллар ҳаракатини ўлчашди. Ва якунда пулли автотураргоҳда бепул участкадагига қараганда 4,5 баравар кўпроқ автомобиль бўлганини аниқлашди. Машинани кун бўйи қўйиб кетиш рағбати пасаяди ва шаҳарнинг энг қиммат ресурси – бир парча ердан кўпроқ одамлар фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.
Биз эса аҳолининг камида 90 фоизи ҳаракатланадиган жамоат транспортларига эътибор бермаймиз. Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти йўналиш тармоқлари ўтган асрнинг 80-йилларида тузилган бўлиб, шу вақтга қадар мукаммал тарзда қайта кўриб чиқилмаган.
Бу эса ўз навбатида шаҳар жамоат транспорти тизимида жиддий муаммолар йиғилиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида автобуслар бўйича 140 та, йўналишли таксилар бўйича 67 та, метрополитен бўйича 4 та йўналиш мавжуд. Ҳозирда автобусларда кунига ўртача 400 минг, метрополитенда эса ўртача 380-400 минг киши манзилига етказилади. Пойтахтга кунлик кириб-чиқишларни инобатга олсак, жамоат транспортини ривожлантириш нақадар муҳим эканлигини англаш қийин эмас. Йўллар тирбандлигидаги асосий улушини шахсий транспорт воситалари ташкил қилар экан, бунинг олдини олиш йўлларидан бири – жамоат транспорти сонини кўпайтириш ва жамоат транспортидан фойдаланиш фоизининг ортишидир.
Шаҳруза САТТОРОВА