Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Зилзила фалокатида тирик қолишнинг йўллари Бу қанчалик самара беради?

Табиий офат шундай бир кучки, бундан олдин сен қайси мавқеда бўлмагин, синовлар қаршисида қолганингдан сўнг камбағал ҳам, бой ҳам бир хил даражага тушиб қолар экан. Аслида ҳам инсониятнинг илдизи мавқе танламайди, бу дунёга бир хил сувратда келади, охират сари йўл ҳам ягона кўринишда.

Зилзила фалокатида  тирик қолишнинг  йўллари  Бу қанчалик самара беради?

«Кўчада қолган бошпанасиз одамларнинг ёнидан бошимизни баланд кўтариб ўтиб кетардик ёки инсоф қилсак, майда пул берардик. Зилзиладан кейин эса ҳокимият тарқатаётган емаклардан олиш учун улар билан бир қаторда навбатга туришга мажбур бўлдик...»

Бу жумлалар Туркияда содир бўлган зилзиладан жабр кўрган бир аёлнинг ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирган гаплари. Дарҳақиқат, шу кунларда бутун инсониятнинг диққат эътибори оғир синовлар қаршисида қолган Туркия давлатига қаратилган десак муболаға бўлмайди. Бундай вазиятда гиналар унутилиб, авж олмоқчи бўлган қарама-қаршиликлар бироз тин олгандай, назаримизда. Ғазаб ўрнини энди меҳр-оқибат, ачиниш, куюнчаклик каби эзгу фазилатлар, амаллар эгалламоқда. Яратганнинг бу каби синовлари олдида барчамиз ҳам ожиз қолганимизни яна бир бор англагандекмиз.

Тўғри, табиий офатнинг олдини олиш, у билан курашиш жуда мушкул вазифа. Бу борада олимлар қанча изланишлар олиб боришмасин, кутилмаганда ҳаётингизга «ташриф» буюрадиган бу балои офат сизни ўз домига тортмасдан қўймайди.

Бизнинг мамлакатимиз тарихида ҳам бу каби нохуш ҳолатлар юз берган. Бу ўринда биргина 1966 йилни эслаш кифоя. 78 минг оила ёки ўшанда пойтахт­да истиқомат қилган 1,5 миллионлик аҳолининг 300 мингдан ортиғи уйсиз қолган.

– Зилзила асосан ер юзининг учта сейсмик камарида юз беради, – дейди Сейсмолология институти етакчи илмий ходими Собитжон Мақсудов. – Уларнинг тахминан 84-85 фоизи Тинч океани сейсмик камарида, 10-15 фоизи Ўртаер денгизи Осиё сейсмик камарида ҳамда 1-3 фоизи эса Атлантик океанининг 8 ўртасида жойлашган сув ости тоғ тизмалари ва 1-2 фоизи ер шарининг бошқа турли жойларида содир бўлади. Бундан англаш мумкинки, Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам Ўртаер денгизи Осиё сейсмик камари ичида жойлашган. Ўзбекистонда 8-9 балгача зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли бор. Лекин ҳеч ким зилзила қачон, қаерда содир бўлишини олдиндан айтиб бера олмайди.

Сейсмология институти олимлари таъкидлашича, Ўзбекистонда бўладиган ер қимирлашлари сейсмик районлаштириш харитасини тузиб чиқишган. Шу харита асосида қайси ҳудудларда 4-5 балл, қайси ҳудудларда 7-8 баллга мўлжаллаб уй-жой қуриш режалаштирилади.

– Биргина Тошкент шаҳрини олайлик, – дейди мутахассисимиз пойтахтдаги уйларнинг зилзилага бардошлиги ҳақида гапирар экан. – Бектемир, Сергели туманлари сейсмик жиҳатдан анчайин мустаҳкам ҳисобланади. Масалан, Тошкентга жанубдан 7 баллик тўлқин келса, Сергели туманида 7 ва ундан паст кўрсатгичда зилзила содир бўлади. Шайхонтоҳур туманида эса бу бир балга кучаяди. Сабаби табиатан зилзилалар бир-бирига ўхшамайди. Зилзиланинг содир бўлган жойдаги тупроқ жинсларининг зичлиги, чуқурлиги, силжиши ва кучига қараб тавсифланади. Шу боис қурилиш ишлари ҳам шунга қараб олиб борилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, зилзиладан ҳам ундан кейинги талафотлар инсон ҳаёти учун кўпроқ хавф-хатар туғдирар экан. Шуларни инобатга олиб барча мамлакатларда ҳам Фавқулодда вазиятлар тизими мутахассислари зилзила вақтидаги қилинган тўғри ҳаракат инсон ҳаётининг хавф остида қолмаслигига имкон беради дея таъкидлашади.

– Зилзила кўп ҳолларда кечаси рўй бериши мумкинлигини ёдда тутиб, ҳар қандай ҳолатга оила аъзоларини руҳан тайёрлаб боришни, хавфсиз чиқиш йўлларини олдиндан белгилаб, уларни болаларга, оила аъзоларингизга олдиндан кўрсатиш ва вақти-вақти билан репетиция қилишни йўлга қўйиш керак, – дей­ди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти ходими Жумадулла Сагатов.
– Олдиндан хоналардаги хавфсиз жойларни танлаш, оила аъзоларининг барчасига қаерда ким туришигача тушунтириш лозим. Бу вазиятда хонанинг асосий деворлари орасидаги бурчаги, ички эшиклар ўрни, стол, каравотлар ости хавфсиз жойлар ҳисобланади.

Қолаверса, инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин ҳоллар кўпинча буюмларнинг ағдарилиши оқибатида юзага келар экан. Шу боис уйлардаги мебелларнинг юқори полкаларида оғир ва шиша буюмларни сақламаган маъқул. Жуда кўп хонадонларда жавонга шиша буюмлар терилган бўлади, бу ҳаёт учун жудаям хавфли ҳисобланади. Бир томондан жавон деворга маҳкамланмаган бўлиши мумкин, иккинчи томондан зилзила пайтида шиша буюмлар тушиб синиши ва ҳаракат йўлларини беркитиб қўйиши мумкин, ёки ҳаракатланаётган боланинг устига тушиши мумкинлигини оила аъзоларига тушунтириш ва уларни хавфсиз жойга олиш лозим.

Шунингдек, уйдаги шкаф, компьютер жойлашган стол, жавон ва бошқа ағдарилиши мумкин бўлган жиҳозларни деворга эластик боғлагичлар орқали маҳкамлаш зарур. Сув, газ ва электр тармоқларини ўчириш жойларини олдиндан уйдагиларга кўрсатиш хар бир узиш ва ўчириш мосламалари қониқарли ишлашини текшириш ва буни оила аъзоларига ҳам кўрсатиш лозим. Бундан ташқари батарейкада ишлайдиган фонарлар ҳар бир хонадонда бўлиши зарур. Уларнинг доимо нормал қувватда бўлишини таъминлаш муҳим ва яхши ҳолатда сақлаш керак. Ётоқхоналарда ағдарилиши мумкин бўлган жиҳозларнинг бўлмагани маъқул, кроватларни қандил остига, тушиб кетиши мумкин бўлган ойнага қадаб, ойнали деразага яқин қўйиш мумкин эмас. Ётоқхона ва ухлаш учун мустаҳкамлиги энг юқори бўлган хоналарни танлаш мақсадга мувофиқдир: деворлари пишган ғиштдан цементли қоришма ёрдамида тикланган хона, ёғоч-синч деворли хона, ички томонидан ёғоч синч тортилган хона, ўлчами кичикроқ хоналар шулар жумласидан.

Бу кўрсатмалар зилзила вақтида бизнинг тўғри ҳаракатланишимиз учун, ўзимиз, яқинларимиз ҳаётини сақлаб қолишда бирламчи ёрдам кўрсатувчи бир тавсиялардир. Юқорида таъкидлаганимиздек, кўпгина рўй берган зилзилаларда, зилзиладан эмас, тушган буюмлар жароҳати туфайли нобуд бўлганлар сони кўп бўлар экан.

 

Майна ҲАСАНОВА,

журналист




Ўхшаш мақолалар

Аҳоли уйларига қуёш  панеллари ва иссиқлик  насослари ўрнатиш учун субсидия  ажратилади

Аҳоли уйларига қуёш панеллари ва иссиқлик насослари ўрнатиш учун субсидия ажратилади

🕔16:31, 30.10.2025 ✔9

Янги низомга кўра, аҳоли уйларига қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи, иссиқлик насосларининг 40 фоизи давлат томонидан қопланади. Энергия аудитининг ўзи эса тўлиқ бепул бўлади.

Батафсил
Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔41

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔55

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар