Ғузорнинг «Чугуртма», «Истиқлол», «Янгикент» ва «Файзобод» каби маҳаллалари туманнинг бироз чекка ҳудудлари саналади. Шу сабаб аҳолини қийнаётган муаммолар бошқа жойларга қараганда бу ерда кўпроқ.
Муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олиш мақсадида масъуллар, депутатлар ҳудудга тез-тез келиб, аҳоли мурожаатларини тинглашади.
Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Экологик партияси туман кенгаши раиси, 21-Чугуртма сайлов округидан сайланган Тўлқин Алманов ҳам ушбу ҳудудда яшовчи сайловчилари ҳолидан хабар олишни канда қилмайди.
Галдаги ўрганиш ишлари маҳаллий тадбиркорлар, ҳудуддаги кўча оқсоқоллари, депутат ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтди. Шу куни ўрганиш давомида аниқланган мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама этилди. Фуқаролар томонидан айтилган муаммоли масалаларга ечим топишда маҳалла фаоллари ҳамда депутат Т.Алмановнинг ёрдами катта бўлмоқда.
Хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар давомида масъулларнинг эътибори айни ёмғирли кунларда кўлмак тўпланиб, аҳолининг қатновини қийинлаштираётган «Нурафшон» қишлоғининг ички кўчалари бўлди.
– Қорли, ёмғирли кунларда бу кўчалардан юриб бўлмайди, – дейди Нормат бобо Ҳожиев. – Одамлар бозор-ўчарга, набираларимиз мактабга боришга жуда қийналишади. Лой кўчалардан юришга оёқ кийимлар ҳам дош бермаяпти. Айниқса, кўп болали, эҳтиёжманд оилалар болаларига қиш мавсумида иккита оёқ кийим сотиб олишга қурби етмайди.
Масъулларнинг ўрганиш ва фикр алмашишларидан сўнг ушбу ҳолат туман ҳокимлиги ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан бартараф этиладиган, қишлоқ оралаб ўтган жами 12 километр масофадаги ички йўлларга тез кунда тош-шағал тўкиладиган бўлди.
Шунингдек, хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар давомида Ботир Назаровга тегишли яшаш уйи таъмирталаблиги эътиборни тортди. Б.Назаров бир неча йиллардан буён ёмғир ёғди дегунча томидан чакка ўтишини айтиб мурожаат қилди. Оилабоши ишсиз, она эса «Аёллар дафтари»да рўйхатда туради. Уч нафар фарзанд эса ейиш-ичиши, кийим-кечаги учун пул керак. Давлат томонидан берилаётган ёрдам пули рўзғор тебратишга аранг етаётганини айтди. Ушбу оилани қийнаётган бу муаммо ҳам ҳомийлар кўмагида ҳал этиладиган, уй томи шиферлаб берилиши айтилди.
– Тикувчиликдан хабарим бор, бироқ рўзғордан орттириб, ундан фойдалана олмаяпман, – дейди «Истиқлол» маҳалласи Бешкапа қишлоғида яшовчи Гулнора Ботирова. – Бунинг устига, турмуш ўртоғим ҳам ҳозирча бекор. Ейман-ичаман деб турган 5 нафар фарзандимиз бор. Бизга озиқ-овқат эмас, кейинчалик ҳам рўзғоримизга асқотадиган восита керак. Битта тикув машинаси бўлса, рўзғорнинг кам-кўстига яраб турарди…
Бу аёлнинг муаммоси ҳомийлар кўмагида ҳал этилди. Замонавий тикув машинасига эга бўлган Гулноранинг қувончи чексиз.
«Файзобод» маҳалласида яшовчи оёқ-қўли ишламайдиган 12 ёшли Асал Элмуродова ногиронлик аравачасига муҳтож. Депутат Тўлқин Алманов бу масалани туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари ёрдамида ҳал қилди.
Биргина ўрганиш давомида ҳудуддаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.
Халқ вакили 20 дан ортиқ фуқароларнинг ўйлантираётган масалалари хусусида фикрлашди, ишсизлар бандлигини таъминлаш, тиббий ёрдам бериш, моддий ёрдам тайинлаш, йўл, электр энергияси билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатларига ечим излаб, тегишли масъулларга белгиланган муддатларда бартараф этиш юзасидан таклифлар берилиб, депутатлик сўровлари чиқарилди.
Сожида АЛЛАЁРОВА,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгашининг бош мутахассиси
Аҳоли тиббий хизмат сифатидан розими?
🕔16:31, 04.09.2026
✔73
Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш, ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш устувор вазифалардан бири.
Батафсил
Депутат Қибрайда сайловчиларни эшитди
🕔16:31, 04.09.2026
✔77
Давлат ва жамият бошқарувида халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг мурожаат ва таклифларини бевосита жойида ўрганиб, уларга манзилли ечим топиш бугунги кун депутатлик фаолиятининг марказий бўғини ҳисобланади.
Батафсил
«Турон» обод бўлмоқда
🕔14:34, 14.08.2026
✔162
Экологик партия Жиззах вилоят кенгаши раиси Акрам Раҳмонқулов Жиззах шаҳридаги «Турон» маҳалласида бўлиб, «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, хонадонлар ва томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолати билан яқиндан танишди.
Батафсил