Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Йўқотилаётган авлод ёки гаджетларга қарам болалар: Бизни нима кутяпти?

Шу кеча-кундузда бир кунгина телефонсиз яшай оласизми? Ҳеч қурса икки соатгина телефонни буткул ўчириб, интернетсиз юришни-чи, эплай оласизми?

 Йўқотилаётган авлод ёки  гаджетларга қарам болалар: Бизни  нима кутяпти?

Ёхуд эрта тонг кўзингиздан уйқу қочмасидан ёстиғингиз остида турган «ҳаётингиз мазмуни»ни пайпасламасдан нонуштагача чидай оласизми?.. Жавоб беришга иккилансангиз табриклаймиз, сиз дунё бўйлаб тезлик билан кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз ёки аллақачон беморсиз. Бу касаллик номофобия деб аталади ва энг хавотирлиси – у болалар орасида ҳам  шиддат билан ёйилиб бормоқда.

Вирусдан ҳам тез юқувчи

Ушбу асрда биз янги касалликлар, вируслар билан ҳам тўқнаш келдик. Айниқса – номофобия (мобиль фобия) – телефонсиз қолиб кетиш қўрқуви инсоният учун катта хавфдир.

Кўзини очар-очмас «тейфон бейинг» дейдиган ўғлимга қараб, юрагимни ваҳм босади. Қорни очиб нон сўраса, ош сўраса ҳам майли эди дейман, ҳали кўзини очиб улгурмай, уйқу аралаш телефон сўрагани нимаси? Бунга бирор чора бормикан дея яна телефонга, интернетга кираман (аслида ўзим ҳам мобил фобияга йўлиққаним аниқ) ва юқоридаги маълумотлар менинг хавотиримни янада кучайтиради. Чунки уйқудан кўз очиш билан телефон қидириш, телефон бўлмаганда ўзини ўта ноқулай ҳис қилиш ҳар биримизда, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аксарият замондошларимиз орасида кенг тарқалган ҳолат десак хато бўлмайди.

Бизга ёрдам бериши керак бўлган кўпчилик технологиялар аслида бизнинг тўлақонли яшашимизга халал беради. Бу борада энг кўп зарар айнан смартфонлардан келади, чунки улардан кун давомида (баъзиларимиз тун бўйи ҳам) деярли ажралмаймиз. Олимларнинг аниқлашларича, смартфонлар пайдо бўлмасидан аввал, оддий телефонларга кишилар кунига ўртача 18 дақиқа вақт сарфлашган экан. Ҳозир эса...

«Олимлар қизиқ бир сўровнома ўтказиб кўришди, – дейди Нью-Йорк университети маркетинг профессори, руҳиятшунос олим Адам Алтер. – Унда иштирокчилар шунақа саволга жавоб беришган: «Иккита вариантдан бирини танланг: масалан, йиқилиб тушганингизда смартфонингиз сингани қўрқинчлироқми ёки бирор суягингиз?» Қатнашчиларнинг 46 фоизи смартфонидан кўра ўз суяги синишини маъқул кўришган! Тасаввур қиляпсизми, телефони синганидан кўра, суяк сингандаги оғриққа ҳам рози бўлишган. Қолган 54 фоизи ўз соғлиғини ёқлаб овоз берган бўлсада, уларнинг бу қарорга келиши ҳам осон бўлмаган».

Биз бугун  стресслар даврида яшамоқдамиз, митти темир қути  эса бунда бизни гўё тинчлантирувчи восита бўлиб хизмат қилади. Айрим тадқиқотчилар смартфонни ҳатто катталар учун сўрғичга ҳам ўхшатишади – чақалоққа сўрғич бериб тинчлантириб қўйгандек, катталар ҳам жаҳлимиз чиққанида, хафа бўлганимизда ёки зерикканимизда смартфон билан ўзимизни овутамиз. Аммо бу тўғри ечим эмас, ахир, вақт ўтиши билан бу фақат муаммони чуқурлаштиради холос.

Бу дардга даво борми?

Бугунги кунда тиббиёт шиддат билан ривож­ланиб бормоқда. Аммо телефонга қарамлик ва ундан айрилиб қолишдан қўрқув билан боғлиқ номофобия аср вабоси дея тилган олинмоқда.

Мутахассислар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамликка тенг деб ҳисоблашмоқда. Шунинг учун дунёнинг кўплаб давлатларида бу касалликни аниқлаш ва даволаш устида аллақачон ишлар бошланган.

Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобиль телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилади. Гаджетлар шу даражада оммалашдики, кичик ёшдаги болалар ҳам ота-онасининг телефонидан суткалаб фойдаланишяпти.

Ўзимиз ҳам жим ўтирсин учун ёки дугонамиз билан суҳбатда гапни-гапга қўшсин деб миттивойнинг қўлига телефон тутқазамиз. Тўғрида соатлаб болани ўз домига тортиб олиш фақатгина телефон деган «энага»нинг қўлидан келади. Ҳаттоки баъзида биз оналар ҳам фарзандимизни шунчалар ўзимизга жалб қила олмаймиз.

Саудия Арабистони ва Иорданияда ўтказилган тадқиқот натижасига кўра, бу икки давлат аҳолисининг 51 фоизидан ортиқроғида телефонга қарамлик ташхиси қўйилди. 5191 киши иштирок этган сўровноманинг 26 фоизида иштирокчилар телефонсиз қолиш қўрқуви билан яшаётганини ва бундан даволаниш истагини айтишган.

Буюк Британияда эса аҳолининг 53 фоизи номофобиядан азият чекишади. Бразилияда бу тадқиқот ўтказилганда иштирокчиларнинг 68 фоизида гаджетларга қарамлик аниқланган. Натижалар аёлларга нисбатан эркакларда мобиль телефонларга боғланиб қолиш ва номофобия хавфи юқорироқ эканлигини исботлаган.

Дунё мамлакатларини хавотирга солаётган бу ҳолат ҳақида Ўзбекистонда ҳали бирор тадқиқот ўтказилмагани жудаям ачинарли. Статистик маълумотларга қараганда 2022 йилнинг январ ҳолатида республикамиздаги ҳар 100 та уй хўжалигига 308 та мобиль телефон тўғри келиши аниқланган. Демак бизнинг ҳам бамайлихотир юришга ҳаққимиз йўқ. Ушбу касаллик аллақачон анчагина аҳолимизни ўз домига тортиб олгани аниқ.

Дарҳақиқат, гаджетлар бугун фарзандларимизнинг ҳам севимли «овунчоғи»га айланиб улгурди. Тинимсиз хархашалар, инжиқликлардан халос бўлишнинг энг осон йўли бу – телефон. Ҳаттоки овқат ейиш, сув ичишни ҳам унутиб, бола телефонга маҳлиё бўлиши мумкин. Оналар ўз телефонларини болага тутқазиб, бемалол ўз ишлари билан машғул бўлишади. Лекин бу гўдаклар учун қанчалик фойда ёки зарарли эканлиги ҳақида ўйловлар ва фактлар хавотир уйғотади.

Мутахассислар болаларнинг ютуб орқали мультфильмлар томоша қилиши уларнинг ақлий ривожланишига тўсқинлик қилишини таъкидлашмоқда. Бунинг натижасида болада вазн ошиши, уйқусизлик, ўзини ёмон ҳис қилиш бошланади. Бошқа қарамликлар каби номофобиядан қутулиш ҳам узоқ муддатли даволанишларни талаб қилади.

Қарамлик фикрлашдан мосуво қилади

Хитойлик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотда смартфонларга қарам одамлар миясида когнитив функциялар, ижодкорлик, ақлий мослашувчанлик ва маълумотни идрок этишда равонлик учун масъул бўлган фаол қисмлар камроқ эканини аниқлади.

Тадқиқотда ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган қирқ саккиз нафар талаба иштирок этди. Гиёҳвандлик махсус смартфонга қарамлик шкаласи ёрдамида ўлчанди. Муаммо кўнгиллиларнинг 50 фоизида аниқланган.

Кейин тадқиқотнинг барча иштирокчилари бир неча даражадаги мураккабликдаги «Муқобил фойдаланиш» тестидан ўтдилар. Ушбу оддий тест ижодкорлик даражасини ўлчайди. Иштирокчилардан қоғоз, ғишт ва стаканни ўз ичига олган умумий нарсалар учун иложи борича кўпроқ ижодий фойдаланишни таклиф қилишди. Синов жараёнида тадқиқотчилар ўқувчиларнинг мия фаолиятини ўлчашди.

Натижалар шуни кўрсатдики, смартфонга қарам бўлган иштирокчилар равонлик, мослашувчанлик ва фикрнинг ўзига хослиги бўйича пастроқ балл олган. Қурилмалар вазифа давомида камроқ мия фаоллигини қайд этди.

 Бироқ тадқиқотчилар тадқиқот иштирокчилари айнан нимага: ижтимоий тармоқлар, мобиль ўйинлар ёки бошқа нарсаларга қарам бўлганини ҳисобга олмаган.

Хулоса ўрнида

Атрофингиздаги вазиятни ўзгартиришга уриниб кўринг: сизни васвасага солаётган шу матоҳни ўзингиздан узоқроқ тутинг. Телефонни сал нарироққа қўйингки, унга узаниб, қўлингизга олишингиз осон бўлмасин. Яхшиси, уни хонанинг нариги бурчагида қолдиринг, барибир жирингласа овозини эшитасиз-ку. Смартфонни ёнингизда қўйиб туриб, унга тегинмасдан иродангизни синашингиздан кўра барибир мана шу усул самаралироқ.

Агар бирор сабаб билан телефонни ёнингизда қўйишга тўғри келиб қолса, ундаги кераксиз билдиришномаларни узиб қўйинг. Кўп вақтингизни олиб қўядиган иловаларни эса битта папкага жойлаб, ичкарироққа «яширинг».

Бир дақиқага деб телефонни қўлга оласиз-у, бирпасда бир соат ўтиб кетганини пайқамай ҳам қоласиз… Сиздаям шунақа бўлган-ку, тўғрими? Ижтимоий тармоқлардаги билдиришномаларни қараб чиққунимизча янги хатлар келади. Уларни кўриб чиққунингизча бирор танишингиз мессенжерда хабар юборади. Сўнг, чиқиш олдидан, дея яна ижтимоий тармоқларга қараб қўясиз… Шу тариқа, ёпиқ айланага тушиб қоласиз, олимлар буни «ўйин сиртмоғи ҳолати» деб аташади. Одатда бу ҳолат ўйин автоматларида ўйнаётганимизда юзага келади, аммо компьютер ва смартфонга ўралашиб қолиш ҳам ундан кўп фарқ қилмайди.

Диванга ўтираётганингизда, телефон сиздан узоқроқ турсин, ёнингизда эса бирор фойдали китоб бўлсин. Смартфонни кавлаштиргингиз келганида китобни олиб, мутолаага киришинг. Бу айниқса болалар учун ҳам фойдали бўлади. Истайсизми, йўқми бола айтганингиздан кўра, кўрганини кўпроқ эслаб қолади ва бажаради. Демак у бизни кўпроқ телефон билан эмас, қўлда китоб билан кўргани фойдалироқ.

Хуллас, фарзандингизни номофобиядан қутқармоқчи бўлсангиз, аввало ўзингизни тарбия қилинг. Бирор нимага қарам бўлиб қолиш бу сизнинг ҳаёт тарзингизда ниманидир ўзгартириш вақти келганини англатади. Ҳаёт тарзингизни, муносабатларингизни қайта кўриб чиқинг. Балки айнан шу виртуал оламда яшаётганингиз сабаб оилангиздан узоқлашиб бораётгандирсиз. Болалар эса истаймизми йўқми барибир биз катталарга ўхшашга ҳаракат қилишади. Шунинг учун ҳам уларни аср касаллиги – номофобиядан асраш учун олдин ўзимизни, қалбларимизни даволаб олишимиз лозим.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔132

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔173

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар