«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилМиллат келажагининг назари ҳар доим юксакларда бўлиши зарур. Пастда бўлса, ўргимчак тўрига илашиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас...
Она каби мўътабар
Инсон қўли билан яратилган нарсалар ҳар қанча жозибали кўринса ҳам одам боласини ўзига тўкис жалб қила олмайди. Агар шундай бўлмаса, инсон табиатида бир ноқислик юзага келади. Инсон ўз табиатига уйғун тарзда яратилган нарсалардан кўпроқ озиқ, ҳузур ва завқ олади. Инсон табиати атроф оламга, она табиатдаги табиий нарсаларга кўпроқ эҳтиёж сезади. Болани табиат билан ошно тарзда тарбиялаш, борлиқ ва ундаги тирик мавжудотга ҳурмат ва меҳр-шафқат руҳида камол топдириш глобал экологик фалокатларни бошдан кечираётган бугунги дунё учун жуда муҳим аҳамият касб этяпти. Яшаш учун зарурат ҳисобланган табиий ресурсларнинг тобора камайиб бораётгани, қайта тикланмайдиган захиралар аёвсиз йўқолаётгани, ўсимлик ва ҳайвонот олами бир қанча ноёб турларини бой бераётгани, ҳатто атмосфера ҳавоси ёки океан сувлари ҳам ифлосланишга юз тутаётгани бугунга келиб кўз юмиб бўлмайдиган фожиали ҳақиқатга айланди. Фожианинг асосий сабабчиси инсон омилининг табиатга бўлган нотўғри муносабати экани жаҳон оммасини жиддий ташвишга солиб турибди.
Муаммонинг қай даражада жиддий эканини бугун кўпчилик англаб етяпти. Аммо унга қарши қандай амалий чоралар кўриш мумкин, деган савол бу йўлдаги ишларда ҳал қилувчи мавқега эга. Дарахтларни ноқонуний тарзда кесиш, чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаш, сувни исроф қилиш, ноёб жониворларни овлаш, ҳавога белгиланганидан ортиқ зарарли чиқиндиларни улоқтириш каби масалалар кундалик ҳаётимизда деярли ҳар куни тилга олинадиган сийқа гапларга айланиб қолди чоғи, бундай гапларга айримлар «мутлақо фойдасиз, шунчаки кундалик навбатчи гаплар» каби қарайдиган бўлди. Бу ҳам бир фожиамиз аслида.
Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, дейилганидек, қуруқ гап ҳам бировга ёқмаслиги табиий. Эндиликда қуруқ гаплардан амалий ечим, таклиф ва мулоҳазаларга ўтиш, амалий ишга жиддий киришиш мавриди аллақочон келиб бўлган. Фақат биз уни жиддий илғамаётганга ўхшаймиз.
Биз келажакка ҳамиша умид билан қарайдиган, эртанги кундан катта эзгуликлар кутиб яшайдиган халқмиз. Бугун эришолмаган натижаларни, албатта, эртанги кундан кутамиз. Ўзимиз уддалай олмаганларимизни биздан кейингилар амалга оширишига катта умид боғлаймиз. Эҳтимол, шунинг учундир ҳар доим назаримиз олдинда – келажакда бўлади.
Миллатнинг келажаги эса, ўсиб келаётган фарзандларимиз, ёш авлод эканини тез-тез тилга оламиз. Лекин эртага ўзимиз орзу қилаётган ишларни амалга оширишга бугун фарзандларни тайёрлаб боряпмизми, деган саволни баъзан сал эътиборсизроқ қолдираётганга ўхшаймиз. Масалан, олайлик, экологик вазият ростдан ҳам шу даражада жиддий масала бўлиб турган экан, нега фарзандларимизни болалигиданоқ табиатга, атроф муҳитга, ундаги захиралар ва жонзотларни асраб-авайлашга қатъий одатлантириб бормаймиз? Ахир, бола қалбида шундай туйғу шаклланса, одатга айланса, эртанги куннинг эгаси бўлган инсон омили тўғри изга тушиб олган, инсон ва табиат муносабатлари ҳавас қиларли даражада йўлга қўйилган бўлиши ҳеч кимга сир эмас-ку!
Ўргимчак қурган дор
Бу йилги қиш мавсумида ҳароратнинг анча паст бўлгани кузатилди. Бундай шароитда, табиийки, болалар ва ўсмирларнинг саломатлигини ўйлаб, ота-оналар уларни асосан уйдан ташқарига чиқармасликка ҳаракат қилишди. Уйда қолган бола нима билан машғул бўлади? Бироз дарсини қилгач, телевизор кўради, компьютер ёки телефонда виртуал ўйинлар билан банд бўлади. Ачинарлиси, унинг бу машғулоти ҳар куни соатлаб давом этади. Бу ҳолатнинг ҳар куни узоқ давом этиши бора-бора болада виртуал қарамликни пайдо қилиши ҳам мумкин.
Виртуал қарамлик ортидан кузатиладиган боладаги қўриш қобилиятининг сусайиши, кам ҳаракатлилик оқибатида иштаҳа пасайиши, турли тажовузкор ўйинлар таъсирида бола табиати ва руҳиятида салбий ўзгаришлар пайдо бўлиши каби таббий ва психологик хатарлар бу масаланинг бир жиҳати холос. Иккинчи томондан, жангари, тажовузкор ва найрангбозликка қурилган ўйинлар болани нафақат виртуал қарамликка мубтало этади, балки ўзига ва ўзгаларга зиён етказувчи ҳуқуқбузарлик йўлига ҳам олиб кириши мумкин.
Жорий йил 5 март куни Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ ўсмирларнинг ҳолати барчамизни фарзандларимиз қалби ва онги муҳофазаси борасида янада ҳушёрроқ бўлишга ундади. Дунёнинг узоқ бир бурчагида пайдо бўлиб, «Риёдан» деб аталган тажовузкор ҳаракатнинг долғалари бизда ҳам сезилгани жуда нохуш ҳолат. Ўсмир ёшлар бу каби ҳолатлар гирдобига тушиб қолмаслиги учун мутахассислар уларнинг вақтларини тўғри тасарруф қилиш лозимлигини уқдиришмоқда.
Оламни маҳлиё айлаган
Эсингизда бўлса, япон тадқиқотчилари узоқ йил юртимизда бўлиб, биздаги халқ ўйинлари, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган ҳаракатли ўйинлар билан танишиб, бир қанчасини ёзиб олиб кетишган эди. Улар болаларнинг электрон воситалардаги виртуал ўйинларга муккасидан кетиши яхшиликка олиб келмаслигини анча олдинроқ илғаб етишган чоғи, ўсмир-ёшлар баркамоллиги учун айнан ҳаракатли ўйинлар зарур, деб қарашган. Ўзларининг миллий ўйинлари билан бирга, бошқа миллатларнинг болалар учун фойдали бўлган ҳаракатли ўйинларини ҳам ўрганиб ўзлаштиришга ҳаракат қилишган. Бизнинг миллийлигимиз бағридан ўрин олган кўп асрлик турмуш тутумларимиз билан чамбарчас боғлиқ ўйинларимизга маҳлиё бўлганлар дунё халқлари орасида кам эмас. Миллий ҳаракатли ўйинлар нафақат боланинг вақтини мазмунли ўтказишни кўзлайди, уларда биз ҳали идрок этиб-этмаган қанчадан-қанча манфаатлар яшириниб ётибди. Миллий ўйинларимизда, аввало, боланинг жисмоний жиҳатдан кучли-бақувват бўлиши назарда тутилган. Айниқса, ўғил болаларга мўлжалланган ўйинларда бу жиҳат етакчилик қилади. Эр киши эрта-бир кун зарур бўлганида ўзи, оила қўрғони ва она юртининг ҳимоясини энг шарафли бурчи эканини англаб улғайиши албатта шарт ҳисобланади. Бола жисмоний машқларга бой ҳаракатли ўйинлар воситасида худди ташқаридан қараганда ўйин ўйнаётгандай кўринсада, ўзида ҳимоячилик, мардлик, жасурлик ва шижоат сингари ўнлаб фазилатлар мунтазам шаклланиб бораётганини балки пайқаб етмас. Аммо донишманд халқнинг асрлар синовидан ўтган ўйинлари замирида шу каби фазилатлар болага сингдириб борилаверади. Ҳатто бугун баъзиларга бироз эриш туюладиган чиллак, ланка, эшакминди каби ўйинлар ҳам боланинг жисмоний тобланишига муайян маънода ҳисса қўшади.
Яна бир туркум ўйинларимиз жисмоний ҳаракатлар билан бирга боладан ақлий мушоҳадани ҳам талаб қилади. Ўйин баробарида бола дунёқараши ва тафаккури кенгая боради. Топишмоқ, тез айтиш, лоф, рамазон айтиш, мавсумий қўшиқлар, латифаю эртакларда бола зеҳни мукаммаллашади. Бундай сара маънавий бойликка чинакам ворислик назари билан қаралса, «чет элнинг хўрозқанди»га маҳлиё бўлишга ҳечам ҳожат қолмайди, аслида.
Яқинда хусусий мактаблардан бири ўқувчиларни варрак сайлига олиб чиққанини эълон қилибди. Мактаб раҳбариятининг таъкидлашича, болаларга олдин ўз қўл меҳнати билан варрак ясашни ўрганиб, кейин табиат қўйнида, хушҳаво қир-адирларда варрак учиришнинг гашти бўлакча бўларкан. Варрак сайли фақатгина варрак ясаш ва учириш эмас, болани табиат билан ошно қилиш, табиат бағрида атроф муҳитнинг бир қисми эканини тушунтириш, табиатга ҳамиша меҳр-оқибат назари билан муомалада бўлиш, бошқа жонзотларни худди ўзидек азиз кўриш йўлидаги амалий дарс ҳам бўлиши табиий. Жонли табиатдаги турли ўсимлик ва жонворларни яқиндан кўриб, хусусиятлари билан танишиб, улардан завқ олиб яшашни ўргатишга биринчи қадамни, эҳтимол, болалар шу мавридда қўйиб олар. Табиат қўйнига чиққанда ва умуман табиий ресурслардан фойдаланганда қандай муносабатда бўлиш кераклигини амалий жиҳатдан тушунтириш учун бу ҳам яхши фурсат бўла олади.
Масалан, бугун яшил ҳудудларни кенгайтириш, турли кўчатлар экиш, парваришлаш ишларига катта эътибор қаратиляпти. Лекин шу ишларнинг моҳияти болаларга ўз тилида тушунтириб, етказиб берилса, уларда мазкур жараёнда қатнашишга иштиёқ пайдо қилдинса, бу – келажагимиз гуркираб-яшнашига эришиш дегани бўлади. Бола бир нарсани тушуниб, қабул қилса, уни мунтазам сидқидилдан бажариш ҳаракатида бўлади. Унинг табиати соф ва тоза, ҳар хил ғаразлардан холилигидан унумли фойдаланиб, мурғаклигидан эзгуликларга ўргатиш, йўналтириш зарурати юзага чиқади. Энг муҳими, табиатни севиш, унга меҳр қўйиш, парваришлаш, асраб-авайлаш каби ишларнинг ҳаммасини болага шунчаки ўйинлар воситасида сингдириш мумкин. Шундай қилинса, тиббиётчилар огоҳлантираётган бир қанча хасталикларнинг олдинги олишга, болани турли руҳий зўриқишлардан самарали ҳимоялашга, эртанги кунимиз учун муносиб ворислар қолдиришга ҳам эришган бўламиз.
Энди... фидолар керак
Келажагимиз ёшлар қўлида, деган гап тез-тез такрорланади. Агар шундай бўлса, келажак пойдеворини қуриш албатта бугундан бошланмоғи зарур. Барча соҳаларда бўлгани каби табиат муҳофазаси борасида ҳам ёш авлод, болалар ва ўсмирлар орасида шунчаки одатий тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришдан ташқари узлуксиз таълим-тарбия тизимида мунтазам фаолиятни йўлга қўйиш, унинг ҳаётга жорий қилиш мумкин бўлган энг мақбул механизмини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилиш бугунги кундаги кечиктириб бўлмайдиган долзарб ва муҳим вазифаларимиздан биридир.
Ўтмиши буюк бўлган халқнинг келажаги ҳам худди шундай бўлиши афсона эмас. Фақат бу аниқ, манфаатли ва қамровдор чора-тадбирлар ва амалий ҳаракатларни тақозо этади. Бунинг учун бизда имкон ва шароит етарли. Фақат қаҳрамон шоиримиз айтганидек: «Унинг сену мендек шоирлари кўп, Буюк элга энди фидолар керак...»
Абдукарим АВАЗБЕКОВ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил