Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«Қизил китоб»ни ҳамма билиши, ҳамма ўрганиши зарур

Яқинда хорижда яшаётган бир дўстим менга видеолавҳа жўнатибди. Унда хиёбонлардан бирида дўстимнинг бир гала кабутарларга дон сочиб ўтиргани тасвирланган экан.

«Қизил китоб»ни ҳамма билиши,  ҳамма ўрганиши  зарур

Қизиғи шундаки, бу кабутарлар унинг елкаларига, қўлларига қўниб, ўйноқлаб дон чўқилаяпти. Одамлардан умуман ҳайиқаётгани йўқ бу қушлар.

Шунда ўзимизнинг юртимиздаги қушлар бирров хаёлимга келди. Бизда қушлар елкангга, қўлингга қўниши тугул, одамзоднинг қораси кўринган заҳоти «пирр» этиб учиб қочишади. Бунинг сабабини узоқ йиллардан бери ахтараман. Менимча, қанотли жонзотлар қаерда кимдан қандай меҳр ёки жабр кўришини яхши сезишади.

Хизмат сафари билан юртимизнинг кўпгина вилоятларида бўлдим. Бирорта жойда каптарларнинг одамлар қўлидан дон чўқиётганига гувоҳ бўлмаганимни ачиниш билан таъкидлашга мажбурман. Бунинг сабабини суриштирганимда ёши улуғ отахонлар баъзи нафсхўрлар ҳатто каптар ва мусичаларни ҳам тутиб ейиши ҳақида гапириб қолди.

– Бу тур қушлар юввош кўрингани билан жуда сезгир ва зийрак  саналади, – дейди қизириқлик кекса ўқитувчи Жўра Йўлдошев. – Қаерда азият чекса, ўша жойнинг одамларидан эҳтиёт бўлиб юришади. Аслида қуш жониворнинг бир туюр гўшти билан одамзоднинг қорни тўймайди. Бироқ, нафс қурсин, баъзилар шугина жониворларни есам, диркиллаб кетаман, деб ўйласа керакда.

...Отахоннинг гапларида жон бор. Баъзи одамларнинг нафси ҳакалак отиб, жонли-жониворларга жуда кўп озор беришмоқда, қирон келтиришмоқда. Яқинда Қашқадарёда айиқнинг ўлдирилишига ҳам ана шундай кишиларнинг нафс ўпқони сабаб бўлган аслида.

Кимдир шафқатсизларча муносабатда бўлиб, қўшниси эшагининг қулоғини кесиб ташлайди. Яна қаердадир ноёб қоплон ўлдирилади. Итлар қийноққа солиниб, хўрланади, азобланади. Бундай табиатга нисбатан шафқатсизликнинг туб негизи қаерда бўлиши мумкинлиги ҳақида узоқ бош қотиришга тўғри келади. Охир-оқибат фикрат дунёсидан болаликдан эътиборан берилаётган билим назариясининг атроф муҳит ва она табиатдан узоқлашиб кетгани бўлса керак, деган жавоб қалқиб чиқаверади.

Ҳақиқатан ҳам мактабларда табиатшунослик, биология ва жўғрофия дарсларидаги сабоқлар самара берганида эди, ўғил-қизларимиз қалбида атроф муҳитга меҳр-оқибат теран равишда шаклланган бўларди.

Ўқитувчининг фақат дарслик маълумотларидан ташқарига чиқмасдан сабоқ бериши билан яхши натижаларга эришиб бўлмаслиги кундек аён.

Шу боисдан ҳам ўқувчилар ва талабаларга Ўзбекистон қизил китоби ҳақида батафсил билим берилиши шарт ва зарурдир.

Одатда табиат ҳақида гурунг кетганда, албатта «Қизил китоб» ҳам бир  бор эсга олинади. Бу сўз кўпчиликка болалигидан таниш, чунки умумий ўрта таълим мактабининг қуйи синфидаёқ у ҳақда маълумот бериб ўтилади. Қолаверса, ижтимоий тармоқ, радио ва телевидениеда ҳам «Қизил китоб»га киритилган...» деган жумла кунда-кунора такрорланиб турилади. Бироқ айрим элдошларимиздан «Қизил китоб» ҳақида батафсилроқ сўрай бошласангиз, афсуски, елка қисиб қўя қолишади. Негаки, ушбу қимматли китобни ҳамма ҳам ўқиб, танишиш имкониятига эга бўлмагани рост. Болалар боғчалари ва мактаблар, ҳатто касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юрти муассасаларида бирор бир ҳайвон ёки парранадаларнинг ноёб тури «Қизил китоб»га олингани ҳақида муҳим маълумотлар ўқитувчи томонидан фақат ва фақат оғзаки бериб ўтилади, холос.

– Болалигимизда мактабда табиатшунослик фани ўқитувчиси «Қизил китоб» ҳақида кўп гапириб берарди. Бу китоб қанақа бўларкан, деб ўйланиб юрардим. Аммо уни топиб ўқиш бахти ёшим эликка яқинлашиб қолганда насиб қилди, – дейди шовотлик нафақахўр Комилжон Вафоев. – Билсам, бу китобда йўқолиб бораётган қушлар, ҳайвонлар, ўсимлик ва дарахтлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган экан. Баъзан матбуотда «Фалончи «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонларни овлагани учун жаримага тортилди», деган хабарни ўқиб қоламан. Суриштириб кўрилса, ўша одам нима «Қизил китоб»га киритилгану нима киритилмаган, мутлақо маълумотга эга эмас бўлиб чиқади...

Элдошимизнинг фикрларида жон бор. Мактабларда «Қизил китоб» ҳақида қанчалик кўп гапирилгани билан ўқувчилар уни бирор марта қўлга олмасдан вояга етмоқда. Агар бу қимматли манбалар мажмуига айланган битик бошланғич синфлардаёқ ҳар бир ўқувчи қўлида бўлса, улар ундаги муҳим маълумот ва билимлар билан ўз вақтида танишиб борса, айни муддао бўлар эди.

Шунингдек, «Қизил китоб» ҳар бир оилада бўлиши шарт ва зарур. Юртдошларимиз болалигидаёқ уни ўқиб, танишиб борса, атроф муҳит,  ҳайвонот ҳамда қушлар дунёсига меҳрли инсон бўлиб камолга етишади, деб ўйлайман. «Қизил китоб» ҳар бир юртдошимиз ўқиб ўрганиши зарур бўлган жуда муҳим манба саналса ҳам нима учундир жуда кам нусхада нашр қилинади ва миллионлаб мактаб ўқувчилари эҳтиёжини тўлиқ таъминлай олмайди. Оқибатда, берилган билим фақат саёз ва юзакилигича қолиб кетаверади.

Одамларда табиатга нисбатан шафқатсизларча муносабатнинг шаклланиши ҳам аслида ана шу ноёб китоб билан танишмаганликнинг оқибатидир. Ўзбекис­тон Қизил китобининг доимий қўлланма даражасида ўргатилиши кенг йўлга қўйилиши керак. Бу иш мактабгача таълим ва мактаб таълими муассасаларидан бошланиб, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида ҳам давом эттирилса, биз она табиат тўғрисида чуқур билимга эга бўламиз. Бунинг натижасида эса атрофимиздаги оламга нисбатан туганмас меҳр-оқибат шаклланиши шубҳасиз.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар