«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилОхирги пайтларда дунё миқёсида «экологик тоза транспорт» жумласига алоҳида урғу берилмоқда. Саноатнинг мислсиз тараққиёти атроф муҳитни ифлослантиришдек инсоният учун хатарли муаммони келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас.
Зеро, саноат электр энергиясини кўп талаб қилади, электр энергияси эса ёнилғи хом ашёсидан олинади. Натижада ҳаво ис газига, атмосфера эса тутунга тўлиб бораверади.
Инсоният ушбу хавотирли жараённи имкон қадар камайтиришнинг турли йўлларини қидирмоқда, энергия олиш учун табиий хом ашёдан ташқари хавфсиз ва муқобил манбалар топишга ҳаракат қилмоқда. АЭС, ГЭС, водород ёнилғиси, қайта тикланадиган энергия воситалари шулар жумласидан.
Атроф муҳитни энг кўп ифлослантираётган қурилмалар, шубҳасиз, ички ёнув двегателида ишлайдиган транспорт воситаларидир. Ҳозир транспортнинг айни туридан босқичма-босқич воз кечиш, ҳаракатни имкон қадар экологияга зарар келтирмаган ҳолда амалга ошириш ўта долзарб масалага айланган. «Экологик тоза» транспортлар бир томондан атроф муҳитга зиён келтирмайди, иккинчи томондан инсон соғлиғи учун ҳам муҳим, қолаверса, мамлакат иқтисодиёти ва оилавий бюджетга ҳам фойда келтиради. Шу сабабли кўпгина давлатларда инсонларнинг шундай транспортдан фойдаланишини рағбатлантириш учун махсус тартиблар, алоҳида имтиёзлар жорий қилинмоқда.
Европада кўплаб амалдорлар, аллақачон, ўз шаҳрининг экологик ҳолатига алоҳида эътибор қарата бошлаган. Фуқаролар шахсий автомобилдан фойдаланишни тўхтатиш ва жамоат транспортида, скутер ёки велосипедда ҳаракатланишга, пиёда юришга даъват қилинмоқда. Шаҳар мэри ҳисобланса-да ўзлари намуна бўлиб ишга велосипедда боришмоқда.
Келажак велосипедларникими?
Италия ҳукумати шаҳарликларга велосипед ёки скутер сотиб олиш учун 500 евродан беряпти. Тавсияларнинг бирида қайд этилишича, шаҳарда ҳаракатланиш тизими шундай лойиҳалаштирилиши керакки, пиёда юриш, велосипед ва бошқа моторсиз транспортда ҳаракатланиш рағбатлантирилиши лозим. Бундай ёндашув ҳар йили юз миллиардлаб маблағ сарфланаётган тирбандликлар, светофорлар муаммосини ҳал қилишда ёрдам беради.
БМТ Бош котиби мэрлар қаршисида иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар муҳокамасига бағишлаб чиқиш қиларкан, ҳавога кўтарилаётган ис газининг 14 фоизи транспортлар ҳиссасига тўғри келишини эслатди. Шундан келиб чиқиб, бир қатор мамлакатлар ва шаҳарлар транспорт соҳасида экология тозалиги билан боғлиқ қарорларни ҳаётга жорий қилмоқда.
Бу борада Лондон мэри илгари сурган фикр эътиборга лойиқ. Мазкур таклиф 2041 йилгача ҳаракатнинг 80 фоизи пиёда, велосипед ёки жамоат транспортида амалга оширилишини назарда тутади. Шу билан бирга 70 фоиз лондонликлар шаҳар велосипед тармоғи тураргоҳидан атиги 400 метр масофада яшайди.
БМТ Европа иқтисодий комиссияси илгари сураётган тавсияларнинг яна бири шаҳар экологияси тозалигини оширишга қаратилган энг муҳим жиҳат – транспортни электрлаштиришдир. Бу жараёнда, шубҳасиз, дизель ёнилғисидан фойдаланадиган автобуслардан воз кечилади ва ҳавога ис гази тарқалиши кескин камаяди.
Тасаввур қилинг, Жамоат транспорти халқаро ассоциацияси маълумотига кўра, ҳар йили 60 миллиард йўловчи ҳаракатланади. БМТ яқинда амалга оширган тадқиқот шуни кўрсатдики, жамоат транспортига жалб қилинаётган инвестиция миқдорини икки баробар ошириш 2030 йилгача дунё бўйича 5 миллион янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунинг ярми ЕИКга аъзо мамлакатларда ташкил этилади.
Велосипедда юриш учун хавфли Тошкент
Талабалик давримизда ҳозирги кундагидек тирбандликларда қолиб кетмасдик. Ўша вақтлари бир соатда етиб борадиган манзилга ҳозир ярим кун вақтимиз кетяпти. Шунинг учунми ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам бугунгичалик асабий эмасди. Чунки шундай катта шаҳри азимда катта жамоатчилик оқимига биргина автобус отлиқ таранспортгина эмас, троллейбус, трамвай номли энг муҳими экологик жиҳатдан буткул зарарсиз бўлган уловлар ҳам хизмат қиларди. Ҳар ҳолда экологик мақомга эга бўлган дунёнинг кўплаб шаҳарлари ҳозиргача ушбу транспорт воситаларидан фойланиб келмоқда. Биз эса борини ҳам йўқ қилиб, энди яна уларни қайтармоқчимиз. Бунинг учун қанча ишчи кучи, қанча маблағ исроф бўлишини эса ўйлаб ҳам кўрмай, бузиб ташлашга устамиз.
Негадир ўз мамлакатининг экологик тақдирини ўйлаган давлатлардагидек велосипед ҳам бизда оммалашгани йўқ. Бунга биринчи сабаб бизнинг автомашинага обрў, ҳашамат белгиси сифатида кибрли қарашимиз бўлса, иккинчидан шаҳарларимиз велосипед ҳайдовчилари учун жуда ноқулай экани, велойўлакларнинг пала-партиш, «мендан кетгунча...» қабилида қурилгани, баъзи жойларда эса бу йўлаклар умуман йўқолиб қолганидир.
Электробус, трамвай, метро ва албатта велосипед – энг илғор жамиятлар қураётган шаҳарларнинг асосий транспортлари. Биз ҳам ҳеч бўлмаса пойтахтимиз Тошкент велосипедчилар шаҳрига айланишини, 20-30 йилдан кейин авлодлар яна ҳаммасини бошқатдан бошлашга мажбур бўлмаслигини истаймиз.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир дунё миқёсида фаол фойдаланилаётган велосипедлар сони 2 миллиарддан ошади. 2050 йилгача бу рақам 5 миллиарддан юқори бўлиши кутилмоқда. Мисол учун, Нидерландияда аҳолининг 99,1 фоизи, яъни 16 млн 500 минг нафари ушбу транспортдан фойдаланади. Данияда эса 80,1 фоиз, Германияда 75,8 фоиз, Швецияда 63,7 фоиз аҳоли автомашинадан кўра, велосипедни афзал кўради.
Қанча маблағ тежаш мумкин?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, кунига 30 дақиқа пиёда юриш ёки 20 дақиқа велосипед ҳайдаш ўлим хавфини камида 10 фоизга камайтиради. Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган YMCA номли бутунжаҳон ёшлар ташкилоти тадқиқотларига кўра, жисмоний фаол турмуш тарзига эга, айниқса, велоспорт билан шуғулланувчи одамлар бошқаларга қараганда 32 фоиз соғломроқ бўлади.
Велосипедчилар 46 фоиз ҳолатда юрак-қон томир касаллигига учрамайди. Велосипед ҳайдаш фаол жисмоний машғулот тури саналгани учун юрак фаолияти ва қон айланишини яхшилашга ёрдам беради. 2017 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, ишга велосипедда борадиган одамларда юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш эҳтимоли 46 фоизга, айнан шу касалликдан ўлиш хавфи эса 52 фоизга кам бўлади.
Тадқиқот натижаларидан кўринишича, велосипедчилар орасида 2-тоифа диабет ҳамда саратон билан боғлиқ касалликлар юзага келиши эҳтимоли 30 фоизга пастдир. Қолаверса, бу машғулот юқори қон босими касаллиги, яъни гипертонияни даволашда ҳам ёрдам беради. Шу касаллик билан оғриган инсонлар велосипед ҳайдаб, 3 ой давомида қон босимини 4,3 фоизга, 6 ойдан кейин эса 11,8 фоизга тушириб олишлари мумкин.
Бундан ташқари, ҳафтасига ҳар куни 25-35 дақиқа велосипед ҳайдаш ўпканинг жисмоний ҳолатини сезиларли даражада яхшилайди. Демакки велосипедни оммалаштириш нафақат мамлакат экологик ҳолатини яхшилашга, балки тиббиёт учун сарфланаётган миллионлаб маблағларни тежашга ҳам ёрдам беради.
Велосипед автомобилга қараганда анча арзон транспорт воситаси ҳисобланади. Бугунги кунда велосипед ёрдамида нафақат яқин масофаларга кундалик юмушларни бажариш учун, балки узоқ саёҳатларга ҳам бориш мумкин.
2011 йилда Висконсин университети томонидан ғарбдаги 11 та шаҳарда ўтказилган тадқиқотга кўра, агар одамлар тўрт ой давомида қисқа (40 км дан кам бўлган) масофаларга ҳам велосипедда боришса, йилига 1 100 та ўлим ҳолатининг олди олиниб, 7 млрд. 300 млн. доллардан ортиқ соғлиқни сақлаш харажатлари тежалади.
Айни вақтда нафақат велосаноат, балки велосипед билан боғлиқ касблар ҳам ривожланиб бормоқда. Буни биргина Европа мисолида ҳам олиш мумкин. Боиси, қитъада 1,5 миллион нафардан ортиқ одам айнан велосипедда ёки шу транспорт билан боғлиқ фаолият турларида, мисол учун, велокурьер, мобиль вело кир ювувчи, велосипедда мебел ташувчи бўлиб ишлайди. Бу орқали эса фуқаролар ўзини ўзи банд қилиб, даромад топиш ҳамда солиқ тўлаб, мамлакат бюджетига ҳам фойда келтириш имкониятига эга.
Охирги йилларда Тошкентда велойўлаклар пайдо бўла бошлагани яхши албатта. Лекин қурилаётган йўлакларнинг сифати одамларда катта шубҳа уйғотмоқда. Қолаверса, велосипедчиларнинг хавфсизлиги мутлақо таъминланмаган – шаҳар марказидаги айрим жойларни айтмаганда, қолган жойларда велосипедда юриш билан одам ўз ҳаётини катта хавф остига қўяди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда Тошкентда 165,1 км велосипед йўлаклари, 182,2 км пиёдалар йўлаклари барпо этилган. Ўтган йилнинг ўзида 63 км велосипед йўлаклари ва 120 км пиёдалар йўлаклари ишга туширилган.
Аммо шаҳардаги яп-янги велойўлаклардан одамлар фойдаланмаяпти, уларни лойиҳалаштириш ва қуришдаги қўпол хатолар эса бунга сабаб бўлмоқда. Велойўлаклар билан йўлларнинг кесишуви, чорраҳалардан ўтишда велосипедларнинг хавфсиз ҳаракатланиши умуман ҳисобга олинмаган. Тўғри келиб катта бетон тўсиққа, лотокка ёки бошқа бир хавфга «уланадиган» велойўлаклар жуда кўп. Умуман, Тошкентда бир манзилдан иккинчи манзилгача велисипедда етиб олиш амри маҳол.
Транспортларнинг иқлим ўзгаришига таъсири
Транспорт тизими кундалик ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ, бугунги кунда транспортсиз ҳаракатланишни тасаввуримизга ҳам сиғдира олмаймиз. Иқтисодиёт ва аҳоли сонининг ўсиши билан қулай ва иқлим учун хавфсиз транспорт тизимига эҳтиёж ортиб бормоқда.
Иссиқхона газлари ҳосил қиладиган глобал ташланмаларнинг 15 фоизи транспорт тизимига тўғри келмоқда ва бунинг ҳам асосий қисми – 72 фоизи йўлда ҳаракатланадиган автомобилларга тегишлидир. Ташланмалар кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиш суръатларини кўрсатаётганини ҳисобга олган ҳолда, Systems Change Lab томонидан ташланмаларни кескин камайтириши мумкин бўлган 5 асосий омил аниқланди ва уларни хавфсиз муқобилига ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
1) Хавфсиз ва замонавий ҳаракатланишни кафолатлаш.
Транспорт тизими – паст ташламали бўлиш билан бир қаторда, фойдаланувчилар учун хавфсиз, замонавий ва саломатликни яхшилашга қаратилган бўлиши керак. Масалан, замонавий жамоат транспорт тизими атрофидаги инфратузилмани махсус пиёдалар, велосипед ёки скутер учун йўлаклар билан кенгайтириш нафақат транспорт тирбандлиги билан курашади ва иқлимга ижобий таъсир қилади, балки жисмоний фаолликни ҳам рағбатлантиради. Жамоат транспортидан фойдаланишнинг ўзи ҳам қулай ва хавфсиз бўлиши лозим. Бекатлар ёритилган бўлиши, жамоат транспорти ҳар қандай хавфдан холи бўлиши лозим. Одатда, бу каби кичик жиҳатлар транспорт тизимини режалаштириш жараёнидан назардан четда қолади.
БМТ маълумотларига кўра йўл ҳодисалари туфайли ҳар 100 минг одамга 17 та ўлим тўғри келади ва деярли уларнинг ярми пиёдалар ва велосипедчилар.
2) Шахсий автомобиль ва самолётдан фойдаланишни камайтириш.
Шахсий автомобилларни электрлаштириш жараёнига параллел равишда, қисқа манзилларга ҳаракатланишда автомобиль ва самолёт каби экологик зарарли транспорт турларининг ўрнига хавфсиз муқобил транспорт воситаларидан (тезюрар поезд, ёки қулай жиҳозланган электробус) фойдаланишни таъминлаш.
Фойдаланувчиларнинг ўзига қулай транспортдан воз кечиши осон бўлмайди албатта. Ёнилғи солиғи ёки ҳашаматли машинаси билан мақтаниш қимматга тушадиган тартиблар жорий қилиш ҳам бу каби транспорт воситалардан камроқ фойдаланишга ундаши мумкин.
3) Жамоат, умумфойдаланиладиган ва моторсиз транспорт турларига ўтиш.
СО2 ташланмаларининг тўртдан уч қисми ички ёнув двигатель асосида ҳаракатланувчи транспорт воситалари улушига тўғри келади. Ҳайдовчиларни экологик самарали, янги тизимга ўтишга ишонтириш авваламбор, кўплаб шаҳарларнинг асосан автомобиль ҳаракатига мўлжалланган лойиҳаларига тубдан ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. 2019 йил ҳолатига кўра, 103 та мамлакатда пиёда ва велосипедда ҳаракатланиш инфратузилмасини жорий қилиш бўйича аниқ режалар мавжуд.
4) Углерод ташланмаларсиз транспорт воситаларига ўтиш.
Глобал исишнинг олдини олиш мақсадларига кўра глобал ҳарорат 2030 йилга келиб 1,5 цельсий даражасида чекланиши лозим, бу мақсадга эришиш учун бутун дунё бўйлаб сотиладиган барча янги автомобиллар электромобиль бўлишини таъминлаш лозим. 2021 йилда янги автомобилларнинг 8,7 фоизи электромотор билан жиҳозланганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу жараён 5 баробар тезлаштирилиши керак.
Экологик тоза транспортга ўтишни нафақат енгил автомобиль, балки автобус ва юк машиналарига нисбатан ҳам қўллаш керак. Автобус паркларининг асосий қисми ҳукуматга тегишли эканлиги ва айрим қарорлар жадвал асосида қабул қилиниши мумкинлиги халал берувчи омил бўлиши мумкин. Бунга қарамасдан, 2021 йил маълумотларига кўра, электр ва водород автобуслар йиллик сотувнинг 44 фоизини ташкил қилгани қувонарли ҳолдир. Юк машиналари нисбатида эса бу кўрсаткич атиги 0,2 фоизни ташкил қилиши масала қанчалик жиддий эканидан далолатдир.
Саида ИБОДИНОВА тайёрлади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил