Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҲАҚ СЎЗни айта олиш имкони

Ҳар йили 3 май жаҳонда сўз эркинлиги куни сифатида нишонланади. Бу кунни дунё аҳолиси катта хурсандчилик билан кутиб олишидан маълум бўладики, ҳали жаҳонда сўз эркинлиги тансиқ тутиладиган, уни кутиб, унга талпиниб яшайдиганлар бор экан.

ҲАҚ СЎЗни  айта олиш  имкони

Сўз эркинлиги ҳақида гап кетса, баъзилар негадир бу ҳодисани фақат оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ ҳолда тасаввур қилишади. Бир ҳисобдан бу фикр ҳам ўринли. Аммо ўз сўзини, фикр-мулоҳаза ва муносабатини эркин ифода эта олиш масаласи ҳар қандай инсоннинг дахлсиз ҳуқуқидир. Ушбу ҳақ инсонга бирон жамият, давлат ёки бирон тузум туҳфа этадиган муносабат эмас. Бу – дунёга келган инсоннинг тоза ҳаводан нафас олиши, яшаши, моддий эҳтиёжларини қондириши каби табиий ҳуқуқидир. Агар қачондир, қайсидир тузум инсонни табиий ҳақларига бирон тўсиқ қўймоқчи бўлса ҳам одамнинг асл фитратида мавжуд бўлган табиий эҳтиёж ҳеч қачон йўқолмайди. Чеклов ёки бошқа монеликлар бўлганда табиий эҳтиёж бошқа бир айланма кўчалардан ўзига йўл топиб, яшаб кетаверади. Бунга тарихимизда жуда кўп жонли мисоллар бор.

Масалан, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида – Чор ҳукумати Туркистонни тўлиқ эгаллаб олганидан сўнг – мустамлака зуғуми ва мустамлакачилар ҳақида бирон нарса ёзиб, матбуотда эълон қилиш тугул, умуман гапириш, оғиз очиш мумкин эмас эди. Агар шундай қилинса, мустабид ҳукумат, аввало, маҳаллий югурдаклар воситасида етарлича иғво ва бўҳтонлар тўплар, кейин эса, қонун йўли билан «айбдор»ни йўқ қилиш чораларини кўрарди...

Шундай бўлса ҳам, шунчалик қаттиқ исканжага олинган сўз эркинлиги халқнинг бўғзида нобуд бўлиб кетмади. Бармоқ билан саноқли бўлса-да, йўлини топиб, ҳақ сўзни айтадиганлар чиқди. Улар бу билан ўз бошларини кундага қўяётганларини албатта билишарди. Лекин ҳақ сўзни айтишга бўлган эҳтиёж қўрқувдан, ҳатто ўлимдан ҳам устун келди. Афсуски, бундай инсонлар ҳамиша кам сонни ташкил қилган. Уларнинг уюшишлари, бирлашишларининг олдини олиш учун албатта ҳар томонлама пухта тузиб чиқилган дастурлар тўхтовсиз ишлаб турган.

Шу зайлда, ҳақ сўзни айтганлар халқнинг ичидан бирма-бир териб олиниб, йўқ қилинган. Аммо зулмга асосланган мустамлака бошқаруви улар айтиб кетган ҳақ сўзни буткул йўқ қилишни уддасидан чиқа олмаган. Бу ҳамиша имконсиз тадбир. Сабаби, ҳақ сўз – юқорида таъкидланганидек, инсоннинг асл жавҳарига, фитратига мансуб ҳодиса. Инсон уни қаерда топса, олади ва яна жон-жавҳарида тутадики, уни бошқа биров кўролмайди, тополмайди. Энди бир ақл юритиб кўринг: халқнинг ҳақ сўзи қаерда ишончлироқ, мустаҳкамроқ сақланади – қалб қўридами ёки эълон қилинган моддий нарсаларда?

1926 йилда «Йиғинди гаплар» баҳонасида қамоққа олинган Абдулла Қодирий инсон ҳеч қачон ўз фикрини эркин ифода этгани важидан таъқиб қилинмаслиги зарурлигини тушунтиришга уринди.

Аммо суд уни раҳбарларга ҳурматсиз муносабатда бўлганликда айблаб, икки ярим йилга ҳукм қилди. Ҳукм хабари ўша – адолатсиз даврнинг «ҳақорат қилинган» раҳбарларига етиб борганда кутилмаган ҳолат юз берди. «Йиғинди гаплар»да номи зикр қилинган раҳбарларнинг ўзлари Қодирийнинг ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқини эътироф этишди. Ҳукм бекор қилинди.

«Муштум» журналида халқ дардини дастурхон қилиб чиққан муаллиф ҳақ сўзни айтаётганини адолатсиз қонунлар тан олмаса-да, вужудида одамийликнинг туғма қонунлари барқ уриб турган раҳбарлар эътироф этишди. Айрим ҳолларда инсонлар маслаҳати билан қабул қилинган қонунлардан кўра ҳаётимизда мавжуд бўлган ва доимий яшаб келаётган табиий қонунлар устун келади. Шунда мустабид тузум ва адолатсиз қонунларга қарши сўз эркинлиги ғалаба қозонади.

Тарих майдонида сўз эркинлиги ҳамиша ғалаба қозониши муқаррар. Бироқ баъзан бу ғалабани тарихни ўзи яратишини даъво қилувчи мустабидлар тан олишмайди. Қуёш кечаси кўзимизга кўринмаган пайтларда ҳам осмонда барқарор тургани каби ҳақ сўзнинг ғалабаси ҳам ўз ўрнини ҳеч қачон ёлғонга бўшатиб беролмайди. Борлиқнинг равиши шундай.

Буларнинг бари мозийдаги – юз йиллик тарихимиз бағридаги эски гаплар. Бугун эса, яна бир янги даврга оёқ қўйяпмиз. Орадан анча замонлар ўтиб, анча нарсалар янгиланиб, инсонларнинг сўз эркинлиги ҳақидаги ўй-қарашлари ҳам бирмунча ўзгарганга ўхшаётир. Эҳтимол, бу фикр нисбийдир. Лекин атрофимизда билдирилаётган фикрлар, айтилаётган сўзлардан шу каби хулосага ҳам келиш мумкин.

Кимнингдир ўта шахсий ҳаётига оид маълумотни кўпиртириб-бўрттириб, оммага эълон қилишни баъзилар сўз эркинлиги деб тушунаётган кўринади. Йўқса, қайсидир гўянданинг янги пайпоқ кийганидан тортиб, ётоқдаги муносабатигача тилларда достон қилинмас эди. Фарзанд ўз ота-онасини бошқа жой қуриб кетгандай айнан ойнаи жаҳонга олиб чиқиб, ёқаламас эди. Қиз уйда ёлғиз қолганида отаси унга нималар қилганини ҳаммага эшиттириш йўли билан ўзини ҳам шойи-шарманда қилиб жар солмас эди. Ўзини халққа сўз айтишга муносиб зиёли санаган кимсалар амалдорга кимларга тиши ўтишию яна кимларга тиши ботмаслиги ҳақида савол қўймас эди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Аммо уққан кишига шуниси ҳам кифоя қиларлидир.

Сўз эркинлиги бу – бошқалар шахси, қадр-қиммати, ор-номуси ва шаънини топташ дегани эмаслигини яхши фарқлаб олишга сал тараддунланяпмиз чоғи. Акс ҳолда, бизга қонуний тарзда берилган бебаҳо ҳуқуқимизни ўзимиз суиистеъмол қилмаган бўлардик.

Баъзан фаолиятдаги бирон жиҳатга билдирилган холис фикрни қарши чиқиш, ёвлашиш деб қабул қиладиган ҳам учраб қолади. Ундай кимсалар учун ўзиникидан фарқли ҳеч қандай фикр яшашга ҳақли эмас. Фикрий маҳдудлик ёки монополлик бўлган жойда бечора сўз эркинлиги ҳамиша кўчада қолади.

Давлатимизнинг эркин ва мустақил бўлганига ўттиз йилдан ошди. Аммо онг-тафаккуримиз, фикр ва сўзимизнинг мустақил ва эркин бўлишига одатланиш кимлардадир анчайин қийин кечаётганга ўхшайди. Ҳатто мустабид тузумни кўрмаган айрим ёшлардаги фикрий маҳдудлик, мутаассибликни кўриб, улар бу қадар сўз тутқунлигини ўзлари қандай ясаб олганларига ҳайрон қолиш мумкин.

Сўз эркинлиги, аввало, ҳақ сўзни айта олиш ҳуқуқи демакдир. Ҳақ сўз бошқаларни қойил қолдириш, шу баҳонада ўзини кўрсатиб қўйиш учун айтилмайди. Оломоннинг оғзига тушиш ва кўпроқ тарафкаш тўп­лаш учун ҳам ҳақ сўз восита қилинмайди. Ҳақ сўз бу – халқнинг кўксини эзиб келаётган дарди. Шундан, халқнинг дардига даво истаб, ҳар қандай зулм, адолатсизлик ва маҳдудликка қарши айтилган ҳар бир сўз ҳақ сўз бўлади. Қачонки, инсон ҳақ сўзни айтиш ҳуқуқидан ажратиб қўйилса, инсонийлигидан ажралиб қолади.

Шу маънода, бугун 3 майни ҳақ сўзни айтиш ҳуқуқимиз барқарор бўлгани сабабли тантана қиламиз. Янги Конституциядан мустаҳкам ўрин олган ушбу ҳуқуқимиз амалда ҳам ҳамиша барқарор турса, доимо тараққиётнинг зарварли йўлида бўламиз.

 

Туробжон АБДУРАЗЗОҚ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар