Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Қоғозда ўтаётган тадбир амалга қачон кўчади?

Бизнингча, автомобилсиз кун тадбирлари фақатгина қоғозда, аммо кўчалар, йўллар автомобилга тўла ҳолатда, фақатгина 2-3 километр йўлнинг икки чети тўсилган ҳолда кўзбўямачилик билан ўтказилмаслиги керак. Автомобилдан камроқ фойдаланиш учун ҳақиқатда натижа берадиган амалий ҳаракатларни бошлаш, вело­йўлаклар, пиёдалар йўлакларини янада қулайлаштириш, жамоат транспортларини шахсий автомобилдан ҳам қулайроқ қилиб қўйиш борасида тизимли амалий чоралар кўрилиши лозим.

Қоғозда ўтаётган тадбир  амалга  қачон кўчади?

 

 

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атроф муҳит барқарорлигини сақлаш, атмосферага заҳарли газлар чиқишини имкон қадар камайтириш мақсадида 1995 йилдан буён жаҳоннинг кўпгина давлатларида «Автомобилсиз кун» тадбири ўтказиб келинади. Пойтахтимизда ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси билан 28 апрель куни худди шундай тадбир бўлиб ўтди. Хўш, бундай тадбирларни ўтказиш қанчалик самара беради?

 

 

Автомобилдан

сақланинг!

Кўчаларимизда автомобиллар сони кескин кўпайгани сари атмосферанинг ифлосланишида транспорт воситаларининг салмоғи ортиб бормоқда. Автомашина, самолёт, тепловоз, қишлоқ хўжалик машиналари ва бошқалар жуда катта миқдорда кислородни ютиб, атмосферага (таркибида 200 га яқин заҳарли моддалар учрайдиган) ҳар хил газларни (ис гази, азот оксиди, углеводородлар, қўрғошиннинг заҳарли бирикмалари, чанг, қурум ва бошқалар) чиқариб, уни ифлослайди. Маълумотларга кўра, битта ўртача автомобиль двигатели бир йилда 20-30 кишининг йил давомида нафас оладиган кислородни сарфлайди.

Сайёрамиздаги турли йирик саноат корхоналари, завод ва фабрикалар, автотранспорт воситалари, халқ хўжалигининг бошқа муассасалари фаолияти оқибатида ажралиб чиқаётган зарарли газлар бисёр. Баъзилар ҳосил бўладиган бундай газлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас.

Атмосфера ҳавосига чиқарилган чиқиндиларнинг баъзи ингридиентлари узоқ йиллар давомида ташқи муҳитда айланиб юради. Масалан, автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосини ифлослантириш ҳолатини олайлик. Ҳисобларга қараганда, ҳар йили 1 та автомобиль ўртача 4 тонна оксигенни ҳаводан олиб, ташқи муҳитга 800 кг ис гази, 40 кг азот оксиди ва 200 кг атрофида турли заҳарли моддалар, шу жумладан, углеводородлар чиқариб ташлайди. Ҳозир жаҳон мамлакатларида 500 миллиондан ортиқ автомобиль борлиги назарга олинадиган бўлса, атмосфера ҳавосига чиқариб ташланадиган ажратмалар миқдори жуда улкан эканини бемалол тасаввур қилса бўлади. Автотранспорт воситалари атмосфера ҳавосини азот оксиди билан 45,7 фоиз, углеводородлар билан 42 фоиз зарарлантиради.

Ер юзидаги жами бир йилда ҳавога чиқариб ташланадиган 100 миллион тоннага яқин ис газининг 75,5 миллион тоннаси ёки 78 фоизи; шаҳарлар ҳавосининг 60 фоизи заҳарли газлар билан ифлосланиши автотранспорт воситалари ҳисобига тўғри келади.

 

Автотранспортсиз

шаҳарлар

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, енгил автомобилдан чиқадиган буғ ҳамда ёнилғи ёқилгандаги заҳарли газлар (углерод оксиди, азот диоксиди) сабаб атмосфера чиқинди билан тўлиб бормоқда. Йилига 4,6 тонна карбонат ангидрид гази чиқиши ҳам олдинда ҳали экологик инқирозлар борлигини кўрсатмоқда. Айни вақтда норвегияликлар мана шу муаммога қарши курашиш учун шаҳар марказларида автотранс­портлар сони кўпаяётганидан ташвишга тушиб, автомобилларсиз ҳам қулайликлар борлигини тарғиб қилишмоқда. Бу йўлда эса улар транспортлар тўхташ жойларига ўриндиқлар каби кўча мебелларини қўйиб, жойларни мини-боғларга айлантиришяпти. Бунинг натижасида марказда пиёдалар сони 10 фоизга ошган.

2000 йиллар бошига келиб Испания шимолидаги Понтеведра шаҳрида ҳам худди шу тажриба қўллангани қайд этилган. Яъни ўша вақтларда ҳудуднинг 300 минг квадрат метр майдонини автомобиллар эгаллаган эди. Уларнинг сонини кескин камайтириш учун эса шахсий транспортлар ҳаракати тақиқлаб қўйилган. Натижада атмосферада карбонат ангидрид миқдори 70 фоизга камайиб, пиёдалар сони 12 минг­га яқинлашгач, Понтеведра фақатгина пиёдалар шаҳрига айлантирилганини кўриш мумкин.

2006 йилга келиб эса, Швеция пойтахти Стокгольмда илк марта автомобиль ҳайдовчилари учун тирбандлик солиғи жорий этилган. Яъни ҳар бир автомобиль кўчаларда тирбандлик ҳосил қилгани, зарарланган ҳудудларда ҳаракатлангани учун шаҳардан кириб-чиқишда маълум миқдорда солиқ тўлайди. Бу тартиб ҳануз ўз кучида. Маълумотларга кўра, дастлаб бу амалиётни ҳар 10 кишидан 7 нафари салбий қабул қилган, аммо 5 йил ўтгач, статистик рақамлар буни кўпчилик қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда. Боиси, бугунги кунда Швеция ҳавосида кичик заррачалар миқдори белгиланган хавфдан анча паст, атмосфераси кутилгандан тоза ҳисобланади.

 

«Ҳаводек зарур»

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, инсон бир суткада ўртача 1,5 килограмм озиқ-овқат, 2,5 литр сув истеъмол қилар экан. Одам ўпкаси эса бир суткада 13 метр куб ҳавони ютиб чиқаради. Бу бутун бошли темир йўл цистернаси ҳажмига тенг. Одам овқат емасдан бир ойча, сувсиз – уч кун яшаши мумкин. Бироқ ҳавосиз икки-уч дақиқадан ортиқ яшай олмайди. Айнан шунинг учун ҳам одамзод ўз турмушида бирон-бир нарсага муҳтожлик сезса, «ҳаводек зарур»лигини таъкидлайди.

Бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ғубор ва тутун бўлмаса, инсон минг йил яшар эди, деб беҳуда айтмаган. Мана шунинг учун ҳам биз истеъмол қилаётган озиқ-овқатимиз сифатли ва тўйимли, ичаётган сувимиз тоза, нафас олаётган ҳавомиз мусаффо бўлиши ҳақида кўпроқ қайғуришимиз керак. Аммо бугун ушбу неъматларнинг тозалиги бизни қанчалик қониқтиради? Уларни буткул тоза таркибда дея оламизми? Мусаффо атроф муҳит учун қанчалик ҳисса қўша оляпмиз?

Шамолсиз, диққинафас ҳавода 12-қаватдан Тошкент осмонига кўп разм соламан. Бундай пайтларда шаҳар устида кўкиш-қорамтир тусдаги ифлос ҳаво қатлами пайдо бўлиб, муаллақ туриб қолади. Шунда шаҳарнинг шимолий ва ғарбий сарҳадларига назар солсангиз, хира парда ичида кўринади, жанубий ва шарқий томонларида эса ҳеч нарсани фарқлаб бўлмайди, кишининг нафас олиши оғирлашади, айниқса, нафас йўли касалликлари чалинган, юраги хаста кишилар ўзларини ёмон ҳис қилишади. Бундан ташқари катта автомобиль йўллари четидаги йўлакчаларда ёз ойларида юриб кўрсангиз ҳаво етишмаётганини яққол ҳис қиласиз. Ўпка­нгизга тоза, мусаффо ҳаво эмас, сақичдек ёпишқоқ тутун кираётгандек бўлади.

1952 йилнинг ёзида Лондон осмонида пайдо бўлган шундай ифлос ҳаво қатлами туманга қўшилиб пастлаб, 4 минг кишининг ёстиғини қуритгани тарихий далил. 1970 йилда ана шундай тутун Токиода 8 минг кишини заҳарлаб, шифохонага ётқизган.

 

Натижага қачон

эришамиз?

Пойтахтни, умуман олганда мамлакатимизни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга, ҳавосининг мусаффолигини таъминлашга қанча кўп эътибор бериб, маблағ сарфланмасин, халқнинг умумий турмуш маданияти, экологик онги ривож­ланмаса, барибир кутилган натижага эришиб бўлмайди.

Ахлоқ-одоб, турмуш маданияти қоидалари сингари, табиатга нисбатан меҳр-муҳаб­бат ва ғамхўрлик ҳислари инсонга оилада сингдирилиши, кейин эса бу иш билан мактаб, жамоатчилик шуғулланиши лозим. Халқимизда турмуш тутумларимиз асли илгаридан шундай бўлиб келгани ҳақиқат, аммо ҳозирги кунда барча оилаларда ҳам ана шу анъаналар сақланиб қолган, деб айта олмаймиз.

Бизнингча, автомобилсиз кун тадбирлари фақатгина қоғозда, аммо кўчалар, йўллар автомобилга тўла ҳолатда, фақатгина 2-3 километр йўлнинг икки чети тўсилган ҳолда кўзбўямачилик билан ўтказилмаслиги керак. Автомобилдан камроқ фойдаланиш учун ҳақиқатда натижа берадиган амалий ҳаракатларни бошлаш, вело­йўлаклар, пиёдалар йўлакларини янада қулайлаштириш, жамоат транспортларини шахсий автомобилдан ҳам қулайроқ қилиб қўйиш борасида тизимли амалий чоралар кўрилиши лозим.

Инсон истаса, ойга ета олади. Истаса, кўкка парвоз ҳам ҳеч нарса эмас. Энг муҳими эса, бу хоҳиш-ироданинг, мақсаднинг қанчалик кучли эканидир. Шаҳримиз ҳавоси мусаффолигини таъминлаш ҳар биримиз учун ана шундай қатъий мақсадга айлансагина «автомобилсиз кун» тадбирлари ўз натижасини бера бошлайди.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар