«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилСиз ҳам бетон бино ичида диққинафас бўлиб кетганда болалигингиздаги зилол сувли катта булоқларни, сув тўла ҳовузларни, ям-яшил боғларни эслайсизми?
Ариқларда пишқириб оқаётган сувнинг қирғоқлардан тошиб, жазирамада танамизга муздек роҳат берганини-чи? Ўша ариқлар, ўша булоқлар ўз жойида тургандек. Аммо энди уларни тўлдириб турган зилол сувлар йўқ, ям-яшил боғу роғларнинг ярми сувсизликдан қуриган.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманига келин бўлиб борганимда катта кўча ёнида диаметри 50 см.ча келадиган қувурдан мунтазам оқиб турадиган ичимлик сувни кўриб ўйлаб қолгандим. Бир кеча-кундузда бу қувурдан қанча сув оқиб исроф бўларкин? Бу ерликлар сувнинг қадрига етмас экан-да. Нега шу сувни битта бурагич билан ёпиб қўйишмайди?
Катталардан бу ҳақда сўрасам, бу сув ер тагидан чиқади, тугаб қолмайди, дея бамайлихотир жавоб беришган ўшанда. Аммо мана 13 йил ўтиб, ҳозир шу ерларда ичимлик сув муаммоси бўй кўрсата бошлаган. Йиллар давомида қумга синггандай оққан бебаҳо ресурсни ҳозир ҳатто пул эвазига ҳам топиб келтиришнинг иложи бўлмаяпти.
Юртимизнинг жуда кўп жойларида бундай мунтазам сув оқиб турадиган қалин-қалин қувурларни кўп кўрганмиз. Аммо бугун уларнинг кўпчилигида сув қуриган. Қувурларни эса аллақачон занг босиб ётибди.
Сув қаерга йўқолгани ҳақида айрим мисоллар «гапирсин». Бир тонна аммиак олиш учун ишлатиладиган 1000 м.куб сув бу ўрта ҳисобда 300 000 минг кишини кундалик ичадиган сувини ёки 6000 нафар кишини суткалик барча зарурий эҳтиёжини қоплаган бўлар эди. Шунингдек, саноат корхоналарида ишлаб чиқаришда ишлатиладиган катта миқдордаги сувни керакли тартибда тозаламасдан дарё ва денгизларга қуйиб юборилиши бу борадаги аҳволни янада танглаштирмоқда...
Аҳолининг коммунал-маиший шароити яхшиланиб бораётгани, катта шаҳарлар вужудга келиш жараёнининг тезлашаётгани ҳам ичимлик сувга бўлган эҳтиёжни оширади.
– Аҳолиси 300-500 минг атрофидаги ўртача катталикдаги Самарқанд, Бухоро, Наманган каби шаҳарларда аҳоли жон бошига бир суткада 130-150 литр сув сарфланса, аҳолиси 3 миллиондан ортиқ Тошкент, Москва, Париж, Вашингтон каби мегаполисларда эса бу кўрсаткич 350-600 литрни ташкил этади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ислом Хушвақтов. – Лекин шунга қарамасдан барча мамлакатларда ва шаҳарларда ана шунча миқдордаги сувдан фойдаланиш имконияти мавжуд деган фикрни олдинга суриш қийин. Аниқ мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, Америкада яшовчи 14-15 ёшлар чамасидаги қизалоқ эрталаб турганидан сўнг ювиниб, нонуштага келгунига қадар 300-350 литр сув сарфласа, Африкада яшовчи унинг тенгдоши 10 кишидан иборат оила аъзолари нонуштасига сарфланадиган 8-10 литр сувни 6-7 километр йўл юриб ташиб келар экан.
Сув танқислиги катта иқтисодий қийинчилик билан бирга, аҳоли саломатлигига ҳам жиддий таъсир қилмоқда ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ифлосланган сув туфайли турли касалликлар – ошқозон ичак, буйрак, жигар, қонда турли аллергик хасталиклар содир бўлади. Ифлосланган сув орқали зарарли гельментлар инсон организмига ўтади. Ич терлама, дизентерия, гепатит ва бошқа касалликлар кўпаяди. Сувда кимёвий элементлар, бирикмаларнинг меъёридан ортиқ бўлиши уларнинг аста-секин тўпланиб боришига шароит яратади, натижада айрим касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоботига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи тоза ичимлик сув танқис ҳудудларда истиқомат қилади. 2025 йилга келиб эса, ҳар 10 кишидан 6 нафари ёки 5,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сув етишмайдиган ҳудудда яшаши мумкин. Шунингдек, юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик сув сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар-гигиеник қоидаларнинг бузилишлари билан боғлиқ.
Бугун дунёдаги қарийб 7 млрд.дан зиёд аҳолининг 3 млрд.га яқини ифлосланган сув истеъмол қилмоқда ва бунинг оқибатида уларнинг деярли 2 миллиарди турли касалликка чалинган. Энг ачинарлиси, ҳар куни дунёда 6 минг бола санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган сув истеъмол қилганликлари туфайли ҳаётдан бевақт вафот этмоқда.
Кишининг соғлом ҳаёт кечириши учун бир суткада 50 литр сув керак бўлади. Қуруқ иқлим минтақасидаги ривожланаётган мамлакатларда 1,1 млрд. киши бир кунда атиги 5 литр сув ишлатмоқда. Европа давлатларида бу кўрсаткич суткасига 200, АҚШда эса 400 литрни ташкил қилмоқда. Худди шундай сув тақсимоти мамлакатимиз ҳудудларида ҳам кузатилади, хусусан Тошкент шаҳрида жон бошига бир суткалик сув истеъмоли 350-400 литр бўлган бир вақтда, айрим ҳудудларда ушбу кўрсаткич 20-50 литрни ташкил этади.
Глобал иқлим ўзгариши натижасида табиатда турли хил хавф-хатар, қурғоқчилик юз бериши мумкин.
Ҳозирги илм-фан шуни тан олмоқдаки, агар келажакда озиқ-овқат маҳсулотлари, тикланмайдиган табиий ресурслар, улар ўрнини бошқа усуллар билан яратилган маҳсулотлар эгаллаши мумкин бўлса-да, аммо сувнинг ўрнини бошқа бирор бир нарса боса олмайди.
Шу боис Ер шарида ичимлик сувнинг камайиб бораётгани ўта оғир хавфларни туғдиради. Бу эса ичимлик сувнинг асосан ер ости, ер устидаги дарё ва кўллар кимёвий бирикмалар билан ифлосланиши натижасида келиб чиқмоқда.
Қолаверса, Ер юзидаги дарёларнинг ярмига яқини ифлосланган, уларнинг ресурслари тугаб бормоқда. Шунингдек, сайёрамиздаги ботқоқликлар майдони ва ички сув ресурслари қисқармоқда. Ҳозирги даврда ички сув ҳавзалари, айниқса дарё ва каналлар шу қадар ифлосланиб кетяптики, улар табиий йўл билан ўзини ўзи тозалай олишга қодир бўлмай қоляпти. Бундай сувлар эса истеъмол қилиш у ёқда турсин, балки маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қолмоқда.
Бундан бир неча йил олдин ижтимоий тармоқларда Маҳфуза Ортиқова исмли фойдаланувчи сув истеъмоли ва исрофи ҳақида яхши пост қолдирган эди:
«Совуқ сувга ҳисоблагичлар ўрната бошланган пайтлар эди. Ҳовлимизга ҳам ўрнатиб кетишди.
Бувимнинг ҳисоблагич бўлса, бўлмаса бир одатлари бўларди. Ҳаммомга кимдир кирса, беш дақиқадан кейин тақиллатардилар тезроқ чиқ, сувни увол қилма деб. Ҳовлига резина шланг олдирмасдилар, сувни увол қиласанлар деб. Идишни сув оқизиб ювдирмасдилар. Tоғорада ювиб, кейин чай, сувни увол қиласан, дер эдилар.
Сувга ҳисоблагич ўрнатилди. Бир ойдан кейин текширувчи келиб, ўшқира кетди. Aйлантиргансизлар, қўшнингиз бир ойда минг куб ишлатган. Қанақа қилиб сизларда ҳисоблагич деярли айланмаган, деб.
Онам истаганингизча текширинг. Биз ҳаромдан ҳазар қиламиз, дедилар. Қани водопроводингизни шариллатиб очинг, деб ҳисоблагичга тикилди. Онам шариллатиб очдилар.
Tекширувчи келгандан бехабар бувим «қайси биринг сувни шунақа очдинг. Худодан қўрқмайсанларми» деб бақириб қолдилар. Tекширувчи пилдираволиб, қочганди, узр, узр деб.
Mана шунақа дунёқараш етишмайди бугун одамларимизга, Худодан қўрқиш, исрофдан қўрқиш...»
Дарҳақиқат, бугун бизга ана шундай қатъиятлилик, бир-биримизни назорат қилиш, хатоларимизни англатиб турувчи «Суюнчи» фильмидаги Анзират буви каби маҳалла, қишлоқ «виждонлари» етишмаяпти назаримда.
Тасаввур қилинг, жазирама, ҳеч қаерда сув йўқ. Пулингиз бор, аммо оби ҳаёт тугаган. Даҳшатнинг ўзгинаси. Ҳатто тасаввур қилишга қўрқасан одам. Аммо бугун эсимиз борида этакни йиғиштирмас эканмиз, бу даҳшатни авлодларимизга мерос қолдирмаслигимизга кафолат йўқ.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va Tabiat» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил