Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Овқатни исроф қилганлик учун жавобгарлик  белгиланади

Ҳар йили 1,3 млрд. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб юборилади, уларнинг аксарият қисми чиқиндихоналардан ўрин олади. Бу нафақат атроф муҳитга зарар етказади, балки иқлим ўзгаришларига жиддий салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Овқатни исроф қилганлик учун  жавобгарлик   белгиланади

Халқимизда азал-азалдан хонадонда овқат исроф бўлмаслигига қаттиқ қаралган. Фарзанд тарбиясида ҳам ҳатто нон ушоғини ерга ташлаш мумкин эмаслиги доим уқтирилган. Овқатни зинҳор чиқиндига тўкмаслик, овқат меъёрдан ортиқ бўлса, имкони борича бошқаларга улашиш яхши одат бўлган бир вақтлар. Афсуски, бундай одатлар аста-секинлик билан тарихга айланмоқда. Ҳозир фақат нуроний бобо-бувиларимизгина шу тутумларда содиқ қолганлар холос. Озиқ-овқат чиқиндиларидан кўтарилиб бораётган «тоғлар» эса ўсгандан ўсяпти.

Бугунги кунда сайёрамиз аҳолиси 8 мил­лиарддан зиёд кишини ташкил этади, уларнинг 820 миллиондан ортиғи тўйиб овқатланиш бахтидан маҳрум. Озиқ-овқат маҳсулотларини исроф қилиш инсониятнинг энг катта муаммоларидан бирига айланиб улгурди.

Барча озиқ-овқатларнинг учдан бир қисми шунчаки далаларда чиримоқда ёки чиқиндига ташланмоқда. Шу билан бирга, нафақат озиқ-овқат, балки пул, сув, энергия, ер ва транспорт исроф қилинади. Ахир, бу озиқ овқатларни етиштириш ва таом ҳолига келтириш учун озмунча меҳнат ва табиат ресурслари сарфланадими?!

Сиз чиқинди қутисига ташлаётган овқат иқлим ўзгаришларига ҳам таъсир кўрсатади, чунки уларнинг аксарияти чириш жараёнида ўзидан метан газини чиқарадиган чиқинди тепаликларидан жой олади.

Агар озиқ-овқатларни алоҳида бир мустақил давлат деб тасаввур қилсак, у иссиқхона газлари манбаси бўйича АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи поғонани эгаллаган бўларди, дейишмоқда мутахассислар.

Агар биз оиламиз кунига қанча овқатни ташлаб юборишини таҳлил қилиб кўрсак, оилавий одатларни ўзгартириб, қадрли табиат бойликларини асрашга ўз ҳиссамизни қўша олган бўлардик. Ҳаттоки харид, овқат тайёрлаш ёки уни истеъмол қилиш жараёнида амалга оширган кичкина ўзгаришларимиз ҳам бизни ўраб турган оламни авайлашга ёрдам беришини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Арзимаган куч сарфлаб, сиз овқат чиқиндиларини камайтириш, пулингиз ва вақтингизни тежаш ва энг асосийси табиатга шунчаки ёрдам бера олишингиз мумкин.

 

Йилига 35 миллион тонна озиқ овқат чиқиндига...

Хитойда ўтказилган тадқиқотларда аниқланишича, ушбу мамлакатда ҳар йил 35 миллион тонна озиқ-овқат истеъмолчиларга етиб боришдан олдин сарқитга чиқади. Ҳар йили Хитойнинг 500 та шаҳридан биттасида ўртача 50 тоннага яқин озиқ-овқат чиқиндилари табиат бағрига чиқариб юборилади.

Ўтказилган тадқиқотларга мувофиқ, Пекин, Шанхай, Чэнду ва Лхасе шаҳарларида йилига ўртача 17-18 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига ташлаб юборилади. Бу маҳсулотлар билан 30-35 миллион кишини бир йил давомида таъминлаш мумкин бўларди. Хитой ҳукумати бу масала билан кўп йиллардан буён шуғулланиб келади, энг катта муаммо болаларда овқатланишда исрофгарчиликка йўл қўймасликка кўникма ҳосил қилиш, дея бу борада ҳам керакли чора-тадбирлар кўрилган.

Аммо буларнинг барчасига қарамай, мамлакатда исрофгарчиликка йўл қўйиш феномени ҳанузгача катта муаммолигича қолмоқда.

Бу борада бизнинг аҳволимиз ҳам Хитойдан асло қолишмайди. Бир кунлик тўй учун борини сарфлаб, кейин қозонини бир йил сувга ташлаб қўядиган ҳамюртларимиз ҳам орамизда кўплаб топилади. Айниқса, тўй ёз кунларида қилинаётган бўлса, иссиқ ҳавода ортиб қолган озиқ-овқат ва ноз-неъматларнинг айниб, исроф бўлиб қолиш эҳтимоли янада ортади. Бундан ташқари биз ортган озиқ овқатларни ўзи билан олиб кетишга ҳам истиҳола қиладиган миллатмиз.

Шу ўринда айтиш керакки, озиқ-овқатларнинг исроф бўлмаслигида, айниқса, уй бекалари муҳим роль ўйнайди. Чунки улар бутун оила учун таом тайёрлаш масъулиятини бўйинларига олганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг бу борадаги тежамкорлиги таомларнинг исроф бўлмаслигида катта аҳамиятга эга. Масалан, оилада 6 киши бўлса таомни 5 кишига мўлжаллаб тайёрлаган маъқул. Бизда эса аксинча, меҳмондорчиликда ҳам, оддий кундалик ҳаётда ҳам дастурхон тўлиб турмаса, қозондаги овқат бир-икки коса ортиб қолмаса, ҳисоб эмас. Исрофни кўриб ўсган фарзандлар ҳам эртага шундай давом этишади.

 

Ҳар соатда 1 триллион доллар йўқотиш

Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, дунё бўйича озиқ-овқатнинг учдан бир қисми чиқиндига ташлаб юборилади. Бунинг натижасида глобал иқтисодиёт ҳар йили 1 триллион доллардан маҳрум бўляпти.

Бир неча йиллар олдин Жаҳон озиқ-овқат дастури озиқ-овқатлар исроф бўлишининг олдини олиш ҳаракатини бош­лаган эди. Ташаббускорлар ресторанлар ва дўконлар эгаларини, шунингдек оддий фуқароларни озиқ-овқат маҳсулотларини эҳтиётлашга, ортиқча сотиб олмаслик ва «қутқариш» мумкин бўлган озиқ-овқатни чиқиндига ташламасликка чақириқлар билан чиқишди. Аммо бу ҳам ўзининг етарлича натижасини бермаяпти. Исрофгарчилик миқдори ортса ортмоқдаки, асло камаяётгани йўқ.

Дунёда ҳар йили 4 миллиард тоннага яқин озиқ-овқат ишлаб чиқарилади. Агар оқилона фойдаланилса ва тўғри тақсимланса, бу сайёрамиз аҳолисининг барига етиши ва умуман очлар қолмаслиги керак.

 

Пулини тўлагансиз, бироқ ресурс – ҳамманики!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 май куни қабул қилинган «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекис­тонда «Оқилона истеъмол» дастури ишлаб чиқилиши белгиланган озиқ-овқатни исроф қилишнинг олдини олишда янги қадам бўлади.

Қарорга кўра, жорий йилда умумий овқатланиш соҳасида озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлишини камайтириш ва ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти тавсияларини жорий этиш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи «Оқилона истеъмол» дастури ишлаб чиқилиши кўзда тутилган:

– давлат органлари томонидан ташкил этиладиган тадбирларда озиқ-овқат истеъмолининг оқилона меъёрини белгилаш, ортиқча истеъмолни камайтириш, шу жумладан бир шахсга бир марталик овқатланиш меъёрини белгилаш;

– умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан масъулиятини ошириш;

– аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш ва ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш ҳамда меъёридан ортиқ истеъмолни тарғиб қилишни чеклаш;

– исрофгарчиликка йўл қўйган шахсларга молиявий чоралар қўллаш ва назорат механизмларини ўрнатиш.

Статистикага кўра, Тошкентда ҳар куни 2 тоннадан зиёд нон маҳсулотлари, республика бўйлаб йилига 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига ташланади. Озиқ-овқат чиқиндиларининг ҳар бир килограмми ҳавога йилига ўртача 2,5 килограмм ис газини ажратиб чиқаришини ҳисобга олсак, 3 миллион тонна озиқ-овқат чиқиндиси зарур даражада утилизация қилинмаса, атмосферага 7,5 миллион тонна иссиқхона газлари чиқаради.

Мамлакатимиздаги бугунги экологик долзарб вазиятни ҳисобга олсак, озиқ овқат чиқиндиларини камайтириш ёки улардан мақсадли фойдаланиш (масалан биоёнилғи ишлаб чиқариш) ҳам табиатга, ҳам миллатга қилган энг катта яхшилигимиз бўлади. Бунинг учун эса, аввало, қон-қонимизга сингиб кетган кўзи очлик ва ўз ўзини кўз-кўз қилиш иллатларидан халос бўлишимиз керак.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар