«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилДунё миқёсида содир этилаётган жиноятларнинг ўндан бири ҳали вояга етмаган ғўр болалар ҳиссасига тўғри келаркан. Демак, жазони ижро этиш муассасаларида ҳам худди шундай улушда жиноятчилар бор...
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: уларни жиноятчи сифатида панжара ортига ўтказиб қўйган омил нима? Улар кимларнинг фарзанди? Қайси оилада туғилиб ўсган? Навниҳоллигидан бир умрга татийдиган тавқи лаънат — «жиноятчи» деган тамғани қандай қилиб ўзига нишон қилиб олишди?
Биргина хато захми
Сўнгги беш йилда дунё бўйича йилига қарийб 100 мингта жиноят содир этилиб, шунинг 7 фоизини вояга етмаганлар (14-17 ёш) жинояти ташкил қилган. Бундан кўринадики, дунёдаги 7 минг нафар вояга етмаганлар содир этган жинояти учун тегишли жазони ўтамоқда. Айни илмга чанқоқ ёшдаги ўспиринларнинг тенгдошлари қатори касб-ҳунар эгаллаш ўрнига вақтини ахлоқ тузатиш муассасаларида ўтказаётгани жуда ачинарли ҳол. Кўрсаткич йилдан-йилга пастлаётган бўлса-да, аммо бу ҳали жиноятнинг илдизига болта урилди, дегани эмас.
Тахминларга кўра, ўсмирлар ва ёшлар ҳуқуқбузарлиги, жинояти ҳамда уларнинг жабрланувчи бўлиб қолишига икки юзга яқин омил таъсир қилар экан. Шулар орасида, энг асосийси, бола яшаётган оиладаги носоғлом муҳитнинг таъсиридир. Мутахассислар ота-оналарнинг фарзанд ахлоқидаги салбий ўзгаришлар, унинг феъл-атвори, таълим-тарбиясига эътиборсиз бўлиши бола келажаги учун жиддий хавф туғдирувчи асосий омил эканини таъкидлайди.
«Шуни тан олиб айтиш керакки, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик, аввало, биз катталарнинг уларни тарбиялашда йўл қўйган хатоларимиз оқибатидир. Бинобарин, шунинг учун ҳам, руҳий ва маънавий жиҳатдан шахс сифатида шаклланмай қолиб, жиноят содир этган ёшларимизни жамиятга қайтариш — аввало, биз, ота-оналар ва давлатнинг зиммасига тушади».
Ислом КАРИМОВ
Асосий сабаб — назоратсизлик
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармасининг маълумот беришича, ота-онанинг ахлоқсизлиги, фарзанди (ўқиши, бўш вақтини қандай ўтказаётгани, кимлар билан дўст тутинаётгани кабилар)га бефарқлиги ҳамда оиладаги жанжаллар, аввало, боланинг руҳиятига, феъл-атвори, хулқи ва тарбиясига салбий таъсир қилади. Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг вояга етмаган фарзандини тарбиялашда, таълим олишида, моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлашда ўз мажбуриятини бажармагани, оқибатда боланинг хулқ-атвори назоратдан четда қолиб кетаётгани фарзанд келажаги учун жиддий хавф туғдиради. Вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг асосий сабаби бу — назоратсизлик.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ҳуқуқбузарлик, жиноятга қўл ураётган болалар, асосан, нотинч ва носоғлом оилаларда вояга етмоқда. Оиладаги бундай муҳитга мослашган ёки моддий таъминотга муҳтож бола бошқалар билан кўп жанжаллашади, ўғрилик, безорилик каби жиноятларга қўл уради. Демак, бола қилаётган ҳар қандай ёмонликнинг илдизи бевосита оилага бориб тақалади. Илдиз бақувват бўлмаса, дарахт соғлом мева туголмайди.
Ярим тун. Фарзандингиз қаерда?
Ота-она насиҳати, тарбияси, ўгитларини эшитиб, уларнинг хулқидан, маданиятидан ўрнак олиб улғайиш ўрнига, ўзини кераксиз буюмдек ҳис қилиб, вояга етган бола ҳаётда ўз ўрнини топа оладими? Кичкина эътиборсизлик, бемеҳрлик оқибатида бола қалбида пайдо бўлган яралар оғриғи бир куни заҳарга айланиб, отилиб чиқмаслигига ишониш мумкинми? Бундай бўлмаслиги учун ота-она бир дақиқа бўлса-да, фарзанди тарбиясига эътиборсиз бўлмаслиги керак, бунда сусткашликка олиб келувчи омилларни ўз вақтида англаб, бартараф этиши зарур. Бу ҳар бир оиланинг, давлат ва жамиятнинг асосий ҳамда доимий вазифаси. Бугунги кунда йигирмага яқин давлат ва жамоат ташкилотларининг бир ёқадан бош чиқариб, шу вазифани мунтазам бажаришда ҳамкорлик қилиб келаётгани қувонарли ҳол, албатта. Ана шу тизимли ва самарали фаолият натижаси сифатида минглаб вояга етмаганлар жиноят гирдобига тушиб, жиноятчи бўлиб қолишидан асраб қолиняпти.
Биргина 2015 йилда 600 мингга яқин оилалардаги вояга етмаганларнинг турмуш тарзи ўрганилиб, ўз мажбуриятини бажармаётган 10 минг нафарга яқин ота-оналарга ижтимоий, психологик, педагогик ёрдам кўрсатилди. Ўтказилган 6 мингдан ортиқ тадбирлар натижасида вояга етмаганлар вақтини тунги кўнгилочар жойларда ўтказишига йўл қўйгани учун 178 нафар муассаса раҳбари, 257 нафар ота-она маъмурий жавобгарликка тортилди.
Вояга етмаганлар манфаатини кўзлаб, моддий ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 150 нафарига ижтимоий ёрдам кўрсатилди, 427 нафар қаровсиз болалар Васийлик ва ҳомийлик органлари тасарруфига олинди. Шунингдек, 30 мингдан ортиқ оиладаги ўзаро нотинчликка барҳам берилиб, 18 мингдан ортиқ ёш оилалар ажралиб кетишининг, натижада фарзандлар етим ва қаровсиз қолишининг олдини олишга эришилди.
«Билдиму босдим тиканни...»
Халқимизда «ўрганган кўнгил — ўртанса қўймас», деган нақл бор. Носоғлом муҳит таъсирида бир бор жиноят кўчасига кириб қолган бола — гарчи бунинг учун тегишли жазога тортилган бўлса-да, «эски касалидан» буткул фориғ бўлиши осон эмас. Бундай пайтларда унга атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлови ва кўмаги, албатта зарур. У жиноятга такрор қўл урмаслиги, соғлом ижтимоий муҳитга кўникиб кетиши учун ўз яқинларининг моддий-маънавий, ижтимоий-психологик ёрдамига катта эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж ижобий қондирилмаса ёки аҳамиятсиз қолдирилса, биринчи бор «тиканни билмай босган» бола энди, кейин ўз ихтиёри билан жиноятга қўл уриши ҳеч гап эмас.
Ана шу ҳаётий заруратни таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаганларнинг бу ишга қайта қўл урмаслиги учун Ички ишлар вазирлигининг алоҳида ишчи гуруҳлари оила, маҳалла, таълим муассасаси билан ҳамкорликда доимий равишда профилактик ишларни амалга ошириб келмоқда. Бунда вояга етмаган бола ва унинг оила аъзолари билан мунтазам суҳбат ўтказилиб, яшаш шароити, таҳсил олаётган муассасадаги муҳит ўрганиляпти. Уни нотўғри хатти-ҳаракатлардан муносиб ҳимоя қилишга имкон қадар эътибор қаратиляпти.
Доимий ва асосий вазифамиз
Ҳозирда дунё аҳолисининг 2 миллиарддан ортиғини, юртимиз умумий аҳолисининг эса, қарийб 40 фоизини 18 ёшга тўлмаган болалар ташкил қилади. Шулар орасидан бор-йўғи биргина ўспирин ҳуқуқбузарлик содир этса ҳам бу — улкан хавф. Негаки, мустаҳкам жамият барпо этиш — эртамиз пойдевори бўлган бу ёшларнинг қандай инсон бўлиб етишишига боғлиқ.
Бу йўлдаги энг асосий вазифа — оиладаги ижтимоий, моддий ва маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, бир сўз билан айтганда, оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш. Бу нафақат мутасадди ташкилотлар, балки ҳар бир ота-она зиммасидаги, бажарилиши кечиктириб бўлмайдиган масъулиятли вазифадир.
Ҳаммаси кичик эътиборсизликдан бошланади
Муҳайё ЙЎЛДОШЕВА, педагог:
— Ҳеч бир ота-она фарзандининг жиноятчи бўлишини истамайди, аммо вояга етмаган, катталарнинг кўмагига муҳтож боланинг таълим-тарбиясига бепарволик натижасида бунга ўзлари йўл қўйиб беришаётганини, афсуски, айримлар тўғри тушуниб етмаяпти...
Бунга оддийгина мисол: ота-оналар мажлиси. Унга кўпчилик ота-оналар келишга вақт тополмайди. Бундан: улар фарзандининг келажагига бефарқ экан, деган хулосага келишга мажбурмиз. Баъзилар учун бу оддий ҳол бўлиб туюлиши мумкин, аммо кичик эътиборсизлик катта фожиага олиб келиши мумкин.
Фарзандингиз кимнинг етагида?
Нилуфар ДОЛИМОВА, психолог:
— Айрим оилаларда бола мунтазам оилавий муаммо, жанжалларга гувоҳ бўлиб улғаймоқда. Бунда бола уйидан безиб, дардини кимга айтишни билмай, бегонадан нажот излайди. Табиийки, бу ҳолатда уни ҳар қандай йўлга етаклаш осон.
Боланинг келажаги учун қайғуриш бу — уни фақат моддий таъминлаб қўйиш дегани эмас. Оилада боланинг эҳтиёжи, ҳис-туйғу, хоҳиш-истакларига нисбатан эътибор, ҳурмат ва рағбат бўлиши шарт. Шунда у ота-онасига кераклигини, оилада ўз ўрни борлигини ҳис қилиб яшайди. Аксинча бўлса, «мен билан кимнинг, нима иши бор...» деган фикр уни турли йўлларга бошлайди.
Шаҳноза РАЖАБОВА,
«Оила даврасида» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил