«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЎзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган байрам тантанасида Президентимиз Шавкат Мизиёев сўзлаган нутқида пахта сиёсати Орол денгизини қуритгани, иқтисодиётни, таълим тизимини издан чиқаргани, оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етганини афсус билан таъкидлаб, шундай деди: «Ўтмишга назар ташлар эканмиз, аччиқ бир ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: «ўзбек» деганда, фақат эртаю кеч пахта даласида меҳнат қиладиган заҳматкаш инсонлар тасаввур қилинар эди. Афсуски, шу даражага тушиб қолган эдик...»
Дарҳақиқат, чор Россиясининг Туркистон ўлкасига қилган босқинчилик сиёсати оқибатида ҳудудда пахта монополияси кучайди. Айниқса, ўтган ХХ асрнинг 30-йилларида авж олган колхозлаштириш туфайли қишлоқ хўжалигининг азалий тармоқлари инқирозга юз тутди. Ўзбек халқининг пахта яккаҳокимлиги қулига айланиб қолиши айнан ана шу даврдан бошланди.
«Пахта ҳукмронлиги ўзбекнинг пешонасига ёзилган бало бўлди. Пахта сиёсати Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди.
Оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди. Биз бунинг асоратлари билан ҳалигача курашяпмиз. Бугун пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топди...» Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари миллионлаб юртдошларимиз дилида акс-садо берган бўлса ажаб эмас. Чунки улар бу оғриқларни ҳалигача унутгани йўқ, пахта сиёсатининг қурбони бўлган қанча-қанча ҳамюртларимиз яқинлари, фарзандлари орамизда яшамоқда.
Мен ҳам ўтган асрнинг 70-йилларида кечган болалигимни ёдга олдим. Эрталаб уйқудан уйғонганимизда онамиз далага ишга кетган бўларди. Атак-чечак одимлаётган укамга қараш менинг зиммамда.
Кузак бошланди деганча учоқлар далаларга бутифос сепишни бошлаб юборарди. Бу заҳарли модда билан ғўзаларни дефоляция қилишиб, баргини тўкишар ва бунинг натижасида пахтанинг барвақт очилишига эришиларди. Эшигимиз остонасигача далаларга пахта экилган. Шу боис шувиллаб дори сепиб ўтаётган самолёт остида қолиб кетардик.
Бир куни онам: «Боғдаги меваларни еманглар, ёмон дори сепилган», дея тайинлаб ишга кетдилар. Боғимиз – мевалар кони. Ғарқ пишиб ётибди. Укам ғарқ пишиб остига тўкилган олмуртдан бир-икки тишлаганини кўриб жон-поним чиқиб кетгандай бўлди. Дарҳол бориб қўлидан олиб отиб юбордим. Афсуски, пахта учун сепилган бутифос қиларини қилиб бўлган экан. Эндигина «оға-оға»лаб бошлаган укажоним шу кечаси қайт қилганча ёмон аҳволга тушиб қолди. Тақдир экан, афсуски, уни сақлаб қололмадик.
Таниқли журналист ва ёзувчи Рўзимбой Ҳасан ўша даврда сариқ касаллиги эпидемия даражасида тарқалгани ва бунга далаларга сепилган заҳарли кимёвий дорилар сабаб бўлганини ёзди.
Ҳақиқатан ҳам, 80-йилларда бир кунда битта маҳалланинг ўзида икки-уч нафар одам сариқ касаллигидан вафот этганини эсласак, вужудимиз титраб кетади. Қўшнимизнинг ўн тўққиз яшар қизи, тоғамизнинг гулдеккина хотини бир кунда туғруқ жараёнида вафот этган эди. Шифокорлар уларга сариқ касаллиги ташхисини қўйишибди. Ҳамқишлоғим Каримбой ҳожи бобо: «Пахтани кўрсам, дефоляция учун сепилган дорилар туфайли туғруқхонада бевақт ўлиб кетган Иноят қизим ёдимга тушади», деб кўзларига ёш оларди...
Ҳа, мустабид совет тузуми учун «оқ олтин» дея шарафланган, аммо сув текинга баҳоланган пахта ҳаводек зарур, бироқ уни етиштираётган ўзбекнинг ҳаёти сариқ чақага тенг эмас эди.
«Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди, тадбиркорлар пахта «ўлпони»дан озод бўлди, мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Ўзбекистон халқаро «қора рўйхатлар»дан чиқарилди», – деди Юртбошимиз ўзининг байрам тадбиридаги нутқида.
...Яна хотиралар лавҳаси кино тасмасидек жонлаверади. 1980 йил 1 сентябрда 2-синфга ўқишга борганим ва беш кун ўқиганимиз заҳоти мактаб ёпилиб, ҳамма теримга сафарбар қилинганини эслайман. Ўша йили далада бир чигит қолгунча териб топширилганди. Роппа-роса уч ой далада теримда ҳашарчи бўлиб, 5 декабрь куни мактабга қайтгандик. «Ўриснинг боласига мазза, улар пахтага чиқишмайди», дердик эгатлар орасида бўйимиз кўринмасдан тимирскаланиб юрарканмиз. Тўққиз-ўн яшар ўғил-қизларнинг қор-қировли кунлари панжаларини совуқ олиб, азият чекканларини-ку айтсам, юрак титрайди.
Ҳа, оқ пахтанинг қора сиёсати узоқ давом этди. Жонажон Ватанимиз ўзининг сиёсий мустақиллигига эришгач ҳам пахта яккаҳокимлигига дарҳол барҳам берилмади. Бунинг иложи ҳам йўқ эди. Совет даври асоратларини зудлик билан бартараф қилиш имконсиз бўлган. Биринчи галда қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар ўтказиш талаб қилинарди. Колхозлашган тизимдан воз кечиб, деҳқон ва фермер хўжаликлари ташкил қилиниши ана шу ислоҳотларнинг ёрқин намунаси бўлди. Бугунги кунда шаклланаётган кластерлик эса бу ислоҳотларнинг янги босқичи дексак, янглишмаймиз.
Тан олиш жоиз, халқимиз пахта якка ҳокимлигига узил-кесил барҳам берилганини беш-олти йилдан буён ҳис қилиб келмоқда. Бунга довур мактаб ўқитувчисию ўқувчиси, шифокорлар, талабалар ҳамда бошқа давлат идоралари ходимлари куз келди дегунча этак тақиб, далага сафарбар қилинарди. Ўзимнинг ҳам телевидение, газета таҳририятлари ходимлари қатори эртадан то кечга қадар пахта терган кунларим олис ўтмиш эмас.
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари олий ўқув юрти талабалари – юрт истиқболи, эртанги кун таянчи. Улар қанчалик ўқиш, илм олиш билан машғул бўлсаларгина жамиятимиз тараққий қилади. Ойлаб ҳашарларда суринган йигит-қиз қанчалаб фойдали дарсларни ортда қолдиради. Вақтида сабоқ ололмаган ёшлар чаласавод бўлиб камолга етиши шубҳасиз.
Эндиликлар ҳар бир ўқувчи ёки талаба илм олиш, изланиш билан, ўқитувчи дарс бериш билан машғул. Буни биз тенгилар ёшлигида тасаввур ҳам қилолмас эди. Кечаги кунгача бундай бўлиши рўёлардай гап бўлган. Энди эса тушлар ўнгга дўнгандек гўё.
Оқ пахтанинг қора сиёсати, яккаҳокимлигига барҳам берилиши бу – янги бир жамиятнинг шаклланаётганидан дарак беради. Бу эса жамиятда ёшлар учун чексиз имкониятлар мавжудлигини англатади. Бу имкониятнинг бош дарвозаси ўқиш ва изланишдир. Қолгани эса ўзи эргашиб келаверади.
Эрпўлат БАХТ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил