Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Бир ойда 300 та ўлим

Жарималар ошяпти, радарлар кўпаймоқда, тезлик пасайтирилди аммо... Йўллардаги фалокатлар нега камаймаяпти?

Бир ойда 300 та ўлим

Йўлда кетаётиб иккита машина автоҳалокатга учраганини кўриб, бирдан юрагингиз орқага тортади. Бировнинг қўпол хатоси ёки қоидани менсимай ҳаракатланиши ортидан кимдир оғир жароҳатланади, кимдир бир умрга ногирон бўлиб қолади ёхуд бир оила ўзининг ягона боқувчисидан, фарзандлар отасидан жудо бўлади...

Йўллардаги автоҳалокатларнинг олдини олиш бўйича сўнгги йилларда кўп ишлар қилинди, қилиняпти. Бироқ ҳамон йўл транспорт ҳодисалари ортса ортяптики, зинҳор камайгани йўқ. Автоҳалокатлар сабаби ўрганилганда эса кимнингдир қоидани билмаслиги, йўл қоидаларини писанд қилмай ҳаракатланиши ва ҳатто йўл белгиларининг нотўғри ўрнатилгани оқибатида аянчли ҳодиса содир бўлгани кўринади. Йўлларимизда машинада тугул йўл ёқаларида ҳаракатланиш ҳам тобора хавфли бўлиб бормоқда.

Маълумотларга қараганда 2023 йилнинг саккиз ойида 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарликлар қайд қилинган. Оқибатда шу даврда содир бўлган 6 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисасида 1 минг 415 нафар инсон ҳалок бўлган, 5 минг 448 нафар фуқаро жароҳатланган.

Олдинроқ эълон қилинган статистикага кўра, 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида содир бўлган ЙТҲлар туфайли 1115 киши вафот этгани ҳамда 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани очиқланган эди. Бундан маълум бўладики, 2023 йилнинг биргина август ойида йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 300 киши ҳалок бўлган. Бу эса, бир ойда ҳалок бўлганлар кунига 10 кишини ташкил қилади дегани.

Бир қараганда бу шунчаки рақам бўлиб кўриниши мумкин, аммо шунча одам шунчаки «арзимаган қоидабузарлик»лар ортидан ҳалок бўлган. Кимдир фарзандини, яна кимдир ота-­онасини йўқотган.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда тахминан 11 мингга яқин пиёдалар ўтиш жойлари мавжуд бўлиб, уларнинг бор-йўғи 1 834 тасида светофор ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи бошқа йўл белгилари тўлиқ ўрнатилган, – дейди сенатор Толибжон Мадумаров. – Аксарият тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчиларни мазкур объект тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилмаган ва йўл чизиқлари тўғри чизилмаган. Бундан ташқари, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари сутканинг қоронғи вақтларида тегишли сунъий ёритиш чироқлари билан таъминланмагани боис, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарият қисми тунги вақтларда содир бўлмоқда.

 

Айбдор қай бири: ҳайдовчи, йўловчи ёки носоз йўл?

Таҳлилларга кўра, 2021-2023 йиллар давомида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида 2 784 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, уларнинг 1007 таси сутканинг қоронғи вақтларида юз берган. Ҳайдовчилар томонидан тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаслик ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда ва бундай ҳолатлар йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яна шуни таъкидлаш керакки, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда рулга ўтириш қанчалик аянчли ҳодисага олиб келиши аниқ бўлса-да, айрим ҳайдовчилар бу қоидани ҳам назар-писанд қилмаяпти. Оқибатда эса йўл транспорт ҳодисасини содир этиб, кимнингдир умрига зомин бўлишяпти.

– Статистикани кўриб чиқдим. Бир нарса эътиборимни тортди, 1 115 нафар инсон ҳалок бўлган бўлса, шундан 1078 нафари хавфсизлик камарини тақмаганлик оқибатида деб берилган, лекин бунда 500 га яқин пиёдалар ҳам бор эди-ку, – дейди «TRANSKASB» корхоналар уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари, эксперт Носиржон ЗОКИРОВ. – ЙТҲлар 11 фоизга, ўлимлар эса 12 фоизга ошган. Биз оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашишимиз керак. Ҳар бир ҳолатни ўрганиб, аниқ таҳлиллар қилиш керак. Бундай маълумотлардан одам даҳшатга тушади. Яқинда Сирдарёда Самарқандга қатновчи автобус ҳайдовчиси ҳам ухлаб қолган, 30 ёшли йўловчи вафот этди. Қонунчилик шундай бўлиши керакки, ҳайдовчи ухлаб қолмаслиги керак, яъни дам олиши ҳам белгиланиши зарур. Транспорт воситасини бошқариш ва дам олиш меъёрлари ҳам назорат қилиниши лозим.

Танганинг иккинчи томони бор, деганларидек пиёдаларнинг ҳам аксарият қисми йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмайди. Пиёдалар ўтиш жойи белгиланмаган қатнов қисмидан йўлни кесиб ўтиш, такси тўхтатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмигача чиқиб бориши, йўлнинг қатнов қисмидан велосипед ва электрон скутерларда ҳаракатланиши оқибатида ҳам бугун йўл транспорт ҳодисалари кўпаймоқда. Узоққа бормайлик, куни кеча пиёдалар ўтиши учун белгиланмаган жойдан ҳаракатланган пиёдани ҳаракатланиб келаётган машина... ҳайрият­ки ҳайдовчининг тезкорлиги туфайли пиёдага ҳеч нарса қилмади. Биргина шу ҳолат эмас, республика бўйлаб кунига 100 дан ортиқ мана шундай ҳодисалар содир бўляпти.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳодисаларнинг кўпайишига тарғибот тадбирларининг етарли даражада олиб борилмаётгани, баъзи ҳудудларда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш одат тусига айланиб қолгани, вояга етмаган шахсларнинг рул чамбарагини тутаётгани, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг қоидаларга амал қилмаётгани сабаб бўлмоқда.

 

«Қотил» макет

Йўл-транспорт ҳодисаларининг ортишига яна бир ҳолат сабаб бўлмоқда. Эътибор берган бўлсангиз чўл ҳудудларда ёки қўриқхона мавжуд йўлларда кўп ҳолларда ҳайвонлар серқатнов йўлга чиқиб келишади. Бу эса йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига олиб келади. Айниқса тунги вақтларда ҳайвонларнинг тўсатдан йўлнинг қатнов қисмида пайдо бўлиши йўл транспорт ҳодисаси содир бўлиши хавфини оширади. Албатта, бундай йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун ҳайвонлар расми туширилган улкан макетлар ўрнатилган. Аммо бу макетлар йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ўрнига аксинча ҳайдовчиларни чалғитиб қўймоқда.

Ҳайвон кўринишидаги макетлар ҳайдовчиларни огоҳлантиришдан кўра кўпроқ чалғитади. Бу айниқса тунги вақтларда икки карра ошади – «ҳайвонлар» гўёки йўлга чиқиб келаётгандек кўринаверади. Табиийки, унга кўзи тушган ҳайдовчида йўлга ҳайвон чиқиб келаяпти, деган тасаввур уйғонади ва уни уриб юбормаслик учун рулни беихтиёр қарама қарши томонга буриб юборади. Айни шу вазиятда қарама-қарши томонидан машина келаётган бўлса, тўқнашув содир бўлади.

Ўтган ой Учқудуқ туманида уч кишининг ўлими билан якун топган ЙТҲ содир бўлди. Ҳайдовчи кутилмаганда бош­қарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланган. Оқибатда икки машина тўқнашиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойда йўл четига сигир макети ўрнатилган. Демак, ҳайдовчи кутилмаганда бошқарувни йўқотиши учун учта вариант бор: техник носозлик, ухлаб қолиш ёки нимадандир тўсатдан чалғиш. Бу бошқарувни йўқотган ҳайдовчини сигир макети чалғитган бўлиши мумкин, деган тахминни юзага чиқаради.

 

«Инновацион» ажал

Нафақат Навоийда, балки кўплаб чекка ҳудудларда йўлни тажриба майдонига айлантириш оддий ҳолга айланган. Янги «инновация» ўйлаб топилади ва мутахассислар хулосаси олинмасдан, экспертлар фикри ўрганилмаган ҳолда дарҳол серқатнов йўлда синаб кўрилади. Бу ҳолдан на ҳайдовчилар огоҳлантирилади, на тарғибот ишлари олиб борилади. Ҳайдовчилар эса бевосита мазкур «тажриба» иштирокчиларига айланади.

Масалан, 2022 йилнинг ноябрь ойи бошида «Навоий-Зарафшон-Учқудуқ» йўлининг кимсасиз чўл зонасида йўл четига антиқа макет ўрнатилди. У кўп ҳолларда ажални тасвирлашда ишлатиладиган кўриниш – қўлида катта чалғи тутган, қора кийимли одам шаклида эди. Ушбу макет ўша куниёқ ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

 

Нима қилиш керак?

Ўзбекистонда жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини 2030 йилгача камида 50 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда. «Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳам бу мақсад кўрсатиб ўтилган.

Стратегияни 2023 йилда амалга ошириш чоралари тўғрисидаги қарор лойиҳасига кўра, 2024 йилда жиддий оқибатлар билан боғлиқ ЙТҲлар сонини 10 фоизга камайтириш кўзда тутилган. Дарвоқе, жорий йилнинг февраль ойида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўз олдига 2023 йилда ЙТҲлар ва улардаги ўлимлар сонини 15 фоизга камайтиришни мақсад қилиб қўйган эди...

Қўрқинчли рақамларни камайтириш учун биринчи навбатда тарғибот тадбирларини кучайтириш, ҳайдовчилар билан машғулотлар ўтиш, қоидаларни писанд қилмай ҳаракатланаётган ҳайдовчиларга жиддий чоралар кўриш лозим. Фақат жарималар қўллаш ва жарималарни ошириш билангина йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини ололмаймиз. Қолаверса, пиёдалар билан ҳам тарғибот тадбирлари кучайтирилиши зарур. Чунки йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти пиёдаларнинг белгиланмаган жойлардан ҳаракатланиши оқибатида юз берган.

 

Мансурбек ЖАББОРОВ,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

🕔16:45, 04.06.2026 ✔31

Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

Батафсил
Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

🕔16:01, 21.05.2026 ✔219

Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

Батафсил
Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

🕔15:56, 21.05.2026 ✔216

Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

    Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

    Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

    ✔ 31    🕔 16:45, 04.06.2026
  • Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

    ✔ 219    🕔 16:01, 21.05.2026
  • Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

    Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

    Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

    ✔ 216    🕔 15:56, 21.05.2026
  • «Матонат  мадҳияси»

    «Матонат мадҳияси»

    Юртимиз узра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ­шукуҳи кўнгилларга чўғ солган­ ҳолда оламга илиқлик ­уруғларини сочиб кезиб юрибди.­ ­Шунга монанд агар сизнинг ҳам қалбин­гизга юқоридаги каби қайноқ чўғ тушган бўлса ҳамда муҳим санани муносиб кутиб олиш ва ўтмишдаги­ ­жасоратларни юракдан ҳис ­қилиш учун бир маскан ­излаётган ­бўлсангиз, мана сизга ҳақиқий зиёратгоҳ – ­ муҳташам Ғалаба боғи!

    ✔ 344    🕔 09:15, 08.05.2026
  • Амалиёт илмга асосланса  самара  беради

    Амалиёт илмга асосланса самара беради

    Замон шиддат билан илгариламоқда. Кечагина ахборотни газета саҳифалари ёки эфир орқали қабул қилган жамият бугун уни бир вақтнинг ўзида видео, аудио, инфографика ва турли рақамли платформалар орқали истеъмол қилмоқда. Ахборот майдони кенгайди, имкониятлар ортди. Аммо бу кенгайиш ўз-ўзидан янги бир масъулиятни, тезлик ортидан қувиш жараёнида ишончлиликни йўқотмасликни ҳам талаб қилади.

    ✔ 515    🕔 08:53, 23.04.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар