«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсилёхуд хонадон озодалигининг оила бахти, фарзандлар тарбиясидаги ўрни хусусида
Дарвозадан киришингиз билан атроф обод, яшил дарахтларга бурканган, гулу райҳонлар барқ уриб турганига кўзингиз тушса, беихтиёр баҳридилингиз очилади. Орасталик, озодалик ҳукмрон хонадондан файз ёғилиб туради. Фариштали уй, файзли уй каби иборалар ҳам айнан саришта хонадонларга нисбатан ишлатилади.
Аммо манзара бунинг акси бўлса-чи? Ҳовли юзи супурги кўрмаган, томорқада ҳам экин-тикин билан бирга, турли чиқиндилар бўй кўрсатган, атрофида пашша-ю чивинлар вижирлаб турган бўлса-чи?
Тозалик — руҳ поклигидан дарак
Саранжом-саришта ва тартибли бўлиш инсон қалби ва руҳи поклигини кўрсатади. Хонадондаги осойишталик ва файз-барака ҳам айнан саришталикка боғлиқлигини доим такрорлайди отахону онахонларимиз.
— Тўрт ўғилни уйлаб, уч қизни узатганман, — дейди тошкентлик Ҳуррият ая АЪЗАМОВА. — 92 ёшга кириб, ҳали покизаликдан устунроқ яхши одатни кўрмадим. Шунинг учун келин танлаётган маҳал совчи бўлиб борган уйимни зимдан кузатардим: ошхона саришта, уйлар саранжом ва тоза бўлса, кейин муддаога ўтардим. Чунки озода хонадонда вояга етган қизларнинг кўнгли пок, ишлари ҳам батартиб бўлади. Бундай жойдан келин туширсангиз, асло хато қилмайсиз. Кенжа ўғлимнинг тенгини топиш бироз мушкул келди. Кўп остоналарни ҳатладим. Маҳалламиздаги бир қизни мақтаб қолди танишлар. Негадир қизнинг фақат ҳуснидан келишади-да. Одобу тарбияси ҳақида на яхши, на ёмон гап бор. Бироз истиҳола билан совчиликка бордим. Ташқи ҳовлидан киришим билан дилим ғаш тортди. Деворлар қалин ис босган. Худди одам кўчиб кетган уйни эслатади. Ичкари ҳовлида ҳам аҳвол шу: қандайдир файзсиз. Бўйи етган қизлар яшайдиган хонадонга ўхшамасди. Уй бекаси мақсадимни тахминлади шекилли, тезроқ меҳмонхонага киритиш тадоригига тушди. Мен ҳам эски одатим бўйича ошхонадан бошлаб, уй айландим. Ўчоқ бошидан тортиб, қозон-товоққача разм солиб, кўнглим хижилланди. Бу уйдан келин олиш тугул, тезроқ кетгим келарди. Мезбон қўярда-қўймай, чойга таклиф қилди. Ҳақиқатан ҳам, мақтаса мақтарли суқсурдай қиз чой олиб келди. Нима дейсиз энди, совчи деган синчи бўлади. Дарҳол пиёла ва чойнакка разм солдим. Улар ҳам яқин ўртада тозаланганга ўхшамайди.
«Бу аёлга онаси ё қайнонаси ўргатмаганки, мана, у ҳам қизларига ўргатмаяпти. Мен келин қилмасам, эрта-бир кун бу қизни бошқаси келин қилади. У ҳам борган хонадонига ота уйида олган тартиб-тарбиясини давом эттиради, ўғил-қизларини ҳам шу тахлит улғайтиради. Тартибсизлик занжири узилмай, давом этаверади...» Шу мулоҳазаларга бориб, кетар чоғим уй бекасига бир-икки оғиз насиҳат қилишни ўринли билдим. Эркак топганининг баракаси аёл қўлида. Хотин уйни тоза-озода, саранжом сақламаса, бундай хонадонда на қут-барака, на файз бўлишини айтдим. Уйдаги тартибсизлик болалар тарбиясига ҳам кўчишини, энг ёмони қизлар учун нотозалик одатга айланиб қолиши мумкинлигини уқтирдим. Қиз бола фақат чиройи билан эмас, одоби, меҳнати, саранжом-саришталиги билан гўзал. Қизингиз бетартиб, ўтирган жойини тозаламайдиган бўлса, уни борингки, энг анвойи гулга ўрасангиз ҳам, ҳусни кўзга кўринмайди. Қиз боланинг бахти унинг хушхулқи ва меҳнатида.
Дарҳақиқат, одам фақат тарбия орқали инсон бўлади. Тозалик эса эстетик тарбиянинг асоси. Биз ўзимиз яшаётган хонадонни озода сақламай туриб, на тарбия ва на инсонийлик ҳақида гапира оламиз. Энг ёмони эса, фарзандларимизга ҳам бу борада «намуна» кўрсатамиз.
Фармонбиби айтгандек...
«Уй аёл ҳаётининг чегараси эмас, маркази бўлиши керак», деган эди англиялик сиёсатшунос Маргарет Тэтчер. Хонадондаги озодалик аёл зиммасида. Бу ёзилмаган қоидадек гап. Чунки уй юмушлари, фарзандлар тарбияси билан кўпроқ бекалар шуғулланади. Шунинг учун бўлса керак, қиз тарбиялаётган хонадонларда бунга катта эътибор берилади. Хўш, маҳаллаларда ҳовли-жойлар озодалиги, уйлар саришталиги борасида қандай тадбирлар олиб борилмоқда?
— Бутун мамлакатимизни обод қилиш ҳақида кўп қайғурамиз, аслида ободлик остонадан — уйдан бошланиши керак, назаримда, — дейди Тошкент шаҳридаги «Чоштепа» маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Зуҳра ВАҲОБОВА. — «Келинлар қўзғолони» фильмида Фармонбиби айтганидек, супуруқсиз уйда байрам қилиб бўлмайди. Энг аввало, қизларимизга шу нарсани уқтириш биз оналарнинг вазифаси. Хонадонни озода сақлашнинг яхши томонлари ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Тоза уйда кишининг баҳридили очилади, кайфияти кўтарилади. Саришта уйда тотувлик, меҳр-оқибат ҳам мустаҳкамланади.
Оилада аёл ва эркакнинг ҳуқуқлари тенг. Бугун кўплаб хотин-қизлар нуфузли ташкилотларда турли лавозимларда фаолият юритмоқда. Кун бўйи идорада ишлаб, уйга қайтган бекага уй юмушлари малол келиши мумкин. Шунинг учун бунда оила аъзоларининг кўмаги муҳим. Айрим бекаларимиз ҳамма ишни якшанба куни қиламан, дейди. Агар уй тозалаш учун ҳар кун ярим соатдан вақт ажратилса, дам олиш кунида бекани уюм-уюм юмуш кутиб олмайди. Уй ишларини ўзингизга қулай тарзда режалаштириб, оила аъзоларингизни ҳам шунга ўргатсангиз, ишонаверинг, сиз энг саришта бекага айланасиз.
Уй ва ҳовлининг тоза-озодалиги учун эр ва хотин баравар ҳаракат қилган хонадоннинг файзи бўлакча. Уй юмушларини бирга бажариш вақтида улар ўртасида меҳр-оқибат кучаяди, фарзандлар учун чиройли намуна кўрсатилади. Эр-хотиннинг ҳамжиҳатлигини ҳам шундай ўринларда кўриш мумкин.
Тўғри, бугун ҳаммада вақт зиқ. Кўп нарсага улгуриш керак, деймиз. Ҳаёт тиғизлашгани боисми, ҳозир аёллар бир-бирининг уйига камроқ меҳмон бўляпти. Йиғин-тадбирлар ҳам кўпроқ кафе-ресторанларда ўтказиляпти. Киши ўзининг уйидаги камчиликни сезмайди. Бировнинг уйида эса майда тартибсизлик ҳам дарҳол кўзга ташланади. Бу уй бекасига ўзи учун тўғри хулоса чиқаришига ёрдам беради. Шунинг учун, менимча, аёллар бир-бириникига тез-тез бориб туриши, ўрганиши ва ўргатиши лозим.
Ошхона касалликлар ўчоғига айланмасин
— Тозалик бор жойда соғлик-саломатлик, файзу барака бўлади, — дейди умумий амалиёт шифокори Зулфия ҲАЗРАТҚУЛОВА. — Касалликларнинг катта қисми уй шароитида оддий гигиена қоидаларига амал қилмаслик оқибатида пайдо бўлиши кўпчиликка маълум. Аммо шундай бўлса-да, ҳар доим ҳам хонадон тозалиги ва гигиенасига амал қилинавермайди. Оила шифокори сифатида бир кунда олти-етти хонадонга кираман. Уйдаги аҳволни остонадан билиш мумкин. Кираверишда оёқ кийимлар тартибсиз сочилган, чанг ҳиди бурқсиб турган бўлса, бошқа хоналарни тасаввур қилиш қийин эмас. Бундай хонадонда саломатлик ҳақида гапириш ҳам ўринсиздек туюлади. Уйдаги нотозалик, оддий гигиена қоидаларига амал қилмаслик сабаб вирусли гепатит А ривожланиши турган гап.
Хоналарнинг нотоза бўлиши аввало уйда паразитлар кўпайишига замин яратади. Суварак, пашша, турли каналар, сичқон ва каламуш озиқ-овқат қолдиқлари, чиқинди вақтида тозаланмайдиган уйда пайдо бўлади ва юзлаб касалликларни олиб келади. Масалан, биргина суваракдан 92 турдаги хасталик юқиши мумкинлигини кўпчилик билмаса керак.
Ошхона озгина эътиборсизлик сабаб, касалликлар ўчоғига айланиши ҳеч гап эмас. Ошхона чаноғи (раковинаси)даги ювиқсиз идишлар, тозаланмаган совитгич, кирланган пол, чирк босган кафель... афсуски, мана шундай аҳволдаги хонадонлар йўқ эмас. Аслида ҳар бир бека тозалашни шуларни бартараф этишдан бошлаши керак. Ошхонанинг ўзига яраша санитария тартиблари борки, улар кўзга ташланмаса-да, келтириб чиқарувчи оқибати оғир. Мисол учун, бозордан тухум сотиб олгандан сўнг, уни шундоқ совитгичга тахлаб қўямиз. Билмаймизки, тухум билан бирга минглаб микробларни ҳам совитгичга жойлаган бўламиз. Яхшиси, тухум совуқ сувда яхшилаб ювиб ташлангач, жойланса, микроблар бартараф қилинган бўларди.
Кўпчилик учун майда, арзимасдек туюлаётган хонадон гигиенаси ва тозалиги аслида катта ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга. Шу боис оила шифокорлари ва патронаж ҳамширалар уйма-уй юриб, ҳар бир хонадонда тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Она нега уялди?
Шаҳло НУРМОНОВА,
тез тиббий ёрдам шифокори
— Соат чамаси кундузги тўртлар эди. Икки ёшли боланинг аҳволи оғирлашгани ҳақида хабар келиб тушди. Айтилган манзил томон шошилдик. Очиқ турган дарвозадан кириб борар эканмиз, димоғимизга қўланса ҳид урилди. Бола йиғиси келаётган тарафга қараб юрдик. Супа четида биғиллаб йиғлаётган болани онаси овутолмай овора.
Беморда ўткир ичак инфекцияси ташхиси тахмин қилиниб, дарҳол биринчи ёрдам кўрсатилди. Бола бироз тинчлангач, атрофга қарасам, гўдак ётган супада йиғиштирилмаган дастурхон ва ювуқсиз идишлар... пашшалар учиб-қўниб турарди. Бурнимга яна қўланса ҳид урилди. Ошхона томонга ўтдим. Шунга ўхшаш манзара: ювуқсиз идишлар, стол устида овқат қолдиқлари... Ошхона ёнида эса бир уюм чиқинди ва қўра. Унинг олдида беш-олти ёшли бола ўйнаб ўтирар, ҳар-ҳар замон юзи ё елкасига қўнган пашшани ҳайдаб, ўйинини давом эттирарди. Икки ёшли болада ўткир ичак инфекцияси қандай пайдо бўлганини англагандай бўлдим. Уй бекасига тозалик ва гигиена ҳақида бироз тушунтириш бердим. Боладаги касаллик ҳам оилада оддий гигиена қоидаларига амал қилмаслик оқибатида юз беришини айтдим. Аёл фикримни дарҳол уқди, уялди.
Олимларнинг фикрича, киши умрининг учдан бир қисмини ўз уйида ўтказар экан. Уй — кишининг энг дахлсиз макони. Обод ва саришта хонадон эса бахту саодат, файзу барака ошёни. Ундаги қулайликлар ва тозалик турмуш фаровонлиги ва кўнгил ободлиги кафолатидир.
Дилроз АБРАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил