Табиат      Бош саҳифа

Экотуризм: Улкан имконият ва бебаҳо ресурс натижаси етарлими?

Экологик туризм ўтган асрнинг охирларидан жаҳон сайёҳлик индустриясига аста-секин кира бошлади ва бугунги кунга келиб жадал суръатларда ривожланиб бораётган иқтисодий соҳалардан бирига айланди.

Экотуризм:  Улкан имконият  ва бебаҳо ресурс  натижаси  етарлими?

Экспертларнинг фикрича, ҳозирда экотуризм энг сердаромад соҳалардан бири ҳисоб­ланади. Ушбу тармоқни янада ривожлантириш нафақат ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этиш, балки экологик муаммоларни бартараф қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Алоҳида таъкидлаш жоиз, экотуризм табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишга катта ҳисса қўшади ҳамда уларни тўла-тўкис ўтказишга сезиларли молиявий кўмак беради.

Юртимизнинг кўплаб ҳудудларида ҳам экотуризм кенг миқёсда йўлга қўйилган. Бухоро вилоятидаги «Жайрон» экомарказида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани, Жиззах вилояти Зомин туманидаги табиий ҳудудларда экотуризм хизмати кўрсатиш инфратузилмалари яратилган.

Аммо бундай манзиллар етарлича деб бўлмайди, шу боисдан эндиликда юртимизнинг мавжуд ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда экологик туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратилади. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 январдаги «Ўзбекистон Республикасида экологик туризм­ни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилди.

 

10 йил муддатга ижарага берилади

Қарорга кўра, Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар (қўриқхонага айлантирилган зоналар бундан мустасно), ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, тоғли ва чўл ҳудудлари ҳамда сув обектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида (экоҳудудлар) жойлашган ер участкалари комплекс туризм хизматларини йўлга қўйган ҳолда туристик кластерлар ташкил этиш учун тадбиркорлик субектларига ажратилади.

Бунда ер участкалари «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик ўзгартириш имконияти билан 10 йил муддатга ижарага берилади.

Шунингдек, туристик кластерлар ҳудудидаги туристик обектлар енгил ва тез қуриладиган конструкция ҳамда экологик тоза қурилиш материалларидан барпо этилади.

 

Экоҳудудларни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади

Экология вазирлиги томонидан экоҳудудларни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади. Дастурлар кластерларда туризм хизматларини кўрсатишда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаслик масаласига қаратилади.

Қарорга кўра, қуйидагилар ҳам амалга оширилади:

– экоҳудудларнинг мавжуд табиий ресурсларидан келиб чиққан ҳолда туристик сўқмоқлар, селфи зона ва пикник зоналар, манзалари томоша майдончалари ва ҳайвонларни масофадан кузатиш имконини берувчи фототурлар ташкил қилиш;

– чиқиндиларни ташлаш ва экоҳудудда ўрнатиладиган йўл кўрсаткичлари нуқталарини белгилаш ҳамда экологик талабларга жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчаларини жойлаштириш;

– кемпинг, глемпинг, ўтов, экоуйлар ва бошқа турдаги жойлаштириш воситаларини ўрнатиш;

– экоҳудудларга кириш қисмида электромобиллар учун қувватлантириш станциялари, кўчма ресторанлари бўлган автотураргоҳлар қуриш;

– экоҳудудларда туристлар ўзлари керакли маълумотларни олишлари учун ташриф марказлари фаолиятини йўлга қўйиш.

 

Тадбиркорлик субъектларига қандай талаблар бор?

Туристик кластерларда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ер участкасини ижарага беришда қуйидаги талаблар қўйилади:

– экоҳудуднинг экологик ҳолати ва туризмни ривожлантиришнинг барқарорлигини таъминлаш;

– экоҳудудда ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

– экологик талаблар асосида туризм хизматларини диверсификация қилиш ва хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига етказиш;

– энергиянинг муқобил ва қайта тикланувчи манбаларидан фойдаланган ҳолда янги замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни жорий қилиш асосида ўзига хос экологик тизим яратиш;

– янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли даромадларини ошириш;

– экоҳудудга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш;

– инновацион ва замонавий туризм инфратузилмасини яратиш;

– автоматлаштирилган махсус электрон дастур ёрдамида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали ташриф буюрувчилар оқимини кўпайтириш;

– экоҳудуддаги туристик сўқмоқлар ва йўл кўрсаткичларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш;

– янги туризм хизматлари (шу жумладан, Planting Tour, Plogging Tour ва бошқалар) ва экоакцияларни ташкил қилиш;

– экоҳудуднинг ишлаб чиқилган бренди асосида тарғибот дастурларини амалга ошириш;

– экоҳудуднинг рекреацион салоҳиятини ошириш.

 

Қайси манзилларда экотуризм хизматлари йўлга қўйилади?

Қарорга кўра, Сурхон, Ҳисор, Нурота, Зомин давлат қўриқхоналари, «Судоче-Акпекти», «Барсакелмес» давлат буюртма қўриқхоналари, «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, Марказий Қизилқум, Жанубий Устюрт, Зарафшон, Хоразм, Зомин, Юқори Тўпаланг, Боботоғ миллий табиат боғлари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги, шунингдек, Бурчмулла, Қизириқ, Бойсун, Боботоғ, Ҳисор, Узун, Сурхондарё, Деҳқонобод, Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари ва Дарғом давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонасида экотуризм хизматлари йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

 

«Табиатга саёҳат» электрон платформаси ишга туширилади

Бундан ташқари, 2024 йил 1 сентябрга қадар «Табиатга саёҳат» электрон платформаси ва унинг мобиль иловаси ишга туширилади. Улар туристик кластерларнинг электрон харитаси, туристик кластерларнинг ташриф марказларида кўрсатиладиган хизматлар, саёҳатни режалаштириш ва жойлаштириш воситаларини олдиндан банд қилиш имконияти, мавжуд тоғ ва ғорлар, туристик сўқмоқлар ва уларнинг имкониятлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

 

Солиқ имтиёзлари

Шу билан бирга, 2027 йил 1 январга қадар чўл ҳудудларида рекреацион туристик хизматлар кўрсатувчи курорт зоналарини (тоифали меҳмонхоналар, СПА-меҳмонхоналар, санаторий ва пансионатлар) ташкил қилган тадбиркорлик субъектлари уч йил давомида фойда солиғини ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг 50 фоизини тўлайди.

Чўл ҳудудларида тематик хиёбонларни ташкил қилган юридик шахслар ҳам хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан уч йил давомида мол-мулк ва ер солиғининг 50 фоизидан озод қилинади.

 

Ушбу қарорнинг бугунги кун учун аҳамияти

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ўртасида экотуризм учун қулай транспорт-географик ҳудудда жойлашган, ривожланган турли хилдаги коммуникация алоқа йўллари билан боғланган бўлиб, ўзининг халқаро туризм салоҳияти бўйича жаҳонда олдинги ўринларни эгаллайди.

Бироқ, амалда Ўзбекистонда бу салоҳият ва имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланилмаётгани натижасида мамлакатимизда туристларни қабул қилиш амалиёти салоҳиятга нисбатан анча кам. 2023 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекис­тонга келган хорижлик сайёҳлар сони 4,9 миллион нафарга етган.

Дунёдаги 91 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга келиш учун визасиз тартибдан фойдаланиши мумкин. Таққослайдиган бўлсак, Қозоғистонга 26 та, Туркияга 41 та, Грузияга эса 56 та мамлакат фуқаролари визасиз кела олади.

Қайд этилаётган натижалар соҳанинг салоҳияти катта эканлигидан далолат беради. Шу боис соҳада инфратузилма объектларини янада кўпайтириш ва ички туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратиш зарур, экотуризм эса бу борада самарали ечим бўлади. Негаки, саёҳатингизни замонавий, ҳар томонлама қулай, барча шароитлар муҳайё бўлган шаҳарларда ўтказишингиз яхши, аммо табиат яратган мўъжизалардан олган ҳайратингиз олдида бу ҳеч нарса эмас. Негаки, инсон доимо аслиятга интилиб яшайди.

 

Шаҳруза САТТОРОВ




Ўхшаш мақолалар

Ҳеч ким  кўрмаса...  чиқинди  ташлаш  мумкинми?

Ҳеч ким кўрмаса... чиқинди ташлаш мумкинми?

🕔16:53, 04.06.2026 ✔18

Тасаввур қилинг: тонг отмоқда, қуёш нурлари юртимизнинг бепоён кенглик­ларини ёритмоқда. Сиз фарзандингиз билан маҳалла четидаги ариқ бўйига сайрга чиқдингиз. Лекин кўзингиз тиниқ сувга эмас, балки ариқ ичига ташланган турли чиқиндилар, қурилиш материаллари бўлаклари, шамолда учаётган полиэтилен пакетларга тушади.

Батафсил
Келажак  боғлари

Келажак боғлари

🕔16:40, 04.06.2026 ✔21

Бугунги кунда Ўзбекистон боғдорчилигида «функционал озиқ-овқат» яратиш даври бошланди. Энди боғбонларимиз меванинг йириклиги билан бир қаторда унинг таркибидаги инсон саломатлиги учун фойдали моддалар миқдорини ошириш устида ҳам изланиш олиб бормоқдалар.

Батафсил
Зарафшонда  депутатлар назорати:  Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...

Зарафшонда депутатлар назорати: Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...

🕔15:52, 21.05.2026 ✔80

Бугун ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда санитария ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ҳеч ким  кўрмаса...  чиқинди  ташлаш  мумкинми?

    Ҳеч ким кўрмаса... чиқинди ташлаш мумкинми?

    Тасаввур қилинг: тонг отмоқда, қуёш нурлари юртимизнинг бепоён кенглик­ларини ёритмоқда. Сиз фарзандингиз билан маҳалла четидаги ариқ бўйига сайрга чиқдингиз. Лекин кўзингиз тиниқ сувга эмас, балки ариқ ичига ташланган турли чиқиндилар, қурилиш материаллари бўлаклари, шамолда учаётган полиэтилен пакетларга тушади.

    ✔ 18    🕔 16:53, 04.06.2026
  • Келажак  боғлари

    Келажак боғлари

    Бугунги кунда Ўзбекистон боғдорчилигида «функционал озиқ-овқат» яратиш даври бошланди. Энди боғбонларимиз меванинг йириклиги билан бир қаторда унинг таркибидаги инсон саломатлиги учун фойдали моддалар миқдорини ошириш устида ҳам изланиш олиб бормоқдалар.

    ✔ 21    🕔 16:40, 04.06.2026
  • Зарафшонда  депутатлар назорати:  Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...

    Зарафшонда депутатлар назорати: Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...

    Бугун ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда санитария ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

    ✔ 80    🕔 15:52, 21.05.2026
  • Мушуклар нега хуриллайди?

    Мушуклар нега хуриллайди?

    Мушукнинг ёнингизда ётиб, майин ва бир маромда «хурр-хурр» овоз чиқариши кўпчиликка ёқимли туюлади. Бу ҳолат кўпинча унинг xурсанд ва хотиржам эканидан дарак беради, деб ўйлаймиз. Аммо аслида мушукларнинг хуриллаши оддийгина ҳиссиёт ифодаси эмас, балки мураккаб табиий жараён ҳисобланади.

    ✔ 78    🕔 15:50, 21.05.2026
  • Экологик  фойдали  саноат ўсимлиги нега етиштирилмаяпти?

    Экологик фойдали саноат ўсимлиги нега етиштирилмаяпти?

    Яқинда Янгиобод эски бозоридан кичкинагина қутича сотиб олдим. Кўринишидан совғалар учун тайёрланган, сомон ёки бошқа табиий материалдан тўқилган. Иш столимга олиб келиб қўйгандим, бир ҳамкасбимиз кўриб, канопдан тайёрланганини айтиб қолди. Ҳаммаси шундан бошланди. Каноп ўсимлиги, ундан фойдаланиш мавзуси хаёлимдан кетмади.

    ✔ 116    🕔 15:38, 15.05.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар