Айни пайтда полиз ва картошка экинлари ҳосилини йиғиб олиш ишлари давом этмоқда. Кечки карам, сабзи, ош лавлаги ҳамда картошка ҳосили ушбу ойнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ноябрь ойи охирига қадар йиғиштириб олинади. Экинлар тўлиқ етилишидан 10-12 кун илгари суғоришдан тўхтатилади.
Дала ва томорқада
Кечки экилган картошка ҳосили аксарият ҳолларда октябрь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб кавланади. Унгача етарлича ўсиши ва кўпроқ тугунак тугиши учун қулай шароит яратилиши лозим. Бунда тупроқ намлиги картошканинг шоналашидан сарғайишигача бўлган даврда 80-85, пояси сарғайишидан ҳосил йиғиб олингунга қадар 75-80 фоиз бўлиши керак. Тупроқда намликнинг бундан кўп ва кам бўлиши ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади. Бу тугунаклар таркибидаги қуруқ модда ва крахмални камайтиради, картошка ҳосилининг сақланиш муддатини қисқартиради. Намлик жуда ошиб кетса, тугунаклар димиқиб, оқ доғлар пайдо бўлади ва бундай картошкалар тез чирийди, сақланмайди. Шу боис суғорилганда эгат охирининг кўллаб қолмаслигига эътибор қаратиш талаб этилади. Агарда картошкани узоқ муддат сақлаш режалаштирилган бўлса, томорқадан йиғиштириб олгач, 15-20 кун вақтинча сақланади. Шундан сўнг териб-сараланиб, асосий сақланадиган хона ёки ўрага жойлаштирилади.
Ушбу ойда пишиб етилган экинлар ҳосилини йиғиштириб олишдан ташқари, кўпчилик томорқаларда кечки муддатда экилган сабзавотлар: шолғом, турп, кўкатлар, август-сентябрь ойларида экилган пиёз, саримсоқ майдонларида ерларни яганалаш, бегона ўтларни ўташ, суғориш каби тадбирларини ҳам сифатли ўтказиш талаб этилади. Бу юқори ҳосил кафолатидир.
Янаги йил ҳосилига замин ҳозирлаш мақсадида ҳосили тўлиқ йиғиштириб олинган экин майдонлари ушбу ойда ўсимлик қолдиқларидан тозаланиб, тавсия этилган миқдорда маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниб, 28-30 сантиметр чуқурликда ағдарилади.
Иссиқхонада
Бодринг ва помидор ўсимликлари битта поя қилиб, ипга олиб парваришланади, ёндан чиқарган бачкилари 7-8 сантиметрга етказмай чилпиб турилади. Ўсимлик пояси эса ҳафтада бир марта ипга боғлаб турилиши керак. Помидор ва бодринг яхши ўсиб ривожланиши учун ушбу ойда иссиқхона ҳарорати: помидор учун — кундузи +24... +26, кечаси +18 даража, бодринг учун — кундузи ҳарорат +20... +22 даража, кечаси +16... +17 даража бўлиши мақсадга мувофиқ.
Зараркунандалари: куз-қиш мавсумида парваришланаётган экинларга, асосан, оққанот, ғовакловчи пашша, полиз шираси, трипслар ва ҳар хил каналар тушиб, зарарлаши мумкин.
Чораси: уларга қарши «Вертимек» (10 литр сувга 3-5 грамм), «Актеллик» (10 литр сувга 10-15 грамм), «Децис» (10 литр сувга 10 грамм) ва «БИ-58» (10 литр сувга 10 грамм миқдорида) препаратлари қўлланилади.
Касалликлари: ун шудринги, сохта ун шудринги, қўнғир доғланиш ва макропариоз кабилар билан касалланади.
Чораси: уларни йўқотиш учун «Топаз» (10 литр сувга 5 грамм), «Фоликор» (10 литр сувга 7-8 грамм) ва «Квадрис» (10 литр сувга 5-6 грамм миқдорида) препаратларини қўллаш мумкин.
Иссиқхоналарда ушбу ўсимликлар сифатли ва тўғри парваришланса, бодринг октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида, помидор эса ноябрь ойи бошларида ҳосилга киради.
Мирғани МИРЗИЁДОВ,
Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти катта илмий ходими
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔123
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил