Хоразмнинг Ҳазорасп туманида Карвак деган сўлим қишлоқ бор. Бу ер ўзига хос ширин таъмли олмалари билан машҳур. «Карвак олмаси» – бир томони қип-қизил, иккинчи томони ям-яшил япалоқсимон мева.
Бозорда Карвак олмаси бошқа олмалардан камида икки баравар қиммат нархда сотилади. Бунга сабаб меванинг ўзига хос таъмида дейилса, бироз хато саналади. Нега деганда, Карвак олмасидан ҳам ширин олмалар бозорларда тиқилиб ётибди. Ҳамма гап Карвак олмаси оддий шароитда ҳам чиримасдан, сўлимасдан узоқ вақт сақланишида бўлса керак.
Одамлар орасида ана шу Карвак олмаси кўчатини бошқа жойга олиб бориб экилса, бунчалик ширин мева берамайди, деган гап оралаб юради. Ахир тупроғи, об-ҳавоси, ичадиган суви бир хил бўлсаю, нега энди бу тур олма бошқа жойда яхши ҳосил бермас экан, деб ўйланувчилар ҳам йўқ эмас.
Отам раҳматли «Элимизнинг ҳамма ери бир хил тупроқ, бир дарёдан сув ичади. «Карвак олмаси бошқа жойда яхши ривожланмайди», деган гапларнинг ҳаммаси чўпчак», – дер эди. Биз бола пайтимиз олиб келиб ўтқазган Карвак олмаси кўчати баравж ўсиб, мўл ҳосил берган эди.
Ўн йил муқаддам карваклик курсдошим менга довруғи оламга кетган олма кўчатидан икки туп берган эди. Ҳозир унинг бир тупи ўктамгина ўсиб, мева бериб келмоқда.
Буни кекса танишларимдан бирига айтиб берганимда, у вилоятнинг таниқли боғдори шовотлик Рўзимбой Отажонов эллик тупдан ортиқ Карвак олмасини парваришлаб келаётганини гапириб қолди.
«Хоразм қовунлари фақат Амударё бўйларида етиштирилгандагина ширин бўлади...»
«Карвак олмаси бошқа бирор жойда ўсиб-ривожланмайди...»
«Боғот узумлари фақатгина Деҳқонобод қишлоғида марвариддек бўлади...»
«Гуручнинг энг мазалиси – Гурланда!..»
Бундай гаплар халқ орасида текшириб кўрилмаган мантиқсиз афсоналар холос. Улар дангаса ва эпсиз одамлар тўқиб чиқарган баҳоналар таъсирида тарқалган бўлса, ажабмас. Ахир, Мирзачўлда етиштирилаётган қовунларнинг шираси нақ тилни ёради-ку! Улар Хоразм қовунларидан ортиқ даражада ширин бўлса, шириндирки, асло қолишмайди. Сурхондарё ва Жиззах олмалари нақ асалнинг ўзи. Карвак олмаси бу асал меваларнинг ёнида «ука»га айланиб қолади. Водийнинг девзира гуручи паловни таомлар тўрасига айлантириб юборади-ку!
Айтмоқчи бўлганим шуки, баҳорги боғдорчилик ишлари авжга кирган бир паллада ортиқча баҳоналарни йиғиштириб қўйган маъқул. Питнакда Европа иқлимига хос зайтун етиштириш бошланган бир даврда қаловини топган одам қорни ёқиб ўтирибди. Халқ орасида тарқалган афсона ва чўпчаксимон гаплар туфайли эзгу ишни четга сурмаслик лозим.
Бу йилги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига бел боғлаётган миришкорларимиз шу каби ноёб навларни экиб, халқимиз дастурхонини турли ноз-неъматларга тўлдиришга ҳам астойдил ҳисса қўшишлари мумкин. Лойиҳанинг асл мақсади ҳам шундай аслида.
Эрпўлат БАХТ
Энг замонавий лаборатория ҳам табиатни такрорлай олмайди, нега?
🕔15:09, 23.07.2026
✔5
XXI аср инсоният тарихида технологик тараққиётнинг энг юқори чўққиси сифатида тан олинмоқда. Олимлар сунъий интеллект яратмоқда, генларни таҳрирлаш технологияларини такомиллаштирмоқда, ҳатто Марс сайёрасини ўзлаштириш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Батафсил
Табиатни асраш йўлида жиддий қарор: камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
🕔13:30, 20.07.2026
✔45
Табиат – инсонга мерос эмас, балки келажак авлодлардан олинган омонат. Шу боис биологик хилма-хилликни сақлаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Пойтахт «яшил бекатлар»га муҳтож
🕔13:23, 20.07.2026
✔41
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида алоҳида BRT йўлакларининг ташкил этилгани муҳим ва ижобий қадам бўлди. Йўловчилар ҳам ушбу янгиликни илиқ кутиб олмоқда.
Батафсил