Дилим хун бўлиб йўл четидаги ўриндиқда ўтиргандим, қаёқдандир бир аёл чамаси беш ёшлардаги ўғлини етаклаб келди. Болакайни ўриндиқнинг нарига четига ўтказиб, қўлига музқаймоқ тутди ва «Чиққунимча шу ерда ўтир», деб тайинлади-да, ўзи йўлнинг у тарафидаги суд биноси томон кетди.
Болакай бутун борлиқни унутган кўйи музқаймоқни мароқ билан яларди.
– Музқаймоқни яхши кўрасанми? – болакайни саволга тутдим.
– Ҳа! – қисқагина жавоб берди у.
– Музқаймоқни кўп ейсанми? – зерикканимдан болакайни яна саволга тутдим.
– Йўқ! – яна қисқагина жавоб!
Шундан сўнг болакайга халал бергим келмади. Бироқ зум ўтмай у гапига қўшимча қилгандай:
– Музқаймоқ олиш учун пул керак-ку, – деди.
Aлланималарнидир тушунгандай бўлдим, индамадим, бироқ жим ҳам туролмадим.
– Кўп пулинг бўлса нима қилардинг?
– Кўп музқаймоқ олардим, – қўлидаги музқаймоқни авайлаб ер экан жавоб берди у.
– Жуда кўп пулинг бўлса-чи?
– Жуда кўп музқаймоқ олардим, машинча, – қулочини ёзиб кўрсатди.
Музқаймоқ берсангиз, дунёларча қувонадиган болакай. Уни шунчаки музқаймоқ билан бахтиёр этиш мумкин. Катталарни-чи, баъзан уларнинг нафси шунчалик ҳакалак отадики, бутун дунёни ютиб юборишса ҳам яна камдай.
– Ойингни кўпроқ яхши кўрасанми, музқаймоқними? – болакайни яна саволга тутдим.
У бир менга, бир қўлидаги музқаймоққа қараб қўйгач:
– Ойимни, – деб жавоб берди.
Бирдан ҳалиги аёл (болакайнинг онаси) пайдо бўлди. У гоҳ йўлнинг у томонига, гоҳ бу томонига қарар, хуноби ортиб ўзига-ўзи бир нималар деб қўярди. Шу пайт болакай «Aя, яна музқаймоқ олиб беринг», – деди.
– Музқаймоқ? – ҳалиги аёлнинг бирдан жазаваси тутди.
– Катта холангни пулига олиб бераманми сенларга ҳадеб музқаймоқни? Ўзи анави аблаҳ отанг алиментни тўламаган бўлса... Устингни нима қилдинг? (Болакайни кийимига бир-икки томчи муқаймоқ томган экан) эшшак, сенларга янги кийим олишга ҳадеб пул қаерда? Сен ҳам дадангдан баттар овсар бўласан. Мен сенга устингни кир қилмагин, дегандим-а...
Болакайнинг кўзларида ёш пайдо бўлди. Шу пайт ҳалиги аёл ўғлининг билагидан ушлаб силтаркан ўшқирди:
– Кўчада йиғласанг, уйга боргач, биласан-а нима қилишимни?
Болакайнинг кўзига жиққа ёш тўлган кўйи турарди. Ҳозир портлайди, пиқиллиб йиғлаб юборади, деб ўйлагандим. Йўқ, болакай йиғламади, кўзларида жиққа ёш қотиб қолган, лаби буришган, ўзи эса йиғламаслик учун тишини-тишига босиб олиб жим турарди. Уйга боргач нима бўлишини яхши билади. Ҳайратда эдим, болакай бундай ноҳақликка, разолатга қарши туришда ўзида куч топа олганди. Назаримда, ҳозир шу болакай дунёдаги энг кучли инсон эди. Ҳалига аёл ўғлининг қўлидан шарт ушлади-ю, судраганча қаергадир шошиб кетди.
Ўйга толаман, юрагим тирналади. Нега ахир ота-онасининг қилган хатоси учун болалар жавоб бериши керак? Нега онанинг ўз боласига нисбатан ҳам меҳри қолмаган? Болакайнинг отаси ташлаб кетгани сабаблими?! Нега энди биз душманимиздан кўра кўпроқ дўстимиздан озор кўришимиз керак? Бир покиза мурғак қалбини арзимаган нарсалар учун синдириш инсонга хосми?
Сўнгги кунларда ҳаётимда содир бўлган ноҳақликлар кўз ўнгимда жонланади. Димоғим ачишиб кетади. Бироқ мен ўша болакайчалик кучли эмасдим!..
Шаҳзода АБДУЛЛАЕВА
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔114
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил