Халқимиз «Мевани тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан», деб бежиз айтмайди. Тўқсон деганда қиш фаслининг 1 декабрдан 1 мартгача бўлган давридаги 90 куни назарда тутилади. Бу даврда айрим сабзавотлар тўқсонбости қилиб ҳам экилади. Аммо бунда агротехник чора-тадбирлар вақтида ва тўғри амалга оширилиши жуда муҳим.
Кеч кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин совуққа чидамли сабзавотлар тўқсонбости қилиб экилади. Улар кўкламда жуда барвақт униб чиқиб, эрта баҳорда экилган ўсимликларга қараганда 25-30 кун илгари етилади. Бундай экинларга сабзи, лавлаги, пиёз, исмалоқ, укроп, петрушка, сельдр, пастернак каби совуққа чидамли ўсимликлар киради.
Бироқ бунда ҳар бир ўсимликнинг совуққа чидамлилиги турлича эканини унутмаслик лозим. Тўқсонбости қилиб экилган сабзи ва пиёз уруғи эрта кўкламда ҳарорат +3... +4 даража илиқ бўлишига қарамай, жуда тез унади. Лавлаги уруғи тупроқ ҳарорати +5 даража бўлганда кўкара бошлайди. Пиёзнинг ёш майсалари 6 даража совуққа бемалол чидайди, лекин лавлаги майсаси эса 3-4 даражага бардош бера олмайди.
Сабзи ва лавлаги уруғининг яровизация (ўсимликнинг иқлим ва ҳароратга мослашиши натижасида юзага келадиган совуққа физиологик реакцияси) даври ҳарорат 0... +8 даражага етганда ўтади. Бу даврни сабзи 60, хўраки лавлаги 50 кунда ўтади. Борди-ю, ҳарорат нолдан паст бўлса, бу жараён янада чўзилади. Совуқ тушиши олдидан (+2... +5 даража) ва совуқдан сўнг ҳароратнинг кўтарилиши сабабли кўкламда ўсимлик эркаклаб кетади. Иссиқда униб келаётган сабзи уруғига совуқ таъсир этса, у эркаклаб кетиши мумкин. Бироқ уруғ экилгандан сўнг тупроқ доим иссиқ бўлса, бундай ҳол юз бермайди.
Яна бир эътиборга молик жиҳат: жанубий ҳудудларда яратилган «Сариқ Мирзойи» навли сабзи — қисқа кун, шимолий ҳудудларда яратилган (масалан, «Нантская», «Шантане») навлар эса узун кун ўсимлиги ҳисобланади. Бизнинг шароитда ушбу навлар тўқсонбости қилиб ёки кўкламда экилса, «Сариқ Мирзойи» нави эркаклаб кетади, «Нантская», «Шантане» навлари эркакламайди.
Пиёз, сабзи, лавлаги ва кўкат экинлар уруғлари тўқсонбости қилиб 25 ноябрь – 10 декабрда ва эрта кўклам 5 мартга қадар экилади. Тўқсонбости қилиб экилган ўсимликлар кўкламда барвақт, бегона ўт уруғларидан олдин тупроқнинг нами билан униб чиқади. Лекин бунда уруғ сарфи одатдагидан 25 фоизга кўпроқ бўлади.
Кузда экилган сабзи, пиёз ва лавлаги барглари кўкламда экилганига қараганда 1,5-2 баравар катта бўлиб, салкам бир ой илгари етилади ва улардан 14-15 фоиз юқори ҳосил олиш мумкин. Аммо бунда экиш учун уларнинг эркаклаб кетмайдиган навларини танлаш талаб этилади.
«Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачиликда йил давомида ойма-ой бажариладиган тадбирлар тақвими»дан.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔123
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил