Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Коррупция – ижтимоий иллат

Давлат ва жамиятда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб негизида фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, халқ фаровонлигини таъминлаш ҳамда инсонийликка зид бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш туради. Ҳар бир фуқаро шу тамойилларга риоя қилиб яшашига эришиш давлатнинг чинакам куч-қудратини намоён этади.

Коррупция – ижтимоий  иллат

Баъзида давлатнинг изчил ислоҳотларига кескин таъсир кўрсатувчи иллатлар нафақат бир халқ, ҳатто бутун башарият шаънига доғ тушириши мумкин. Ўзгалар меҳнати эвазига бойлик орттириш, ўзининг қонуний ваколатларини суиистеъмол қилиш, қонунга зид ҳаракатлар билан қилинган ғаразгўйликлар ижтимоий ҳаётимизда катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Бу каби иллатларга қарши ҳар бир инсон онгли равишда ўз муросасизлигини ифода этиши, керак бўлса, астойдил курашиши зарур.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида барча соҳаларда, умуман, жамиятимизда коррупция иллатига қарши аёвсиз кураш олиб боришнинг аниқ дастурий йўналишларини кўрсатиб берди. Зотан, соғлом жамият барпо этишнинг асосий шарти бу барча соҳаларнинг коррупциядан холи бўлиши, жамиятнинг ўзида бу иллатга қарши кучли иммунитет шаклланишига эришишдир.

Коррупция миллатнинг пойдеворига дарз туширадиган ижтимоий иллат саналади. Ўзига хос тараққиёт йўлидан кетаётган Янги Ўзбекистон шароитида коррупция балосидан узоқ бўлиш учун салмоқли фаолият амалга оширилгани эътиборлидир. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида 15 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Янги Ўзбекистон Конституциясида коррупцияга қарши курашиш ва Коррупцияга қарши курашиш органлари билан боғлиқ конституцион нормалар назарда тутилди.

Очиқлик ва ошкоралик, эркин рақобат муҳити ҳукм сурган жойда коррупция ҳам бўлмайди. Айни йўналишда сўнгги етти йилда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида очиқлик бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилди.

Коррупцияни таг-томири билан қуритиш учун аввало инсон омили ва қоғозбоз­ликни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йиллар давомида фуқароларни қийнаб келаётган жабҳалар кенг миқёсда таҳлилий ўрганилиб, уларнинг барчасида шаффоф механизм яратилаётгани ҳаммамиз учун қувонарли ҳолдир. Хусусан, давлат хизматларининг электрон тизимга ўтиши орқали минглаб фуқаролар ўз муаммолари юзасидан давлат идораларига бориб, навбат кутишдан холи бўлди. Бугунги кунда электрон давлат хизматлари сони 721 тага етгани, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошгани шунча инсоннинг ҳаётига янги ислоҳотлар самараси кириб борганидан далолат беради. Мазкур тизимнинг яратилиши ўз навбатида жойларда инсон омили билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини таъминлайди.

Кўпчилик яхши эсласа керак, бир пайтлар ёшларни олий таълимга жалб қилиш, ўқишини таъминлаш, ўқишга жойлаштириш масаласида бир қанча муаммолар юзага келган эди. Баъзан ҳақиқий билимли ёшлар бир четда қолиб, ўрнига мутлақо илмдан бехабар ва лаёқатсиз кимсалар талабаликка эришгани ҳам сир эмас. Баъзида коррупция иллати туфайли чинакам иқтидор эгалари таълим тизимидан жой ололмай қолгани аянчли эди. Эндиликда бу тизим бир қатор янги ислоҳотлар воситасида тартибга солинмоқда. Бугунга келиб, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари шаффоф тарзда ўтадиган бўлди. Ёшлар учун бир вақтнинг ўзида бир неча олийгоҳга ҳужжат топшириш имкони яратилди. 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайишига эришилди.

Инсон омили туфайли ўз вазифасига ноқонуний ёндашувнинг юзага келиши ижтимоий ҳаётимиздаги барча соҳаларда кузатилиши мумкин бўлган иллат эди. Уни етарли даражада тўғри йўлга қўйиш орқали одамлар давлатдан ва унинг сиёсий иродасидан мамнун бўла бошлади. Мана бир мисол: туман марказидан 60 километр узоқдаги қишлоқда яшайдиган инсон олтмиш ёшга тўлиб, пенсияга чиқадиган бўлса, у 30-40 йил давомида ўзи меҳнат қилган барча корхона-ташкилотлардан иш ҳақи тўғрисида маълумотнома, иш стажи ҳақидаги буйруқдан кўчирмани пенсия жамғармасига тақдим этиши талаб қилинар эди. Бир инсон етти-саккизта ташкилотда ишлаган бўлса, уларнинг ҳар бирига бориб, у ерда соатлаб навбат кутиб, маълумотномалар тўплагунча бир неча кун овора бўлишига тўғри келарди. Бундай сарсонгарчиликдан ўз манфаати йўлида фойдаланишни кўзлаган маҳаллий мансабдорлар ҳам, афсуски, йўқ эмас эди. Шундай пайтларда ўнлаб қоғозбозликлар одамларнинг силласини қуритгани айни ҳақиқат. Эҳтимол, бир пайтлар коррупциянинг илдиз отишига шу каби ҳолатлар сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.

Янги Ўзбекистон шароитида фуқароларни сарсон қиладиган бу каби чалкаш хизматларга барҳам берилди, деб бемалол айта оламиз. Сабаби, бугун давлат хизматлари электрон тизимга ўтиши ортидан давлат идораларининг фуқароларга яқиндан ёрдамчи бўлишига эришилди. Биргина нафақа тайинлаш масаласини оладиган бўлсак, бугунги кунда фуқаро нафақа ёшига етиши билан унга нафақа электрон тизим орқали автоматик тарзда расмийлаштирилади ва фуқародан ҳеч нарса талаб қилинмайди. Шаффоф, холис ва одилона ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётидаги инъикосини мана шу биргина мисол орқали ҳам яққол қўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Экологик партияси фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтириш, жойларда яшил ҳудудларни имкон қадар кўпайтириш, аҳолига соғлом ва хавфсиз турмуш тарзи яратиш борасида муҳим таклифларни илгари суриб келмоқда. Шунингдек, бу борада изчил жамоатчилик назорати яратилгани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Жойларда амалга оширилаётган ишлар жамоатчиликнинг муназам назоратида бўлиб келаётгани туфайли бир қатор салбий ҳолатларнинг олдини олишга эришилаётгани биз учун, жонажон халқимиз учун катта муваффақиятдир.

Эндиликда парламентдаги масъул қўмиталар маҳаллагача тушиб, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини аниқлаб, туман, вилоят прокурорлари ва ички ишлар бошлиқлари олдига аниқ вазифа қўйса, маиший коррупция ҳолатларига қарши курашишда яхши тажриба бўлиши қайд этилди. Айни жараёнда Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам фаол иштирок этади.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳозирда анча кенгайиб бормоқда. Уни бир-иккита масъул ташкилотларгина тўлақонли равишда бажариши мураккаб эканидан кўз юмиб бўлмайди. Шундай пайтларда соҳада амалга оширилган ишлар назорати электронлаштирилгани, жойларга масофадан кузатув камералари ўрнатилгани катта фойда бермоқда. Қолаверса, барча вилоятлар, туман ва шаҳарлардаги партия масъуллари бу каби фаолият устидан жамоатчилик назорати ўрнатишгани ҳам эътиборлидир. Яшил борлиқ ва ҳайвонот оламини асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атмосфера ҳавосини ифлослантирмаслик, чиқиндиларни тўғри утилизация қилиш каби йўналишларда юзага келаётган нохуш ҳолатларни бартараф этишда халқимизнинг ҳушёрлик билан кўрсатаётган жонбозлиги доимо бизга асқатмоқда. Яқинда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги ўрганишларимиз давомида шундай ҳолатларга ўзимиз кўп марта дуч келдик.

Фуқаролар баъзи бир маҳаллий мансабдорларнинг ўз ишига масъулиятсиз ёндашуви устидан жамоатчилик назорати ўрнатилиши зарурлигини билдиришди. Биз масъул раҳбарлар билан учрашиб, истиқболдаги ишларни келишиб олдик.

Шу тарзда бир қанча муаммолар жойида ҳал этилди. Бу эса, фуқароларнинг давлатдан, давлат идораларидан рози бўлишини таъмин этадиган энг муҳим омилдир.

Давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши курашиш – умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак. Айниқса биз, депутатлар жамиятимизни коррупция иллатидан тозалашда намуна бўлишимиз, қонун устувор бўлган соғлом жамиятни барпо этишга муносиб ҳисса қўшишимиз талаб этилади.

Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди платформаси, шунингдек, дастурий мақсадларида мамлакатимизда коррупция иллатларига қарши муросасиз кураш олиб бориш бўйича аниқ мақсадлар илгари сурилган. Шундан келиб чиқиб бу иллатга қарши кўп минг сонли партиямиз вакиллари, фаоллари ва халқ ноиблари билан бирга жамоатчилик назоратини янада кучайтирамиз.

Коррупцияга қарши аёвсиз курашиш ўз Ватани, миллати, халқини яхши кўрган, унинг келажаги фаровонлигини истаган ҳар бир ватандошимиз учун асосий вазифа бўлиб қолиши керак. Шунда биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимизга эриша оламиз.




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔131

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔170

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар