Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Гўзаллик ва ҳаёт манбаи энди бетонлар остида қолмайди...ми?

Замонавий шаҳарлар тараққиёт ва урбанизация оқибатида тобора бетонлашиб бормоқда. Ҳар бир янги қурилиш яшил ҳудудлар майдонини қисқартирмоқда.

Гўзаллик ва  ҳаёт манбаи энди  бетонлар  остида  қолмайди...ми?

Аммо бу ўзгаришлар фақат шаҳар манзарасига эмас, балки атроф-муҳит, иқлим, инсон саломатлиги ва ҳаёт сифатига жиддий таъсир кўрсатади.

2025 йил 1 июлдан бошлаб кўп қаватли уйлар массивларидаги тупроқ ва яшил қопламали умумий фойдаланишдаги ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик, қурилма ва конструкцияларни ўрнатганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекис­тон – 2030» стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳужжатга кўра, турар жой массивларидаги яшил ҳудудларни оёқости қилиш, бетонлаштириш учун жавобгарлик кучайтирилади. Бу нафақат шаҳар экологиясини яхшилаш, балки ер ости сувларини муҳофаза қилиш ва иқлим мувозанатини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Глобаллашаётган бугунги дунёда ҳар бир давлатнинг тараққиёти унинг экологик барқарорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда ҳам урбанизация жараёни тезлашар экан, шаҳарларнинг экологик муҳитини яхшилаш, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ва ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун ҳам шаҳарларда яшил ҳудудларни сақлаб қолиш, бетонлаштиришни чеклаш ва сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосини яратишга эҳтиёж пайдо бўлди. Бу фақатгина экологик тадбир эмас, балки мамлакатнинг келажакда сув инқирозига дуч келмаслиги учун ташланган муҳим қадамдир.

 

Сувдан самарали фойдаланиш нима?

2025 йил 1 июлдан бошлаб:

– яшил ҳудудларни бетонлаштириш ва оёқости қилишга қарши қатъий чоралар кўрилади;

– кўп қаватли уйлар қуришда ёмғир, оқова ва техник сувларни қайта ишлаш ва суғоришда ишлатиш мажбурий бўлади;

– «Soyali sayr ko‘chalari» тизими яратилиб, шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари бўйлаб дарахтлар экилади;

– замонавий сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, маҳаллалардаги дарахтларни самарали суғориш механизми йўлга қўйилади.

 

Экологик аҳамияти қандай?

1. Ер ости сувларини муҳофаза қилиш.

Ер бетонлаштирилган ҳудудларда ёмғир суви тупроққа сингмай, дренаж тизимлари орқали чиқиб кетади. Бу ер ости сувларининг тикланишини секинлаштириб, ресурс­лар танқислигини кучайтиради.

Яшил ҳудудларни сақлаш ва сувнинг табиий фильтрациясини таъминлаш орқали ер ости сувлари захираси тикланади.

Оқова ва ёмғир сувларини қайта ишлаш механизмини йўлга қўйиш орқали ер ости сувларига тушаётган босим камаяди.

2. Иқлимга ижобий таъсир.

Бетонлаштириш ва шаҳарларнинг ўсимликлардан холи бўлиши «иссиқлик ороллари эффекти»ни кучайтиради.

Ҳаво ифлосланиши даражаси ортиб, шаҳар муҳити экологик жиҳатдан ёмонлашади.

Яшил ҳудудларни сақлаш шаҳар микроиқлимини яхшилайди, иссиқликни пасайтиради ва ҳаво тозалигини оширади.

Дарахтлар кислород ишлаб чиқариш ва углерод газини камайтиришда муҳим роль ўйнайди.

3. Оқилона сув бошқаруви.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг катта қисмида ёмғир сувлари ва оқова сувлар қайта ишланмай, чиқинди сифатида оқизиб юборилади. Шаҳарларда сув манбалари асосан ер ости сувларига боғлиқ бўлиб, улар тезлик билан камаймоқда.

Оқова ва ёмғир сувларини тўплаш ва қайта ишлаш тизими мажбурий қилиб белгиланса, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш таъминланади. Замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ресурсларни тежаш ва экологик барқарорликни таъминлашга ёрдам беради.

 

Яшил ҳудудлар нима учун муҳим?

1. Ҳавони тозалайди ва иқлимни мувозанатлайди.

Дарахтлар атмосферадан зарарли газларни ютиб, кислород ишлаб чиқаради. Ёзда иссиқликни пасайтиради, ёмғир сувларини тупроққа сингдиришга ёрдам беради.

«Иссиқлик ороллари» эффектини камайтириб, шаҳарларда салқинликни таъминлайди.

2. Ер ости сувларини муҳофаза қилади.

Ёмғир сувлари тўғридан-тўғри тупроққа сингиб, ер ости сувларининг тикланишига ёрдам беради. Бетонлашган ҳудудларда сув тупроққа сингмай, канализация орқали чиқиб кетади, бу эса сув танқислигига олиб келади.

3. Руҳий ва жисмоний саломатликка ижобий таъсир қилади.

Яшил муҳит инсоннинг кайфиятини кўтаради, руҳий чарчоқни камайтиради. Ҳавонинг тоза бўлиши нафас йўллари касалликларининг олдини олади.

Болалар ва катталар учун дам олиш, сайр қилиш ва спорт билан шуғулланиш имконини яратади.

 

Муаммолар ва уларнинг оқибатлари

1. Бетонлаштириш ва яшил ҳудудларнинг қисқариши.

Сўнгги йилларда шаҳарлардаги кўпгина яшил ҳудудлар қурилиш ва автотураргоҳлар учун қурбон қилинмоқда. Бир пайтлар ўсимликларга бой ҳовлилар, боғлар ва гулзорлар ўрнида ҳозирги кунда фақат бетон ва машина тўла автотураргоҳлар бор.

2. Табиий ҳаво айланишининг бузилиши.

Ҳавонинг табиий тозаланиши, намлик баланси ва шамол айланиши бетон деворлар ва ерларга бетон плиткалар ётқизилгани сабаб чекланади. Бу эса:

– ҳаво ифлосланишининг ортиши;

– ҳаддан ташқари иссиб кетиш;

– турли аллергия ва нафас йўли касалликларининг кўпайишига сабаб бўлади.

3. Ер ости сувлари захираларининг камайиши.

Бетонлаштириш орқали сувнинг туп­роққа сингиши тўхтайди, бу эса келажакда сув инқирозига олиб келиши мумкин. Ҳар бир қурилиш, ҳар бир оёқости қилинган яшил майдон – ер ости сувлари учун йўқотиш демакдир.

 

Қандай чоралар кўриш керак?

1. Қонунларни қатъий ижро этиш – яшил ҳудудларни сақлаш ва уларни ҳимоя қилиш учун қатъий назорат ўрнатиш.

2. Ҳар бир қурилишда яшил ҳудуд ажратишни мажбурий қилиш – бетон майдонлар ўрнига дарахтзорлар ва ўтлоқлар яратиш.

3. Ёмғир сувларини қайта ишлаш ва ерга сингдириш тизимини жорий этиш – суғоришда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш.

4. Аҳолини экологик маданиятга ўргатиш – ҳар бир киши ўзи яшаётган ҳудудни ободонлаштириш ва табиатини асрашга масъул эканини англатиш.

Бу муаммога жамоатчилик ҳам беэътибор эмас. Аммо қонун ҳужжатисиз улар ҳам бирор натижага эришиши жудаям қийин бўлаётган эди. Давлат дастури ижроси эса бунга айни ечим бўлади.

– Биргина мисол, бундан ўн йилча олдин биз яшайдиган кўп қаватли уйнинг каттагина ҳовлиси бор эди. Бу ҳовли ёнма-ён учта кўп қаватли уй аҳолиси учун чинакам сўлим маскан саналарди, – дейди «Катта Қўйлиқ ота» маҳалласида истиқомат қилувчи Нилуфар Усмонбекова. – Кўксултон, ўрик, тутлар ўсиб ётган бу яшил ҳовличада ўриндиқларда аёллар ва болалар доим гавжум бўларди. Ёз ойларида ҳам иссиқ тафти унча сезилмас, чунки дарахтлар зич ва ер юзаси яшил майсалар билан қопланганди. Баҳор чоғлари бу ердаги дарахтлар чаман бўлиб гулларди. Куни кеча қарасам шу 15 сотихча ҳовлининг бир сотихи ҳам қолмабди. Ҳаммаёқ бетон, ҳаммаёқда машиналар учун цементланган, шиферланган махсус жойлар. Дарахтлар эса шунчаки йўқ. Қарасанг нафасинг бўғилади, яшиллик йўқ, баҳра олиш йўқ, қисқаси ҳаёт асари йўқ, ҳаммаёқ бетон.

Бу ҳаётий мисол бетонлаштиришнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида жонли далил аслида. Бир пайтлар жаннатмакон яшил ҳовли бўлган жой бугунги кунда нафас бўғувчи, тириклик аломатлари сўнаётган бир ҳудудга айланди. Бу фақатгина бир ҳовли эмас – бундай ҳодисалар бугунги урбанизациянинг қайғули оқибати сифатида жуда кўп учраяпти.

Яшил ҳудудлар нафақат шаҳар гўзаллигини оширади, балки атроф-муҳит ва инсонлар саломатлиги учун ҳаётий аҳамиятга эга. Урбанизация жараёнида табиатни сақлаб қолиш ва уни муҳофаза қилиш фақат ҳукумат эмас, балки барча фуқароларнинг бурчидир.

Агар бугун бизнинг ҳовлиларимизда, кўчаларимизда ва шаҳарларимизда яшиллик камайса, бунинг оқибатини келажак авлод тўлиқ ҳис қилади. Биз эса ўша кунда кўп экологик муаммоларга ечим топишга ожиз бўлиб қолишимиз мумкин.

Яшил ҳовлилар йўқолмаслиги учун биз нима қила оламиз? Бу муаммони ҳал этиш учун ҳамма биргаликда ҳаракат қилиши шарт. Фақат қонунлар эмас, балки оддий фуқароларнинг экологик онги ҳам ушбу жараёнда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Биз келажак учун қайси йўлни танлаймиз?

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

«Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

🕔15:42, 03.10.2025 ✔8

Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

Батафсил
Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

🕔16:03, 18.09.2025 ✔58

Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

Батафсил
«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔122

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар