«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилМамлакатимизда ер ости сувларидан фойдаланиш ва қудуқ бурғилаш тизимини янада такомиллаштириш, ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурати пайдо бўлмоқда. Чунки бутун дунёда сув танқислиги аллақачон долзарб муаммога айланиб улгурди.
Аксарият ҳудудларимизда ҳар ким қудуқ ковлаб, ер ости сувларидан истаганча фойдаланмоқда. Афсуски, бу жараёнда табиий мувозанатга етарлича эътибор қаратилмаётгани ер ости сувларининг ҳам ифлосланишига, айрим жойларда сув қатлами паст ташлаб, бутунлай қуриб қолишигача бормоқда. Шунинг учун ҳам бугун ер ости сувларидан фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Аслида аҳоли орасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилиш орқалигина бебаҳо обиҳаёт берадиган ер ости сув манбалари миқдор жиҳатдан камайиб кетиши ва ифлосланишининг олдини олиш ҳамда пировард натижада аҳолини узоқ муддатли сифатли ичимлик сув билан таъминлаш мумкин бўлади.
Ер ости сувлари: қаерда қандай?
Мамлакатимизда бугун 97 та ер ости сув кони аниқланган бўлиб, уларнинг умумий сув ресурслари 63,9 млн куб м/сутка (умумий сув ресурсларининг 25 фоизи)ни ташкил қилади. Шундан, Самарқанд вилоятида ер ости сувлари ресурслари 3 672 минг куб м/сутка (1 г/л гача 3547,6 минг куб м/сутка), Фарғона вилоятида 9 446,98 минг куб м/сутка (1 г/л гача 2 270,6 минг куб м/сутка) ва Жиззах вилоятида ер ости сувлари ресурслари 938,3 минг куб м/сутка (1 г/л гача 632,5 минг. куб м/сутка)ни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалиги ва саноат жадал ривожлангани сари ер ости сувларига ҳам эҳтиёж кескин ортиб бормоқда. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Гидрогеологлар томонидан сўнгги 10-20 йиллик олиб борилган илмий-амалий тадқиқотлар натижасида Самарқанд вилоятининг Нурота, Пайариқ, Иштихон, Ургут, Қўшработ туманлари, Жиззах вилоятининг Фориш, Зомин, Янгиобод, Шароф Рашидов туманлари ҳамда Фарғона вилоятининг Бешариқ туманларида ер ости сувлари сатҳи беш метр ва ундан ортиқ пасайиб кетган майдонлар аниқланган.
Ўртача йиллик ҳарорат ортиб, ёғингарчилик миқдори камайиб бормоқда. Сўнгги йилларда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати кўп йиллик ўртача кўрсаткичдан 0,3-0,5 °C га юқори бўлди. Ўртача узоқ муддатли ёғингарчилик миқдори 234,6 дан 485,4 мм гача ўзгариб, сўнгги 12 йилда ўртача 378,55 мм/йилни ташкил этди.
Самарқанд вилояти ерлари Зарафшон дарёси (93,9 %), Қорасув дарёси булоқ тизими (2,9 %) ва сой оқимлари (3,2 %) орқали суғорилади. Табиий ресурсларнинг 45,7 фоиздан 86,5 фоизгача бўлган қисми хўжаликлараро суғориш тармоғидан ва суғориладиган далалардан оқиб чиқувчи йўқотишлар ҳисобига ҳосил бўлади. Жанубий, Шимолий тоғолди ва Чап қирғоқ сув конларининг янги суғориладиган ерларини интенсив ўзлаштириш натижасида ер ости сувлари сатҳи 6-10 метрга кўтарилди.
Зарафшон дарёсининг ҳозирги замонавий водийси конининг кўп қисмида режим бузилган, даврийлик (цикл) кузатилмайди.
Бундан ташқари, айрим жойларда ер ости сувларининг нефть маҳсулотлари, нитратлар, марганец, селен, қўрғошин билан рухсат этилган меъёрдан 1,5-9 баробаргача ошиши ва ифлосланиши вақти-вақти билан кузатилмоқда.
Захира қанча, сифати қай даражада?
Бу мавзу анча катта бўлгани учун масалани учта вилоят мисолида кўриб чиқсак.
Жиззах вилояти. Сўнгги йилларда Зомин, Ховос, Юқори Сангзор, Қўйтош ва Ғаллаорол ер ости сув конларида сув сатҳи 0,2-1,8 метрга кўтарилган. Сувнинг минераллашуви 0,3-0,5 г/л, Қўйтош ер ости сув конида эса 1,3 г/л га, сувнинг қаттиқлиги 17,0 мг-экв/л га ошди. Қуйи Сангзор ва Ровот ер ости сув конлари учун сув сатҳи аввалги даврга нисбатан 0,1-1,2 метрга камайди. Сувнинг минераллашуви 1,0 г/л гача, қаттиқлиги эса 10 мг-экв/л.гача етади. Сангзор дарё ҳавзасидаги ер ости сувларининг асосий ифлослантирувчиси Қорабулоқ, Кичикбулоқ ва Шўрбулоқнинг коллектор ва дренаж суви ҳисобланади. Сангзор водийсининг ер ости сувлари оғир металлар (алюминий, селен, қўрғошин, кадмий) билан ифлосланган, минераллашуви ва умумий қаттиқлиги юқори даражада.
Фарғона вилояти. Ҳудуддаги барча ер ости сув конларининг юқори қисмларидаги, яъни ер ости сувлари ҳосил бўлиш майдонларида сув сатҳи ўтган йилларга нисбатан 0,5-5,0 метргача пасайгани кузатилди. Жумладан, Исфара ер ости сув конида ер ости сув сатҳи 0,54 м га, Сирдарё ер ости сувлари конида 0,16 м га, Сўх ер ости сувлари конида 0,45 м га, Олтиариқ-Бешолиш ер ости сувлари конида 2,8 м га, Чимён-Аввал ер ости сувлари конида 1,34 м га, Ёрмозор ер ости сувлари конида 5,16 м га пасайгани кузатилди.
Исфара ер ости сув кони ҳудудида сувни ифлословчи асосий омиллар сифатида ерларни ўзлаштириш ва суғорма деҳқончиликнинг ривожланишини кўрсатиш мумкин.
Исфара ер ости сув конининг юқори қисмлари бошқа ҳудудлардан ифлосланиш даражаси юқорилиги билан ажралиб туради. Ер ости сув конининг минераллашуви ўртача 1,03 г/л, қаттиқлиги 1,08 мг.экв/л ни ташкил этгани ҳолда, унинг юқори қисмларида минераллашув 1,3 г/л., қаттиқлиги 8-16 мг.-экв/л гача етади.
Самарқанд вилояти. Аксарият қисмларида ер ости сувлари кимёвий таркиби бўйича қуруқ қолдиқ 0,25-0,8 г/л, сульфат-гидрокарбонат ва гидрокарбонат-сульфат, магний-кальций-натрийлидир. Каттақўрғон шаҳридан қуйи оқимда ва тоғ олди текисликларининг чеккаларида минераллашувнинг 1,2-1,8 г/л дан 2,1 г/л гача ва умумий қаттиқлигининг 11-17 мг-экв/л гача ошиши қайд этилган. Янги ерларнинг интенсив ўзлаштирилиши (тузларнинг ювилиши) ва дарёдаги сув сифатининг ёмонлашишига таъсир этган.
Зарафшон дарёсининг ҳозирги минтақаси водийси ғарбида сув сифати Каттақўрғон меридианининг ичимлик сифати талабларига жавоб бермайди. Баъзан маҳаллий жойларда саноат ва қишлоқ хўжалиги таъсири натижасида нефть маҳсулотлари, селен, марганец концентрациясининг 2-9 (ПДК)дан ошиши кузатилади. Охирги 10-15 йил давомида тоғлараро ер ости сув ҳавзанинг бош қисмидаги (Нурота, Қўшработ тоғ олди ер ости сув кони) сувли қатламдан интенсив фойдаланиш ва вақтинчалик сув оқимларининг ер усти оқими таҳлили нисбатида барқарор пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Зарафшон дарёсининг ҳозирги замонавий водийси конининг кўп қисмида режим бузилган, барқарорлик кузатилмайди.
Маҳаллий жойларда ер ости сувларининг нефть маҳсулотлари, нитратлар, марганец, селен, қўрғошин билан 1,5-9 гача ифлосланиши вақти-вақти билан кузатилади.
Вилоятнинг аксарият қисмида ер ости сувлари кимёвий таркиби бўйича қуруқ қолдиқ 0,25-0,8 г/л, сульфат-гидрокарбонат ва гидрокарбонат-сульфат, магний-кальций-натрийлидир. Каттақўрғон шаҳридан қуйи оқимда ва тоғ олди текисликларининг чеккаларида минераллашувнинг 1,2-1,8 г/л дан 2,1 г/л гача ва умумий қаттиқлигининг 11-17 мг-экв/л гача ошиши қайд этилган. Янги ерларнинг интенсив ўзлаштирилиши (тузларнинг ювилиши) ва дарёдаги сув сифатининг ёмонлашишига таъсир этмоқда.
Сув билан боғлиқ хавфлар
Ҳозирги кунда аҳоли ва қишлоқ хўжалиги истеъмолчилари томонидан ер ости сувларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш масаласи тобора муаммога айланиб бормоқда.
Табиий муаммолар
Ер ости сувлари сатҳининг пасайиши, айниқса, гилли ёки оҳактошли тупроқли ҳудудларда ернинг чўкишига олиб келиши мумкин. Бу ҳодиса тузли ўпирилиш дейилади. Натижада, бинолар ва йўлларда ёриқлар каби инфратузилмадаги нуқсонлар пайдо бўлади.
Дарёлар, кўллар ва ботқоқликлар экотизимини сақлаб туришда ер ости сувлари асосий омил ҳисобланади. Ушбу сув сатҳи пасайганда нам ҳудудлар, ботқоқликлар ва рельеф сув ҳавзалари каби экотизимлар йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бу ўсимлик ва ҳайвонот оламига таъсир қилади, масалан, барқарор сув сатҳига боғлиқ бўлган айрим ўсимлик ва ҳайвон турлари йўқолиб кетади.
Сув сатҳи пасайиши билан тузлар, оғир металлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддалар каби ифлослантирувчи моддаларнинг концентрацияси ортади. Бу ичимлик сув сифатини ёмонлаштиради, шунингдек, ичимлик ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувни тозалашни қийинлаштиради.
Ижтимоий муаммолар
Биламизки, кўп ҳудудлар учун ер ости сувлари асосий ичимлик сув манбаидир. Уларнинг сатҳи пасайганда, одамлар тоза сувдан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келади. Бу эса аҳоли саломатлигининг ёмонлашишига, сув етишмаслиги ёки ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар сонининг ортишига олиб келади.
Сув ресурслари учун низолар пайдо бўла бошлайди. Сув танқислиги шароитида сув ресурсларини бўлишувчи турли гуруҳлар ёки давлатлар ўртасида ижтимоий ва сиёсий низолар келиб чиқиши мумкин. Бу эса ижтимоий тартибсизликларга ва ҳатто сув ресурслари чекланган ҳудудлардаги каби халқаро можароларга сабаб бўлиши мумкин.
Ер ости сувлари сатҳи пасайган ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ёмонлашади. Сув танқислиги ва яшаш шароитларининг ёмонлашувига дуч келган одамлар бошқа ҳудудларга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Бу эса қабул қилувчи ҳудудларда жойлаштириш, иш билан таъминлаш ва инфратузилмага юкламанинг ошишига олиб келади.
Бизнинг таклифимиз бор
Ер ости сув сатҳи пасайиб бораётган ҳудудларда давлат ер ости сув мониторинги ишларини кучайтириш зарурати пайдо бўлмоқда. Янги сув қатламларини қидириш ва баҳолашда ноанъанавий услублардан фойдаланиш талаб этилади. Кам ўрганилган ва дарё палеоўзанлари ҳудудлари бўйича истиқболли участкаларни аниқлаш мақсадида гидрогеологик тадқиқотлар ўтказиш зарур.
Сув сатҳи пасайиб кетаётган ҳудудлардаги суғориладиган ерларни хатловдан ўтказган ҳолда сувни кам талаб қиладиган экинлар етиштиришга босқичма-босқич ўтишни бошлаш керак.
Сув сатҳи 5-20 метрга пасайган ҳудудларда ичимлик мақсадларидан бошқа мақсадлар учун қудуқлар бурғиланишини, сув тежовчи технологияларсиз ерлар суғорилишининг олдини олиш чораларини кўриш, зарур бўлса чекловлар киритиш вақти етган.
Бир сўз билан айтганда, бугун атрофимизда рўй бераётган сув билан боғлиқ экологик муаммолардан ҳар биримиз тегишли хулоса чиқариб, сувни тежаш ва исроф қилмаслик тамойилини кундалик мезонимизга айлантиришимиз зарур. Унутмайлик, бугун бизга ҳаёт ва завқ улашаётган тоза ичимлик сувдан келажак авлод ҳам биздек баҳра олишга ҳақлидир.
Ғани БИМУРЗАЕВ,
«Гидрогеология ва инженерлик
геологияси институти» ДМ директори,
Фаррухжон ОХУНОВ,
директор ўринбосари,
Шаҳриёр ТОШЕВ,
илмий котиб
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил