Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Табиатни асраш Ватан ҳимояси демакдир!

Нима учун бугун атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ масалаларнинг долзарблиги ошиб бормоқда? Қандай йирик лойиҳа, қанақа улкан келишув ҳақида сўз очилса, албатта, унинг экологик жиҳати ҳам кўриб чиқилишига сабаб нима?

Табиатни  асраш Ватан ҳимояси демакдир!

Гап шундаки, атроф-муҳит, жўн айтганда, теварагимиздаги табиат фақат бизники эмас. Биз деганда, табиийки, ёши, жинси, миллати, ирқи, ижтимоий аҳволи, эътиқоди, касбу кори, мамлакати, бошқа кўплаб омиллари билан бир-биридан ажралиб турадиган, лекин барибир биттаю битта Она сайёрада истиқомат қилаётган бугунги авлод назарда тутилмоқда.

XX аср мислсиз техник ва технологик янгиликлари билан инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Аввалги авлодлар учишни, сув остида сузишни, инсон қадами етмаган жойларни забт этишни, бир-биридан олисда туриб ахборот алмашишни фақат орзу қилган бўлса, буларни амалга оширадиган техника воситалари XX аср одамлари учун ҳеч кимни ажаблантирмайдиган оддий матоҳ бўлиб қолди.

Фан-техника тараққиёти инсониятнинг оғирини енгил, узоғини яқин, бир сўз билан айтганда, мушкулини осон қилди. Лекин, тан олиш керакки, башарият бошига оғир мусибатларни ҳам солди. Ҳарбий саноат фан-техника билан қадам-бақадам ривожланмаганда эди, икки мудҳиш жаҳон уруши бўлмасди, эҳтимол. Шу икки улкан фожианинг ўзи тараққиётнинг инсон зоти кўтара олмайдиган оғир юки ҳам бўлишини кўрсатиб қўйди.

Ўтган юз йиллик «техника асри» саналган бўлса, XXI аср «ахборот асри» деб аталди. Бунинг ортиқча изоҳга ҳожати йўқ. Инсон ўтирган жойида юзлаб, минглаб вазифаларни бажаришга қодир бўлиб қолганининг ўзини, ҳатто сайёрамизни ўз ўқидан чиқариб юборишга қурби етишини мисол келтириш кифоя.

Имкониятлар кенгайгани, ҳаёт ташвишларининг ечимлари соддалашиб кетгани – жуда яхши. Лекин инсоният яна тараққиётнинг терс томони – ўзи кўтара олмайдиган жиҳати билан юзма-юз келмоқда. Бизнинг, аҳли башарнинг «илмий-илғор фаоллигимиз» Она табиатда мувозанатни издан чиқаряпти. Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, биргина Орол фожиаси бошимизга қанча кулфатлар солаётганини таъкидлашнинг ўзи етарли.

Муаммога жаҳон миқёсида назар солганда эса, «бугунги илғор инсон тафаккури» ҳам унинг кўламини тўлиқ идрок этишга ожизлик қилиши кўринади. Башарият кислороднинг асосий манбаи бўлган уммонларни пластик билан булғаб бўлди, «илғор» саноатимиз туфайли икки қутбда музлик­лар ҳажмини қисқариб юборяпти, ўрмонларни аёвсиз кесиб, чўл зоналарини кенгайтир­япмиз, «Қизил китоб»ни чиқардик-у ундаги ноёб жонворларни қиришдан тўхтамаяпмиз, тупроқ остида ёнадиган нима бўлса, ҳаммасини қазиб олиб ёқаяпмиз, катта-катта урушлар ҳам айнан шунинг учун бўляпти...

 

Нимасини, қай бирини айтасиз?!

Шукрки, илғорлик ҳаммани чалғитиб қўяётгани йўқ. Атроф-муҳит муҳофазаси ўтган асрнинг яримларидан бошлаб кун тартибидан тушмай келмоқда. Бугун ўзини соғлом демократик давлат, чин маънода фуқаролик жамияти деб билган ҳар қандай мамлакатда «яшил партиялар», «яшил ҳаракатлар» тузилган ва ҳаммаси экологик маданиятни юксалтириш ва атроф-муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлида саъй-ҳаракат қилмоқда.

Негаки, моҳиятан табиатдаги мавжуд нарсалар, биринчи навбатда, сув ва ҳаво – бутун инсониятники. Қайси ё қандай мамлакатда яшамайлик, Она сайёрамизга биз ҳаммамиз бир вақтда бирдек эга ҳисобланамиз.

 

Бу – бир жиҳат, холос

Иккинчи муҳим жиҳат шуки, юқорида таъкид­ланганидек, табиат фақат бизники – бугун яшаётган авлодники эмас! У келажакка ҳам қолиши керак. Инсоният қирилиб кетиш ё бошқа сайёрага кўчиш арафасида тургани йўқки, бошбошдоқлик билан ҳамманинг умумий уйи бўлмиш Ерни хароб қилса. У эртанги авлодга ҳам соғлом ҳолида қолдирилиши керак.

«Яшил партиялар»нинг саъй-ҳаракатларидан кўзланган бош мақсад шу. Бунинг негизида табиат билан ҳамжиҳатликда яшаш мужассам. Инсоният иқтисодий ва ижтимоий тараққий этар экан, бу жараёнда экологик омилларни инобатга олиши шарт.

Атроф-муҳит муҳофазаси деганда, нималар назарда тутилади ўзи? Бу – зарарли газларни камайтириш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, табиат озодалигини асраш, ресурслардан унумли фойдаланишни йўлга қўйишдир. Мана шу вазифалар орқали «яшил ҳаракатлар» жамиятларни ижтимоий адолат, тенглик сари етаклайди. Мисол учун, пулдор одамлар гектар-гектар ерларни ўзлаштириб олиб, у ердаги табиатни мувозанатдан чиқарадиган бўлса, бундай ҳолатларга (дарахткесарлар ва браконьерларга) қарши курашади, кимдир ёз жазирамасида шунчаки ҳузур учун ҳовлисидаги бетон майдонни соатлаб «суғорадиган» бўлса, (ресурсни исроф қилувчига) тегишли чора кўришга интилади. Мухтасар айтганда, «яшил ҳаракатлар» табиатга зарар етказмайдиган, ижтимоий адолатни сақлайдиган, экологик маданият юксалишига хизмат қиладиган тараққиёт тарафдори бўлган инсонлар жамоасидир.

«Венера лойиҳаси» таъсисчиси Жак Фреско бундай деган эди: «Ижтимоий онг ва экология муаммолари учун қайғуришдан айро бўлган илм-фан ва таълимдан маъно йўқ». Бу жумла замирида айни ҳақиқат ётади. Негаки, тараққиёт ҳар қанча юксалмасин, табиатнинг «ғамдан озода» бўлишини инобатга олмаса, эрта бир кун таназзулга учрайди. Мисол учун, яна Орол муаммосини оладиган бўлсак, бир маҳаллар пахтада «улкан марралар билан шарафланиш» учун денгизга борадиган сув йўллари шафқатсизларча бўғиб қўйилди. Жабрини бугунги авлод тортмоқда. Ўша шўрлаган, кимёвий моддалар билан заҳарланган ерда бугун майса унмайди, жонзот яшамайди.

Аслида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун табиатга меҳр қўйиш керак. Бунинг учун эса, инсон бошқа мавжудотлар каби табиатдан яралганини, унинг ажралмас бўлаги эканини идрок эта билиш зарур. Бир аср аввал словак шоири Гвездослав Павол айтганди: «Гулни узиб олгандим, сўлиб қолди, капалак тутгандим, кафтимда нобуд бўлди, шундагина гўзалликка фақат қалб билан тегиниш мумкинлигини тушуниб етдим». Табиатга озор бермаслик учун унинг нафосати ва назокатини ҳам кўра олиш керак экан-да.

Ваҳоланки, бугунги авлод атроф-муҳитни шу даражада ўзгартириб юбордики, энди бундай муҳитда яшаб қолиш учун ўзини ўзгартиришга мажбур бўляпти. Ҳозирги кунда ички ёнув двигатели билан ҳаракатланадиган транспорт воситалари истифодасини қисқартириш, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш, яшил маконлар ва биологик хилма-хилликни асраш каби масалалар тез-тез тилга олинаётгани ҳам шундан. Бу бежиз эмас. Дейлик, битта жамоат транспорти юз кишини манзилига етказиб қўйса, қанча ёқилғи сарфлайди-ю шу юз кишининг ҳар бири ўз автомобилида кўзлаган жойига борса, қанча бензин ё газ ёқади?! Бу нисбатни англаш учун математик бўлиш шарт эмас. Лекин жамоат транспортидан ўз машинасини афзал кўрадиганлар афсуски ҳали жуда кўп.

 

Ўзимиздан қиёс қилайлик

Машиналаримиз «торайиб кетди» – илгари уч-тўрт киши биргалашиб борадиган жойларга бугун якка-якка боряпмиз. Ёзнинг жазирамасида «салқин бўлиб турсин» учун ҳеч ким йўқ жойларда ҳам кондиционерни ўчирмаймиз. Сувнинг жилдирашини ёқтирамиз, шунинг учун дарахт ва майсаларга қўшиб, асфальтга ҳам, деворга ҳам сув пуркаймиз. Ишхонамизда кундуз куни чироқ ёқиб ўтирамиз. Хуллас, маиший ҳаётдаги нуқсонларимизнинг ўзини санайверсак, адо этиб бўлмайди.

Озодаликка келсак, машҳур физик, географ, ландшафтшунос, атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мутахассис Давид Арманд «Табиат меҳмони бўлган пайтларингиз меҳмондорчилик чоғида одобсизлик саналадиган бирор ишга қўл ура кўрманг» деган доно гапни кўп такрорлар эди. Лекин табиат қўйнига чиқадиган бўлса, албатта, уни булғаб қайтадиганлар ҳали ҳам бор. Дарё-сойларимизнинг соҳиллари, тоғу адирларимиз этаклари, уларга олиб борадиган йўллар ёқалари айниқса ёз ойларида қай аҳволга тушишини кўпчилик яхши билади.

Бундай тоифа инсонларга «табиат уйингдан ташқарида бўлса ҳам уйингдек гап, бу ердаги озодаликни увол қилганинг учун эртага авлодларинг ўзингга ҳайф айтади (агар лаънат айтмаса)» деб дўқ уришдан наф йўқ. Муаммони бартараф этиш жамиятда экологик маданиятни ёппасига юксалтиришни тақозо этади.

Лекин бу ўринда бир нозик жиҳат бор. Вазифа фақат экологик маданият жабҳаси жонкуярларининг зиммасида эмас. Унга ҳамма бош қўшиши керак. Ота-она – фарзандга, оқсоқол – маҳалла аҳлига, меҳнат жамоаси мутасаддиси – касбдош­ларга, ҳамма – ҳаммага бонг урсагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин бўлади.

Акс ҳолда, атоқли рус шоири Роберт Рождественский ифодалаган мана бу ўкинчли манзарага бориб қолиш ҳеч гап эмас: «Қушсиз ўрмонлар, сувсиз ерлар – атрофда табиат камайиб бормоқда, атрофда муҳит кўпайиб бормоқда». Яъни, атроф-муҳит деганда, теварагимизда табиатни эмас, фақат бузилган муҳитни кўрмаслигимиз учун бирваракайига ҳаракат қилишимиз лозим.

Бу бутун инсониятга тегишли масала. Ҳинд диёрининг энг машҳур сиёсат ва жамоат арбоби Маҳатма Ганди айтганидек, «Экологияда икки бўлим бор: биологик экология ҳамда маданият ва ахлоқ экологияси. Биологик экология шартларига риоя қилмаслик инсонни биологик ҳалокатга олиб боради, маданият ва ахлоқ экологияси шартларига риоя қилмаслик эса уни маънан ҳалок этади. Табиат билан маданият бир-бирига қанчалар чамбарчас боғлиқ бўлса, бу икки экология ҳам бир-биридан ажралмасдир».

Бинобарин, экология масалалари алоҳида шахслар ё гуруҳ ва ҳаракатлар эмас, барчага бирдек тааллуқли вазифалардан иборат экан. Бу эса, барча жамиятлар, улардаги ҳамма инсонлар бир ёқадан бош чиқариб, жипс ва ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши лозимлигини кўрсатади. Экологлар табиатни асрамоқни Ватанни муҳофаза қилмоқ билан тенг кўради. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқатни ҳамма яхши англаб, теран идрок этиб, шу асосда ҳаёт кечирса, ватанлар обод бўла бориб, бутун сайёра озода бўлади.

 

Музайяна МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар