Экоолам      Бош саҳифа

Чиқинди – жамиятнинг ҳамон оғриқли муаммоси

Ҳар куни шаҳар ва қиш­лоқ йўлларида, боғларда, маҳаллаларда турли чиқиндилар – пластик пакетлар, салфеткалар, сигарет қолдиқлари ва бошқа турдаги чиқиндиларни учратамиз.

Чиқинди  –  жамиятнинг ҳамон  оғриқли  муаммоси

Уларнинг шу аҳволда ётиши кўпчилигимиз учун оддий ҳолга айланиб ҳам улгурди. Мана шу «арзимас» ҳолат эса нафақат шаҳару қишлоқларимиз кўринишига салбий таъсир қилади, балки атроф-муҳит, инсон саломатлиги ва жамият тафаккури учун ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида вазирлик Вазиятлар маркази томонидан ўрнатилган онлайн кузатув камералари ёрдамида белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 5 215 та ҳолат қайд этилган!

Бу оз рақам эмас, шунчаки кўз юмиб бўлмайди бу ҳолатга. Тўғри, ҳуқуқбузарликлар юзасидан қонунчиликка асосан, маъмурий баённомалар тузилган. Жарималар умумий миқдори 7,9 млрд сўмни ташкил этиб, шундан 3,3 млрд сўми белгиланган тартибда ундирилган. Лекин шу билан муаммо ҳал бўлмайди-да, афсус...

Машина ойнасини очамизу елим пакет, сигарет қолдиғи, салфетка, бўшаган идиш – буларни шунчаки кўчага улоқтирамиз. Йўл-йўлакай сувини ичиб бўшатганимиз оддий баклажкани чиқинди қутисигача кўтариб боришга ор қиламиз, шунчаки бир четга улоқтирамиз. Ҳатто ҳовлимизда тўпланган уюм-уюм чиқиндини машинага юклаб кўздан панароқ бир жойга секингина тўкиб кела қоламиз. Ҳа, «кўздан пана жой» – бу фақат ўзимизнинг кўзимиздан пана бўлиши мумкин, лекин ундан келадиган зарар, ўша чиқиндининг салбий таъсири ҳаммамизнинг ҳаётимизга дахлдордир.

 

Муаммонинг илдизи қаерда?

Яқинда боғда биз билан ёнма-ён фарзандини етаклаб айлантириб юрган ёшгина онанинг хатти-ҳаракати эътиборимни тортди. Она қўлидаги шоколад қоғозини ерга ташлади. Бундан заррача ўнғайсизланмади ҳатто. Ҳаял ўтмай бола ҳам қўлидаги қоғозсочиққа қўлини ва лабларини артди-да уни ўша шоколад қоғози ёнига улоқтирди. Она эса бунга эътибор ҳам қилмади.

Бу кичкина бир вазият холос. Лекин мана шундай ҳолатнинг минг хил кўринишига ҳар куни кўзимиз тушади. Ҳар куни шундай бефарқлик гувоҳи бўламиз. Лекин шу орқали биз фарзандларимизга ўрнак бўлаётганимиз, уларнинг руҳиятига бефарқликни сингдираётганимиз на ўша оналарни, на атрофдагиларни ташвишга солмоқда. Китобларда ёзяпмиз, боғчаю мактабларда қайта-қайта айтяпмизу, лекин ўрнак бўлишга келганда... Ҳа, энг асосий масала – фарзандларимизга ўрнак кўрсатишда ожиз қоляпмиз.

Юқорида ўзим гувоҳ бўлган ҳолатда ҳам бола онасидан ўрнак олди. Бу эса келажакда унинг ҳам чиқиндини исталган жойга ташлаб кетаверишни одат қилиб олишига сабаб бўлади. Ахир ҳеч замонда олманинг тагига нок тушмайди-да.

 

Факт:

Ўзбекистонда ўтказилган сўровномаларга кўра, болаларнинг 67 фоизи ота-­онасининг хатти-ҳаракатига эргашади. Айтганига эмас. Агар катталар чиқинди ташлашга бепарво бўлса, демак бола ҳам буни шундай қабул қилади.

 

Чиқиндига тўла йўллар

Автобусда кетаётган пайтимизда йўловчилардан бири пластик сув идишини ойнадан ташлаб юборди. Бир неча дақиқадан сўнг яна кимдир қўлидаги салфеткани улоқтирди. Бу ҳолат нафақат эстетик жиҳатдан шаҳар кўринишига салбий таъсир қилади, балки бошқаларга ҳам «шунақа қилиш мумкин» деган ёмон намуна бўлади. Бу биргина оддий мисол. Бундан баттарларига эса ҳар куни гувоҳ бўлавериб, аста-секин бетимиз қотиб бораётгандек.

Мисол учун, шу кунларда пойтахтимизнинг Қўйлиқ массивида жойлашган «Корзинка» супермаркети тарафга йўлингиз тушиб қолса, чиқиндихонани шу ерга кўчиришмаганмикан деб ўйлайсиз. Атрофдаги чиқинди ҳидидан мутасаддилар нега безовта бўлишмаётгани ажабланарли. Қилинган кўп сонли мурожаатлар ҳам афсуски фойда бераётгани йўқ. Аҳоли эса маҳалла ва супермаркет маъмуриятидан бошқа кимга мурожааат қилиш кераклигини ҳам билмайди ҳатто.

Шу кунларда иссиқ ва шовқиндан чарчаган одамлар дам олиш кунлари оилавий пикниклар учун боғ ва дам олиш масканларига ошиқмоқда. Бироқ, аксар ҳолларда пикникдан сўнг у ерда пластик идишлар, озиқ-овқат қолдиқлари,  хуллас, чиройли манзара ўрнига бир уюм чиқинди «мерос» бўлиб табиат бағрида қолмоқда.

Йўллардаги видеокузатув камералари ёки патруль хизмати бўлмаган жойларда айрим ҳайдовчилар чиқиндини бемалол ташлаб кетишади. Улар «ҳеч ким кўрмади» деб ўйлашади, аммо бу ҳаракат жамиятдаги умумий маданият даражасини пасайтиради. Қолаверса, атроф-муҳитга ҳам эстетик, ҳам экологик жиҳатдан катта зарар етказади. Шунинг учун ҳам бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни янада оғирлаштириш ҳамда жазони қатъийлаштириш керакдир эҳтимол.

Чиқиндининг атрофга ва жамият ҳаётига хавфли таъсири

 

1. Атроф-муҳитга таъсири

Чиқиндиларнинг катта қисми – пластик ва бошқа табиий парчаланмайдиган моддалардан иборат. Улар юзлаб йиллар давомида ерда қолади ва табиатга зарар етказади. Масалан, пластик пакетлар тупроқнинг ҳосилдорлигини пасайтиради, сув оқимларини тўсади ва ҳайвонлар учун хавф туғдиради.

 

Факт:

Бир дона пластик бутилка табиатда 450 йил давомида парчаланмайди. Дунё бўйича ҳар йили 8 миллион тонна пластик чиқинди денгиз ва океанларга тушади.

 

2. Инсон саломатлигига таъсири

Чиқиндилар тўпланиши турли инфекция, паразит ва зарарли ҳашаротлар кўпайишига олиб келади. Бу эса аҳоли орасида касалликлар тарқалиш хавфини оширади. Айниқса, йўл ёқаларидаги чиқиндилар ёмғир суви билан аралашиб, ичимлик сув манбаларини ифлослантиради.

 

Факт:

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили чиқинди ва ифлос сувлар туфайли 1,7 миллион киши турли касалликлардан вафот этади.

 

3. Жамият онги ва маданиятига таъсири

Агар жамиятда чиқинди ташлаш одатий ҳолатга айланса, бу умумий маданият ва тарбия даражасининг пасайишига сабаб бўлади. Бу эса янги авлодда ҳам масъулиятсизликни шакллантиради. Мисол учун, агар она боласига чиқинди ташлаш мумкинлигини кўрсатса, бола буни ҳаёт нормаси деб қабул қилади ва катта бўлиб, жамиятга ҳам шу муносабатни кўрсатади.

 

Қонунчилик ва жарималар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда чиқинди ташлаш бўйича қонунчилик кучайтирилди. Йўлларда, оммавий жойларда чиқинди ташлаганлар учун жарималар белгиланди. Қонун асосида бу жарималар яна оширилиши кутилмоқда. Лекин, фақат жарима билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Энг асосийси – ҳар бир фуқаронинг онгида масъулият туйғусини шакллантириш.

 

Ечим ва таклифлар Тарғибот ва таълим

Мактаб ва олий ўқув юртларида тозалик, экология ва фуқаролик масъулияти бўйича мунтазам дарслар, акциялар ўтказиш керак. Оммавий ахборот воситаларида чиқиндиларнинг зарари ҳақида роликлар, мақолалар эълон қилиш самарали бўлади.

Мисол учун, она боласи билан сайр қилганда, чиқиндини махсус қутиларга ташлашни ўргатса, бола ҳам буни одат қилиб олади.

Инфратузилмани яхшилаш

Шаҳар ва қишлоқларда чиқинди ташлаш учун махсус контейнерлар, урналар кўпайтирилиши лозим. Йўл бўйларида, дам олиш масканларида чиқинди қутиси бўлса, одамлар чиқиндини кўчага ташлашдан тийилади.

Жамоат назорати ва фуқаролик масъулияти

Фуқаролар ўртасида бир-бирига эслатма бериш, чиқинди ташлаганларни огоҳлантириш маданиятини шакллантириш керак. Жамоатчилик назорати кучайтирилиши лозим.

Қайта ишлаш ва экологик лойиҳалар

Чиқиндиларни қайта ишлаш, саралаш ва қайта фойдаланишга йўналтирилган лойиҳаларни кўпайтириш керак. Бу нафақат муҳитни тозалайди, балки иқтисод учун ҳам фойда келтиради.

Бир сўз билан айтганда, йўллар ва жамоат жойларига чиқинди ташлаш – жамиятимиздаги жиддий муаммолардан бири. Бу муаммони ҳал қилиш учун қонунчиликни кучайтириш билан бирга, ҳар биримизда масъулият туйғусини оширишимиз керак. Тозаликни таъминлаш – фақат давлат ёки коммунал хизматларнинг эмас, барчамизнинг бурчимиз. Бу ўриндаги биринчи вазифамиз эса ота-она сифатида фарзандларимизга тўғри намуна кўрсата олишдир. Шу орқалигина бутун жамиятни ўзгартирамиз, келгуси авлодларга яхши одатларни мерос қолдирамиз.

Агар ҳар биримиз муаммо ечимини ўзимиздан бошласак, шаҳар ва табиатимиз янада обод ва соғлом бўлади.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ҳар бир  гиёҳ эътиборда

Ҳар бир гиёҳ эътиборда

🕔09:00, 08.09.2025 ✔14

Мен Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғи илмий ходими сифатида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келяпман.

Батафсил
Эҳтиёт бўлинг,  хавфли: улар таркибидаги моддалар  қаерга  кетмоқда?

Эҳтиёт бўлинг, хавфли: улар таркибидаги моддалар қаерга кетмоқда?

🕔08:58, 08.09.2025 ✔17

Эл орасида «Эскини ямагунча эсинг кетади», деган ибора бор. Бугун биз шу гапни сал бошқачароқ – эскини йўқотгунча эсинг кетади, дея талқин қилмоқчимиз.

Батафсил
Экологик жараёнлар  ҳар доим ҳушёр ва огоҳ  бўлишни тақозо этади

Экологик жараёнлар ҳар доим ҳушёр ва огоҳ бўлишни тақозо этади

🕔17:44, 29.08.2025 ✔43

Аҳолининг экологик барқарор муҳитда ҳаёт кечиришини таъминлаш барча ислоҳотлар марказида турувчи энг долзарб масалалардан бири. Мусаффо ҳаво, тоза ичимлик сув, атрофимиздаги яшил олам, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳар доим кундалик ҳаётимизнинг асосини ташкил қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар