Жойларда аҳоли ҳаёти, кундалик муаммолар ва мавжуд имкониятларни чуқур ўрганмасдан туриб, аниқ ечим ва самарали қарор қабул қилиш мушкул. Шу маънода, депутатлар ва партиямиз томонидан ҳудудларда олиб борилаётган ўрганишлар жамият билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим амалиёт ҳисобланади.
Бухоро вилоятида ташкил этилган навбатдаги ўрганишлар давомида ижтимоий ҳимоя, озиқ-овқат ва фитосанитария хавфсизлиги, шунингдек, томорқалардан унумли фойдаланиш орқали аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ўрганишлар нафақат муаммоларни аниқлаш, балки жойлардаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, меҳнат ва ташаббус орқали фаровонликка эришиш мумкинлигини амалда кўрсатиб беришга хизмат қилади.
Иссиқлик таъминоти узлуксиз бўладими?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигида депутатлар ва партия вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, айниқса, тиббиёт ва таълим муассасаларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ҳамда бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар ҳолати ўрганилди.
Дастлабки манзил «Бухоро энергомарказ» АЖ бўлди. Корхона томонидан Бухоро шаҳридаги 200 дан ортиқ кўп қаватли уйлар ҳамда 32 та ижтимоий соҳа объектларига марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатилмоқда.
Корхонани модернизация қилиш мақсадида Жаҳон банки маблағлари жалб қилинган бўлиб, лойиҳа доирасида 100 МВтли замонавий янги сув иситиш қозонлари ўрнатилган. Кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига 273 та индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилиб, 5,5 километр эски иссиқлик қувурлари янгисига алмаштирилган.
Иссиқлик корхонаси ҳудудида иссиқхона ва лимон боғи ташкил этилган. Партия раҳбари иссиқхона фаолиятини экологик талабларга риоя этган ҳолда янада ривожлантириш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.
Экологик тарбиянинг пойдевори
Ишчи гуруҳ Бухоро шаҳрида жойлашган 76-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан ҳам танишди.
Ўрганиш жараёнида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим муассасаси ҳудудини кўкаламзорлаштириш даражаси, мавжуд дарахт ва кўчатларнинг ҳолати ҳамда уларни парваришлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Яшил майдонларни кенгайтириш бўйича қатор амалий таклифлар билдирилди.
– Биз экологик барқарор жамият қуришни мақсад қилган эканмиз, аввало экологик тарбияни мактабгача таълим босқичидан бошлашимиз зарур. Зеро, эртанги кун эгалари айнан шу болалардир. Уларнинг табиатга бўлган меҳри, экологик билим ва маданияти қанчалик юксак бўлса, келажагимиз ҳам шунчалик соғлом ва барқарор бўлади, – деди Абдушукур Ҳамзаев.
Депутат мактаб интернатда
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили 39-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати бўлди.
Ўрганиш давомида таълим шароитлари билан танишилиб, малакали таълим ва илмнинг ёшлар келажагидаги ўрни, шунингдек, юртимиз ривожи учун билимнинг тамал тоши экани ҳақида муҳим фикрлар билдирилди. Абдушукур Ҳамзаев ўқувчиларга ҳар дақиқа билимдан самарали фойдаланиш, сунъий интеллект имкониятлари ва унинг замонавий ютуқлари ҳақида ўз фикрларини баён этди.
Мазкур мактабда 2300 нафар ўқувчи таҳсил олади ва уларнинг 80-90 фоизи ҳар йили олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида муваффақият қозонади. Шу билан бирга, аҳоли сонининг ортиши сабабли мактабларни кўпайтириш бўйича амалий таклифлар ҳам билдирилди.
Бу учрашув ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш, таълим сифати ва шароитларини яхшилашга қаратилган амалий ишларнинг муҳим намунасидир.
барқарорлик асоси
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Бухоро вилояти диагностика маркази бўлди.
Ўрганиш давомида муассасанинг моддий-техник базаси, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳамда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.
Клиникада жорий этилган замонавий диагностика ва даволаш усуллари, юқори технологияли тиббий ускуналар имкониятлари ҳамда малакали мутахассислар фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Фракция раҳбари соҳа ривожи, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда тиббий хизматларнинг ўрни муҳим эканини таъкидлаб, марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва хизматлар сифатини янада оширишга қаратилган ташаббуслар давом эттирилишини қайд этди.
Ижтимоий муаммолар калити
Аҳолини қийнаётган муаммолар, турли ижтимоий масалаларни маҳалла фуқаролар йиғинидан кўра яхши биладиган тузилма йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда ишчи гуруҳ Бухоро туманидаги «Работиқалмоқ» МФЙда бўлиб, маҳалла еттилиги билан учрашди.
Учрашувда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий хизматлар самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, маҳалладаги мавжуд ижтимоий муаммолар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари билан ишлаш тизими, манзилли ёрдам кўрсатиш механизмлари ҳамда давлат ижтимоий дастурларининг ижроси атрофлича кўриб чиқилди.
Партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, маҳалла институти билан ҳамкорликни янада кучайтириш орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш устувор вазифа эканини алоҳида таъкидлади.
Фитосанитария – озиқ-овқат хавфсизлиги омили
Навбатдаги ўрганиш манзили Бухоро вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳузуридаги фитосанитария лабораторияси бўлди.
Мазкур лабораторияда уч йўналиш бўйича ихтисослашган мутахассислар томонидан чет давлатлардан импорт қилинадиган ўсимлик маҳсулотлари, уруғлар ҳамда дарахт кўчатлари таркибида турли бегона касалликлар, зараркунанда ҳашаротлар уруғлари ва ёввойи ўтлар мавжуд эмаслиги илмий асосда таҳлил қилинади. Бу эса мамлакатимиз ҳудудига фитосанитария хавфлари кириб келишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Лаборатория фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида Абдушукур Ҳамзаев бундай замонавий лабораториялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, биохилма-хиллик ва экологик мувозанатни сақлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, фитосанитария назоратини кучайтириш, лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда малакали кадрлар салоҳиятини ошириш долзарб вазифа экани қайд этилди.
Меҳнат ва интилиш
Мўъжазгина томорқасида ҳалол меҳнат қилиб, яхши даромад топаётган юртдошларимиз кўп. Бухоро тумани Работиқалмоқ маҳалласида яшовчи Ҳайдар Наврўзов ана шундай меҳнаткашлардан биридир.
Ҳайдар ака ўз томорқасида 4 сотих иссиқхона ташкил қилган бўлиб, айнан шу иссиқхонада лимон етиштириш орқали йилига 50-60 миллион сўмгача даромад топмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятидаги ўрганишлари чоғида Ҳайдар аканинг хонадонида ҳам бўлди.
Фракция раҳбари Ҳайдар Наврўзовнинг томорқадан унумли фойдаланаётгани ва бундан даромад топаётгани бошқалар учун ҳам ибрат эканини таъкидлаб, томорқаси бўш турган ҳар бир хонадон мана шундай меҳнат қилса, интилиш билан иш тутса, аҳоли фаровонлиги янада ортишини қайд этди.
Депутатлар томонидан ўтказилаётган бундай ўрганишлар жойлардаги ҳақиқий ҳаётни, оддий инсонларнинг меҳнати ортида турган имкониятларни очиб беради. Энг муҳими, улар қуруқ рақам ёки ҳисобот эмас, балки реал тажриба ва ибратли мисоллар орқали аҳолини фаолликка, ташаббусга ундайди. Шу жиҳатдан, жойларда ўтказилаётган бундай ўрганишлар нафақат муаммоларни аниқлаш, балки одамлар онгида «мен ҳам қила оламан» деган ишончни мустаҳкамлашда ҳам катта аҳамият касб этади.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири