Экоолам      Бош саҳифа

Бугунни ва келажакни ҳимоя қилиш масъулияти

Табиат бизни ўраб турган бутун борлиқ, кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш манбаидир. Инсон ушбу ягона экотизимнинг ажралмас бир қисми бўлгани боис, унинг моҳияти бир томондан биологик, иккинчи томондан ижтимоийдир.

Бугунни ва келажакни  ҳимоя қилиш масъулияти

Бугунги глобал иқлим ўзгаришлари ва экологик инқирозлар даврида табиат билан уйғун яшаш шунчаки назарий тушунча эмас, балки инсониятнинг омон қолиш шартига айланди.

 

Ажралмас бирлик

Табиат ва экология – бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, бири иккинчисини тўлдирадиган ва англатадиган тушунчалар. Табиат – бу инсонни ўраб турган атроф-муҳит: ҳаво, сув, тупроқ, ўсимлик­лар ва ҳайвонот олами, тоғлару дарёларнинг умумий мажмуаси. Экология эса шу муҳитдаги тирик организмларнинг бир-бири ва олам билан ўзаро муносабатларини, мувозанат қонуниятларини ўрганадиган фандир.

Уларнинг боғлиқлигини ҳаётий ва оддий мисолларда кўриш мумкин.

Дарахтлар табиатнинг бир қисми. Экология эса уларнинг атмосферадаги углеродни ушлаб қолиш, кислород ишлаб чиқариш ва иқлимни мўътадиллаштиришдаги бебаҳо ўрнини таҳлил қилади.

Сув – табиий бойлик. Экология эса манбаларнинг ифлосланиши ва танқислиги инсон соғлиғи, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсига қандай ҳалокатли таъсир кўрсатишини ўрганади.

Тупроқ – табиатнинг пойдевори. Экология унинг унумдорлиги, шўрланиши ва эрозияга учраши оқибатларини илмий асослаб беради.

Қисқача айтганда, табиат биз яшаётган ягона макон бўлса, экология шу макондаги мувозанатни тушуниш ва уни асраш фалсафасидир. Инсон фаолияти бу муҳитга бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли, табиатни асраш – экологик мувозанатни сақлаш, экологик мувозанатни сақлаш эса инсоннинг ўз ҳаёти ва келажагини ҳимоя қилиш демак.

 

Рақамлар огоҳлантиради

Бугун экологик мувозанатнинг бузилиши шунчаки мутахассисларнинг хавотири эмас, балки ҳар бир хонадон эшигини қоқаётган суронли ҳақиқатдир. Хусусан, минтақамизда ўтган асрда пайдо бўлган Орол фожиаси  инсоният хатосининг тузли жароҳати бўлиб турибди. Бир вақтлар дунёдаги тўртинчи йирик кўл ҳисобланган Орол денгизининг қуриши XX асрнинг энг оғир глобал экологик фожиасига айланди. Денгиз ўрнида пайдо бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонга эга Оролқум саҳросидан йилига 100 миллион тоннадан ортиқ заҳарли туз ва чанг ҳавога кўтарилади. Бу заҳарли ғубор нафақат Марказий Осиё, балки Арктика музликлари ва Европа тоғларигача етиб бораётгани илмий исботланган.

Яна бир экологик масала бу кейинги пайтларда тез-тез юз бераётган чанг бўронлари саналади. Уларни мажозий тарзда табиатнинг инсониятга кўрсатаётган «қизил карточка»си дейиш мумкин. 2021 йилнинг ноябрь ойидаги мисли кўрилмаган чанг бўронини эсланг. Мамлакатимизнинг кўп­лаб ҳудудларида кўриш даражаси пасайиб, ҳаводаги майда чанг ва заҳарли заррачалар (PM2.5) миқдори белгиланган меъёрдан бир неча баравар ортиб кетди. Бу табиатнинг инсониятга – «Мувозанатни буздингиз, тўхтанг!» деган жиддий огоҳлантириш­ларидан бири эди.

Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатида тобора эриб бораётган музликлар ва сув инқирози ҳам жиддий экологик ёндашувни тақозо этмоқда. Охирги 50 йил ичида Марказий Осиёдаги музликлар майдони деярли 20-30 фоизга қисқарган. Амударё ва Сирдарё ҳавзасида сув ҳажмининг камайиши, ёзнинг ҳаддан ташқари иссиқ келиши ва ёғингарчиликнинг нотекис бўлиши – ҳаммаси экотизим емирилаётганидан далолат беради.

 

Яшил келажак сари дадил қадамлар

Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиш­ларидан бирига айланди. Аҳоли пунктларида яшил майдонларни кенгайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиш, шаҳар ва қишлоқлар атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш йўлга қўйилди. Бу ҳавони тозаловчи оммавий табиий фильтрларни яратиш демакдир.

Оролнинг қуриган тубидан туз ва чанг кўтарилишига қарши мисли кўрилмаган ишлар бажарилмоқда. Қисқа давр ичида Оролқумнинг 1,8 миллион гектардан ортиқ майдонида саксовул ва чўл ўсимликларидан мустаҳкам яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу лойиҳа глобал миқёсда экологик офатга қарши курашнинг ноёб намунаси бўлди.

Қишлоқ хўжалигида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари кенг жорий этилиб, минглаб куб метр чучук сув ресурслари тежалмоқда. Навоий, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилиб, атмосферага заҳарли газлар чиқарилиши кескин камайтирилмоқда.

 

Масъулият ҳар бир инсонда

Экологик мувозанатни сақлаш уйимиздаги оддий одатлардан бошланади. Мисол учун, ҳар бир инсон умри давомида лоақал бир нечта дарахт экиб, уни вояга етказса, заминимиз яшнаб кетади. Жўмракдан беҳуда оқаётган сувни тўхтатиш – келажакдаги сув танқислигининг олдини олишга қўшилган шахсий ҳисса. Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташламаслик, полиэтилен пакетлардан фойдаланишни камайтириш ва чиқиндиларни саралаш аҳоли экологик маданиятини юксалтиришда энг муҳим омиллар ҳисобланади.

Экологик мувозанатни бузиш – ўз уйи­мизнинг устунларини ўзимиз емиришимиз билан баробар. Мусаффо ҳаво, тоза сув ва яшнаб турган табиат учун кураш – ҳаммамизнинг умумий бурчимиз. Экологик мувозанатни сақлаш – инсоннинг ўз ҳаёти, соғлиғи ва келажагини ҳимоя қилиш демак.

 

Шоҳруҳ КАРИЧАЕВ,

ЎЭП Фарғона вилояти кенгаши раиси ўринбосари




Ўхшаш мақолалар

Депутат ташаббуси  билан 20 та янги  иш ўрни

Депутат ташаббуси билан 20 та янги иш ўрни

🕔16:29, 04.09.2026 ✔77

Маҳалла обод бўлса, одамларнинг ҳам кўнг­ли тўқ. Уйда дастурхон тўкин, оилада иш ва даромад бўлса, эртанги кунга ишонч ҳам ортади.

Батафсил
«Долзарб 40 кунлик»: юртимиз кунига  30 минг тонна  чиқиндидан тозаланмоқда

«Долзарб 40 кунлик»: юртимиз кунига 30 минг тонна чиқиндидан тозаланмоқда

🕔16:29, 04.09.2026 ✔74

Ўзбекистонда Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан бутун республика бўйича барча ташкилотлар ходимлари дам олишган бўлса-да, тозалик ва ободонлаштириш соҳасининг фидойи ишчилари бир зум ҳам тўхташгани йўқ.

Батафсил
Бугунни ва келажакни  ҳимоя қилиш масъулияти

Бугунни ва келажакни ҳимоя қилиш масъулияти

🕔16:05, 27.08.2026 ✔126

Табиат бизни ўраб турган бутун борлиқ, кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш манбаидир. Инсон ушбу ягона экотизимнинг ажралмас бир қисми бўлгани боис, унинг моҳияти бир томондан биологик, иккинчи томондан ижтимоийдир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар