Қорақалпоғистонда саксондан ортиқ миллат ва элатлар дўст-иноқликда яшаб келади. Уларнинг орасида корейслар ҳам кўп. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Экологик партияси сафида ҳам турли миллат вакиллари кўпчиликни ташкил қилади.
Ли Марина Владимировна – 1974 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Миллати корейс бўлган бу аёл мамлакатимизда Экологик партия ташкил қилинган дастлабки йилдаёқ унга аъзо бўлиб кирди. Унинг асли касби кўз касалликлари бўйича шифокор, бироқ табиатни асраш, атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшишга иштиёқи бўлакча. Шунинг учун ҳам Ли Марина бугун Оролбўйи табиати ва экологик муҳитни барқарор асрашда энг жонкуярлардан бири саналади. У партияга аъзо бўлиб киргунга қадар ҳам атроф-муҳитни кўкламзорлаштириш, дарахтзорларни кўпайтириш, инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи саноат маҳсулотларини утилизация қилиш тизимини ташкил этиш борасида оммавий ахборот воситаларида кўплаб чиқишлар қилиб келарди. Айниқса, экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўшилган қиймат солиғидан озод этиш ҳақидаги таклифлари ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Марина Ли Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига сайлангач, фаоллиги янада ошди. Энди унинг учун аҳоли билан кенг давраларда учрашиб, уларнинг муаммолари, талаб ва таклифларини ўрганиш имконияти пайдо бўлган эди.
– Опа ҳатто дам олиш кунлари ҳам ҳордиқ чиқариш ўрнига маҳаллаларда аҳоли билан учрашиб, эринмасдан мулоқотлар қилади, одамларни қийнаётган муаммоларни ва уларнинг қизиқишларини ўрганади, – дейди халқ депутатлари Нукус шаҳар кенгаши депутати Т.Дошкенов. – Аксарият ҳолларда биз ҳам унга ҳамроҳ бўламиз ва унинг муомала маданияти, ишнинг кўзини билишини кўриб ҳавас қиламиз. Аҳил ва тотув оиласи, бир-биридан ширин икки ўғил ва бир нафар қизининг тарбияси билан ҳам кўпчиликка намуна.
– Инсон, аввало, ўзига нисбатан эътиборли бўлмоғи керак. Бунинг учун табиий маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиши лозим. Ўзига нисбатан бефарқ кишини экологик хавф-хатарлар дарров исканжага олиши мумкин. Мен ҳар бир учрашувда элдошларимизга бу ҳақда тушунтириб келаман.
Инсон саломатлигини барқарор ушлаб туриш жуда кучли ирода ва назоратни талаб қилади. Баъзан оддийгина эҳтиётсизлик сабаб соғлиғимиз ёмонлашиши мумкин. Ана шундай вақтда кўпроқ табиий дори воситаларидан фойдаланган афзал. Афсуски, кейинги йилларда халқ табобатидан кенг фойдаланишга кам эътибор қаратиляпти. Ахир биз дунёга Ибн Сино каби улуғ алломаларни берган юртда яшаяпмиз. Ҳадеб кимёвий дорилар билан даволанавермаслик керак. Табиий малҳамлар, дамламалар, ҳапдори ва суртмаларни тиббиёт соҳасида қўллашни ҳам 40 фоизга етказиш фурсати аллақачон етди деб ўйлайман, – дейди биз билан суҳбатда депутат Марина Ли.
Жўқорғи Кенгес депутатининг фикрига кўра маҳаллий доривор маҳсулотлар хомашёсини ишлаб чиқарувчиларни қўшилган қиймат солиғидан озод этилса, айни муддао бўлади. Ана шунда четдан қалбаки дори-дармонлар кириб келишининг олди олиниши ҳам мумкин.
Депутат Марина Лининг ўз сайловчилари билан учрашиб, уларни қийнаётган қатор муаммоларни бартараф қилишда кўмаклашиб келаётгани кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлмоқда. Жумаладан, Нукус шаҳридаги «Чимбай-чайхана» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр қабулда аҳоли томонидан «Мажнунтол» кўчаси, 28/1-уй атрофи асфальт қилинмагани, йўл таъмирга, электр устунлари эса алмаштиришга муҳтож эканлиги айтилди. Шунингдек, канализация ва чиқиндиларни ташиш билан боғлиқ муаммолар ҳам ўртага ташланди.
– Депутат синглимиз қисқа муддат ичида элдошларимиз томонидан айтилган муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал қилишга муваффақ бўлди. Яқинда депутатнинг аҳоли билан учрашуви якунида, кузатиб қўйишга чиққанимда бироз истиҳола билан бир масалани айтдим: «Кўкламзор» кўчаси, 55 «а»-уйда жойлашган тиббиёт бирлашмаси олдига ёритиш чироқлари зарур бўляпти-да... Эртасига қарасам, аллақачон ёриткичлар ўрнатилибди. Кўриб жуда хурсанд бўлдим, – дея алқайди «Чимбай-чайхана» маҳалласи оқсоқоли Жуманиёз Аймуратов.
– Мен оилада севимли бека, меҳрибон онаман. Экологик маданият ва табиатга меҳр-муҳаббатни биринчи навбатда ўз оиламда шакллантиришга муваффақ бўлганман. Турмуш ўртоғим Владимир Цой, ўғилларим Артём ва Артур ҳамда қизим Ольга ҳам жуда табиатсевар. Улар билан оилавий ҳашарлар уюштириб, кўчаларга дарахт ва гуллар экамиз, чиқиндиларни тозалаймиз. Бу ишимизни кўрган қўни-қўшниларимиз ҳам дарров бизга кўмаклашишга келишади, – дея суҳбатни давом эттиради Марина хоним.
Ҳа, халқимиз сўзи ва қиладиган ишлари бир-бирига мос, муштарак бўлган одамларни яхши кўради. «Бундай кишилардан кўпчиликка наф етади», дейишади. Марина Ли ҳам ўз сўзи, сайлов дастури ва бугунги ишлари бир-бирига мос бўлган фаол элдошларимиздан саналади. Шу сабабдан ҳам қорақалпоқ эли уни «Муаммоларимизни даволовчи депутат» деб бежиз эъзозлашмайди.
Айдангул АБДУРАҲМОНОВА,
ЎЭП Қорақалпоғистон партия ташкилоти
кенгаши бош мутахассиси,
Эрпўлат БАХТ,
«Oila va TABIAT» мухбири
Мансабдорлар эшитилди: Урганчда қурилишлар экологик талабларга мувофиқми?
🕔12:08, 25.12.2025
✔54
Кейинги йилларда мамлакатимиз бўйлаб бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Шаҳар ва туман марказларида тураржой, корхона, ташкилотларнинг осмонўпар бинолари қад ростламоқда. Уларнинг кўпчилиги мавжуд тартиб-қоида ва меъёрий талаблар асосида барпо қилинаётган бўлса, айримларида эса бунинг аксини кўриш мумкин.
Батафсил
Экологик партия депутатлари ҳудудларда: муаммоларга ечим, имкониятларга рағбат бериш йўлида
🕔12:07, 25.12.2025
✔63
Жойларда аҳоли ҳаёти, кундалик муаммолар ва мавжуд имкониятларни чуқур ўрганмасдан туриб, аниқ ечим ва самарали қарор қабул қилиш мушкул. Шу маънода, депутатлар ва партиямиз томонидан ҳудудларда олиб борилаётган ўрганишлар жамият билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим амалиёт ҳисобланади.
Батафсил
Депутатлар Қорақалпоғистонда
🕔12:04, 25.12.2025
✔51
Ҳудудларда халқ билан мулоқот – амалий натижаларга йўл. Аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг турмуш тарзи, меҳнат фаолияти ва кундалик муаммоларини жойида ўрганиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Батафсил