Боғ яратган киши ҳеч қачон ноумид қолмайди, иши ҳамиша бароридан келади. Диёримизда етиштириладиган олма-ю анор, анжиру узумларимизнинг таъмини дунё билади. Уларнинг янги узилгани-ю, қуритилгани бозор расталаридан тушмайди.
— Болалигимда ҳар гал мактабга кетаётганимда онам сумкамга шишада чой, нон билан бирга, бир ҳовуч майиз солиб қўярди, — дейди пайариқлик деҳқон Хуршид АБДУРАЙИМОВ. — Айтишларича, майиз қоринни тўқ тутиб, қонни кўпайтирар экан.
Қизиқиш
Отам асосий даромадни майиздан оларди. Олахуржун елкага тушгандан кейин ўзим ҳам майиз етиштиришга қизиқиб қолдим. Аммо кўрган билан иш битмас экан. Боғдорчиликнинг ҳам ўз машаққати, мушкулотлари бўларкан. Мана, йигирма йилдан бери шу иш билан шуғулланаман.
Оилада уч ўғил майизчилик билан машғулмиз. Отам билан маслаҳатлашиб, мен ҳам 40 сотих ер олиб, «Қора узум», «Қизил парда» навларидан ўтқаздим. Отам доим: «Яхши ҳосил олмоқчи бўлсанг, парваришни дадил қил: вақтида сувини, озиқасини бер» дер эди. Томорқада меҳнат қилаётганимда ана шу ўгитни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман.
Парвариш
Узум токини кўпайтиришда пишган новдасидан қаламча тайёрлаб олинади. Майдонни экишга тайёрлаб, суғорилади. Ер сувни шимиб, ҳали захи кетмасидан қаламчалар экилади. Аммо қаламчалар бир-бирига тегиб қолмаслиги лозим. Томир отгунга қадар сувидан, озиқасидан хабар олиб турилади. Яхши парваришланган ток узоғи билан 3-4 йилда мевага киради. Бунда, айниқса, суғоришга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Ток меваси, барги касалланмаслиги учун керакли чора-тадбирларни олдиндан кўриб қўйган маъқул. Қишда токни совуқ урмаслиги учун ерга кўмамиз, эрта баҳорда эса очамиз. Очилгандан сўнг олтингугурт (асосан, 2 марта — ердан олинганда ва гулга кирганда) сепилса, ток гуркираб ўсади. Бундан ташқари, кул, занг тушмаслиги, хол ораламаслиги учун маҳаллий чиринди — гўнг, кимёвий ўғит солинади.
Майиз
Узум пишиб етиладиган мавсум асосан, август-сентябрь ойларига тўғри келади. Август ойи қуёшли, иссиқ бўлганда узумдан майиз тайёрлаш учун 15-20 кун кетади, сентябрда эса об-ҳавонинг ўзгаришига қараб муддат чўзилиши мумкин.
Узумни узгандан сўнг аввал уни сифатига қараб ажратамиз. Сўнг осиб қўйиш учун жой тайёрлаймиз. Майизнинг харидоргир бўлишида шу жараён алоҳида ўрин тутади. Чунки сояки (сояда қуритилган) майиз юмшоқ бўлади. Офтоби (қуёшда қуритилган) эса бироз қаттиқ, дағалроқ бўлади. Узум узиб бўлингандан сўнг, совуқ тушмасидан новдаларини кесиб, ихчамлаб, яна тупроқ остига кўмиб қўямиз.
Даромад
Боғдорчилик азалдан даромадли соҳа. Тўғри, бу вақт, машаққат талаб этади, аммо боғ ҳосилга кириши билан сарфлаган вақтингиз ҳам, машаққатингиз ҳам эсдан чиқиб кетади. Масалан, 4 килограмм узумдан 1 килограмм майиз тушади. Ўтган йили 600 килограмм майиз олган бўлсам, бу йилги ҳосил 700 килограммга етди. Баҳоси ҳам навига қараб бўлади. Бу йил олган ҳосилимни уч мингдан саккиз минг сўмгача сотдим. Даромад ҳам ёмон эмас. Майизнинг яхши томони — мавсум танламайди. Фақат сақлашни эпласангиз, бўлди. Ўтган йилги даромадимдан битта сигир, бир нечта қўй сотиб олдим. Қишлоқ жой бўлгани учун чорвага эҳтиёж ҳамиша бўлади. Ортганини қурилишга сарфладим, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдирдим. Бундан ташқари, чорвачилик билан ҳам шуғулланаман. Қўй-молларни кўпайтириб сотиб, боғни янада кенгайтирмоқчиман.
Ҳа, ер билан тиллашадиган одам хор бўлмайди. Негаки, ер беминнат бойлик, улкан сармоя, битмас-туганмас хазина. «Ерни боқсанг — ер сени боқади», дегани шу-да!
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
ёзиб олди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔123
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил