Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Болаларга нисбатан куч ишлатиш икки ёшли гўдак ҳаётига зомин бўлди

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда мактабгача таълим ташкилотларида болалар зўравонликка учрагани, калтаклангани ҳақидаги хабарлар ва видеоларга дуч келадиган бўлиб қолдик. Ҳар сафар бундай ҳолатларни кўрганимда, бунга жиддийроқ қарашимиз керак, деб ўйлардим.

Болаларга нисбатан  куч ишлатиш икки ёшли гўдак ҳаётига зомин бўлди

Кўксида виждони бор инсон буни қабул қилолмайди!..

Охирги кўрган хабаримдан кейин – Тошкентда икки ёшли болани ухламагани учун уриб ўлдирган тарбиячига 6,5 йил, унга ёрдам берган услубчига 3 йил қамоқ жазоси та­йинланганини ўқиб, очиғи, таажжубга тушиб қолдим. Уч боланинг онаси сифатида бу менга жуда қаттиқ таъсир қилди.

Масалага холис қарайдиган бўлсак, икки ёшли вояга етмаган болани икки нафар катта ёшли, ақл-ҳуши жойида бўлган аёллар ўлгунигача калтаклаши ақлга сиғмайдиган ишдек. Лекин бу – аслида содир бўлган.

Бир фарзандни тўққиз ой кўтариб, дунёга келтириб, уни икки ёшга киргизиш айтиб қўйганда осон гап, холос. Аслида бу жуда катта меҳнат ва сабр талаб қилувчи иш. Хўш, бу ерда боланинг онасини, отасини ва оила аъзолари ҳолатини тасаввур қилиш қанчалик оғир. Энди уларнинг ўрнида бўлишингизни тасаввур қилиб кўрадиган бўлсак, қандай ҳолатда бўлардик, нима қилган бўлардик!?

Автоҳалокатга учраган болаларни оладиган бўлсак, ҳолатни содир этган ҳайдовчини ҳам оқлаб бўлмайди. Лекин бир нуқта бор: автоҳалокатни атайлаб қилмаган. Бир-бирини ўлдириб қўяётганлар бир-бирига ўтказган зулми ёки айби учун аламзада бўлиб, шу даражага келиб қолишади. Лекин болаларни ураётган, ўлдириб қўяётган тарбиячилар-чи? Болани унга қарши чиқиш учун ақли ҳам, кучи ҳам етмаслигини билади-ку! Бола ухламагани учун уриб ўлдирилиши керакми!?

Бу жуда оғир жиноят. Бу ҳолатни кўксида виждони бор инсон қабул қилолмайди, шунчаки ўтказиб юборолмайди!

Ҳуқуқий муносабат

Масалага ҳуқуқий жиҳатдан қарайдиган бўлсак — ривожланган давлатларда бундай ҳолатга қандай жазолар тайинланади?

АҚШда болаларга нисбатан зўравонлик, айниқса, уларнинг ўлимига сабаб бўлса, «child abuse resulting in death» сифатида баҳоланади.

Жазолар штатларга қараб фарқ қилади, лекин одатда:

— узоқ муддатли қамоқ (25 йил ёки умрбод).

— баъзи штатларда ўлим жазоси (масалан, Техас, Флорида).

— прокурор жиноятни қатл сифатида ҳам бахолаши мумкин, айниқса, зўравонлик давомли ёки айбдор онгли равишда болани ўлдиришга сабаб бўлса.

Буюк Британияда бундай жиноят одатда эҳтиётсизликдан ўлдириш ёки қасддан ўлдириш сифатида баҳоланади. 2004 йилда жорий этилган қонунга биноан бола ҳимоясини таъминлай олмаган шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин. Жазоси: 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Францияда болани уриб ўлдириш жазоси қасддан ўлдириш бўлса,  умрбод қамоқ; зўрлик ва эҳтиётсизлик оқибатида ўлим бўлса: 20 йилдан 30 йилгача қамоқ.

Болани ўлдириш Германияда қотиллик ёки қасддан ўлдириш сифатида баҳоланади.

Агар ўлим уй шароитида уриш натижасида бўлса, 10 йилдан бошлаб умрбод қамоқ жазоси; болага нисбатан мунтазам зўравонлик аниқланса, оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.

БМТнинг 1989 йилдаги Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига кўра, ҳар бир болани зўравонликдан ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир. Давлатлар болаларни ҳимоя қилмаганлик учун фуқаролик ва жиноий жавобгарлик механизмларини яратиши керак.

Жазо ечим бўла оладими?

Нега бизда бунча кам жазо тайинланди? Бу ҳолат бефарқликнинг ошишига сабаб бўлмайдими? «Ҳа, бўлавераркан-да...» деган фикрга келишга сабаб бўлмайдими?

Ҳолатга психологик жиҳатдан қарайдиган бўлсак, маҳаллий ва халқаро статистика шундан далолат берадики, болалар катталарга нисбатан кўпроқ зўравонликка дуч келади.

Ҳар қандай зўравонлик ҳолати — боланинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу каби таж­рибалар боланинг соғлиғи, ўзига бўлган ишончи, муносабати ва атрофдаги инсонлар билан бўладиган алоқаларини издан чиқаради.

 Айниқса, мактабда ёки боғчада бўладиган зўравонлик ҳолатлари болада чуқур психологик из қолдиради.

Қуйида болаларга нисбатан содир этиладиган психологик ва жисмоний зўравонликнинг энг кенг тарқалган оқибатлари ва уларнинг психологик хусусиятлари кўриб чиқилади:

1. Травматик стресс реакциялари.

Зўравонликка дуч келган болаларда биринчидан турли даражадаги стресс реакциялари кузатилади. Қўрқув, безовталик, хавотир – бу каби ҳислар нафaқат воқеа содир бўлган вақтда, балки анча вақт ўтгандан кейин ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Ушбу ҳолат қуйидаги белгилар орқали намоён бўлади:

— уйқу бузилиши, безовта уйқу, тез-тез уйғониш, даҳшатли тушлар;

— иштаҳанинг пасайиши;

— психосоматик белгилар: бош оғриғи, қориндаги ноқулайлик, юрак уришининг кучайиши;

— эҳтиёткорлик ёки яккаланиш, катталардан ёки ҳатто яқин инсонлардан қочиш ҳолатлари;

— травмадан кейинги стресс бузилиши, тажовузкор хотиралар, ҳодисаларни доимий такроран эсга олиш, ўша ҳолатлардан қочишга уриниш.

2. Ўзига бўлган ишончнинг пасайиши.

Зўравонликни бошдан кечирган болаларда ўзини кераксиз деб ҳисоблаш, ўз қадр-қимматини йўқотиш, ўзини паст баҳолаш ва бошқаларга ишонмаслик ҳолати кучли бўлади.

3. Депрессияга мойиллик.

Бундай болалар ўзига қадрсизлик, тушкунлик, ижтимоий четланиш ҳолатларини бошдан кечиришади. Айниқса, ўсмирлик ёшига етганда, ўз жонига қасд қилиш хавфи ортади. Бу – жиддий психологик ёрдамни талаб қилувчи ҳолатлардан.

4. Тажовузкорлик.

Зўравонлик қурбони бўлган болалар кўпинча ижтимоий муҳитга нисбатан тажовузкор муносабатда бўлишади. Улар уйда, мактабда, боғчада ёки кўчада бузғунчилик қилади, тенгдошлари билан келишмайди.  Атрофдагиларга нисбатан зўравонлик қилади. Бу хатти-ҳаракатлар кўпинча ички оғриқ ва ҳал қилинмаган жароҳатларнинг ташқи ифодасидир.

Юқорида тилга олинган икки ёшли бола зўравонликнинг энг оғир ва тузатиб бўлмас турига дуч келган. Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни асраб-авайлаш бизнинг инсоний бурчимиздир. Бугунги кунда болаларнинг зўравонликка учраётган ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабабларини аниқлаб, унинг олдини олиш, керакли чораларни кўриш, жазоларни қатъий белгилаш жуда муҳим.

Келажагимиз чиройли бўлиши, олимлар, спортчилар, санъаткорлар, муҳандислар, шоир ва ёзувчилар етишиб чиқиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариши ва илм-фан тараққиётини юксалтириши учун биз бугун болаларни ҳимоя қилишимиз керак.

 

Омина МИРЗАҚОБУЛОВА,

ЎЭП Бектемир туман кенгаши
раиси ўринбосари




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔80

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔57

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔75

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 23-Сентябр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар