«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЎтган ҳафта Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлар иштирокида ўтказилган катта йиғилишда «Murad Buildings» қурилиш компанияси асосчиси Мурод Назаров антиқа, бошқача айтганда жамоатчиликни жунбушга келтирадиган, табиатни сўнгги бардошини қулатадиган ғалати таклиф билан чиқди.
Тадбиркорнинг айтишича, дарахтларни кесишга мораторий қўйилган бўлса-да, қурилиш ишлари давомида ускуналар кўпинча дарахтларга зарар етказар эмиш. Шунинг учун дарахтлар кесилишига қўйилган мораторийни олиб ташлаш вақти келган эмиш. Яна бу «бизнесмен»нинг фикрича, кесилган дарахт ўрнига бошқа жойдан дарахт сотиб олиб бериш мумкин экан...
Мурод Назаров фикрича, чекловлар «қайтанга коррупцияни кучайтирмоқда». Унинг ўрнига олдиндан дарахт экиш йўли билан мажбурий компенсация механизми — «дарахтлар банки»ни жорий этишни таклиф қилди. Қурилиш компаниялари ҳам, учинчи шахслар ҳам ундан фойдаланиши мумкин эмиш...
Экопартия: бу – табиатга қарши очиқча тажовуз, экологик жиноят
Куракда турмайдиган бу таклиф жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Шу кеча-кундузда айнан кесилиб кетган дарахтлар туфайли пойтахт Тошкентдаги жазирамадан одамлар ўзини қўярга жой топа олмаётган, битта бўлса ҳам дарахтнинг, бир парча соянинг қадри нақадар сезилаётган бир пайтда бу таклиф, очиғи одамларнинг ҳам, табиатнинг ҳам сабр-косаси билан ўйнашгандек бўлди.
Айниқса, «ўрнига яна экамиз» деган бутунлай носоғлом фикр – табиат билан «бартер» қилишдек кулгили ва хавфли ёндашув эмасми? Чунки дарахтнинг қадри фақат унинг сони билан эмас, унинг ёши, соғломлиги билан баҳоланади. Бирон бир куч, ҳатто янги экилган кўчат ҳам юз йиллик дарахтнинг соясини, энергиясини ва экотизимдаги ўрнини қоплай олмайди.
Тадбиркорнинг бу таклифига қарши Ўзбекистон Экологик партияси кескин баёнот билан чиқди.
– Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилгани бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Абдуллаев. – Агар мораторий жорий этилмаганида, бугун биз чинакамига чўлда қолган бўлар эдик. Мораторийнинг аҳамияти жуда катта – айрим ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларига қарамасдан, ушбу чора-тадбир туфайли 98 фоиздан ортиқ дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилмади.
Дарҳақиқат, маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида дарахтларни кесиш бўйича келиб тушган 3 235 та ариза рад этилгани натижасида 453 238 та дарахтни кесишнинг олди олинди. Рад этилган аризаларда кўрсатилган дарахтлар орасида 86 309 таси қимматбахо навларга мансубдир.
Алоҳида таъкидлаш лозим, сув танқислиги ва глобал иссиқлик каби муаммолар юртимизда кун сайин сезиларли тус олмоқда. Бу ҳолатда келажак авлод учун ҳар бир дарахтни асраб қолишимиз ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Битта дарахтни катта қилиб ўстириш учун камида ўн йиллаб вақт, сабр ва доимий парвариш талаб этилади.
Ҳар бир етук дарахт кислородни чиқариш орқали ҳавони тозалаши, шовқин даражасини пасайтириши, ҳароратни тартибга солиши, тупроқ эрозиясининг олдини олиши каби вазифаларни бажаришини наҳотки девелопер жаноблари билмаса!?
Депутат, шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Сўнгги пайтларда «қайта экиш» номида кўчирилаётган ёки янги экилган кўчатларнинг аксарияти кўкармаётгани, қуруб қолаётганини жамоатчилик кўриб, кузатиб турибди. Бу каби тадбирлар, табиатни асраш эмас, аксинча, фақат дарахтларни йўқ қилиш орқали экологияни янада ёмон аҳволга солаётганини кўрсатмоқда.
Дарахтларга, айниқса, катта мегаполис бўлган Тошкентдаги ҳар битта дарахт, ҳар битта яшил ҳудудга нисбатан бу каби ёндашув нафақат экологик мувозанатга, балки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида мустаҳкамланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тамойилларига мутлақо зид ҳисобланади. Агар ҳар ким дарахтни ўз ҳудудидаги тўсиқ сифатида кўриб, уни кесишни «муқобил экиш» билан алмаштирса, бу – табиатга қарши очиқчасига тажовуз, яъни экологик жиноят саналади.
Ривожланган мамлакатларда ноқонуний кесилган ҳар бир дарахтнинг ҳатто сантиметри учун молиявий жавобгарлик белгиланган – айрим ҳолларда девелопердан ерни қайтариб олишгача борилади, дарахтларни кесиш эмас, ҳаттоки шикастланган ва қуриб қолиш хавфи остидаги дарахтларни «тирилтириш» бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундай ёндашувлар табиатни муҳофаза қилишда самарали натижа бермоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борада кескин чоралар кўриш, қонунчиликка ана шундай таъсирли механизмларни жорий этиш вақти етиб келди.
– Биз, Экопартия депутатлари тадбиркорларнинг бу каби табиатга бешафқат муносабатлари ва таклифларига мутлақо қаршимиз, – дейди депутат Жавлон Абдуллаев. – Бу каби чуқур таҳлил қилинмасдан билдирилган таклифлар келгусида табиатга бефарқлик билан ёндашиш ва экологик барқарорликка таҳдид солувчи ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Шуни қатъий таъкидлаймиз: ҳар қандай ривожланиш, бунёдкорлик ва реконструкция ишлари экологик манфаатлар ҳисобига эмас, улар билан мувозанатда олиб борилиши лозим.
Қонунчилик ташаббуси сифатида реновация лойиҳасини амалга оширишда зарар етказилиши мумкин бўлмаган объект сифатида мораторий эълон қилинган дарахт ва буталарнинг жойлашган жойини қонуний мустаҳкамлашга астойидил харакат қиламиз.
Экология вазирлиги: ўша «усуллар» бўйича тафтиш ўтказиш зарур
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Мурод Назаровнинг «дарахтлар банки» таклифини мавжуд мораторийга альтернатив бўла олмаслигини таъкидлади. Шунингдек, вазирлик тадбиркорнинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши кераклигини маълум қилди.
Вазирликнинг таъкидлашича, таклиф қилинаётган компенсацион экишлар ва «дарахтлар банки» мавжуд мораторийга қуйидаги сабаблар туфайли тўлиқ альтернатив бўла олмайди:
Вояга етган дарахтни ҳеч қандай кўчат тўлиқ алмаштира олмайди – на CО₂ ютиш ҳажми, на микроиқлимга таъсири, на биологик хилма-хиллик бўйича. Европа атроф-муҳит агентлиги маълумотларига кўра, битта дарахт йилига 21 кг CО₂ ни ютади. Бирорта ҳам кўчат бу функцияни ўн йиллар давомида бажара олмайди.
«Дарахтлар банки» амалиёти сунъий равишда коррупция ва спекуляцияларни юзага келтириши мумкин. Human Rights Watch’нинг Wild Money тадқиқотига кўра, айрим мамлакатларда компенсацион экинлар ноқонуний дарахт кесишни яширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда эса компенсацион экинлар – мавжуд маъмурий ёки жиноий жавобгарликларга қўшимча чорадир, лекин муқобил эмас.
Вазирлик, шунингдек, айрим қурилиш соҳаси вакиллари экологик қонунчиликни четлаб ўтиш учун «ижодкорона» ёндашувларни қўллаётганини қайд этди.
«Масалан, дарахтларни сунъий қуритиш орқали кейин уларни қонуний тарзда кесишга уриниш – бундай амалиётларнинг яққол мисолидир. Бундай ёндашувлар экологик нормаларни заифлаштириш эмас, балки ижобий мақсадларда – барқарорликка ҳисса қўшишда қўлланилса, анча мақсадга мувофиқ бўларди», – дейилади вазирлик муносабатида.
Экология вазирлиги янги экологик таҳдидларга нисбатан тенг таъсир қайтаришга интилаётганини ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Вазирлик қайд этишича, мавжуд мораторийни қайта кўриб чиқишга уриниш, айниқса, компаниялар ўз фаолиятига ESG тамойилларини жорий этишга интилаётган, шунингдек, мамлакатда 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилинган бир пайтда, афсус билан қарши олинади.
«Ўз чиқишида жаноб Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли «усуллар» қўлланилаётганини тилга олди. Шу муносабат билан, вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради, деб умид қиламиз», – дейилади вазирлик муносабатида.
Маълумот учун, ноқонуний дарахт кесганлик учун Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддасида фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25-50 баравари (738-1470 АҚШ доллари), мансабдор шахс учун эса БҲМнинг 50-75 баравари (1470-2210 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланган.
Шаҳарларда дарахт камайиши қандай оқибатларга олиб келади?
Бугунги урбанизация жараёнида кўпгина шаҳарларда, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон каби йирик шаҳарларда қурилиш ҳажми ортгани сари дарахтлар сони камаймоқда. Бу эса фақат эстетика ёки муҳитга эмас, инсон ҳаёти сифатига бевосита таъсир этувчи муаммоларни келтириб чиқармоқда.
1. «Жазирама» эффекти
Йирик шаҳарлардаги асфальт, бетон ва темир иншоотлар ёзда қуёш иссиғини тўплайди ва уни узоқ вақт сақлаб туради. Агар яшиллик бўлмаса, бу «жазирама» эффектини кучайтиради. Ҳаво ҳарорати қишлоқ ҳудудларига нисбатан 5-7°C га юқори бўлади. Тошкентдаги сўнгги аномал иссиқ ҳам айнан яшилликнинг кескин камайиши фонида юзага келмоқда.
2. Ҳаво ифлосланиши ва нафас йўллари касалликлари
Дарахтлар атмосферадаги углерод газини сўриб, кислород чиқаради. Улар – табиий фильтр. Яшил масканлар камайиши ҳаводаги чанг, аллерген ва заҳарли моддалар миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлади. Аҳоли орасида бронхит, астма, аллергия ва ўпка касалликлари кўпаяди.
3. Намлик ва сув мувозанати бузилиши
Дарахтлар тупроқда намликни сақлайди, сувнинг буғланишини меъёрлаштиради. Уларсиз: тупроқ қурийди, ер ҳосилдорлиги пасаяди. Шаҳар «қуруқ ва чангли» муҳитга айланади.
4. Аҳоли руҳий саломатлигига таъсир
Тадқиқотларга кўра, яшил масканларда сайр қилиш: стрессни камайтиради, руҳий ҳолатни яхшилайди. Шаҳарларда яшиллик етишмаслиги эса одамларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади: депрессия, чарчоқ, агрессия ҳолатлари кўпаяди ва кўпаймоқда.
5. Иқтисодий ва ижтимоий оқибатлар
Иссиқлик ва ҳаво ифлосланишига қарши кўпроқ энергия сарфланади (кондиционерлар, вентиляция). Тиббий хизматга эҳтиёж ортади. Яшаш учун қулайлик паст бўлгани учун аҳоли миграцияси (шаҳардан кўчиш) юзага келади.
Биргина дарахт бугун нафақат соя ва кислород беради, шаҳарнинг келажагини ҳам сақлайди.
Битта катта дарахт ьафзалми ёки 100 та ниҳол?
Тўғри, Мурод Назаров айтган 100 та ёш ниҳол экиш – келажак учун катта фойда. Аммо бугунги куннинг экологик мувозанатини сақлаш учун катта дарахтларга эҳтиёж жуда юқори. Улар билан бирга ҳозирги ҳаво сифати, соя, намлик ва биоҳаёт турлари кетишини ҳам ҳисобга олиш керак.
Қолаверса, экилган 100 та ниҳолнинг барчаси яшаб қолмаслиги аниқ. Дунё тажрибасида шаҳарларда ўтқазилган ҳар 100 та ниҳолдан 30-40 фоизигина 10 йилдан кейин ҳам тирик қолади. Қолгани турли омиллар сабаб нобуд бўлади. Катта дарахтнинг экологияга таъсири ўрнини шунчаки «кўп сонли ниҳол» билан босиш мумкин эмас.
Дунё тажрибаси: дарахтни йўқотмаслик – стратегик масала
Дунёдаги ривожланган мамлакатларда қурилиш фақат жисмоний инфратузилмани яратиш эмас, балки экологик масъулиятни ҳам ўз ичига олади. Айниқса, шаҳарларнинг яшил майдонларини сақлаб қолиш ва уларни кўпайтириш давлат сиёсатининг муҳим қисмига айланган. Мисол учун, Германиянинг Берлин, Гамбург каби шаҳарларида қурилиш ишлари олдидан даражаланган экологик экспертиза ўтказилади. Агар қурилиш ҳудудида катта ёшдаги дарахт бўлса, уни кесиш эмас, бутун илдиз тизими билан кўчириш амалга оширилади. Шахсий мулкка эга бўлсангиз ҳам, муайян диаметрдаги дарахтни кесиш учун рухсатнома ва компенсация мажбурияти белгиланади.
Париждаги янги қурилиш лойиҳаларида эса биофилия концепцияси (табиатни қадрлаш) жорий қилинган. Кўп қаватли бинолар деворларидаги вертикал боғлар, томлардаги янгича боғлар қурилиш нормаларига киритилган. Бу нафақат дарахтларни сақлаш, балки улар сонини оширишни ҳам назарда тутади.
Швецияда қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқишдан аввал, шу ҳудуддаги ҳар бир дарахт учун экологик баҳолаш олиб борилади. Қурилиш компанияси шу «экологик фойда»ни қайтариш ёки компенсациялаш учун экологик инфратузилма қуриши шарт: янги дарахтлар экиш, шаҳар ҳудудида яшил ҳудуд яратиш, жамоат боғлари учун инвестиция ажратиш каби.
Ўзи ўтирган шохга болта уриш
Мана шу воқеа Морис Метерлинкнинг «Кўк қуш» асари асосида ишланган фильмдаги бир саҳнани, болалигимни ёдга солди: унда дарахтлар сўзлайди ва одамлардан жудаям қўрқади. Улар инсонлардан нафратланади. Менинг ёш бола онгим ҳар гал фильмдаги шу саҳнани кўрганда дарахтлар инсонлардан нафратланмаслигини ва улар иноқ бўлишини истарди. Негадир дарахтлар ва инсонлар ўртасидаги кураш ўша пайтлардаёқ менга ёқмасди, ичим ғашланарди. Бу саҳна рамзий бўлса-да, ўта ҳақиқий эди – табиат ҳам ҳис қилади, жавоб қайтаради. Бугун биз дарахтларни «бетон қурилишга халақит берадиган тўсиқ» деб қараяпмиз. Эртага бу дарахтларсиз ҳаво, ҳаёт сифати ҳам буткул йўқолиши мумкинлигини англай оляпмизми? Бунинг эпкинлари аллақачон етиб келганини наҳотки қурувчи тадбиркор кўрмаётган бўлса?!.
Ўша «Кўк қуш» фильмида болалар бахтни излашга йўл олишади. Лекин улар бахтни табиат билан суҳбат, ҳис этиш ва мулоҳаза орқали топишади. Ўша болалардан фарқли ўлароқ, бугун катталар бахтни қурилиш, пул ва шиширилган лойиҳалардан қидиришмоқда. Натижада – дарахтлар кесиляпти, табиат эса жим турмайди.
Халқимизда «ўзи ўтирган шохга болта уриш» деган ибора бор. Бу кўпинча кўчма маънода ишлатилса ҳам, бугунги мавзуга тўғридан-тўғри мос келади. Чунки тадбиркорларимиз ҳудди ўзларини ўша шохда ўтирмагандек тутишмоқда. Қайсики тадбиркор, ноқонуний, ҳар хил эгри йўллар билан дарахтларни йўқ қилиб бизнес қилаётган экан, табиатнинг жавоби қаттиқ бўлишига ҳам тайёр турсин. Табиат ожиз эмас. У албатта ҳаммасига жавоб қайтаришини унутмайлик.
Ҳар бир дарахт нафақат кислород, соя-салқинлик ёки гўзаллик беради, балки ахлоқий мезонимизни – бизнинг кимлигимизни ҳам кўрсатади. Биз уни кесар эканмиз, ўзимиздаги муҳаббат, онг ва виждонни ҳам кесиб ташлаётган бўламиз. Шундай экан, «қуриш учун кесиш» эмас, «яшаш учун асраш»ни танласак бўлмайдими?..
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил