Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Унинг асарларида турли мавзулар қаторида табиат, атроф-муҳит ва тозалик масалалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Фитрат бу мавзуларни оддий назарий фикр сифатида эмас, балки миллатнинг соғлом ва барқарор ривожланиши учун зарур шарт сифатида кўрган.

Фитрат: «Ақл – Аллоҳ томонидан берилган, инсонларни икки дунё саодатига етакловчи энг буюк неъмат», деб таърифлайди. Одамзод табиат, унинг ҳодисалари ва жонзотлар олдида анча ожиз бўлганини, даставвал йиртқич ҳайвонлар ҳужумидан, иқлим ўзгаришларидан, очлик ва сувсизликдан, табиий офатлардан ҳамиша қўрқиб оғир ҳаёт кечирганини, кейинчалик бу қийинчиликларни Аллоҳ берган ақл билан бирин-кетин енгиб борганини айтади. Инсонда табиат ҳодисаларига муносабат ва табиатни англаш, асраб-авайлаш туфайли экологик маданият ва билимлар шаклланиб борганини таъкидлайди.

 

Табиат ва илм ўртасидаги боғлиқлик

Фитрат инсон тарихи табиат билан доимий алоқада кечганини таъкидлайди. Унинг фикрича, инсон ақли ва илми табиатдаги қийинчиликларни енгишда асосий восита бўлган. Шу сабабли табиатни ўрганиш, уни асраш ва ундан тўғри фойдаланиш – маданий тараққиётнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади.

У жамият тараққиёти учун илмларни уч йўналишга ажратади: табиий илмлар, риёзий илмлар ва фалсафий илмлар. Табиий илмлар қаторида наботот (ўсимликлар), маҳлуқот (ҳайвонлар), маъданлар (ер ости бойликлари), тиббиёт ва ҳикматни санаб ўтади. Бу билимлар инсонга табиатни англаш ва уни муҳофаза қилиш имконини беради.

 

Сувнинг тозалиги ва микроб назарияси

Фитрат атроф-муҳит ҳақида фикр юритар экан, сувнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтади. Унинг таъкидлашича, тоза сув – соғлом ҳаётнинг асосий манбаи, ифлос сув эса кўплаб касалликларнинг сабабчиси.

У микроб назариясини кенг ёритиб, микробларни икки турга бўлади: фойдали ва зарарли. Фойдали микроблар инсон ҳаётида зарур биокимёвий жараёнларда иштирок этса, зарарли микроблар турли касалликларни келтириб чиқаради. Бу зарарли микроблар ифлос сув, ифлос ҳаво, тупроқ ёки ҳашаротлар орқали тарқалиши мумкин.

Фитрат сувни қайнатиб ичишни энг хавфсиз ва самарали усул сифатида тавсия қилади. Шунингдек, у қудуқлар ва ариқларни санитария талабларига мувофиқ қуриш ва тоза сақлаш зарурлигини таъкид­лайди.

Олим микроблар асосан сувда яшашини таъкид­лайди. Шаҳар ташқарисидаги булоқ ва ариқлар атрофи турли чиқиндилардан холи бўлгани сабабли сувида микроблар йўқлигини, лекин шаҳардаги ариқлар халажойлар тагидан ўтганини, қудуқ ва ҳовузлар очиқ туришини, кўл сувлари назорат қилинмаслигини, бундай жойлар микроблар макони эканини таъкидлайди.

Фитрат қудуқ тоза жойдан қазилган ва усти доимо ёпиқ ҳолатда бўлса, сув тоза сақланиб, уни бехавотир ичиш мумкинлигини айтади. Шаҳарда бундай қудуқларни қазиш мушкул эканини, чунки қабристон ва нотоза ҳудудларга яқин жойларда қазилишини, ифлосланган оқимлар қудуқ сувига аралашиб кетишини, ундан ичилганда, микроблар тўғридан-тўғри инсон организмига ўтишини, бу эса саломатликка жиддий хавф туғдиришини айтиб, одамларни сувдек покиза неъматни турли чиқиндилардан асрашга даъват этади.

 

Шаҳар санитарияси ва ҳавонинг софлиги

Фитрат шаҳарларда санитария қоидаларига риоя қилишни жамият соғлиги учун зарур шарт сифатида кўради. Унингча, тоза кўчалар, чиқиндиларни ўз вақтида тўплаш, ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асосидир.

Фитрат ҳаёт учун энг аввало, тоза ҳаво зарурлигини, қанчадир вақт овқатланмай ўтириш мумкин, лекин ҳавосиз бир дақиқа ҳам яшаб бўлмаслигини таъкидлайди. Тоза ҳаво ва кўкаламзорлашган мас­канлар инсонлар учун фойдали эканини, ҳамма ерда ҳаво мусаффо, турли заҳарли газлардан холи бўлиши зарурлигини, Франция ва Россияда ҳукумат болалар учун боғлар, баҳаво масканлар барпо этганини, хушҳаво ва обод масканда ўсган ёшлар ҳар томонлама соғлом бўлишини алоҳида таъкидлайди.

У Франция ва Россиядаги шаҳар санитария тизимини мисол қилиб, қонунлар орқали тартиб ўрнатиш зарурлигини айтади. Ҳавонинг тозалиги ҳақида гапирганда эса, шаҳарларда кўкаламзорлаштириш ва боғлар барпо этишни таклиф қилади. Болалар учун алоҳида тоза ҳаволи масканлар бўлиши керак, чунки боланинг жисмоний ривожланиши соф ҳаво ва қуёш нурисиз тўлиқ бўлмайди.

Фитрат кўкаламзорлашган жойлар ва обод маҳаллаларда тозаликни сақлаш зарурлигини, у саломатликнинг муҳим шарти эканини айтади. Тозалик катталар учун қай даражада шарт бўлса, ёш авлод учун ундан ҳам зарурроқ эканини, чунки улар катталарга қараганда касалга тез чалинувчан бўлишини, боланинг тозалигига чақалоқлигидан эътибор бериш лозимлигини, уни ифлосликдан ҳазар қилишга ўргатиш кераклигини таъкидлайди.

Олим бу муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари шаҳар кўчаларини покиза ва ҳавосини тоза сақлашдан иборатлигини таъкидлайди. Франция ва Россиядаги кенг ва озода кўчаларни мисол қилиб келтиради, бу нарсалар кўзбўямачилик учун эмаслигини, у ерларда атроф-муҳитни тоза сақлаш учун тўғри ва зарур қонунлар қабул қилинганини таъкидлайди. «Бахтга қарши бизнинг кўчаларимиз ифлослиги шундай нафрат уйғотадики, таърифлашга ожизмиз» деб, шаҳарларнинг экологик жиҳатдан тоза ва озода бўлиши ҳар бир миллатнинг ҳаёти учун муҳим эканини, ислом дини ҳам кўчаларни тоза тутишга амр этганини эслатиб, одамларни экологик муаммолардан холи яшаётган хорижликлардан ибрат олишга чорлайди.

Мана, орадан юз йиллар ўтибдики, жамиятимизни шунга чорлаш давом этмоқда, афсуски экологик маданият борасида биз намуна бўладиган мамлакатга айлана олмаяпмиз.

 

Тозалик маданиятини тарбиялаш

Фитратнинг фикрича, тозалик – саломатлик ва узоқ умр кўришнинг асосий шарти. У Туркистонда кенг тарқалган айрим касалликлар сабабини ифлосликда кўради. Шу боис, аҳолини гигиена қоидаларига ўргатишни муҳим вазифа деб билади.

Болаларга тозалик одатини чақалоқликдан сингдириш керак, дейди у. Бу жараёнда ота-оналар ва муаллимлар масъул бўлиши шарт. Олимнинг таъкидлашича, тарбияланмаган тозалик маданияти келажакда жамиятнинг умумий саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Фитрат покизалик инсон саломатлиги ва умрининг узайишига хизмат қиладиган асосий омил эканини айтади. Туркистон ўлкасида мавжуд касалликларнинг асосий сабаби ифлосликда деб кўп куйинади. У ривожланган давлатлар аҳолиси тозаликни ҳаётининг гарови қилиб олганини, фарзандларини гўдакликдан тозаликка ўргатишларини айтади.

Фитрат ислом дини одамларни покизаликка буюрганини, бадан ва либосини покиза сақлаш иймондан эканини таъкидлайди ва одамларни тозаликка риоя этишга, атроф-муҳитни обод сақлашга чорлайди.

Фитрат саломатлик ҳақида тўхталар экан, ўз ҳузурини муҳофаза қилолмаган миллат охир-оқибатда ҳалокатга дучор бўлишини айтади. Ривожланган мамлакатларда халқ саломатлигини сақлаш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилаётганини таъкид­лайди. Одамларни манзарали боғлар яратиш, ҳашарлар орқали кўчаларни тозалаб, экологик соф масканларни кўпайтиришга ундайди.

 

Хулоса ўрнида

Абдурауф Фитратнинг экология, атроф-муҳит ва тозалик ҳақидаги қарашлари ўша давр учун ўта илғор эди. У табиатни асраш ва тоза муҳит яратиш масаласини фақат шахсий соғлик ёки алоҳида соҳалар билан боғламай, балки бутун миллатнинг тараққиёти ва барқарорлиги учун зарур омил сифатида кўрган.

Жадидлик ҳаракати намояндаси Фитрат чин маънода миллат фидойиси, экологик маданият ва билимларнинг фаол тарғиботчиси эди. Фитрат, биринчидан, аҳолини табиатни асраб-авайлашга, ресурслардан оқилона фойдаланишга чорлаган бўлса, иккинчидан, хонадонлар, кўчалар, қишлоқ ва шаҳарларни озода сақлашга, боғлар ва обод масканлар барпо этишга ундаган, учинчидан, одамларда табиий ва экологик билимлар шаклланишига хизмат қилган, тўртинчидан, ҳар бир оилада тозаликка қатъий риоя қилиш орқали сиҳат-саломатликни таъминлашга замин яратиш кераклигини англаган ва тарғиб этган.

Бугунги кунда Фитрат айтган тавсиялар янада долзарб. Сув ресурсларини муҳофаза қилиш, шаҳар санитариясини таъминлаш, ҳавони тоза сақлаш ва гигиена маданиятини ошириш – бугунги куннинг ҳам асосий вазифалари қаторида. Керак бўлса, мамлакат экологик сиёсати, соҳага алоқадор барча вазирлик ва идоралар фаолияти учун ўзига хос «йўл харитаси» дейиш мумкин олимнинг бу қарашларини.

Фитратнинг фикрлари бизга шундан далолат берадики: миллат соғлом бўлмаса, унинг маданий ва иқтисодий ривожланиши ҳам мустаҳкам бўла олмайди.

 

Интернет манбалари асосида

Саида ИБОДИНОВА тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔80

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔75

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 10-Июн  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Заковат

Ўзимизнинг «менежер»

Бугунги кунда турли корхона ва ташкилотларда иш бошқарувчи, иш юритувчи кишилар «менежер» деб юритиляпти.


Ҳаммасини кўриш 

Пазандалик

Хуштаъм таом

Бу таомнинг афзал томони нимада дейсизми? Бу таомни бир неча хил усулда тайёрласа бўлади, масалан, картошка ўрнига гуруч ёки маржумак солиб, умуман янгича таъмга эга таом тайёрлаш имкониятига эга бўласиз.


Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар