Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.
Бу шиор икки хил рамзийликни – Конвенциянинг 50 йиллигини ҳамда Самарқанднинг цивилизациялар, маданиятлар ва табиатни муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар чорраҳаси сифатидаги беқиёс ролини акс эттиради.
«CITES CoP20» 2025 йил 24 ноябрдан 5 декабргача Самарқанд шаҳрида фан, ҳуқуқ, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва халқаро савдо бўйича минглаб мутахассисларни, шунингдек, бутун дунёдан ҳукуматлар, ҳукуматлараро ва нодавлат ташкилотлар, хусусий сектор ва ёшлар тармоқлари вакилларини бирлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов танланган шиор замирида чуқур маъно борлигини таъкидлади:
«Бу фақат шиор эмас. У бизнинг келажакдаги қарашларимизни ифодалайди, яъни табиатни асрашга инсонлардан алоҳида эмас, балки улар билан биргаликдаги умумий йўл сифатида қаралиши керак. Самарқанд Шарқ ва Ғарбни асрлар давомида боғлаб келган қадимий анъанаси билан, CITESнинг 50 йиллик йўлини таҳлил қилиш ва унинг келажакдаги режаларини шакллантириш учун энг мос жой бўлади».
CITES Бош котиби Ивонн Игеро эса қуйидагиларни таъкидлади:
«Биз CITES орқали халқаро ҳамкорликда ярим асрлик фаолиятни нишонлаётганимизда, ушбу шиор CITESнинг руҳи ва унинг ролини тўлиқ ифодалайди: CITES 184 та мамлакат ва Европа Иттифоқини бирлаштирган ҳолда, инсонлар ва ёввойи табиат ўртасида ўзаро уйғунликни таъминлайди, фан ва сиёсатни бирлаштиради ҳамда ҳайвонлар ва ўсимлик турларини келажак авлодлар учун сақлаб қолади».
Ўзбекистон «CITES CoP20» мезбони сифатида глобал биохилма-хиллик кун тартибига ўз ҳиссасини қўшиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади. Илгари тақдим этилган конференция логотипи Самарқанд меъморий мероси билан табиий тимсоллар – архар (тоғ қўйлари) ва родиола семёнова (rhodiola semenovii) доривор ўсимлиги уйғунлашгани учун эътирофга сазовор бўлди.
Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «CITES CoP20» Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро мавқеини оширади, илмий ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлайди ҳамда бутун дунё эътиборини Марказий Осиёнинг ноёб флора ва фаунасига қаратади.
Экология вазирлиги Матбуот хизмати
Табиатни асраш йўлида жиддий қарор: камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
🕔13:30, 20.07.2026
✔42
Табиат – инсонга мерос эмас, балки келажак авлодлардан олинган омонат. Шу боис биологик хилма-хилликни сақлаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Пойтахт «яшил бекатлар»га муҳтож
🕔13:23, 20.07.2026
✔40
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида алоҳида BRT йўлакларининг ташкил этилгани муҳим ва ижобий қадам бўлди. Йўловчилар ҳам ушбу янгиликни илиқ кутиб олмоқда.
Батафсил
Сайёрамизда ҳаётни сақлаб қолишнинг шарти битта
🕔13:19, 20.07.2026
✔36
Тонг нафаси ҳали тоза бўлган паллада дарахтлар орасидан эсаётган майин шамол инсон қалбига таскин беради. Қушларнинг сайраши, мусаффо осмон остидаги осойишталик – ҳаётнинг энг буюк неъматларидан.
Батафсил