Ҳар бир гиёҳ эътиборда
Мен Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғи илмий ходими сифатида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келяпман.
БатафсилАҳолининг экологик барқарор муҳитда ҳаёт кечиришини таъминлаш барча ислоҳотлар марказида турувчи энг долзарб масалалардан бири. Мусаффо ҳаво, тоза ичимлик сув, атрофимиздаги яшил олам, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳар доим кундалик ҳаётимизнинг асосини ташкил қилади.
Тириклигимиз манбаи бўлган табиий ресурслардан тўғри ва оқилона фойдаланиш орқали барқарор тараққиётга эришиш имконига эга бўламиз. Бу борадаги тизимли фаолият давлат ва нодавлат ташкилотларининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.
Мамлакатимиздаги экология билан боғлиқ жараёнларни яқиндан кузатиб бориш, жойлардаги мавжуд муаммоларни танқидий-таҳлилий ўрганиш ҳамда масъул ташкилотлар ва мутасаддилар билан биргаликда уларга тегишли ечим топиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси турли ҳудудларда амалий фаолият олиб бормоқда. Худди шундай навбатдаги ўрганишлардан бири куни кеча Хоразм вилоятининг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтди. Унда партия фракцияси раҳбари ҳамда депутатлар ижтимоий-иқтисодий ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятнинг экологик барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти билан яқиндан танишишди.
Иқтисодимиз таянчи
Чиқиндига тайёр хомаёш сифатида муносабатда бўлиш, уни қайта ишлашга фаол жалб қилиш айланма иқтисодиётнинг таянчини ташкил қилади. Ҳозирда дунё миқёсида кенг қўлланилаётган ушбу амалиёт юртимизда ҳам ривожланиб бораётгани қувонарлидир. Урганч шаҳридаги «Matbaa-Paper» МЧЖ ана шундай чиқиндини қайта ишлаш корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхона картон қадоқлаш соҳасида ўн беш йиллик тажрибага эга. У ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ҳар бир метри сифат назорати тизими назорати остида бўлиб, ҳар бир грамм қоғоз барқарорлиги, мустаҳкамлиги, силлиқланиши дастурий-техник ва лаборатория мажмуаси томонидан назорат қилинади ва созланади. Шу зайлда экологик хавфсиз ва тоза маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилмоқда.
– Бугунги вазиятда мамлакатимиз иқтисодиёти учун бу каби корхоналарга эҳтиёж катта, – деди ишчи гуруҳ раҳбари Абдушукур Ҳамзаев. – Эндиликда меҳнат жамоаси табиий ресурслар ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан самарали фаолият юритиши, айниқса, энергия тежамкорлигига қатъий риоя қилиши жуда муҳим. Бунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархининг ҳам сезиларли даражада пасайишига хизмат қилади.
Табиат кўксидаги оғриқ
Бугунги кунда чиқиндини қайта ишлаш даражаси мамлакатимизда мақсад қилинган юқори кўрсаткичга ҳали эриша олгани йўқ. Шу боис чиқиндининг катта қисми ҳамон бир неча минг гектарлардан иборат полигонларни банд қилиб ётибди. Урганч тумани «Чўлобод» маҳалласида жойлашган 10 гектарлик марказий чиқинди полигони шулардан бири. Унга кунига 120 тонна чиқинди ташланади. Полигонни рекультивация қилиш, устки қатламини тупроқ билан кўмиш ҳамда чиқиндилар хавфини камайтириш бўйича мунтазам ишлар олиб борилаётган бўлса-да, унинг атроф-муҳитга таъсирини кескин камайтириш алоҳида чоралар кўришни тақозо этмоқда.
Партия етакчиси Абдушукур Ҳамзаев ҳамда депутатлар вазиятни ижобий ҳал қилиш масаласида тегишли масъуллар билан учрашиб, ҳудуддаги ушбу масалани кенг муҳокама қилишди.
– Биз ҳозир ушбу полигоннинг атроф-муҳит ҳамда табиий ресурсларга етказаётган зарарли таъсирини имкон қадар камайтиришга эришишимиз зарур, – дея таъкидлади А.Ҳамзаев. – Бунинг учун ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мана шу ҳудуд атрофига яшил белбоғ барпо этиш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу микроҳудуд экотизимини барқарорлаштиришга катта таъсир кўрсата олади.
Шунингдек, депутатлар атроф-муҳитга зарар етказмаслик учун тезкор чораларни кўриш бўйича бир қатор таклифлар беришди. Мавжуд камчиликлар ўрганилиб, уларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича масъул ташкилотларга зарур тавсиялар берилди. Полигон ҳолати юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўрови юбориладиган ҳамда ушбу масала вилоят кенгаши сессиясига киритиладиган бўлди.
Муносиб ғамхўрлик
Шовот тумани Туркистон маҳалласида жойлашган «Еvroтех» МЧЖ корхонаси 2012 йил сентябр ойида ишга туширилган бўлиб, асосан ип-калава ҳамда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳозирда корхонада бир ой давомида 2 минг тоннадан ортиқ ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада 1 800 нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Ўрганишлар давомида ишлаб чиқариш жараёни, маҳсулот сифати ҳамда мавжуд шароитлар ўрганилди. Мутахассислар томонидан зарурий тавсиялар берилди.
Корхонада экологик хавфсизлик, ходимлар учун меҳнат муҳофазаси қоидаларига амал қилиниши, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш даражаси ҳам кўздан кечирилди. Мутахассислар томонидан мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ҳамда маҳсулот сифатини янада ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, корхона фаолиятини ривожлантириш ва халқаро бозордаги рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қиладиган таклифлар билдирилди.
Корхонада ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларга қулай шароит яратиш мақсадида замонавий тиббиёт маркази ҳам ташкил этилган. Ушбу марказда ходимлар мунтазам бепул тиббий кўрикдан ўтиши, зарур муолажаларни қабул қилиши ва профилактик хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бу эса нафақат ходимларнинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, балки уларнинг иш самарадорлигини ошириш, меҳнат унумдорлигини юқори даражада ушлаб туришга ҳам катта ҳисса қўшади. Шу орқали корхона ўз жамоаси саломатлигига эътибор қаратиш билан бирга, барқарор ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйишга эришмоқда.
– Эътиборли жиҳати шуки, – деди Абдушукур Ҳамзаев оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатида.
– Ушбу корхона 330 ўринга мўлжалланган мактаб қуриб, фойдаланишга топширган. Ёш авлод тарбиясидаги бундай ғамхўрлик, албатта ўрнак намунаси бўла олади.
Ўрганишлар давомида вилоятдаги бир қатор фермер хўжаликлари фоалияти билан ҳам яқиндан танишилди. Уларда меҳнат қилаётган фидойи заҳматкашларнинг ўзига хос салмоқли изланишлари, ҳатто боғдорчилик ва гулчилик борасида мавжуд маҳаллий навларни асраб қолиш ва янгиларини яратишда катта бир тажриба мактаби йўлга қўйилгани юртимиз қишлоқ хўжалик салоҳиятини намойиш этишда алоҳида бир мавзу бўла олади. Экопартия раҳбари бундай заҳматкаш фермер хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришда ЎЭП ҳар доим яқиндан ҳамкор ва кўмакчи бўла олишини таъкидлади.
Дарҳақиқат, атроф-муҳитни асраш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашда йирик меҳнат жамоаларининг алоҳида ўрни мавжуд. Бу борада олиб борилаётган ишларни танқидий-таҳлилий жиҳатдан ўрганиш ҳамда зарур таклиф ва тавсиялар бериб бориш Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг кун тартибидаги вазифалардан саналади. Фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ҳамда депутатлар Жавлон Абдуллаев ва Ойбек Отамуратовнинг Хоразм вилояти туманларига ташрифи ана шу залварли вазифанинг нечоғлиқ шараф билан уддаланаётганидан дарак беради.
Эрпўлат БАХТ,
«Oila va tabiat» мухбири
Дилноза ХОЛМЕТОВА,
ЎЭП Хоразм вилояти кенгаши матбуот хизмати мутахассиси
Мен Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғи илмий ходими сифатида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келяпман.
БатафсилЭл орасида «Эскини ямагунча эсинг кетади», деган ибора бор. Бугун биз шу гапни сал бошқачароқ – эскини йўқотгунча эсинг кетади, дея талқин қилмоқчимиз.
БатафсилАҳолининг экологик барқарор муҳитда ҳаёт кечиришини таъминлаш барча ислоҳотлар марказида турувчи энг долзарб масалалардан бири. Мусаффо ҳаво, тоза ичимлик сув, атрофимиздаги яшил олам, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳар доим кундалик ҳаётимизнинг асосини ташкил қилади.
Батафсил