Экоолам      Бош саҳифа

Аграр соҳа равнақи табиатга чамбарчас боғлиқ

Қишлоқ хўжалигида илмий янгилик ва инновациялар учун мукаммал ва ягона занжир яратилиши зарур

Аграр соҳа равнақи табиатга чамбарчас боғлиқ

Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим соҳаларидан бири – қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш юзасидан Ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Парламент сўровида акс этган масалалар ва улар бўйича амалга оширилган ишлар, қишлоқ хўжалиги илмини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юзасидан тақдим қилинган маълумотлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки глобал иқлим ўзгариши таъсирида кейинги йилларда кузатилаётган экологик омиллар аграр соҳани тараққий эттириш, экинлар ҳосилдорлигини кўтаришга тескари таъсир қилаётир. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, бундай шароитда ишга илмий асосда ёндашиш, илм-фан ютуқларига таяниш, айниқса, амалиётга илмий янгилик ва инновацияларни изчил қўллаш орқалигина вазиятни юмшатиш, соҳада иқтисодий самарадорликни ошириш мумкин.

Хўш, бугун мамлакат қишлоқ хўжалиги олдида қандай долзарб муаммолар турибди? Илм аҳли уларга илмий ечим таклиф қила оляптими?

Бу ҳақда сўз юритилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан 271 та нав (зот) ва дурагай яратилгани, шундан 107 таси Давлат реестрига киритилгани, 99 таси ишлаб чиқаришга жорий қилиниб, 82,7 млрд сўмлик 73 та лойиҳа натижалари тижоратлаштирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, вазирлик ҳузурида ташкил этилган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятига оид давлат дастурлари доирасида биргина жорий йилда умумий қиймати 49,7 млрд сўмлик 69 та, шу жумладан, 49 та амалий, 7 та инновацион, битта фундаментал, 12 та халқаро лойиҳа бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Натижада республика бўйича 909 минг гектар суғориладиган ер майдонларига илмий-тадқиқот институтлари томонидан яратилган истиқболли ва янги ғўза навлари экилди.

Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги фанини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, энг оғриқли масала бўлган молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар секин-аста ечимини топмоқда. Биласиз, инвестиция соҳасида энг катта маблағлар грантлар ҳисобланади. Шу маънода, Жаҳон банкининг 81 млн доллар миқдоридаги маблағи йўналтирилгани қишлоқ хўжалиги илми ривожига катта мадад бўлди. Қолаверса, 5 млн долларлик 99 турдаги 668 та дала техникаси сотиб олинган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги жамғармаси томонидан берилган грант асосида эса 219 та илмий лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг доирасида ҳозиргача 110 млрд сўмлик 67 илмий ишланма якунига етказилиб тижоратлаштирилди. Навлар мисолида айтганда, охирги беш йил ичида 52 та янги ва истиқболли нав яратилиб, шундан 24 тасига патент олинди.

Қанчалик залварли бўлмасин, келтирилган бу рақамлар бизни қониқтирмайди. Сабаби яратилган илмий ишланмалар, ихтиро ва патентлар соҳа ривожига соя ташлаб турган сув танқислиги, тупроқ шўрланиши, унумдор гумус қатламининг камайиб кетиши, ердаги микроорганизмлар тақчиллиги каби долзарб муаммолар ечимига хизмат қилиши керак. Негаки, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширишга ёрдам берувчи биологик ўғитлар нархининг қимматлиги, боз устига уларни катта майдонларга қўллашга фермер ва деҳқонларнинг молиявий салоҳияти чеклангани муаммоларни бартараф этишга тўсиқ бўлиб турибди.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, охирги йилларда қишлоқ хўжалигида сув ресурслари 9 фоизгача камайди. Келажакда айни шу масалада ижобий прогнозлар йўқ ҳисоб. Яқин йилларда биз 14 фоизлик сув йўқотилишига тўқнаш келишимиз эҳтимоли ортмоқда. Шунинг учун, биринчи навбатда, илмий тадқиқотларни сув муаммоси ечимига, сув ресурсларини тежашга хизмат қиладиган инновацияларга қаратяпмиз.

Қишлоқ хўжалигида тадқиқот билан шуғулланишнинг мураккаблиги шундаки, мазкур жараёнда қилинган экспериментлар, лаборатория тажрибалари дала тадқиқотларига боғланиши шарт. Бироқ лаборатория хулосалари дала шароитида иш бермаслиги эҳтимоли юқори. Масалан, лабораторияда 99 фоиз статистик жиҳатдан тасдиқланган маълумотларнинг 13 фоизи қишлоқ хўжалигида ёлғон бўлиб чиқади. Бундан ташқари, битта тадқиқот қилсангиз, уни 3 хил об-ҳаво шароитида, 3 та ҳудудда қўйишингиз керак бўлади. Қолаверса, деҳқончиликда тадқиқот қилиш учун ер керак. Ўз навбатида, ерни ҳайдаш, ўғитлаш, уруғлик сотиб олиш, чорвачиликда эса янги зот яратиш учун чорвачилик фермаси қуриш, наслли моллар олиб келиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун эса таннархи жуда юқори бўлган тест тизимларига эга бўлиш талаб этилади. Табиийки, буларнинг барчаси катта харажат, деганидир.

Шу боис илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техника базасини яхшилаш, соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилишнинг институционал асослари ҳамда соҳага доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш зарурати мавжуд. Шу билан бирга, ёш илмий ходимлар ва тадқиқотчиларга илмий ишланмалар яратиш, тажриба синовлари ўтказиш ҳамда жорий харажатлар учун етарли маблағ ажратилиши ҳам мақсадга мувофиқдир. Бу эса нафақат илмий тадқиқотларни кенгайтириш, айни пайтда кадрлар қўнимсизлиги билан боғлиқ муаммоларга ҳам ечим бўлади.

Аграр соҳа равнақи табиатга чамбарчас боғлиқ. Бироқ кейинги пайтда экологик омиллар таъсирида ҳаво ҳарорати кўтарилиб кетмоқда. Аслида иссиқ ҳаво қишлоқ хўжалиги экинлари, айниқса, пахтачилик ва ғаллачилик учун жуда фойдали. Аммо бизни қийнаётган, кўпчилик аҳамият қаратмайдиган жиҳат шундаки, бу тунги ҳароратнинг юқорилигидир.

Гап шундаки, кундузги ва тунги ҳарорат ўртасидаги тафовут тобора камайиб бирхиллашиб бормоқда. Тунги ҳароратнинг муқим 25 даражадан юқори бўлиши экинларга салбий таъсир қилмоқда. Яъни ўсимликлар гулчанги, уруғи етилишига ноқулайлик туғдириб, мевасининг тўкилиб кетиши ҳолати кузатиляпти. Охир-оқибат ҳосилдорлик камайиб кетмоқда. Бунинг олдини олиш учун «иссиқхона гази» (СО2) чиқарилишини камайтиришга қаратилган тадқиқотларга эътибор кучайтирилиб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ривожлантиришда нафақат самарадорликни ошириш, балки экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган тадқиқотларга алоҳида аҳамият берилаётгани эътиборга моликдир.

Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда суғориладиган ҳар бир гектар ер майдонидан ўртача 2-3 минг доллар даромад олиняпти. Албатта, бу паст кўрсаткич. Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу рақамни яқин келажакда камида 5 минг долларга етказиш вазифаси қўйилди. Шундан келиб чиқиб, ўртача ҳосилдорликни пахтачиликда 50, ғаллачиликда 100 центнерга кўтариш устида изланяпмиз. Бироқ суғориладиган ерларнинг 1,2 млн гектари (33,2 фоиз) гумус билан кам таъминланган, 1 млн 671 минг гектар экин ерлари турли даражада шўрланган, шундан 91,5 минг гектари эса кучли шўрланган. Оқибатда ҳозирги сув тақчиллиги шароитига қарамай Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ерларнинг шўри 3 марта ювиляпти. Бошқача айтганда, пахтачиликда ишлатиладиган 3,5 млрд куб метр сувнинг асосий қисми ернинг шўрини ювишга сарфланади. Ваҳоланки, республика қишлоқ хўжалигида сув сарфимиз 40 млрд куб метр бўлгани ҳолда, йиллик лимитимиз 32 млрд куб метрни ташкил этади.

Бу муаммоларни бартараф қилиш учун илм-фан ютуқларига ва инновацияларга асосланган оддий, камхарж, ноанъанавий ҳамда ҳаммабоп, лекин қўшимча даромад берадиган ёндашувлар ва тажрибалар жорий қилинмоқда. Масалан, ҳиндистонлик мутахассислар билан ҳамкорликда янги тажрибага қўл урдик. Яъни, минг гектар ерда янги технология асосида ернинг шўрини ювмасдан ғўзанинг янги навлари экилди. Тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида 1 млн 900 минг гектар ердан тупроқ таҳлиллари олиниб, уни яхшилаш учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шубҳасиз, ер унумдорлигини оширишда биогумус энг самарали усул ҳисобланади, лекин жуда қиммат. Гектарига 10 млн сўм сарфлашга ҳамма фермернинг ҳам қурби етмайди. Фермерларнинг иқтисодий имкониятларини инобатга олган ҳолда жуда арзон бўлган «Ҳаёт шираси» инновацион лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Қайта тикланувчи (регенератив) қишлоқ хўжалигини жорий қилишда оддий дала шароитида фермернинг ўз қўли билан яратиладиган мазкур биоўғитни тупроқни «тирилтирувчи» малҳам дейиш мумкин.

Ҳиндлар «живамрит» деб атайдиган ушбу суюқ биоўғит фермаларда осон топиладиган таркибий қисмлардан тайёрланади. Унинг асосий масаллиғи – даладан (бир контурдан) олинган бир белкурак тупроқ (далага хос микроорганизмлар тўплами), сув ва озуқадан (шакар, гўнг, мол пешоби) иборатдир. Уни тўғридан-тўғри тупроққа қўллаш ёки 3-7 кун давомида экин барглари устига пуркаган ҳолда ишлатса бўлади. Ушбу биоўғитни йил давомида тайёрлаб, фойдаланиш мумкин. Натижада у тупроқни азотни ўзлаштирувчи бактерия ва фосфатни эритувчи микроорганизмлар билан тўйинтиради, ҳосилдорликни оширади, тупроқдаги органик углерод миқдорини кўпайтиради.

Живамритни қисқа қилиб фермерлар яратган анъанага асосланган, аммо илм-фан томонидан тасдиқланган инновация, десак, бўлади. У экотизимга зарар етказмасдан, экинлар ҳосилдорлиги ва чидамлилигини оширишга хизмат қилади.

Яна бир арзон ва ўта фойдали илмий ишланма – бу ғўзапоядан биочар, яъни биокўмир олишга қаратилган бўлиб, у тупроқ шўрланишини камайтириб, уни азот (N), фосфор (P), калий (K), кальций (Ca), магний (Mg) ва кўплаб микроэлементлар билан бойитади. Бунинг учун кўп нарса талаб этилмайди. Асосий хомашё ҳисобланган ғўзапояни 1 гектар пахта майдонидан ўртача 6-7 тоннагача олиш мумкин. Бир тонна ғўзапоядан ўртача 450-462 кг (45-46%) биочар ишлаб чиқарилади.

Маълумотларга қараганда, дунё карбон бозори йилига 16-17 фоиз ўсиб, 2024 йили қарийб 500 млрд долларга етди. Натижада карбон бирликларни ишлаб чиқиш ва уни сотиб олиш ҳажми ортмоқда. «Shell», «Microsoft», «Boeing», «Walmart», «Chevron», «Tesla» сингари гигант компаниялар томонидан 1 карбон бирлигига 173 АҚШ доллари миқдорида маблағ тўланади. Бу – биочар ишлаб чиқариб, яна ўз даласига солган фермерга гектарига ўртача 400 АҚШ доллари миқдорида қўшимча даромад олади, дегани.

Мазкур инновациядан кўзланган асосий мақсадимиз ҳам энг кўп СО2 газини ютадиган пахтазорларимиздан унумли фойдаланиб, фермерга тола ва чигит устига қўшимча даромад келтириш. Бунинг учун биринчи босқичда фермер хўжалик­лари биочар тайёрлашга ўргатилади, иккинчи босқичда илғор хўжаликлар халқаро компаниялар томонидан сертификация қилиниб, йиллик мониторинг юргизилади ва учинчи босқичда йирик корхоналарга фермер тайёрлаган карбон бирликлари сотилади.

Қувонарлиси, Ўзбекистонда қурғоқчиликка учраган ва турли даражада шўрланган, унумдорлиги паст ерларда (Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида) ушбу тажриба асосида 2 та лойиҳа амалга оширилиб, ғўзапоядан биочар олинган. Тажрибада бир гектарга 5-10 тонна миқдорда биочар қўлланилганда, тупроқ органик модда ва микроэлементлар билан бойиб, сувни ушлаб туриш қобилияти ва экинлар ҳосилдорлиги 10-20 фоиз ошган.

Афсуски, олимларимизнинг машаққатли меҳнатлари, кўп йиллик илмий изланишлари натижасида яратилган шу каби инновацияларни, янги зот, нав ва дурагайларни амалиётга жорий этиш ҳамда илмий натижаларни тижоратлаштириш механизми самарали ташкил қилинмаган. Маҳсулот етиштирувчи субъектларни яратилаётган янги илмий ишланмалар ҳамда инновациялар тўғрисида ўз вақтида хабардор этиш йўлга қўйилмаган.

Ана шундай пайтда илм-фан ютуқлари ва янгиликларни кенгроқ жорий этиш, уларни чекка ҳудудларга олиб киришда бундан икки йил олдин бошланган хонадонбай ишлаш усули қўл келяпти. Бу орқали илмни арзонлаштириб тижоратлаштириш, амалиётга изчил татбиқ қилишга эришилмоқда. Жорий йил биринчи ярим йиллигида хонадонбай усулида аграр соҳага оид илмий-тажриба ва экспериментал тадқиқотлар кўламини кенгайтириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини кўпайтириш мақсадида 13 та илмий тадқиқот лойиҳаси амалга оширилгани фикримиз тасдиғидир.

Бугун қишлоқ хўжалиги фанида илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, амалиётга жорий қилишда мукаммал ва ягона занжир яратилиши ўта зарур. У илм, молия, тижорат, амалиёт каби ҳалқалардан ташкил топиши муҳим. Бинобарин, илмий ишланмалар яратилса, унга маблағ ажратилса, уни сотиб оладиган харидор топилса, фойдани бўлишиш механизми аниқлаштириб қўйилса, илм тижоратлашиши осон ва силлиқ кечади. Энг асосийси, қишлоқ хўжалигидаги долзарб муаммолар ечимига хизмат қилади.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири




Ўхшаш мақолалар

Дарахтлар энди  онлайн  назорат  қилинади

Дарахтлар энди онлайн назорат қилинади

🕔15:49, 03.10.2025 ✔10

Пойтахтдаги 400 мингдан ортиқ дарахт электрон маълумотлар базасига киритилди

Батафсил
Экологик партия депутатлари одамлар орасида

Экологик партия депутатлари одамлар орасида

🕔15:47, 03.10.2025 ✔10

Депутатларнинг ҳудудларда бўлиши, халқ билан учрашувлар ўтказиши ва муаммоларни ўрганиши – бу шунчаки жараён эмас. Бу орқали халқ ва давлат ўртасида мус­таҳкам кўприк бунёд бўлади. Чунки аҳолининг ҳар бир эътирози, фикри ва таклифи депутатлар орқали давлат даражасига кўтарилади.

Батафсил
Экопартиянинг  ёшларпарвар  депутати

Экопартиянинг ёшларпарвар депутати

🕔15:43, 03.10.2025 ✔10

Иқбол Хўжаевани Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида танимайдиган одам бўлмаса керак. Бир сўз билан уни одамлар «ёшларпарвар депутат» дея эътироф қилишади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Дарахтлар энди  онлайн  назорат  қилинади

    Дарахтлар энди онлайн назорат қилинади

    Пойтахтдаги 400 мингдан ортиқ дарахт электрон маълумотлар базасига киритилди

    ✔ 10    🕔 15:49, 03.10.2025
  • Экологик партия депутатлари одамлар орасида

    Экологик партия депутатлари одамлар орасида

    Депутатларнинг ҳудудларда бўлиши, халқ билан учрашувлар ўтказиши ва муаммоларни ўрганиши – бу шунчаки жараён эмас. Бу орқали халқ ва давлат ўртасида мус­таҳкам кўприк бунёд бўлади. Чунки аҳолининг ҳар бир эътирози, фикри ва таклифи депутатлар орқали давлат даражасига кўтарилади.

    ✔ 10    🕔 15:47, 03.10.2025
  • Экопартиянинг  ёшларпарвар  депутати

    Экопартиянинг ёшларпарвар депутати

    Иқбол Хўжаевани Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида танимайдиган одам бўлмаса керак. Бир сўз билан уни одамлар «ёшларпарвар депутат» дея эътироф қилишади.

    ✔ 10    🕔 15:43, 03.10.2025
  • Мазутдан фойдаланишга – STOP!  Бу яшил энергетика тараққиётининг муҳим талаби

    Мазутдан фойдаланишга – STOP! Бу яшил энергетика тараққиётининг муҳим талаби

    Жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнлари, хусусан, иқлим ўзгариши ва геосиёсий зиддиятлар кучайиб бораётган бир даврда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Сўнгги ўн йилликларда бу жараёнлар янада кескин тус олди. Шу боис дунё миқёсида тошкўмир, нефть ва табиий газ қаторида қайта тикланувчи ҳамда ядро энергетикасига катта эътибор қаратилмоқда.

    ✔ 31    🕔 09:08, 26.09.2025
  • Хитой оммавий тарзда  чиқинди  сотиб олмоқда

    Хитой оммавий тарзда чиқинди сотиб олмоқда

    Сўнгги йилларда Хитой ҳукуматининг экологик сиёсатида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мамлакатда чиқинди муаммосини ҳал қилиш учун қурилаётган йирик иссиқлик электр станциялари (ИЭС) эндиликда хом ашё манбаисиз, яъни чиқиндисиз қолиш хавфи остида.

    ✔ 31    🕔 09:06, 26.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар