Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Депутатлар ўртасидаги баҳслар, савол-жавоблар, таклиф ва мулоҳазалар – буларнинг барчаси мамлакат тараққиёти учун муҳим қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган жараённинг бир қисмидир. Бу галги мажлисда ҳам айнан шундай муҳит ҳукм сурди ва натижада аҳоли турмушига бевосита таъсир қилувчи муҳим ҳужжатлар кўриб чиқилди.
«Шовқин солманг, ялпи мажлис бўляпти...»
Мажлисда биринчи навбатда «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳа аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, бир қатор ўзгаришларни назарда тутади.
Бу кўпчиликка таниш муаммо: кечаси уйқуни бузадиган, дам олиш кунларида тинчлик бермайдиган ортиқча шовқинларни расмий ҳуқуқий тартибга соладиган қонун лойиҳаси ҳисобланади. Илгари «тинчлик вақти» соат 23:00 дан 06:00 гача бўлса, энди уни 23:00 дан 07:00 гача узайтириш таклиф этилмоқда. Дам олиш ва байрам кунлари эса соат 22:00 дан 09:00 гача қўшимча ҳимоя вақти белгиланади.
Кўп қаватли уйларда таъмир ва қурилиш ишлари ҳам чекланади: улар фақат иш кунлари 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилиши мумкин.
Қонун лойиҳасига кўра, шовқин орқали етказилган зарар учун компенсация суд орқали ундирилади. Меҳнат шароитида юқори шовқин билан ишлайдиганлар эса қонунчилик асосида оширилган иш ҳақи олади.
Яхши маънодаги «шовқин» билан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси бўйича депутат Сайдулло Аъзимов ўринли савол берди:
«Шовқин сабабли инсоннинг организмида пайдо бўлган жиддий ўзгаришларни ким томонидан ва қандай аниқлаш мумкин?..»
Табиат жонкуяри бўлган эколог депутат, партиямиз фракцияси аъзоси Борий Алихонов эса, масъул сифатида бунга жавоб берди. Яъни, бу жараён децибел(дБ)ларда ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, шовқиннинг даражаси 70-90 дБ атрофида бўлса асаб касалликларига, 100 дБ бўлса карликка, 140 дБ бўлса контузияга олиб келиши мумкин. Энг ачинарлиси эса, 160 дБ ўлим хавфини ҳам юзага келтириши мумкин.
Қонун лойиҳаси депутатларнинг таклифларига асосан, маромига етказиш учун қўмитага қайтадиган бўлди.
Табиат муҳофазаси ва атроф-муҳитга ғамхўрлик
Мажлисда атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтиришга қаратилган яна бир муҳим қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ушбу ҳужжатда:
– автоматик мониторинг станциялари маълумотларини ягона геоахборот базасига реал вақт режимида киритиш;
– атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш;
– ўрмон фонди ерларини ноқонуний бериш, уларда иморатлар қуриш, шунингдек, кўп қаватли уйларга туташ ерларни ўзбошимчалик билан бетонлашга қарши жавобгарлик чораларини белгилаш каби нормалар кўзда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Унинг қабул қилиниши экологик вазиятни яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатнинг олдини олиш учун ҳуқуқий кафолат яратади.
Парламент сўрови: сув ресурсларидан қанчалик самарали фойдаланиляпти?
Қонунчилик палатасининг 2025 йил 9 сентябрь куни Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраевга сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласи бўйича юборган парламент сўрови жавоби кўриб чиқилди. Вазирлик томонидан тақдим этилган жавобга кўра:
Сув тежовчи технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун фермерларга имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратиш йўлга қўйилган. Республикада жами 2,6 млн гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлиб, бунинг натижасида 2 млрд куб метр сув иқтисод қилинишига эришилган.
Жорий йилда пахта майдонларида томчилатиб ва дискрет суғориш технологиясини қўллаган фермерларга 189,8 млрд сўм субсидия ажратилган. Сув тежовчи технологиялар жиҳозларини ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, бунинг натижасида ишлаб чиқариш таннархи 15-20 фоизга пасайтирилган.
Сув йўқотишларини камайтириш мақсадида каналларни бетонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жумладан, 2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан 518,7 км канал бетонлаштирилган ва 49,1 км ёпиқ суғориш тармоқлари қурилган.
Депутатлар парламент сўровига берилган жавобни маълумот учун қабул қилдилар.
Мажлисда, шунингдек, Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудовга қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича парламент сўрови юборилди. Бу ҳам мамлакатнинг энергетика соҳасидаги муҳим ўзгаришларни кўрсатади.
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔31
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔56
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил
Қашқадарёда «Яшил макон» доирасида экилган кўчатлар кўкардими?
🕔08:56, 08.08.2025
✔110
Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши, партия депутатлик гуруҳи ҳамда вилоят Кенгаши ҳузуридаги «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси ҳамкорлигида вилоятда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳор мавсумида экилган мевали ва манзарали дарахт кўчатларининг ҳолати бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Батафсил