Ихтирочилар бор, аммо уларга буюртма берадиган мутасаддилар-чи?
													
												Куз келди дегунча шаҳар ва туман марказларида фаррошларнинг бир иши ўнтага болалайди. Дарахтлар япроқларини тўка бошлагач, кўча ва хиёбонларни супириб тозалаш осон кечмайди. Бир сидра супирилган жой дарров япроғу хас-чўплар билан тўлади. Бу хазон деганлари биратўла гувва тўкилса нима қиларди деб ўйлаймиз ҳатто. Аммо табиат ўз ишини вақтида ва маромида бажаради.
Куз фаслида дов-дарахтларнинг барглари сарғайиб бўлгач, бирданига тўкилмас экан, бироқ биз атроф-муҳитни озода сақлашнинг бошқа муҳим чораларини кўришимиз зарурлигича қолаверади. Бунинг учун нималарга эътибор қаратиш зарур? Бу саволга жавоб изларканмиз, биринчи навбатда фаррошлар ишларини енгиллаштирувчи омилларни ўйлаб топиш муҳимдир.
Яширишга не ҳожат, бугун ҳаётнинг барча қирралари замонавийлашиб улгурган даврда биз кўча ва хиёбонларни ҳали-ҳануз юз йил олдинги услубда тозалаяпмиз. Чошгоҳдаёқ қўлига супирги тутган ишчилар то шомгача чумолидек тиним билмайди. Супир-сидирнинг охири кўринмагач, шўрлик ишчилар туш пайти дуч келган жойда ўтириб тамадди қилиб олишади. Бирор соат нафас ростлагач эса яна қизғин ишга енг шимаришади.
Бугун супирги тутганча кўча тозалаб юрган одам дунёнинг ривожланган мамлакатларидан келган сайёҳлар учун ажабтовур кўриниши мумкин. Ахир кўпгина ўлкаларда тозалашнинг бундай усуллари ўтмишда қолиб кетган-ку! Бу ҳақда гапириш бугунги кун кишилари учун эртак саналиши шубҳасиз.
Жаҳоннинг тараққий қилган давлатларида инсон омили биринчи ўринда турар экан, унинг меҳнат машаққатларини енгиллатиш ҳам шунчалик муҳим ҳисобланади. Шу боисдан ҳам кенг ва катта кўчаларни машиналар тозалагани каби хиёбон ва пиёдалар йўлакларига тўкилган хазонлар ҳам техника воситасида супириб-сидириб олинади. Ҳатто, бунинг учун махсус техникалар ишлаб чиқарилганига анча йиллар бўлган.
Хўш, бизда-чи? Наҳотки хазонларни йиғиб оладиган ихчам ускуналар ишлаб чиқариш шунчалик қийин бўлса?! Ахир юртимизда темирнинг «тили»ни тушунадиган қўли қул усталар талайгина-ку! Бугунги кунда водий вилоятлари, жумладан, Андижонда оддий ҳунарманд-усталар томонидан тежамкор печлар, сомон майдалагичлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашга мўлжалланган турли хил асбоб-ускуналар қўлбола тарзда ясалаётганидан барчамиз яхши хабардормиз. Уларни кўриб элдошларимизнинг яратувчанлик иқтидорига тасанно айтмасдан илож йўқ.
Шу ўринда «Хўш, бу қўли гул ихтирочилар нимага кўча-кўйни дарахт хазонларидан тозалайдиган кичик машиналар ихтиро қилишмаяпти?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга эса савол билан жавоб бериш мумкин: бу усталар ишлаб чиқарган ускуналарни ким муносиб баҳолаб сотиб олади? Дарҳақиқат, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир ишлаб чиқарувчи биринчи галда бозор муносабатларидан келиб чиққан ҳолда талаб ва эҳтиёжни ўрганади. Агар ишлаб чиқарилган маҳсулотга талаб кучли бўлсагина манфаатдорлик тўла-тўкис таъминланади. Талаб ва эҳтиёж етарли бўлмаган жойда ишлаб чиқарувчи инқирозга учраши табиий. Шу боисдан ҳам ўзимизнинг водийлик уста-ҳунармандларимиз кўча ва хиёбонлардаги дарахтлар остидаги хазонларни супириб-ямлаб тозаловчи мини ускуналарни ихтиро қилишдан ҳозирча тийилиб турган бўлса ажаб эмас.
Бироқ бу масалага жиддий ёндашиш мавриди келганини асло унутиб бўлмайди. Атроф-муҳит тозалигига масъул идора ва корхона мутасаддилари янгича ишлашга ўтиш учун, аввало, зарур қатламларга янгидан-янги ғоялар беришлари муҳим. Зарур бўлса, тадбиркорлар, ихтирочилар ва муҳандислар билан бир даврада дўппини бир четга қўйиб маслаҳатлашишдан асло эринмаслик керак. Ана шунда янгича андазалар четдан эмас, балки ўзимиздан чиқиши мумкин.
Куз фасли экология назоратчиларига ҳам осон кечмайди. Кимдир хазон ёқаяпти, кимдир сомон. Уларни инсофга чақириб, «қулоғини бураб» қўйишдан ҳам бошқа қийин иш бор эканми дунёда?! Ахир баъзи пихини ёрганлар қоқ туннинг ўртасида хазон ёқса, айбдорни қаердан излашдан оғири бўлмаса керак.
Аслида хазонларни ёқишдан кўра уларни дарахт остига чуқур ковлаб кўмиш жуда фойдали экани борасида миришкорлар жуда кўп таъкидлаб келади. Аммо бугунги кунда шаҳар ва туман марказларида дарахт остини ковлаб хазонларни кўмиб юрган кишини топиш амримаҳол. Чунки бу ишга ҳам супирги тутган аёллардан кўра алпкелбат эркаклар муносиб.
Ҳозирги кунда маҳаллий ҳокимликларнинг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўлими ишчиларининг аксарияти хотин-қизлар эканини ҳисобга олсак, миришкорлар тавсиялари ҳозирча амалга ошмаслиги ҳам мумкин. Лекин машҳур немис шоири Гёте ёзганидек «Назария қуруқдир, дўстим, лекин яшнар ҳаёт дарахти». Демак, ҳаёт ўзининг тараққиёт чархпалагида айланаверар экан, яқин келажакда хазонларни қолдирмасдан супириб-сидирадиган ихчам машиналар билан бирга, уларни дарахт остига бир зумда кўмиб кетадиган техникалар ҳам ўйлаб топилишига шак-шубҳа йўқ. Бунинг учун эса фақат зарур қатламларга ғоя ва таклифлар бериш керак деб ўйлаймиз.
 
Эрпўлат БАХТ
	
						
						
					 
					
					
					
								
								
									10 кунда  белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ қанча  ҳолат аниқланди?
									
										🕔16:45, 30.10.2025
						                ✔13
									
									Айни дамда мамлакатимиз бўйлаб тозалик ва озодалик ойлиги давом этмоқда. Ойлик доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, атроф-муҳитни ифлослантириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ўрганилмоқда ва тегишли чоралар кўрилмоқда.
									Батафсил
								 
							 
													
								
								
									Супургини  замонавий техникага айлантириш  вақти  келмадими? 
									
										🕔16:33, 30.10.2025
						                ✔12
									
									Ихтирочилар бор, аммо уларга буюртма берадиган мутасаддилар-чи?
									Батафсил
								 
							 
													
								
								
									Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас
									
										🕔09:22, 23.10.2025
						                ✔29
									
									Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
									Батафсил