Ҳаво ҳароратининг тобора кўтарилиши инсоният демографиясига кутилмаган таъсир кўрсатмоқда. Янги тадқиқотга кўра, ҳаво ҳарорати цельсий бўйича 20 даражадан ошганда, қиз болаларга нисбатан ўғил болалар туғилиши камайиши кузатилмоқда.
Бу ҳақда PNAS (АҚШ Миллий фанлар академияси баённомаси) журналида эълон қилинган тадқиқотга таяниб Euronews хабар берди.
Оксфорд университети олимлари Саҳройи Кабир жанубидаги 33 та давлат ва Ҳиндистондаги 5 миллиондан ортиқ туғилиш ҳолатларини таҳлил қилиб чиқди. Маълум бўлишича, ҳомиладорликнинг эрта босқичида ҳаддан ташқари иссиқ ҳарорат ҳомила ўлими хавфини оширади, айниқса, эркак жинсига мансуб ҳомила бунга кўпроқ мойил бўлади.
«Ҳарорат инсоннинг кўпайишига фундаментал таъсир кўрсатишини ҳамда ким дунёга келишию, ким келмаслигини белгилаб беришига гувоҳ бўлдик», – дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Абдул Ғаний.
Тадқиқотчилар айнан 20 даражани туғилиш мутаносиблиги ўзгара бошлайдиган чегара сифатида белгилади. Олдинги тадқиқотлар ҳам ҳомиладорлик пайтидаги иссиқ ҳарорат она организмининг терморегуляция (иссиқликни бошқариш) қобилиятига хавф туғдиришини кўрсатган эди. Агар она организми сувсизланса, ҳомилага етарли миқдорда қон, кислород ва озуқа моддалари бормаслиги мумкин.
Иссиқлик таъсири фақатгина она саломатлиги билан чекланиб қолмайди, балки у фарзанд режалаштиришга ҳам таъсир қилади. Юқори ҳарорат даромад топиш имкониятини пасайтиради, бу эса оилаларнинг фарзанд кўриш қарорига таъсир қилади.
Иссиқ ҳаво оқими транспорт масаласини қийинлаштириб, аборт ёки бошқа репродуктив хизматлардан фойдаланиш имкониятини чеклаши мумкин. Шунингдек, ресурслари кам бўлган ва заиф шароитда яшовчи аёллар иқлим ўзгариши оқибатларини оғирроқ тарзда бошдан кечирмоқда, бу эса соғлиқни сақлашдаги тенгсизликни янада чуқурлаштирмоқда.
Глобал демографик инқироз
2024 йил якунларига кўра, Европанинг кўплаб давлатларида туғилиш кўрсаткичлари сўнгги ўн йилликлардаги энг минимал даражага тушди. Демографларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли сони қисқариб кетмаслиги учун ҳар бир аёлга ўртача 2,1 нафар фарзанд тўғри келиши лозим. Бироқ ҳозирда бир қанча мамлакатларда бу рақам 1,5 тадан ҳам камлигича қолмоқда.
Чили Католик университети тадқиқотчилари томонидан ўтказилган таҳлил шуни кўрсатадики, иқлим билан боғлиқ табиий офатлар концепциядан (ҳомила пайдо бўлиши) то болани тарбиялашгача бўлган барча репродуктив жараёнларни издан чиқармоқда.
Интернет манбалари асосида тайёрланди.
Дарахт экиш иқлим инқирозига ечим бўла оладими?
🕔13:23, 20.07.2026
✔29
Сўнгги йилларда кўплаб давлатлар оммавий дарахт экиш дастурларини амалга оширмоқда. Бу борада Хитойнинг «Буюк яшил девор» лойиҳаси дунёдаги энг йирик ўрмон тиклаш ташаббусларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Швейцария музликлари шиддат билан эримоқда
🕔13:17, 20.07.2026
✔29
Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини Швейцария музликларининг одатдагидан анча эрта эришига сабаб бўлди.
Батафсил
Кактусдан яратилган эко-пластик
🕔11:22, 30.06.2026
✔87
Дунёда пластик чиқиндилар муаммоси тобора долзарб тус олаётган бир пайтда, олимлар экологик тоза муқобил материаллар яратиш устида изланиш олиб бормоқда. Ана шундай янгиликлардан бири Мексикада яратилган кактус асосидаги биологик парчаланувчи пластикдир.
Батафсил