Сўнгги йилларда кўплаб давлатлар оммавий дарахт экиш дастурларини амалга оширмоқда. Бу борада Хитойнинг «Буюк яшил девор» лойиҳаси дунёдаги энг йирик ўрмон тиклаш ташаббусларидан бири ҳисобланади.
Қарийб ярим асрдан буён мамлакат Гоби ва Такламакон чўлларини яшиллаштириш мақсадида миллиардлаб дарахт экиб келмоқда. Ҳозирга қадар лойиҳа доирасида 66 миллиарддан ортиқ дарахт экилган.
Яқинда Geophysical Research Letters журналида эълон қилинган тадқиқот ушбу лойиҳанинг муҳим жиҳатларини очиб берди. Олимлар сунъий барпо этилган ўрмонларнинг ўсиш суръатини табиий ўрмонлар билан таққослаб, экилган дарахтларда барг майдони 66 фоиз тезроқ кенгайишини аниқладилар.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бунинг асосий сабабларидан бири ўрмонларнинг ёшлиги ҳисобланади. Ёш дарахтлар ўсиш босқичида бўлгани учун атмосферадаги карбонат ангидрид (CO₂) концентрациясининг ошишига фаолроқ жавоб қайтаради. Натижада улар тезроқ барг чиқаради ва фотосинтез жараёни жадаллашади.
Олимлар дарахтларнинг ёши, иқлим шароити ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳам сунъий ўрмонлар ўртача 4,6 фоиз тезроқ ривожланишини қайд этган. Бу натижалар оммавий дарахт экиш дастурлари қисқа муддатда атмосферадан карбонат ангидридни ютиш салоҳиятини ошириши мумкинлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, тадқиқот муҳим чекловни ҳам кўрсатди. Дарахтлар тахминан 30-40 йиллик ёшга етгач, уларнинг ўсиш суръати секинлаша бошлайди. Илк йилларда кузатилган юқори ўсиш кўрсаткичлари вақт ўтиши билан камаяди. Бу эса сунъий ўрмонларнинг иқлим ўзгаришини юмшатишдаги ҳиссаси юқори бўлса-да, унинг самараси маълум вақт билан чекланишини англатади.
Экологлар узоқ вақтдан бери табиий ўрмонларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб келади. Чунки бундай экотизимлар фақат углерод омбори эмас.
Қадимий ўрмонлар тупроқ унумдорлигини сақлайди, сув режими ва маҳаллий иқлимни барқарорлаштиради, эрозиянинг олдини олади ҳамда минглаб ўсимлик, ҳайвон, қуш ва микроорганизмлар учун яшаш муҳитини таъминлайди.
Сунъий барпо этилган ўрмонлар эса бу функцияларнинг бир қисмини бажариши мумкин. Бироқ уларнинг биологик хилма-хиллиги ва экотизим сифатидаги мураккаблиги табиий ўрмонлар даражасига етиши учун ўнлаб, баъзан эса юзлаб йиллар талаб этилади.
Хитой тажрибаси дарахт экиш иқлим ўзгаришига қарши муҳим восита эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бироқ бу усулни ягона ечим сифатида баҳолаш тўғри эмас.
Барқарор экологик сиёсат икки йўналишни қамраб олиши лозим: деградацияга учраган ҳудудларда янги ўрмонлар барпо этиш ва мавжуд табиий ўрмонларни ҳар қандай йўқотишдан муҳофаза қилиш. Иқлим инқирозига қарши курашишда айнан шу икки ёндашув бир-бирини тўлдиргандагина узоқ муддатли натижага эришиш мумкин.
Дарахт экиш иқлим инқирозига ечим бўла оладими?
🕔13:23, 20.07.2026
✔28
Сўнгги йилларда кўплаб давлатлар оммавий дарахт экиш дастурларини амалга оширмоқда. Бу борада Хитойнинг «Буюк яшил девор» лойиҳаси дунёдаги энг йирик ўрмон тиклаш ташаббусларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Швейцария музликлари шиддат билан эримоқда
🕔13:17, 20.07.2026
✔28
Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини Швейцария музликларининг одатдагидан анча эрта эришига сабаб бўлди.
Батафсил
Кактусдан яратилган эко-пластик
🕔11:22, 30.06.2026
✔87
Дунёда пластик чиқиндилар муаммоси тобора долзарб тус олаётган бир пайтда, олимлар экологик тоза муқобил материаллар яратиш устида изланиш олиб бормоқда. Ана шундай янгиликлардан бири Мексикада яратилган кактус асосидаги биологик парчаланувчи пластикдир.
Батафсил