Ўзбекистон дунёдаги икки томонлама денгизга чиқиш йўли бўлмаган икки давлатдан биридир – яъни на унинг ўзи, на қўшни давлатлар океан ёки денгизга бевосита чиқиш имконига эга.
Мамлакат ҳудуди хилма-хил бўлиб, қумли чўллардан тортиб Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарадош тоғларгача, шунингдек, ғарбда Орол денгизи қолдиқларигача чўзилган. Глобал экологик фонд (GEF – Global Environment Facility) мамлакатнинг экологик ҳолати, табиий бойликлари ҳамда атроф-муҳитни асраш борасидаги ташаббусларига эътибор қаратди.
Ўзбекистон ва GEF: 30 йиллик ҳамкорлик
Ўзбекистон 1995 йилда GEFга қўшилганидан буён турли миллий ва минтақавий грантлар орқали муҳим натижаларга эришди. Бу грантлар ноёб ландшафтларни асраш, озон қатламига зарар етказувчи моддаларни босқичма-босқич камайтириш, кам углеродли транспорт тизимларини ривожлантириш учун тезкор автобус йўлакларини жорий этиш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этиш салоҳиятини оширишга хизмат қилди.
Марказий Осиё трансчегаравий биохилма-хиллик лойиҳаси ва Орол денгизи ҳавзаси дастурлари орқали давлатлараро экологик бошқарув ва иқлим барқарорлиги мустаҳкамланди. GEF кўмагида Ўзбекистон халқаро мажбуриятларини бажариб келмоқда ҳамда озиқ-овқат тизимлари, ер ресурслари ва экотизимларни тиклаш дастурларида иштирок этмоқда.
Умуман олганда, 98,8 миллион доллар миқдоридаги грантлар ва 773,8 миллион доллар қўшимча молиялаштириш мамлакат экологик сиёсатини қўллаб-қувватлаб, унинг халқаро майдондаги етакчилик ролини мустаҳкамлади.
Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси
GEF Самарқандни Марказий Осиёдаги энг қадимий, узлуксиз ҳаёт қайнаб келган шаҳарлардан бири сифатида эътироф этади.
«Археологик топилмалар бу ҳудудда инсоният палеолит давридаёқ яшаганини кўрсатади. Шаҳар милоддан аввалги VIII-VII асрларда ташкил топган деган тахминлар мавжуд. Буюк Ипак йўли устида жойлашгани сабабли Самарқанд Хитой, Эрон ва Европани боғловчи муҳим марказга айланган ва айрим даврларда минтақанинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган», – дейилади Глобал экологик фонд томонидан эълон қилинган мақолада.
Шунингдек, бугунги кунда Самарқанд эски ва янги шаҳарга бўлингани: эски қисм тарихий обидалар ва анъанавий ҳаёт тарзини сақлаб қолган бўлса, янги қисм замонавий инфратузилма ва муассасаларга эгалигига эътибор қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, GEFнинг VIII Ассамблеяси 2026 йил 31 майдан 6 июнгача айнан Самарқандда ўтказилади. Тадбир 180 тадан ортиқ давлат, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштиради. Унда иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни асраш, ер деградациясига қарши курашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади. Ўзбекистон экологик масалаларга ечим изланадиган муҳим локацияга айланган.
Табиат, ландшафтлар ва биохилма-хиллик
Ўзбекистон табиати ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, чўллар, тоғлар, даштлар, ботқоқликлар ва дарё водийларини ўз ичига олади. Марказий ҳудуднинг катта қисмини Қизилқум чўли эгаллаган, шарқ ва жанубда эса Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғлари жойлашган.
Мамлакатда 27 мингдан ортиқ ўсимлик ва ҳайвон турлари мавжуд. Улар орасида қор қоплони, Бухоро буғуси, сайғоқ ва морхўр каби ноёб турлар бор. Айниқса, Амударё делтаси ва Орол денгизи ҳудудидаги ботқоқликлар кўчиб юрувчи қушлар учун муҳим маскан ҳисобланади. 30 дан ортиқ қўриқланадиган ҳудудлар ушбу бойликларни асрашга хизмат қилади.
Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Яшил макон» ташаббуси орқали ҳар йили 200 миллиондан ортиқ дарахт экилиши, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон барпо этиш ишлари олиб борилаётгани таъкидланган. Бу ташаббуслар чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни асраш ва иқлим ўзгаришига мослашишда муҳим аҳамият касб этади.
Ташландиқ майдон замонавий яшил воҳага айланди
🕔16:03, 02.04.2026
✔34
Шаҳарсозлик ва экологик мувозанат уйғунлиги — соғлом турмуш тарзининг гарови. Қўқон шаҳрининг «Райҳон» маҳалласида узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолиб, ташландиқ ҳолга келган ҳудуднинг янги қиёфа касб этиши бу борадаги хайрли ишларнинг узвий давоми бўлди.
Батафсил
Ўзбекистон кўчиб юрувчи турларни асраш ташаббусига қўшилди
🕔14:15, 02.04.2026
✔32
Бразилиянинг Кампу-Гранди шаҳрида бўлиб ўтаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенциянинг 15-Конференцияси (CMS COP15) доирасида кўчиб юрувчи турлардан ноқонуний фойдаланишни камайтиришга қаратилган Глобал ташаббус (GTI) ишга туширилди.
Батафсил
Юртимиздаги экологик ислоҳотлар GEF эътирофида
🕔15:36, 26.03.2026
✔59
Ўзбекистон дунёдаги икки томонлама денгизга чиқиш йўли бўлмаган икки давлатдан биридир – яъни на унинг ўзи, на қўшни давлатлар океан ёки денгизга бевосита чиқиш имконига эга.
Батафсил