БМТ томонидан 1972 йилда эълон қилинган 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни шунчаки календардаги навбатдаги сана эмас. Бу инсоният ўзи яратган экологик муаммолар қаршисида ҳисоб берадиган палла.
Бугун экология масаласи фақат давлат ташкилотлари ёки биргина сиёсий партиянинг иши эмас, балки ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ўзининг тириклик масъулияти сифатида тўлақонли ҳис этиши керак бўлган воқеликдир. Табиат у билан «бир ёқадан бош чиқариб» курашишимизни талаб қилмоқда.
Глобал миқёсдаги экологик таҳдидлар бугун ҳаётимиз сифатини бевосита белгилаб бермоқда. Атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари иқлимни ўзгартириб, музликларнинг эриши, қурғоқчилик ва кутилмаган тошқинларга сабаб бўляпти. Инсон фаолияти, саноат ва ўрмонларнинг йўқ қилиниши туфайли биохилма-хиллик камайиб, бутун бошли экотизимлар барқарорлиги йўқолмоқда. Бунинг устига ҳаво, сув ва тупроқнинг саноат чиқиндилари ҳамда кимёвий ўғитлар билан ифлосланиши экологик мувозанатни бузди. Ҳар йили миллионлаб тонна пластик чиқиндилар денгиз ва сув ҳавзаларига тушиб, соғлиғимизга жиддий хавф туғдирмоқда. Кўплаб минтақаларда тоза ичимлик сув захиралари камайиб, ижтимоий ва иқтисодий зиддиятларни келтириб чиқаряпти.
Дунё ҳамжамияти ушбу инқирозга жавобан глобал ҳарорат ўсишини 1,5 даражада чеклашни назарда тутувчи Париж битимини (2015) қабул қилди. БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган барқарор ривожланиш дастурида эса экологик ва иқтисодий барқарорликни таъминлайдиган 17 та бош мақсад ҳамда «Яшил иқтисодиёт» концепцияси белгилаб олинган.
Ўзбекистон ҳам ушбу глобал ҳаракатнинг марказида туриб, экологик хавфсизликни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Мамлакатимиз 2021 йилда Париж битимини ратификация қилди ва 2030 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада камайтиришни мақсад қилган. Бу йўлда республика бўйлаб йирик қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилиб, «яшил энергия»га ўтилмоқда.
Қурғоқчилик ва сув муаммосини ҳал қилиш учун қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этиляпти. Энг оғриқли нуқтамиз бўлган Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш учун «Яшил қоплама» лойиҳаси доирасида Оролнинг қуриган тубига миллионлаб дарахтлар экилди. Шунингдек, 2023 йилда «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун янгиланиб, чиқиндиларни ажратиб тўплаш ва утилизация қилиш тизими кучайтирилди, шаҳарларимизда замонавий қайта ишлаш заводлари қурилмоқда. Экологик таълимни ривожлантириш учун мактаб ва университетлар дастурига тегишли фанлар мажбурий қилиб киритилди. Энг муҳими, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда йилига 200 миллион туп дарахт экилмоқда.
Табиат инсонсиз ҳам яшай олади, лекин инсон табиатсиз яшай олмайди. Бутунжаҳон атроф-муҳит куни ортга назар ташлаб, табиат билан уйғунликда яшашни ўрганадиган кундир. Келажак авлодга соғлом ва мусаффо муҳит қолдириш ҳар бир фуқаронинг кундалик масъулиятига айланиши шарт.
Мақсуд ЎСАРОВ,
ЎЭП Навбаҳор туман партия ташкилоти раиси
Дарахт экиш иқлим инқирозига ечим бўла оладими?
🕔13:23, 20.07.2026
✔29
Сўнгги йилларда кўплаб давлатлар оммавий дарахт экиш дастурларини амалга оширмоқда. Бу борада Хитойнинг «Буюк яшил девор» лойиҳаси дунёдаги энг йирик ўрмон тиклаш ташаббусларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Швейцария музликлари шиддат билан эримоқда
🕔13:17, 20.07.2026
✔29
Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини Швейцария музликларининг одатдагидан анча эрта эришига сабаб бўлди.
Батафсил
Кактусдан яратилган эко-пластик
🕔11:22, 30.06.2026
✔87
Дунёда пластик чиқиндилар муаммоси тобора долзарб тус олаётган бир пайтда, олимлар экологик тоза муқобил материаллар яратиш устида изланиш олиб бормоқда. Ана шундай янгиликлардан бири Мексикада яратилган кактус асосидаги биологик парчаланувчи пластикдир.
Батафсил